Она тилимиз — миллатимиз маънавий белбоғи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, тарих фанлари доктори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев билан она тилимизнинг равнақи йўлида қилинаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.

— Абдуғаффор ака, ўзингизга маълум, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мав­қеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинган.

Она тилимизнинг давлат миқёсида байрам қилиниши жуда қувончли ва шу билан бирга ҳар бир юртдошимиз учун катта масъулият демак. Шундай эмасми?

— Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан давлат тилининг жамиятдаги мавқеи ҳамда ривожланишига қаратилаётган катта эътибор бизнинг департаментимиз зиммасига ҳам улкан вазифалар юклайди. Ҳозирги кунда департамент томонидан мазкур фармонда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилаяпти.

Жумладан, жорий йилда давлат бош­қаруви тизимларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Вазирлик, ҳокимлик ва идораларда ушбу лавозимда 300 нафарга яқин мутахассис иш бошлади.

Соҳанинг етук мутахассисларини тайёрлашда, шубҳасиз, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети асосий база вазифасини ўтаяпти. Мазкур университетда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, таржимонлар, ноширлар тайёрланади. Ушбу кадрлар тилимиз равнақига катта ҳисса қўшишига ишонаман.

Бундан ташқари, жойларда “Ўзбек тили курси” ташкил этилди. Унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларидаги 13 та филиалларида давлат ташкилотлари ходимлари учун лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзуви, ўзбек адабий тили меъёрлари, давлат тилида иш юритиш асослари бў­йича малака ошириш курсларида давлат ташкилоти ходимлари ўқитилади.

— Адлия вазирлиги муҳокамага киритган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида“ги Қонун лойиҳаси давлат тилимизнинг ривожланишидаги амалий ишлардан бири бўлди. Айни кунларда Ўзбекистондаги минглаб кишилар ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, турли фикрлар ва таклифлар билдиришмоқда. Бу борада Департаментнинг тутган йўли ҳақида тўхталсангиз?

— Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан ва шу йилнинг 10 апрелида қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиққан ҳолда, давлат тилини ривожлантиришнинг амалий давоми ва ижроси ҳисобланади. Бу билан халқаро ҳужжатлар, қонунлар, давлат органлари ва ташкилотлари орасидаги барча ёзишмалар давлат тилида бўлиши зарур қилиб қўйилган.

Баҳсларга тўхталадиган бўлсак, айримлар вазирлик, идораларда иш юритиш рус тилига мослашган, шунинг учун лойиҳа маъқул эмас, дея эътироз билдиришмоқда. Лекин қачонгача бундай бир ёқлама қарашлар билан муроса қилиш мумкин? Халқда: “Бошига тушса, хоннинг қизи ҳам бошмоқчи бўлади”, деган мақол беҳудага айтилмаган. Ҳамма гап хоҳиш-иродада. Инсонда жиддий ҳаракат, қунт бўлса, ҳар қандай вазифани бемалол енга олади.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги “Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида амалий вазифалар аниқ ўз ифодасини топди. Бу соҳада хизмат қилаётган мутахассислар зиммасига жиддий вазифаларни ҳам юклади?

— Дарҳақиқат, ушбу қарорда Ўзбекис­тон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институти тузилмасида беш штат бирлигида социолингвистика бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, бўлимнинг вазифалари белгилаб берилган.

Бўлим ўзбек тилининг табиати, ижтимоий муносабатлардаги ўрни, вазифалари, ижтимоий муносабатларнинг тилга таъсири, тилимиз билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб, илмий-назарий жиҳатдан татбиқ этади. Тилимизнинг такомили йўлида асосли, теран негизли тадқиқотлар, амалий ва инновацион тажрибаларни амалга оширади, соҳадаги илмий изланишларни кучайтиради. Изоҳли ва бош­­қа луғатлар, давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланма ва адабиётлар тайёрланади. Бугунги кунда изоҳли луғатни мукаммаллаштириш нечоғлик муҳим бўлса, китобнинг ўзи барча ташкилотлар учун шу даражада зарур. Энг долзарб вазифалардан бири бу ўзбек тилининг мавжуд имло қоидаларини мукаммаллаштиришдир. Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан муҳим вазифалар юкланган.

Суҳбатдош: Озода Бекмуродова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 10 =