Жаҳонда нима гап?

Турк ҳарбийлари ҳалок бўлди

Туркия Сурия шимоли-шарқидаги Идлиб вилояти ҳудудида Сурия ҳукумати кучлари томонидан ҳужум оқибатида тўрт нафар туркия­лик ҳарбий ҳалок бўлгани ва тўққиз киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилди. Туркия ҳукуматининг баёнотига кўра, жавоб зарбаси билан 35 нафар суриялик аскар ўлдирилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған: “Биз бу ҳужумга жавоб қайтардик, артиллерия ва миномётларимиз орқали жавоб қайтаришда давом этамиз. Биз мамлакатимиз ва Идлибдаги биродарларимиз хавфсизлиги учун амалиётларни қатъийлик билан давом эттирамиз”, деган.

Сомалига чигирткалар ҳужуми

Сомали қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат ҳудудига чигиртка ёпирилиши сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда “BBC News” нашри хабар берди.

БМТ маълумотларига кўра, жорий йилда Сомали ва Эфиопия 25 йил ичидаги энг катта кўламдаги чигиртка ёпирилишига тўқнаш келди. Чигиртка аввалроқ ушбу ҳудудларга тушган кучли ёмғирлардан кейин кўпайганди. Муаммонинг муҳимлиги шундаки, қишлоқ хўжалиги экинларини апрелгача йиғиб олишга улгурмай қолиш хавфи мавжуд.

Бу орада чигирткалар Кениягача етиб борган. Бу ердаги вазият охирги 70 йил ичидаги энг оғири бўлмоқда. Ҳозирда чигирткаларни йўқ қилиш учун инсектицидлар сепишга бор-йўғи 5 та самолёт жалб этилган.

Автобус ичидаги отишма

Ичида 40 га яқин киши бўлган автобус ҳайдовчиси отишма бошланиши билан автобусни Бейкерсфилд шаҳри яқинида тўхтатган.

Номаълум шахс Лос-Анжелесдан Сан-Францискога кетаётган автобус ичида отишма содир этди, деб хабар берди “NBC News”.

Калифорния йўл полицияси вакили Стив Лофтаснинг билдиришича, полиция маҳаллий вақт билан соат 01.30да (Тошкент вақти билан 14.30) автобус йўловчиларидан чақирув олишни бошлаган.

Полиция вакили отишма оқибатида бир неча киши жиддий жароҳатланганини, айримлар ўртача оғирликда жароҳат олганини маълум қилди.

ИҲТ “аср келишуви”га қарши

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) АҚШнинг Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича режаси қабул қилинмаслигини билдирди. Бу ҳақда ИҲТ баёнотига таяниб “Ал-Жазира” телеканали хабар берди.

Баёнотда “ИҲТга аъзо барча давлатлар бу режага алоқадор бўлмаслик ҳамда ушбу режанинг қандай шаклда бўлмасин амалга ошиши учун АҚШ маъмурияти билан ҳамкорлик қилмаслик”ка чақирилган.

Телеканал ИҲТ катталиги бўйича БМТдан кейин иккинчи ўринда турувчи ташкилот эканини қайд этган — ИҲТга алоқадор мамлакатларнинг умумий аҳолиси сони 1,8 млрд. кишидан ортиқ.

Аввал Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ президенти Дональд Трамп “аср келишуви”ни эълон қилганидан сўнг АҚШ ва Исроил билан алоқалар узилишини маълум қилганди.

Интернет хабарлари асосида А.Содиқов тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 8 =