Шайтон кишанланган ой

Вақтнинг ўтишини қарангки, Рамазон ойи ҳам ниҳоясига етмоқда. Ҳар биримиз бир ой давомида рўза билан иҳоталаландик. Аллоҳнинг ойнасига эзгу ишларимиз, буюк амалларимиз, маърифатли қалбимиз билан қарагимиз келади. Шу учун рўза охирласа-да, унинг ҳузуридан, завқидан, фароғатидан айрилгимиз келмайди. Савоб ишлар қилинди, эҳсонлар тарқатиляпти, одамлар эзгу ишлар йўлида янада жипслашмоқдалар.

Улуғ Рамазон Ҳайити арафасида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан моҳи Рамазон рўзасининг инсон ҳаётидаги ўрни, шууримизда ва қалбимизда кечадиган аксу садолари, бемисл аҳамияти, шафоати ҳақида суҳбатлашдик.

— Муҳтарам домла, мана муборак Рамазон ойида турибмиз. Биз муқаддас манбадан яхши биламизки, рўзанинг мўмин-мусулмон ҳаётидаги ўрни алоҳида. Шу маънода унинг инсон ҳаётидаги ўрни, фазилатлари, саодатга етакловчи омиллари ҳақида гапирсангиз?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу йилги Рамазон ва Ҳайит айёмлари синовли пандемия даврига тўғри келди. Бу эса халқимизнинг жамоат бўлиб ибодат ва байрам қилиш ҳузуридан маҳрум этмоқда. Буни албатта, ўзига хос ҳикмати борлиги, шубҳасиз. Бироқ халқимиз мана шундай синовли дамларда ҳам ибодатда қойим турди, савоб умидида рўзасини тутмоқда.

Албатта, мўмин-мусулмонга фарз қилинган рўзанинг фазилатлари кўп. Рўза энг аввало хато ва гуноҳлар учун каффоратдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».   Ва яна «Ким Рамазон рўзасини тутса, унинг ҳадларини (чегараларини) билса, сақланиш керак бўлган нарсалардан сақланса, бу рўза ўзидан аввалги (бўлиб ўтган гуноҳ)ларни мағфират қилади», деганлар.

Рўза туфайли даражалар юксалиб, савоблар кўпайтириб берилади. Рўза юксак мартаба, шарафли мансабдир. Шу сабаб Аллоҳ таоло уни шарафлаган ҳолда Ўзига бириктирган ва «Аммо рўза мустасно, чунки у Мен учундир», деган, ҳолбуки барча солиҳ амаллар ҳам У Зот учундир.

Эътибор қаратган бўлсангиз, рўзадор одамнинг оғзи ҳидланади. Аллоҳнинг ҳузуридаги фаришталардан иборат жамоат ҳидлайдиган, рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид, яъни халуф мушки анбарнинг ҳидидан ҳам хушбўй бўлади. Фаришталар рўзадорларга салавот айтадилар, раҳмат сўраб дуо қиладилар ва мағфират сўрайдилар.Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига рўзадорлар билан мақтанади. Рўзадорлар жаннатга ўзларига хос бўлган Раййон эшигидан кирадилар.

Рўзадорлар Рамазонда икки марта хурсанд бўладилар. Бу хурсандлик рўзадорнинг ифтор пайтида, рўзаси тугал бўлганда унинг ажри узилиб қолмагани учун бўлса, яна бир хурсандчилик Роббига йўлиққанидаги шодиёнадир.

— Рўзанинг мақсадлари яна нималардан иборат?

— Имом Ғаззолий ҳазратлари ўзига хос услубда рўзанинг мақсадларига ишора қилар экан, шундай дейди: «Рўзадан мақсад Аллоҳ таолонинг хулқларидан бир хулқ — беҳожатлик билан хулқланиш, нафс истакларидан имкон қадар тийилиш орқали, шаҳватлардан пок фаришталарга иқтидо қилишдир. Инсон ҳайвон мартабасидан шаҳватларни ақл нури ёрдамида синдириш қувватига эгалиги билан устун туради. Аммо, шаҳватлар унга ўз таъсирини ўтказгани, у нафсу ҳавосига қарши курашишга мажбурлиги юзасидан фаришталардан қуйи туради. У шаҳватларга — нафс истакларига берилгани сари энг қуйи табақаларга — асфаласофилинга қараб кетади, шаҳватини синдиргани сайин фаришталарнинг олий мақомига кўтарилиб боради, натижада фаришталар фазосида парвоз қилади». Ташқи аъзоларни ҳамда ички қувватларни муҳофаза қилишда рўзанинг таъсири катта. У инсоннинг вужудини уни бузадиган, соғлигига зарар келтирадиган моддалардан тозалайди. Рўза инсонга унинг руҳи ва жисмидан нафсу ҳаво тортиб олган фазилатларни қайтаради. У чинакам тақвони ўзлаштириш учун энг яхши ёрдамчидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятда: «… сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз», —   деган.

— Қуръони Каримда “Қадр кечаси минг ойдан яхшидир” дейилади. Рамазоннинг ўзи улуғ, бу ойда Қадр кечасининг борлиги унинг қийматини янада оширади, албатта. Лайлатул Қадрнинг шу пайтгача мусулмонларга маълум ва номаълум фазилатлари ҳақида ҳам гапирсангиз?

— Ҳар бир рўзадор Қадр кечасини ўзгача бир ихлос билан кутади, албатта. Чунки ҳар бир инсон ибодати Яратганга етиб боришини хоҳлайди: умид қилади, дуо қилади, ибодатда бўлади. Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган («Қадр» сураси, 1-5-оятлар).

Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган. Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси – «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси – «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари — тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир. Худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади. Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати — уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

— Рамазон ойида рўза тутиш қайси даврдан бошлаб буюрилган? Одам Ато ва Момо Ҳаввога жаннатда тақиқланган меваларни ейиш­ларининг рўзага дахли борми? Рўза тарихи ҳақида ҳам тўхталсангиз…

— Аллоҳ таоло айтади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз”.

Ушбу оятдан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, рўза тутиш биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган. Бироқ, муддати ва шартлари ҳар хил бўлган. Рўзанинг Одам Ато билан Момо Ҳавво онамизнинг жаннатдан тушишлари билан алоқаси бор ё йўқлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ, шуниси аниқки, Аллоҳ таоло қанча Пайғамбар юборган бўлса, уларнинг умматларига ҳам рўза тутишни буюрган.

— Исломда рўза қачондан бошлаб фарз қилинган?

— Ислом динида рўза Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йили фарз қилинди.   Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларигача тўққизта Рамазон рўзасини тутганлар.

Аввалги динларнинг ҳам кўпларида рўза бўлган. Лекин унинг муайян вақти ва шакли бўлмаган. Ким қачон хоҳласа, қандай хоҳласа, рўза тутаверган. Уларда рўза кунини танлаш ҳам, бу рўзада нималардан сақланиш ҳам ихтиёрий бўлиб қолган. Масалан, айрим ҳинд динларида кимдир гўштдан, кимдир пиширилган нарсалардан тийилиш билан рўза тутаверади. Натижада рўзадан кўзланган мақсад йўқолган, нафснинг ғалабаси яна ҳам авжига минган. Рўзада хиёнат пайдо бўлган. Ким рўза тутди, ким тутмади, ким қачон тутди, ким қачон тутмади, ким қандай тутди, билиб бўлмай қолган. Оқибатда рўзанинг руҳий ва ахлоқий таъсири қолмаган.

Ислом шариатида рўза махсус кўринишда, муайян шартлар билан, маълум кунларда тутилиши жорий қилинди. Токи миллати, мамлакати, шахсияти, замон ва макони қандай бўлишидан қатъи назар, бутун дунё мусулмонлари бир вақтда, бир шаклда, бир кўринишда рўза тутишсин, ўзбошимчаликка ўрин қолмасин.

— Рўзанинг бир ой қилиб белгиланишининг ҳам ўзига хос сабаблари бўлса керак?

— Бошқа халқларда, рўза тутиш кунлари тарқоқ, йил бўйи турли кунларда бўлган. Бунда бир рўза куни билан бошқаси орасида бир неча кунлар ёки ҳафталар ўтади. На нафс бир нарсага кўникиб улгуради, на жисм бир нарсага эришади. Натижада рўзанинг мақсадлари барбод бўлади. Унинг ахлоқ ва руҳ тарбиясига бўлган таъсири йўқолади.

Юқорида айтиб ўтилган мулоҳазалардан Ислом шариати рўза ибодатини нақадар мукаммал тарзда жорий қилганини ҳис қиламиз.

— Рамазонда ҳамма мусулмонлар фитр садақасини беришади. Бу садақанинг ҳикмати кўпроқ нималарда акс этади?

— Фитр садақаси закот каби молиявий ибодатлардан бири бўлиб, фитр закоти ҳам дейилади. У закот фарз бўлишидан олдин иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган.

“Фитр” бу — оғиз очиш, рўзадан чиқиш маъносини англатади. Рўза тугаши муносабати билан берилаётгани учун унга шундай ном берилган. Рўзадорнинг Рамазон давомида рўзасига етган нуқсонларнинг ўрнини тўлдириш, ҳожатманд кишиларни Рамазонда ўзгалардан ёрдам сўрашдан муҳофаза қилиш учун фитр садақаси берилади. Зеро, бунинг эвазига ҳайит байрамида ҳамма каби фақир кишилар барча инсонлар каби байрам хурсандчилигини ўз танларида ҳис қилишади, фарзандлари ва оила аъзоларига совға-салом ва кийим-кечак харид қилишлари учун қўлларида пул бўлади.

— Фитр садақаси кимларга вожиб ва кимлар номидан адо этилса тўғри бўлади?

— Фитр садақаси аслий ва зарурий эҳтиёжларидан ортган мол-мулки нисобга етган ҳар бир озод мусулмонга вожибдир. Фитр садақасининг миқдори жон бошидан буғдой ва унинг маҳсулотларидан масалан, ун, талқон ва ҳоказолардан ярим соъ миқдорда чиқарилади. Аммо, арпа, хурмо (тамр) ва майиздан бир соъ миқдорида адо этилади.

Соъни замонавий ўлчов бирликларига нақл қилишда ҳанафий мазҳаби томонидан белгиланган миқдорга кўра, бир соъ тўрт муддан иборат. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, бир мудд 1072 граммдан иборат. Шунда соънинг ҳанафий мазҳабидаги миқдори қуйидагича бўлади: 4 мудд x 1072 гр = 4288 грамм. Демак, бир соънинг миқдори 4 килограмм 288 граммни ташкил этади. Ярим соъ эса 2 килограмм 144 граммдан иборат. Фитр садақасининг буғдой ва унинг маҳсулотидан бериладиган миқдори ана шунча бўлади.

— Закот ва унинг замирида инсонлар учун қандай сиру синоатлар яширинган?

— Закот — мол-мулкининг муайян қисмини эҳтиёжмандларга тўлаб бериш орқали амалга оширилади. Закотнинг фарз эканлигини инкор қилиш диндан чиқиб қолишга сабаб бўлиши мумкин. Закотга жуда кўплаб ҳикмат ва фойдалар берилган. Закот фақирликка қарши курашади, мусулмонлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини яхшилайди, уларда сахийликни тарбиялайди, қалбни бахиллик ва хасисликдан тозалайди, моддий аҳволимизни баракотли қилади, мол-мулкни зиёда қилади ва турли кулфатлардан сақлайди.

Закотга яширинган ҳикматларнинг яна бири — бу унинг инсонлар учун синов эканлигидир. Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам — Аллоҳнинг қисматидир, шунинг учун бойликни қадр-қиммат, камбағалликни эса – камситилиш деб тушунмаслик лозим.

— Молу давлатга эга бўлатуриб, закот бермайдиганлар ҳам учрайди…

— Закот — муҳтожлар ҳаққи. Шунинг учун, бу дунёда тўланмаган закотни Аллоҳ таоло охиратда уларга қайтаришга мажбур этади. Аллоҳ таоло айтади: “Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб башоратини бергин. Улар жаҳаннам оташи ила қиздирилган ҳолда пешоналари ва ёнбошларига ва орқаларига босилади. “Мана шу тўпланган нарсаларингиз! Бас, ўзингиз тўплаган нарсангизни татиб кўринг!” дейилади” (Тавба сураси 34-35-оят). Аллоҳ бундан ўзи асрасин! Агарда инсон вафот этса, ўз вақтида закот бера олмаган бўлса, биринчи навбатда ундан қолган мол – мулкдан закот бериш лозим бўлади.

— Закотни қайси мол-мулкдан ва қандай инсонларга   берган маъқул?

— Закот шунчаки бир эҳсон эмас, унинг ўз шартлари бор, улардан бири — бу закот тўлаш мажбурий бўлган, йил давомида муайян миқдорда тўпланган маблағнинг мавжудлиги. Бу миқдор “нисоб” дейилади ва 85 грамм олтин қийматига тенглаштирилади. Агар инсон нисоб миқдорига ва ундан ҳам кўпроққа эга бўлса, эга бўлганига бир йил муддат ўтган бўлса, у эга бўлган жамғармасининг 2,5 фоизни закот қилиб беради.

Закот олтин ва кумушдан, уй ҳайвонлари — туя, қорамол, қўйдан, тижорат молларидан, мевалардан, дон маҳсулотлари ва бошқалардан, ер ости бойликларидан, топиб олинган ҳазинадан тўланади.

— Қариндошларга закот берса бўладими ва аксинча, қайси қавму қариндошга закот бериб бўлмайди?

— Камбағал ва муҳтож ака – ука, опа – сингил, амаки, тоға, амма, хола ёки бошқа қариндошларга закот бериш мақсадга мувофиқдир. Уларга закот бериш бир вақтнинг ўзида ҳам саховат, ҳам оилавий ришталарни мус­таҳкамлаш саналади. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мис­кинга қилинган садақа садақа, холос. Қариндошга қилинган садақа эса ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир” деганлар.

Закотни ота-она, аёли, фарзандлари, неваралари, бобо ва бувиларига бериб бўлмайди. Чунки уларга ғамхўрлик қилиш, уларни таъминлаш — мусулмоннинг бурчидир.

— Жуда кўп мусулмон давлатларида Рамазон келиши билан эҳсонлар кўпайиши баробарида озиқ-овқат маҳсулотларида, ошхоналарда арзонлаштирилган чегирмалар эълон қилинади. Бизда эса тескариси — айнан Рамазон келиши билан ва бошқа байрамларда озиқ-овқат маҳсулотларида кескин қимматлашиш бошланади. Бу иймон, инсоф тушунчаларига амал қилмаслик эмасми?

— Ҳа, одатда, кўп жойларда Рамазон кириб келиши билан мусулмонларга қулайлик яратиш мақсадида нарх-наволар туширилади ёки камида оширилмай туради. Мана бу Рамазонга, умуман, мусулмонларга бўлган ҳурмат, Аллоҳнинг динига нисбатан муносабатнинг гўзаллигидандир. Аллоҳ мана шундай савдогарларга, тижорат қилувчиларга барака беради.

Афсуски, баъзи савдогарлар Рамазондан, бошқа айёмлардан “фойдаланиб”, бу ойда кўпроқ фойда қилиб қолиш мақсадида нарх-навони кескин суръатда ошириб юборадилар. Сабаби, бу ойда озиқ-овқатга бўлган талаб кўпаяр экан. Тўғри, мусулмонлар саҳарлик ва ифторликда дас­турхонни чиройли қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб оладилар. Ёзнинг иссиқ кунларида мева-сабзавотларга бўлган талаб кучаяди. Аммо қутлуғ дамларда нархлар асоссиз оширилаверса, Рамазоннинг, мусулмонларнинг ҳурмати қаерда қолади? Инсон фақат ташқи жиҳатга қараб иш кўраверса, узоққа бормаслиги, ўсиб-унмаслиги аниқ. Рамазонда нархларни ошириб, чўнтакни қаппайтириш па­йида бўлган тожир унинг касбидан барака олиб қўйилиши мумкинлигини билмайди ёки бу ҳақда ўйлаб кўрмайди. У ҳамма нарсага моддият кўзойнаги билан назар солади. Биз пулнинг кўплигини эмас, унинг баракасини сўрайлик.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, айтайлик, Рамазон ойида нархларнинг ошиб кетишига одамларнинг, яъни истеъмолчиларнинг ўзи ҳам сабаб бўлмоқда. Нега десангиз, баъзилар одатий кунларда емайдиган овқатларни Рамазонда босиб истеъмол қилади. Яна бошқалар ифторлик маросими ўтказиш мақсадида исрофга йўл қўйиб, дастурхонни “тўкин-сочин” қилиш па­йида бўлади. Бундан ҳеч биримиз кўз юма олмаймиз.

Унутмайлик, инсон бу дунёга фақат еб-ичиш, кайф-сафо қилиш учун келмаган. Муборак Рамазон ғанимат. Шу сабаб бу ойда бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлсак, рўзаларни сабр­-тоқат билан тутиб, таровеҳларда хулуси ният билан қоим бўлсак, Аллоҳнинг розилигини топамиз, иншааллоҳ!

— “Мўминнинг қалби Аллоҳнинг уйи” дейди халқимиз. Бироқ чиройли амал, гўзал қалб учун кафолат эмас. Чиройли исломий амалларни бажара туриб, қалбида фитна, риё, чақимчилик, ғийбат, ҳасад каби хунук иллатларни боқаётган бандалардаги қалб касаллигининг сабаби нимада деб ҳисоблайсиз?

— Бу каби иллатларнинг барчасига қалбнинг қорайиб кетиши сабаб бўлади. Ер юзида яшаётган инсонларнинг ўз мезон ва андозалари бор. Улар эркагу аёлдаги чиройли сурат ва гўзаллик, мол-дунёдаги кенгчилик ва мўлчилик, мансаб ва амалдаги фахрланишдир. Ушбу сифатлардан бирига эга инсонда, албатта бошқалардан ўзини устун қўйиш ва ўзини кучли деб ҳис қилиш бор. Аммо еру осмонларни яратган Аллоҳ таолонинг Ўз мезон ва андозаси борки, у ҳам бўлса эрта қиёмат кунида инсонларнинг қалби ва амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади.

Қалбнинг қотишида кўплаб сабаблар бор. Уларнинг энг асосийларидан: гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш, фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик ва ҳаром амалларни хотиржам бажаришдир.

Ҳикоят қилинишича, олис бир қиш­лоққа табиблар бориб, шу ерлик аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлишибди. Табиблар шикоят билан келган беморларга бирма-бир ташҳис қўйиб, муолажа қилишибди. Аммо шунча беморлар орасида бирортаси ҳам қалб касаллигидан шикоят қилмабди. Илгари бундай ҳолатга дуч келмаган табиблар бунинг сабабини ахтара бошлашибди. Қишлоқнинг ҳавоси ва сувида ёки яна қандайдир шифобахш жиҳатлари бордир, дея гумон қилишибди. Аммо бирорта ҳам тахминлари тўғри чиқмабди. Ниҳоят, бунинг сирини қишлоқ аҳлидан сўрашса, кексалари шундай дейишган: “Биз ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек ва адоват каби иллатлардан ҳазар қиламиз. Бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Аксинча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун ҳам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ”.

Кўп зикр қилиш,тоатларни вақтида бажариш,гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш,яхшиликларни кўпайтириш, ота-онани хизматларини қилиб, дуоларини олиш,оиладаги ака-ука, опа-сингил, эру хотин ўзаро яхшилик билан яшаш,жамиятдаги муҳтожларга ёрдам бериш,етимларнинг бошини силаш,қиёматни кўп эслаш, ўлимни эсдан чиқармаслик қалб касаллигини даволайди.

— Тилакларингиз ва дуо қилсангиз…

— Ушбу муборак Рамазон кунлари ниҳояси ва улуғ Ҳайит айёми арафасида Аллоҳ таолодан юртимизга тинч­лик, халқимизга хотиржамлик сўраймиз. Юртдошларимизга меҳр оқибатли, сабрли бўлишни тилаймиз. Азиз халқимизнинг оғирини енгил қилиш дарди билан яшаётган Юртбошимиз бошчиликларидаги барча раҳбарларимиз, фидойи шифокорлар ва барча соҳа вакилларига куч-қувват тилаб қоламиз. Аллоҳ таоло юртимиздан бир неча ойдан буён давом этаётган “тожливирус” деган балони тез фурсатда даф қилишини Яратгандан сўраймиз. Она юртимиз янада обод бўлиб, ҳар хил табиий инжиқликлар ҳам элимизга бошқа рўбарў бўлмаслигини тилайлик, иншаоллоҳ. “Ҳуррият” газетаси жамоасининг ишларига ҳам зафарлар, омадлар, хонадонларига эса барака тилаб қоламиз.

Гўзал Бегим суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 11 =