Китоб — жамият қайиғи

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи мамлакатимизнинг энг нуфузли нашриётларидан бири. Бу нашриёт болангизнинг дарслик китобидан тортиб, сиз севиб ўқиган, ўқийдиган бадиий асарлар ва нодир адабиётларнинг ҳам чоп этувчиси.Уларнинг зарварағига камтаргина қилиб “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” деб ёзиб қўйилган. Лекин ўша камтар ёзувлар замирида жуда катта ижодий жамоанинг фидокорона  меҳнатлари ётади.

Нашриёт тарихи ҳақида эсланганда, ўтган асрнинг 80-йиллари кўп тилга олинади. Бу бежиз эмас. 80-йиллар нашриёт тарихида  ўзининг энг сара бадиий асарларини, ёзувчиларнинг кўп жилдлик китобларини маҳорат билан чоп этганлиги билан эсда қолган. Китоб жавонингизни қараб кўринг, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Миртемир, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов  ва бошқа ёзувчи-шоирларнинг китоблари, тўла асарлар тўпламлари, асосан, шу нашриётда чоп этилган. Бугина эмас, ушбу нашриётда китоб чоп эттириш, унча-мунча ёзувчи ё шоирнинг қўлидан келмаган. Нашриёт уйида жам бўлган кучли ижодий жамоа, бадиий кенгаш сабаб ижодкор деганнинг ҳаммаси ҳам нашриёт эшигидан мўралашга ботина олишмасди. Одил Ёқубов мактаби, Омон Матжон мактаби, Шавкат Раҳмон мактаби… бу номлар ортида нафақат уларнинг ўз асарлари, балки ўзбекнинг юзини, сўзини дунёга кўрсата олган муҳташам китоблар бор. Буни Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг ўчмас тарихи шаҳодатлаб турибди.

Бугун ақлу ҳушимиз қисқаликка кўникма ҳосил қилиб бораётган бир пайт­­да нашриётнинг олдинги нуфузи сақланганми? Нашриёт мамлакатимиз ўқувчилари учун қай даражада муҳим адабиётларни нашрдан чиқаряпти? Нашриётда чиқаётган китобларнинг меҳнати салмоқли, қиймати енгил бўлиб қолмаяптими, деган саволлар атрофида Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ғафур Ғулом НМИУ  бош муҳаррири Ҳабиб Абдиевга юзландик.

— Келинг, мен гапни нашриёт тарихидан бошласам.  Корхона “Ўздавнашр”нинг адабий-бадиий бўлими негизида 1957 йилда Адабиёт ва санъат нашриёти, 1964-1966 йилларда эса “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти,  1966 йилдан эса Ғафур Ғулом номидаги “Адабиёт ва санъат нашриёти”  номлари билан фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасининг 2002 йил 10 апрелдаги 30-сонли буйруғига биноан Ғафур Ғулом номидаги “Адабиёт ва санъат нашриёти”,   “Ёзувчи” ҳамда Рангли босма фабрикаси негизида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ташкил этилди. Нашриётнинг асосий фаолият йўналиши мумтоз, ҳозирги замон ва жаҳон  адабиёти, оммабоп ва санъатга оид турли китоблар, альбомлар, буклет  ва плакатлар чоп этиш бўлган. Нашриёт тарихига назар ташласангиз, ўҳ-ҳў, кимлар ишламаган бу даргоҳда. Ва ана ўша жуда узоқ бўлмаган вақт ичида нашриёт ўзининг имижини, ўзига хос қиёфасини яратишга эришган.

— Ҳабиб ака, боя Ғафур Ғулом нашриётининг асосий йўналиши адабиёт ва санъат эканлигини айтиб ўтдингиз. Бироқ кейинги йилларда бадиий адабиётлар сони бироз камайгандек?

— Тўғри, ҳозир номланишида “Адабиёт ва санъат” жумласи кўрсатилмаса-да, бироқ шундай, нашриётнинг асосий йўналиши бадиий китоблар тайёрлашдан иборат. Бозор иқтисодиётидан келиб чиқиб, барча нашриётлар қатори бизнинг нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳам бозор билан бироз муроса қилишга мажбур бўлди. Шу боис турли соҳага оид яхши китобларни, яъни энг сара китобларни четлаб ўтганимиз йўқ. Балки сизга шундай туюлар, аммо 2019 йил нашриёт ижодий уйи 300 номдаги бадиий адабиётлар нашр этди. Ундан ташқари, ношир учун сифат бирламчи бўлиши керак. Мақтанса арзигулик китоблар бор. Масалан, “Беш ташаббус — беш китоб” лойиҳаси бўйича нашр этилган бешта йирик китоб, шунингдек, 2020 йилда чоп этилган Алишер Навоийнинг “Хамса” (5 китоб) асарини шундай китоб­лар сирасига киритиш мумкин.  Бироқ  ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёр сақланади. Нима бўлганда ҳам ўз фаолиятимизни  олдимизда ниҳоятда зукко ва зийрак китобхон турганлигини назарда тутган ҳолда амалга оширамиз. Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликларининг 100 жилдлиги, Навоий асарлари, Назар Эшонқулнинг “Гўр ўғли” романи, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева,  Матназар Абдулҳаким, Азим Суюн каби эл ардоғидаги устоз шоирларимизнинг “Танланган асарлар”ини биз ҳеч иккиланмай, ёруғ юз билан ўқувчига тақдим эта оламиз.

— Бир пайтлар Ғафур Ғулом нашриёти адабиётга гуриллаб кириб келаётган ёш авлод асарларини чоп этиб, адабий жамоатчиликни сеҳрлаб ташлаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Адабиётга 70-80 йилларда кириб келган шоир ва ёзувчиларнинг халққа танилишида, асосан, нашриётингиз биринчи даражали вазифани бажаргани бор гап. Айтингчи, бу анъана нашриётда қай даражада давом этяпти?

— Ёшларга эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Улар ўз номи билан ёш ахир. Шу маънода нашриётимизда ўтган йили бугунги кунда адабиётимизга кириб келган 10 нафар ёш ёзувчининг китоби чоп этилди. Бу китобларнинг дизайни ҳам, кўриниши ҳам ўзига хос бўлди. Биласизми, бу ёшларга қанчалар куч ба­ғишлади.

— Кейинги вақтларда нашриётлар шеърий китоб чиқаришдан ҳа­йиқиб туришади. Буни нима билан изоҳлаш мумкин, одамлар шеър ўқимай қўйишганми ёки шеър китоб чиндан сотилмайдими?

— Бир пайтлар “сариқ матбуот”дек “сариқ ноширлик” ҳам урчиб, китоб бозорларини турли олди-қочди китоблар билан тўлдириб ташлашган эди. Бу босқич табиийки асл шеъриятни ўқувчилардан анча узоқлаштирди. Ўз маблағи ҳисобига китоб чиқараётган ҳавасманд шоирлар кўпайди. Чинакам адабиёт эса бозордан юз ўгирди. Яъни айтмоқчиманки, ҳақиқий адабиёт китобларини олиб нашриётма-нашриёт югурмади, бозорга солмади… Бу ёғи ўзингизга маълум. Бу ҳолат маркетингни анча довдиратиб қўйди, улар бозорга бетлолмай қолди. Ана шу қўрқув маркетингчиларимизни ҳанузгача тарк этгани йўқ. Қолаверса, китоб сотувчи, китобсавдо ходимининг ўзи биринчи галда энг зукко  китобхон, адабиётсевар, адабиёт тарғиботчиси  ҳам бўлиши керак. Афсуски, бугун ҳамма маркетологлар ҳақида ҳам шундай дея олмаймиз. Бу ҳам китоб­ларнинг ўқувчига етказилишида соя ташлайди, албатта. Лекин барибир, ке­йинги йилларда соҳага бўлган давлат даражасидаги эътибор таъсирида чинакам адабиёт мухлислари, дидли ва талабчан ўқувчиларнинг сафи яна тўлиб бораётганлиги бизни хурсанд қилади.

—  Демак, китоб билан шуғулланадиган ҳар қандай одамнинг бадиий савияси юқори бўлиши керак, демоқчисиз-да?

— Айнан шундай. Нашриётнинг директоридан тортиб, оддий ишчисигача ҳар бири китобхон бўлмоғи, китобни тушуна олмоғи керак. Бу гапларим баланд­парвоз туюлиши мумкин, бироқ гапнинг рости шу. Яхши китобнинг чиқиши биргина таҳририятга боғлиқ эмас. Бу ерда ишлаб чиқариш бўлими, маркетинг бўлими бор – буларнинг ҳар бири шу китобнинг фақат молиявий томонини эмас, маънавий жиҳатларини ҳам чуқур ўйлаб кўрмоғи керак. Агар ишлаб чиқариш ёки маркетинг бўлимидагилар китоб ўқимаган бўлса, қанча уринманг, режалаштирилган китобнинг яхши ва ижтимоий, маънавий жиҳатдан зарур эканини исботлай олмайсиз, натижада у узоқ вақтлар нашриёт портфелида қолиб кетаверади. Фақат бозоргир, харидоргир китобни чиқараман, юзаки шов-шувларга сабаб бўлган асарлардан пул ишлаб оламан,  деган нашриёт ютқизади, холос. Эртага мамлакатнинг маънавий меҳварини, тафаккур умуртқасини  ташкил қилган зиёлилар бу каби нашриётдан ҳафсаласи пир бўлади ёки шундай “тарозиси енгил нашриёт” билан ижодий ҳамкорликдан юз буриб, унда китоби чиқишини ўзига лозим топмайди.

—  Сиз узоқ йилдан буён китоб ва нашриёт соҳасида ишлаб келаётган мутахассиссиз. Бугунги китобга муносабатни сиз қандай баҳолайсиз?

— Мамлакатимиз раҳбарининг айнан китоб борасидаги кўрсатма ва таклифларидан кейин нашриёт ва ноширлик соҳасида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нашриёт  ва китоб дўконлари ўртасидаги алоқа яхшиланди. Бу эса китоблар адади ошишига жиддий таъсир ўтказмоқда. Ишонасизми, олдинлари нашриётлар китобни 1000-2000 нусха чиқарадиган бўлса, буни ҳам жиддий ўйлаб кўрарди. Бугун эса 5000 – 10000 нусха китобларни ҳам ортиқча ҳадиксирамай, босмахонага туширяпмиз. Бунга яққол мисол “Биз ёдлаймиз, тез ёдлаймиз” рукнида 10 нафар болалар шоирларининг китоб­ларини 10000 нусхада чоп этяпмиз. Қолаверса, олдинлари ижодкорлар нашриёт эшикларида сарғайиб юришарди. Бугун нашриётларнинг ўзлари яхши-яхши муаллифларга китобини чоп этиш таклифи билан чиқяпти. Шунинг ўзиёқ китоб ва нашриёт соҳасида жиддий қадам қўйилганлигини билдиради.

— Замон илдамлаб кетди. Биз эса унинг билан баравар одимламасак, ишимиз юзага чиқмаслиги аниқ. Нашриётингизда қандай янги технологиялар асосида иш юритилмоқда?

— Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида, жажжи болажонларнинг китобга бўлган қизиқишини янада орттириш мақсадида, Ўзбе­кистонда илк бор болалар учун ўзбек тилида “Алдаркўса ва бой” ҳамда “Икки дўст” номли тинглаб ўқиладиган, яъни аудиоёзувли-инновацион янги эртак китобча нашрдан чиқди. Унда эртак қаҳрамонлари, жониворлар ва афсонавий жонзотлар тингловчини қизиқарли, сеҳрли эртаклар оламига чорлайди.Жажжи болалар учун нашр қилинган ушбу китоб халқ эртакларидан тузилган бўлиб, унда ранг-баранг безаклар ўқувчиларнинг китоб мутолаасига бўлган меҳри ва қизиқишини орттириши шубҳасиз. Сўзимни мутафаккир зотларнинг пурҳикмат бир нақли билан тугатмоқчиман: “Китоб — жамият қайиғи. Бу қайиққа талпинмаган одам ҳалокатга юз тутиши тайин.” Бугун ана шу ҳақиқатни жамиятимизнинг ҳар бир аъзо­­си теран англайдиган фурсат келди.

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =