“Падаркуш”дай асарлар ёзилса…

Муҳтарам Президентимизнинг ОАВларида чиққан нутқ ва маърузаларини алоҳида иштиёқ билан ўқийман, қўлимга қоғоз-қалам олиб,  фикрларини ёзиб оламан. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини матбуот саҳифаларида ўқиб Ватанимизнинг иқтисодий жиҳатдан янада юксалишига, ҳаётимиз даражаси яқин вақтлар ичида ҳозирги кундагидан бир неча баробар фаровон бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Ҳалол меҳнат қилган одамнинг уйи тинч, кўнгли хотиржам, дастурхони неъматсиз эмаслигини англадим.

Менга, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, олий ўқув юртларига қабул квоталарининг икки баравар оширилиши, давлат грантларининг кўпайиши сингари янгиликлар маъқул бўлди. Мамлакатимизда ҳар йили умумий ўрта мактабларни битирган ёшларнинг бир қисми ўқишга кирар, қолганлари бекорчиликда қолиб кетарди. Турли хил қоида бузишлар, жиноий хатти-ҳаракатлар бекорчиликдан келиб чиқиши ҳаммага маълум. Ёшлар орасида олий маълумотлиларнинг кўпайиши ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилишида асосий босқич вазифасини ўтайди.

Жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилишида янгиланаётган Ўзбекистон ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларга эришишдаги салмоғини кўриш мумкин. Албатта, келажак ёшларники. Аммо ёшлар замонавий билимларни чуқур эгалласалар, зеҳн-заковатлари билан рақобатбардош иқтисодиётни шакллантирсаларгина буюк келажак эгалари бўла оладилар, ана ўшанда юртимиз ривож­ланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олади.

Шу ўринда, бундан бир аср муқаддам Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” деб атаган тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдабабозлик, ичкиликбозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатларга сарф қилинадиган пул фарзандларининг билим олишлари учун ишлатилса мақсадга мувофиқ бўлади, сингари сўзларини эслагим келди.

Беҳбудий бобомиз билимсиз бола қилмишини тас­вирловчи “Падаркуш”  асарида бузуқ йўлларга кириб, отасининг ўлимига сабабчи бўлганлигини талқин этади. “Падаркуш” XX аср бошларида Туркистон халқлари ҳаётининг аянчли ҳолатлари ҳақида ёзилган эди. Маърифатпарварликнинг сиёсий ва ижтимоий фалсафасини ифодалаганди. Драмада ўқимаган боланинг ҳаёти жамият жипслигига, собитқадамлигига салбий таъсир кўрсатиши яққол тасвирланган. Асар оммага шу қадар таъсир қиладики, кўпчилик бойлар ҳам шундан сўнг илм йўлида “усули жадид” мактабларини очади. Қанийди ҳозир ҳам ана шундай юксак савияли асарлар ёзилса…

Албатта, таълим муассасаларига китоб тақдим этиш анъанаси — энг эзгу анъаналардан бири бўлди. Бу китоб ва китобхонга бўлган эътибор кучайганини билдиради. Шу жумладан, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Бу ҳам янгиланаётган Ўзбекистонда адабиётга, маънавиятга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтганларидек: “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”. Албатта, биз келажакда давлатимизни иқтисоди ривожланган, маънавияти юксак, турмуши обод юрт тимсолида кўришни истасак, бундай олий мақсадга фақат ўқиш, илм ўрганиш билан эришиш мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.

Мунира Рамазонова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − one =