Эдуард Стипрауз: “Мамлакатингизда инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда”

Куни кеча Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Кон­рад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Танзила Нарбаева:

— Давлатимиз халқимиз билан биргаликда юқори иқтисодиётга, етук ва ҳар томонлама фуқаролик жамиятига эга Янги Ўзбекистонни шакллантиришда сезиларли амалий ишлар олиб бораётибди. Ҳаммамизга маълумки, кейинги уч йилда эришган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда. Бугунги халқаро анжуманни ўтказишдан мақсадимиз битта, у ҳам бўлса халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда ошкоралик, очиқлик йўлидан бориб, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маънавий-ҳуқуқий ҳаётга кўникма ҳосил қилиш, келажакда биз биргаликда қурадиган қудратли давлат биносини мус­таҳкам барпо этишдир.

Тадбирда айтилганидек, парламентнинг асосий мақсади ижро ҳокимияти вакилларининг халқ олдида ҳисоб бериш масъулиятини ошириш, халқ дардини тинглаш ва муаммоларини бартараф этиш чораларини қўллаш ҳамда ижро ҳокимияти устидан назорат фаолиятини кучайтиришдан иборат. Эндиликда ҳокимлар нафақат палаталар олдида, балки ижро ҳокимиятининг маҳаллий Кенгашлари олдида ҳам ҳисобот беришади.

Жон МакГрегер, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори:

— Мен ЕХҲТ номидан сўзга чиққанимдан хурсандман. Президентингизнинг Олий Мажлисдаги Мурожаатномаси тарихий воқеа бўлди. Эндиги гап уни амалга оширишда қолди. ЕХҲТ ҳар доимгидек яна яқиндан ёрдам беришга тайёр.

Cенаторларнинг халқ билан яқин мулоқотда бўлишида маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда, 6570 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун тегишли ўқув курслари ташкил қилинди, ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олингани анжуманда айтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияни бартараф этишда назорат органини ташкил этиш тўғрисида айтган фикрлари мамлакатда барқарорликни такомиллаштиришда ҳамда хорижлик ҳамкорлар билан эркин мулоқот олиб боришда алоҳида ўрин тутади. Анжуманда Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида  илгари сурилган ташаб­бусларини амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.

Эдуард Стипрауз, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги доимий элчиси:

— Мамлакатингизда инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Ички ва ташқи сиёсатнинг очиқлиги, ўзаро ҳамкорлик қилишда муҳимдир. Албатта, одамлар депутатни келажакда манфаати тегсин деб сайлайди. Авваллари қоғозга муҳр босиш орқали иш бажарилса, эндиликда ўқиб, ўрганиб, муҳокама қилиниб қоғозга муҳр қўйилаётгани, халқ турмушида, адолатли қадам бўлди. Олдинга силжишни кўраяпмиз. Биз 2020 йил учун бюджетни қабул қилишга эътибор қаратдик, Қонунчилик палатасида муҳокама қилингани эътиборимизни тортди. Энди бемалол биргаликда амалга оширмоқчи бўлган лойиҳамизга маблағ ажратсак бўлади.

Шунингдек, анжуманда БМТ Барқарор тараққиёт дастурлари ижросини таъминлаш жараёнида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни аниқлаш каби мавзуларда сўз юритилди. Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Юсуф Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 10 =