Қабрнинг устида йиғлайди қушлар

Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган амаким Шоюсуф Шомаликов ва бувим Саодат Мажидова хотираларига бағишланади

Аллақаерлардан эшитилаётган най навоси ҳушимни ўғирлайди… юрак алланечук ўзлигини йўқотади. Най навоси… бу дунёга келарда қувонч, сўнгги йўлга кетарда кўз ёш бўлиб эшитилади менга… Аро йўлда-чи?..

Аро йўлда найнинг навоси синса, йўқ, йўқ, қушларнинг кўз ёши тўкилаётганидан огоҳ бўлган най бир зум муаллақ қолса… Нечун? Бунинг сеҳр-у сабаби не?

Қушлар – бу оналар руҳлари номаълум ва номсиз жангчи қабри устида айланиб-айланиб кўз ёш тўкади.

Қушлар кўз ёш тўкса, бу бири кам дунёнинг яна бир жароҳатими? Бу жароҳатга дунёда малҳам… малҳам қуйгувчи борми?

Йўқ, дейди кимдир, бор, дейди баралла овозда яна кимлардир. Мен айтилмаган сўровимга жавоб ахтараман: одамларнинг чеҳраларидан, тегишли ташкилотларнинг раҳбарларидан, исмлари ёдда бору рўйхатларда йўқ ҳужжат-китоблардан…

Қушлар учаверади… уларнинг қанотида Армон бор! Қушларнинг салмоқли сайроқларида дунёларга сиғмайдиган дарди бор. Онанинг интиҳосиз дардини дунёларга элтгувчи элчи бу қушдир. Онанинг охиратда ҳам тинчиёлмай фарзанди ёди-ла, доғи-ла гирён ураётган безовта руҳларининг қушларга айланиб қолгани…

Бир тўда қушлар… Уларнинг орасидан бири ажралиб, пастлайди, аста-аста. Сўнг қанотларини кенг ёйиб, номаълум қабрга қўнади-да, алланима топгандек тумшуқлари билан тупроқни бир-икки чўқилайди, кенг ёйилган қанотларини яна ҳам қаттиқроқ босиб, гоҳ ўнг, гоҳ сўл тарафга ташлаётган бошини қабрга қўяди. Шунда кутилмаган мўъжиза рўй беради оламда: қушнинг кўзларида ёш сизади: ўн еттига тўлмай йўқотган ўғлининг исини топгандай эди бу қабрдан…

Гирён уриб учаётган қушлар осмонни ларзага келтургудек чуғурлашади: “Ўғлингнинг қабрини ахийри топдинг” деяётгандек. Умр бўйи излагани – ўғлининг исига тўёлмаган Бедор Қуш эса ҳамон бағрини қабрга бериб ётарди…

Бувижон, дейман, ўн еттига тўлмай кузатган ўғлонингиз дардида ўзингиз бу дунёдан ўтгунингизга қадар армон билан яшадингиз. Кўз ёшларингиз юзларингизни ювиб айтган гапларингиз ёдимда: Қирчиллама ёшида йигит кетган ўғлимга юрак ютиб аза очолмадим, мусофир юртларда юрибди, деб юрагимнинг чеккасида чироқ ёқолмадим”

Бувимнинг юрагида ҳам, ўн еттига тўлмай урушга кетган акамиз Шоюсуф аканинг қабрию руҳига ҳам ҳали-ҳануз чироқ ёқилгани йўқ…

Етмиш беш йилдан ошдики, бу чироқнинг ёниши маҳол бўляпти. Эшитяпсизми, руҳлари қушларга айланган қондошларим, маҳол бўляпти бу чироқнинг ёниши…

Жуда яхши эслайман, 5-6 ёшларда бўлсам керак (ҳали мактабга бормасдим) бувам бир нотаниш киши билан кириб келди – шунақанги хурсандки, уларни ҳеч қачон бундай кайфиятда кўрмагандим.

– Кампир, – деди уйга ҳам кирмай остонадан. Бувим ҳа, дейишга улгурмасдан, – суюнчингни каттасидан тайёрлайрер, Шоюсупингни дараги топилди. Мана хабар опкеган киши, тайёргарлигингни кўр.

Рўмолини ўрашга улгурмаган бувим:

– Вой, ўлай, ростданми, хабарчига жоним садаға бўлсин, –   дедида йиғлаб юборди. Уйимиз бир зумда қўни-қўшни, таниш-билишларга тўлди. Улар аллапайтгача ўтиришди. Хабар келтирган меҳмонни кузатаётиб бувам унга тўн кийгазиб, кейин совға-саломлар берди. Бувим сандиғидан ипак кийимликлар олиб: – Мана бу болаларингизга мендан. Ҳали ўғилгинам келса… кўнглингиздагидан ҳам зиёда қилиб, –   деди-да, томоғи тўлиб, гапини давом эттиролмади.

Кейин эшитсам, меҳмон киши амакимизнинг чет элда яшашини, бир таниши у билан суҳбатлашганини, яқин кунлар ичида аниқ маълумотлар келтириб беришини ваъда қилибди.

Бувим тонг отгандан катта йиғинга тайёргарлик кўрар, тинчимас, баъзилар, бола-чақаси мусулмонмикин ахир, дер… “Жони омон бўлса бўлди”. Бувимнинг чиқарган ҳукми шу эди.

Сўроқларга қурилган кунлар ойларга, йилларга айланди. Энди бувам кўчадан келганда бувимнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қиларди.

Бувим эса ҳар кундан умидвор эди. Ҳар тонг бир мўъжизани умид қилар ва кутар эди. Кутиш… алдовларга қурилган ваъдалигини билмагандик биз. Билганимизда умр отлиғ аробанинг ғилдираклари кўз ёш, соғинч, алам ва армон йўлларидан азоб билан ўтган – бувимнинг қалбидаги нур пардаси нурай бошлаганди.

Энди бу мавзуда ҳеч ким ботиниб гап бошламасди.

Яна шуни эслайманки, бувимнинг юрагидаги умиднинг зарралари унга тинчлик бермасди. Бувим бормаган ташкилот, учрашмаган раҳбар қолмаганди. Югур-югурларнинг натижаси бувимга 22 ярим сўм нафақа тайинлашган эди. Ўғлимни суриштирсам, пул билан юпатишди… Бувимнинг тутдай тўкилиб айтгани шу бўлганди.

Кейин амакимиз Шоюсуф ака ҳақида бир нарса ёзаман, деганимда бувим хурсанд бўлгандек туюлганди менга. Ўшанда бир неча кун тун қоронғусигача суҳбат қурганмиз…

* * *

– Иккинчи болам ҳам ўғил бўлди. Буванг отини Шоюсуф қўйди. Онам келиб, бошқа от қўя қолмабсизлар-да, деди-ю, индамади. Билдимки, исм онамга ёқмади. Бу гап кўнглимни ғаш қилди.

– Нимага унақа дейсиз, ёмон отми бу?

– Ёмонмас-ку… қизим, бир китобдан бобонг ўқиганда эшитгандим, Шоюсуфни қарға-қузғун едилар, деганини. Шунга, майли, парво қилма. Худойим умрини узоқ қилган бўлса, исмнинг фарқи йўқ. Қариганда ҳамма нарсани кўнглига оладиган бўлиб қоларкан одам. Қўй, гапларимни хаёлингдан чиқар, – онам мени хотиржам қилмоқчи бўлди-ю, кўзига норозилиги из солганини ўзи сезмасди. Мен ҳам бошқа гап айтмадим.

Энди бу менга армон… Армон дегани умримнинг ёқасидан этагигача осилиб қолди-ку, болам: Шосуюфни қарға-қузғун едилар…

Шу мисраларни қайта-қайта киши эшитолмайдиган паст оҳангда такрорларди.

Бувим анчадан кейин гапида давом этди: – Олти боламнинг учи ёшидан ўтиб-ўтмай тупроққа кирди. Учтасининг каттаси менга тоғдек суянч – кўзимнинг нури эди… Отинг ўчгур уруш бошланганда ўғилгинамни гўдак ҳисоблаган эканман. Бирин-кетин акам Шомиржамил, укам Шожалил (Шомирзаевлар)га чақирув қоғози келиб, ҳаммамизнинг юрагимиз ярим бўлиб, уларни кузатдик. Буям ҳолва экан, болам, бир куни Шоюсупим шошиб келди-да:

–   Военкоматга ҳужжат олгани кетяпмиз, – деб қолди.

–   Бемаҳалда қанақа ҳужжат, десам, – Менга фойдаси тегадиган ҳужжат деди.

Уч-тўрт кун   ўтмай Шоюсупимга ва ўртоғи Мурод Муҳамедовга чақириқ қоғози келди. Кейин эшитсам, кўнгилли бўлиб ёзилиб келган экан. Дунём қоронғу бўлди, болам ҳали она сути оғзидан кетмаган бола деб юрсам…

У тонгда кетадиган бўлди. Кўзимда ёшим, йўл ҳозирлигини кўрдим. Тумонат одам, қани энди ўғлим ҳоли қолса-ю гапларимни айтиб-айтиб олсам, дейман. Аксига олиб буванг, ўғлинг дамини олсин, қолган насиҳатингни келганида айтасан, йўлда толиқади, дейди. Билганимдаку-я, болагинам билан охирги ўтиришимни, оёғи остига ўзимни ташлаб, изларидан тумор ясаб олардим-ку…

Эрта баҳор. Ҳамма барвақт қишлоқ марказига йиғилди. Соли бува деган чол аравада   йигитларни шаҳаргача кузатиб қўяркан. Шу кишининг араваси кўриниши билан йиғи бошланди. Худди Соли бува урушга сабабчидек, ҳамма уни ёмон кўраркан. Айниқса, боласини кузатаётганлар. Юрагимнинг вайронлигини дилимга тугиб турган эдим, ўғлим билан хайрлашаётиб, ўзимни тутолмадим. Додлаб юбордим. Атрофда бирдан йиғи кўтарилди. – Ҳамманинг кўнглини абгор қилдинг, йиғиштир… – бувангни баланд овозидан ўзимга келдим. Шоюсупим аравага чиқаётганда, бир кулиб қаради-да, қўлини силкитди. Аравага чиққандан кейин қайрилиб ҳам қарамади. Ё кўзига ёш келди, дейман, ё мени йиғимни кўришни кўнгли кўтармади. Ҳурлиқодек кўркам болагинамнинг бўйи баландлиги ўтирганида ҳам кўриниб турарди. Нимагадир шу кўнглимга тасалли бўлди: елкасига етиб-етмаган тенгдошлари ичида ўзини тутиб олар, деган ўй хаёлимдан ўтиб, бироз енгил тортдим.

Унинг кетганига ҳафта ҳам ўтмай хат кутардим, ҳар куни эшик олдига ўтириб, йўл бошида почтачи кўриниши билан юрагим урарди. Икки ойдан ўтганда амакингнинг хатини олдик:

“Соғинчли мактуб!

Ушбу хатим орқали Сизларга соғлигимни билдираман ва Сизларни ҳаммаларингизни соғ ва узоқ умр кўришингларни яратгандан кечаю кундуз чин кўнгил билан сўраб юрмоқдаман. Дадамга мингларча кўп салом, онамга кўп кўришишлик салом. Синглим ва укамга кўп салом. Қариндош-уруғларнинг ҳам барчасига кўп кўришишлик салом.

Тоғаларимдан хат келиб турибдими? Худойим хоҳласа, соғлиқ бўлса, бу кунлар ўтиб кетади. Мени сира ўйламанглар, соғ-саломат юрибман. Шу билан хайр, омон бўлинглар, соғлиғинглар тўғрисида ёзиб туринглар, деб ўғлингиз Шоюсуф. 1942-йил, июль”

Бу мактубдан кейин орадан уч ой ўтиб, қисқагина хабар олдик:

“Салом, азиз меҳрибонларим! Соғлиғинглар яхшими? Мен, Худога шукур, соғ-саломат юрибман. Анча пайт хат ёза олмаганим учун узр. Бу хатимни қисқа қиламан, чунки ҳозир бошқа жойга кўчамиз. Мендан хат кечикса хавотир олманглар. Сўраганларга салом айтинглар. Онажон, ўзингизни сиқманг, Худо хоҳласа тез кунларда кўришиб қоламиз. Барчангизни соғиниб: Ш.Ш. 1942 йил, октябрь”

Боламнинг хатлари менга ёд бўлиб қолганди…

Қишнинг қирчилламасида Шомиржамил акамдан, йигирма кун ўтмай синглимнинг эри Азимбойдан қора хат келди. Қўшалоқ ўлимдан сўнг туриб юришга мадорим етмасди, устига-устак ўғлимдан хат келмаслиги мени адойи тамом қилди.

1943 йилнинг қиши эди. Радиодан солдатларимиз қиш изғиринларида кечаю кундуз немисларнинг адабини бериш учун жонини аямай жанг қиляптилар, деганини эшитдим-у, бу гаплар қулоғимга маҳкам ўрнашиб қолди. Ўлимлар менга қаттиқ таъсир қилганди, шунгами, ўғлим совуқда юрса-ю, мен иссиқ уйда ўтираманми, деб айвонга чиқиб ётиб олдим. Эрталабгача кўрпамга қор ёғиб чиқарди. Буни эшитган қариндош-уруғлар койишди: шу ётишингдан ўғлингга фойда бўлса ётавер, деди.

Хат кутавериб, кўзимнинг кўки узилди. 1944 йилнинг бошларида Шоюсуф билан бирга кетган Мурод яраланиб келганини эшитиб, уларникига бордим.

– Шоюсуф билан бир йил ҳам бирга турмадик, ажралиб кетдик, – деди Мурод. Бирор хабар эшитаманми, деб боргандим, ўйларим “тўрхалтага солинган тариқдек” сочилиб кетди. Кейин эртаю кеч радиодан яхши хабар кутиб кунларни ўтказдим.

Бувимнинг кўз ёшларига тўлган кунларнинг бирида “Ўғлингиз бедарак йўқолди” деган хабар келган. Буни бувамиз бувимизга айтмай, ўша ҳарбий қисмга, яхшилаб текшириб кўринглар, деган илтимос билан хатни жўнатган.

Бу иш бувимнинг тирик қолиши учун сир тутилганди… Сирлигича қолди… Бу дунё бувим учун сирга айланганини билмасди…

– Уруш тугаб қолди, деган гаплар эшитилганда, туну кун менга бир бўлган. Ҳар кимнинг оғзини пойлардим. Уруш тугабди, деганда ўтиргани жой тополмай, жоним ичимга сиғмаган, болам, – бувим титраб-титраб йиғларди. – Ҳатто ҳар куни бугун келар, эрта келар деб меҳмон кутишга уйларга пояндоз тўшаб қўйгандим. Қишлоқда бир куни аза бўлса, бир кун тўй эди. Урушга кетган аскарларнинг бировидан қора хат, бировининг ўзи кириб келарди. Шоюсупимдан эса, лоақал икки энликкина хабар ҳам йўқ эди. Кутдим, кутдим, бормаган идорам қолмади, қай бир идорада суратини олиб келинг, деди. Кейин бормадим…

– Амакимнинг сурати йўқмиди? – сўроққа тутаман бувимни.

– Атиги биттагина сурати бор эди, ҳеч кимга айтмагин-у тағин, – уларнинг овози пастлайди, – бир қариндош қиз иккисининг бир-бирига мойиллиги боракан, учини эшитгандим, йўл-йўлакай гап деб ўйлагандим. У жудаям кўхликкина қизиди, мактабда муаллимлик қиларди. Уруш тугасаям ҳеч кимга розилик бермай юрди, ўғилгинамдан умидвор экан, онагинанг айлангур. Бир куни тўсатдан шу қиз уйимизга келиб қолди, гапини бошлолмай қизариб кетди. Кейин мактабда урушдан қайтмаганларнинг суратини йиғяпмиз, деганга ўхшаш гап айтди. Қизни кўнглидагини дарров тушундим. Якка-ю ягона сурати менга қанча азиз бўлмасин, мактабларингда йўқолиб кетмас, авайлашар, деб ҳеч нарса билмагандек суратни обчиқиб бердим. Кетгандан кейин ўғлимга аза очгандек бўлдим… Ўша қизнинг уйида сурат ҳали ҳам бор, деб эшитаман бола-чақали бўлиб кетса ҳам, ўғлимнинг суратини асраб юраркан…

Бувим кўп йиғлайдиган бўлиб қолганди. Ўзининг радиоси бўларди. Сиқилиб кетганида эшитиб ўтирарди. Агар найнинг навоси янграб қолса, тўкилиб-тўкилиб йиғларди ва айтардики: йигит ёшидаги боласини йўқотган оналарнинг юрагидан чиққан нола бу, болам, дерди…

Туманимиз марказида Ғалабанинг 35 йиллигига бағишлаб “Мангу олов” ёдгорлиги очилганда уруш қатнашчиларининг номи ёзилган тошдаги рўйхатларни биттама-битта ўқиб чиққандим. Амакимизнинг исми йўқ эди. Нимагадир йиғлагим келган, йиғлаганман… кўз ёшимни шу атрофда кўзлари жовдираб турган бувимнинг кўриб қолишидан қўрққанман.

–   Тошларга ёзилгани нима? – кўнглимдагини сезгандек сўраб қолди бувим.

–   Урушда ўлганларнинг рўйхати.

— Мани болам на тирикларнинг, на ўликларнинг қаторида бор болам…   Улар бошқа сўз айтмай, тошдаги рўйхатларга узоқ тикилиб қолди.

Бу манфаатталаб дунёда бувим ҳеч қандай ташкилотдан ва раҳбарлардан ҳеч қандай манфаат кутмасди. Айтгани шу бўлганди: “Бу катта идорада ишлайдиганлар кичкина кўнглингни тушунмаскан-да?”

Бугун бувимнинг руҳи олдида бош эгиб, ўйланиб қоламан: Ўғлингиз 60 миллион шаҳиднинг биттаси эди. Бувижон! Улар билан қаҳрамонларнинг номи биттага кўпайиб ҳам, камайиб ҳам қолмайди. Ўғлингизнинг исм-шарифларини ёзишга рўйхатларда атиги бир қаторгина жой бордир… Йўқ. Ёзиш ҳам шартмасдир, балки… У жангга кирганида катта китобу узун рўйхатларнинг қаторига ёзиламан, деб хаёлига ҳам келтирмаган. Онага эса булар асло-асло ётлигини биламан, Буви! Она учун фарзандидан ортиқ нарса йўқ… Агар дийдор деганидан бенасиб бўлса ўғлининг муқаддас хоки қўйилган тупроққа бош уриб, хумордан чиқиш эди… “Худойим иккисини ҳам насиб этмаса, онанинг тириклайин куйиб кул бўлгани, болам”. Бувимнинг бу гаплари қулоғимнинг остида жаранглайверади, жаранглайверади…

Қўлёзмани тугатмай кўзим илинибди: “Бувигинанг айлансин, жонимни қоқай болам, сен ҳам йўқладингми, Шоюсупимни?.. Мана буни болаларингга бер”. Чўчиб уйғонаман. Кўркам кийиниб олган бувим кўз олдимда тургандек бўлади.

Мусофир шаҳарда шунча йил яшаб, менинг хонадонимни – бугун биринчи марта бувимнинг руҳлари йўқлаганди…

Одамзот ўлмайди, улар руҳларга айланиб, ҳамиша тириклар билан бирга юради – эшитганим, эшитиб эшолмаганим эди… Энди ҳақ – рост дейман, ҳаққаст рост!..

Мени бетизгин хаёллар олиб қочади. Кўз нурларим гўё кўп қаватли биноларни йиқиб, беҳад узоқларга, қатор номсиз қабрларга тушади: гул-чечагу майсалар ўпиб, шамоллар силарди қабрни… Бемор Қуш эса бағр қўйиб ётарди унда. Кўз ўнгимдаги бу манзара шоирнинг сатрларини ёдимга солади:

Қабрни силайди манзилсиз шамол

Қабрга кўрсатар шарқдан кун жамол.

Зиёрат этгандай қўйиб – бағр-тўшлар

Қабрнинг устида йиғлайди қушлар,

Ким ётар бу ерда, ким бўлди ўзи,

Ким бўлди бу ерда юмилган кўзи…

Амаким беном кетгани йўқ. Шоирнинг сўнгги мисралари яна хаёлимда жонланади:

Элсевар баҳодир, жанговар ўртоқ,

Зўр жангда мардларча бўлганди ҳалок.

Йўқ, йўқ… Буви! Кўнглингиз оғримасин… Сизнинг жигарпорангиз, умрингизнинг устуни – ўғлингиз мардларча ҳалок бўлмагандир балки… У оддийгина ўлим топгандир. Бувижон, аммо ўғлингиз Сиз учун, биз учун жонини тикиб жангга киргани аён! Жондан кечмоқлик бу шунчаки оддий ҳол эмас, Буви! Бу оддийлик ва эзгулик қоришиб кетган муқаддас ўлим!

Муқаддас ўлимнинг катта-кичиги бўлмайди. Уни кичик ҳарфлар билан рўйхатларнинг сўнггига бўлса-да, битмоқ шарт… Мусулмончиликда фарз дегани балки шудир…

Елкадаги қарз-чи? Қарз – менинг узоқ тунлар суҳбатлашиб амаким ҳақида бувимга бир нарса ёзаман, деб берган ваъдам эди. Ўзимнинг катта-кичик ташвишларимдан ортолмадим. Бувимни алдаб совға-салом олиб кетган меҳмон киши билан ўзимни шу пайтгача тенг қўярдим. Энди-чи?! Энди мен шаҳидлар қабрига бошимни бироз тикроқ тутиб қарайман…

Қушлар … бағр-тўшларини қабрга бериб кўз ёш тўкаётган Бедор Қуш! Ярим асрдан ортиқки, ҳар номаълум қабрнинг устида чириллаб, ўғлингнинг исини энди топганинг рост!

– Тургин, турақол, – дейман, – менинг Бедор Қушим, ё ўғлингнинг кечагидек таниш исидан хумордан чиқолмай, ўзингга келолмаяпсанми, айт?! Айтгин, айт, 75 йиллик соғинч учун 75 минг йил керак деб! Айтгин, айт менга… Соғинч нелигини бир сиқим умримга ташланган бир тутам айрилиқ йўли юрагимга игналар билан ёзиб ўтганини…

Юракдан ўтганни – юрагидан ўтганлар тушунади, Бемор Қушим! Тур, армон отлиғ қанотингга ниҳоясиз бахт инди энди… Тургин, қанотларигни ёй! Ундаги бахт-у дийдор нурларидан умидвор кўнгиллар ҳам иншооллоҳ баҳраманд бўлгай!

Турақол… тургин…   Қара, кўзингдаги ёшлар – соғинчингнинг дур томчилари, умиднинг алангасига айланиб бораётир…

Умид алангаси. Қабрнинг устида йиғлаётган қушларнинг кўз ёшларини тиндиради бу аланга абадий. Бу аланга ростлик ва ҳақиқат дунёсига қўйилган умид…

Қабрнинг устида йиғлаётган Бемор Қушим, сенинг кўзларингдан оқаётган ёшмас, у инсонийлик ва эзгуликка қўйилган мангу жуфтчироқ…

Тургин… Қанотларингни кенгроқ ёй, Бемор Қушим! Кўзларингдаги мангулик-тинчлик нурларининг умрбоқийлиги рост бўлсин…

Дилфуза Шомаликова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − seven =