Ватанни сев, тупроғини ўп!

“Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушингни эшитдуриб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуро­лингға, аскарий кучингға қараб бўлур.

Кўрамизким Оврупо, Омриқо миллатлари бунчалиқ шаън-шавкатни фақат ҳарбий куч ила қозонмишлардир. Оврупо, Омриқо империалистлари Шарқ халқини фақат қурол кучи ила ўзларига асир этмишлар ва ҳали ҳам ҳарбий куч ила Шарқ мазлумларини занжирда тутарлар”, деб ёзади  Абдулла Қодирий “Иштирокиюн” газетасининг 1919 йил, 4 ноябрдаги сонидаги “Бизда аскарлик масаласи” номли мақоласида.

“Зарафшон” газетасининг 1923 йил 21 июндаги сонида Ҳожи Муин эса “Аскарлик тўғрисида” номли мақоласида шундай дейди:

“Аскарсиз миллат жонсиз гавда ҳукмидадир. Ўзининг ерлик халқи¬дан аскари бўлмаган бир юрт қўриқчисиз бир истеҳком кабидир. Аскарлик бир миллатнинг ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиш учун зўр рўллар ўйнайдурғон бир кучдир. Ҳар бир енгиш ва енгилишнинг боиси аскардир”.

Миллатимизнинг ўша даврдаги оғриқли, ҳаёт-мамот масаласи — ўз армиямизга эга бўлиш орзусини қизил империянинг зулм машинаси бир қур таслим этганди…

Ҳайриятки, мустақилликка эришдик. Истиқлол йилларида миллий армиямиз тугал шаклланди. Сарҳадларимизни муносиб ҳимоя қила оладиган забардаст тизимга эга бўлдик. Замонавий ҳарбий техника воситалари билан таъминланди. Мунтазам армия ватанимиз ва халқимиз осойишталигини сақламоқда.

Шу билан биргаликда, дунё қуролли кучлари сафида илғорлар қаторига чиқа олдик. Эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.

Ўтган йилда 10 та давлат ҳудудида умумий ҳисобда ўтказилган 32 та танловда 39 та давлатдан 223 та жамоа ва 5 мингдан кўпроқ ҳарбийлар иштирок этди.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар 14 та танловда иштирок этишиб, 2 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритишди. Эътибор беринг, 14 та танловнинг 11 тасида ҳамюртларимиз ғолиблар қаторида эътироф этилди. Албатта, бу миллий юксалиш мевалари.

Абу Наср Форобий “Ҳақиқий бахт­­га эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар — фазилатли шаҳардир, бахт­­га эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси — фазилатли жамоадир”, дейди. Фазилатли мамлакат, фазилатли халққа айланамиз десак, миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари деган бош ғоя атрофида бирлашишимиз лозим.

Нукусдаги 45-сонли умумтаълим мактабидаги жасорат дарси ҳақидаги хабарни ўқидим. “…эгниларига ҳарбий аслаҳа ва қурол таққан мотоўқчи, юзига ниқоб таққан мерган аскар тадбир сўнггига қадар ёшларнинг диққатида бўлди. Охири йигитлар қизи­қишларини ошкор этишди: ҳарбий қурол ва аслаҳаларни ушлаб кўришга, уларни кийишга рухсат сўрашди. Уларнинг илтимоси ерда қолмади”.

“Мактаб ҳудудида олий ҳарбий таълим муассасаси фахрий қоровули ва курсантларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари намойиш этилганда кўзларда ҳайрат ва ҳавас ўтлари чақнади”, деб ёзилган Олмалиқдаги мактаблардан бирида ўтказилган тадбир ҳақида.

Хўш, қалбдаги ўт, кўзлардаги ҳайратга сабаб нима? Мен буни Ватан номли гўзал боғда кўкарган ажиб ниҳол — ватанпарварлик, деган бўлардим. Тадбирларда ҳарбий қуролни ушлаб ёки каскани кийиб расмга тушаётган, танк ёки зирхли техника ичига кириб, устига чиқиб, селфи қилаётган ўсмирга эътибор қаратинг. Унинг фикрлаши, қизиқишидан келиб чиқиб, ватанпарварлик сабоғини ўрганиш керак. Президентимиз айтган  бу ниҳолни авайлаб ўстириш учун уларда миллий руҳни шакллантириш лозим.

Давлатимиз раҳбари таъкидлагандек, келажакда ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ботир фарзандларимиз миллий руҳни, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусини бой тарихимиздан, Амир Темур каби буюк аждодларимиз жасоратидан олади. Ўз оиласи, меҳрибон ота-онаси ҳамда эл-юртимизнинг ишончи, ғамхўрлиги ва эътиборидан олади.

Алижон Сафаров,

захирадаги полковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − five =