Электрон қиёфа
ёхуд “facebook” ва Марк Цукерберг ҳақида
Ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир марта интернетга кирамиз. Жуда кўпчилигимизнинг ижтимоий тармоқларда, хусусан, фейсбук тармоғида ўз саҳифамиз бор. Ушбу виртуал оламда бир неча минглаб дўстларга эгамиз. Кундалик ҳаёт тарзимиз, бизни қийнаётган муаммолар, саёҳатларимиз ҳақида материаллар, фото ва видео роликларни ўз саҳифамиз орқали дўстларимизга тақдим этиб борамиз.
Яхши томони компьютер қаршисида ўтириб, уйдан чиқмасдан дунёнинг тамоман бошқа бир чеккасидаги одамлар билан мулоқотга киришамиз, фикр алмашамиз, дўстлашамиз. Ўзимизни қийнаётган муаммоларни соатлаб муҳокама қилиб, бошқаларнинг муносабатини ўрганамиз.
Ёмон томони – бу баъзи тармоқ аъзоларининг ўйсизлиги, дидсизлиги, бетгачопарлиги ва ҳақоратга доимо шай туришидир. Ҳатто, баъзи бир тармоқ иштирокчилари мутлақ шахсий ишларини ҳам фейсбук орқали овоза қиладилар, кўпроқ тармоқда материал эълон қилиш билан балл йиғмоқчи бўладилар. Ҳатто, баъзи фейсбук корчалонлари борки, тортиниб-қимтиниб, аҳён-аҳёнда чиқиш қилган тармоқ фойдаланувчиларини ямламай ютишга тайёр турадилар. Ҳа, албатта, ҳар яхши нарсанинг бир ёмон томони бўлади. Бизнинг фикрларимиз бу ҳақда эмас. Ҳаммаси фейсбукнинг ёш ихтирочиси ва унинг оламшумул шуҳрати, енгиллигу қулайликлари ҳақида!
Марк Цукерберг энг оммабоп файсбук тармоғи асосчиси ва жуда кўплаб йўналишларда дунёга донг таратган компьютер дастурчиси сифатида тилга олинади.
Марк Элиот Цукерберг 1984 йил 14 май куни Нью-Йоркда яҳудий эътиқодига мансуб шифокор оиласида дунёга келган. Ота-онаси Эдвард ва Карен Цукерберглар ҳозир ҳам ўз касбининг усталаридир. Ер шаридаги энг ёш миллиардер бўлган Марк АҚШ шароити учун кўп болали оила саналган 4 нафар боласи бор хонадонда вояга етди. У 10 яшарлигидаёқ компьютер дастурчилигига қизиқа бошлайди. Ёш ихтирочи 12 ёшида оила аъзолари мулоқот қилиши мумкин бўлган ZuchNet дастурини яратади.
Цукерберг бошланғич синфни битириш арафасидаги диплом ишига Интернет тармоғидан фойдаланувчиларнинг мусиқий дидини аниқлаб берадиган дастур яратади. Уни кейинчалик “Microsoft” компанияси 2 миллион АҚШ долларига харид қилмоқчи бўлишган. Ёш ўсмир бу ишларининг бирортаси учун мукофотлашларини истамаган ва ўз ихтиросини сотмаган. Уларга “Илҳом сотилмайди” дея жавоб қайтарган.
У 2002 йилда тасодифан Гарвард университетининг психология факультетига ўқишга топшириб, талабалик бахтига муяссар бўлади. Онасининг таъсири остида ўқишни бошлайди. Бироқ психология билан бир вақтнинг ўзида информатика бўйича қўшимча курсларга қатнайди. Унинг ягона истаги ўзининг шахсий компьютер дастурини яратиш эди. Талабалик давридаёқ курсдошлари учун бир-бирлари билан тажриба алмашиш мумкин бўлган ижтимоий тармоқни, кейинроқ эса Гарвард талабалари учун ўзларига ёққан расмларга овоз берувчи “Facemash” тармоғини яратади. Сўнг мана шу тармоқ асосида бутун дунёга машҳур бўлган шедевер – “Facebook” сайтига асос солади. У 2004 йилда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтади ва “Facebook”нинг бош директорига айланади. 2008 йилда дастурчи Дублин шаҳрида ўзининг штаб-квартирасини очди.
2015 йилдан буён фейсбук дунёда энг кўп одам фойдаланувчи тармоқ сифатида иккинчи ўринга кўтарилди. Марк Цукерберг эса энг ёш миллиардер сифатида шуҳрат қозонди. 2017 йилда ёш ихтирочи бир пайтлар ўзи ташлаб кетган Гарвард университетидан докторлик даражаси дипломини олди. У Альберт Эйнштейннинг ушбу сўзларини такрорлашни хуш кўради: Ҳамма нарса имкони борича соддалаштирилиши керак, бошқа ҳеч нарса эмас!
Марк энг ёш бизнесмен бўлишига қарамай, жуда оддий ҳаёт кечиради. Оддийгина машина ҳайдайди. Эгнида доим жинси шим ва кулранг футболка кўриш мумкин. 2012 йили Гарвардда танишган хитойлик Присцилла Чан билан турмуш қурган. Ўрталарида Макс ва Августа исмли икки нафар қизлари бор.
Цукерберг дальтонизм, яъни фақат битта рангни фарқлайдиганлар касаллигига чалинган, рангларни ажрата олмайди. У асосан кўк рангни фарқлайди. Шу учун ҳам фейсбукни яратишда кўпроқ кўк ранглардан фойдаланилган. У француз, иврит, лотин, қадимги юнон тилларини яхши билади. Хитойликка уйлангач, хитой тилини ҳам мулоқот даражасида ўрганган.
Фейсбук даставвал, 2004 йилда Гарвард университети талабалари учун фаолият юритган. Кейинчалик Бостон университети ва АҚШнинг бошқа олий таълим муассасалари ўртасида оммалашган. 2006 йилдан бошлаб эса 13 ёшдан катта бўлган ҳар бир интернет фойдаланувчиси унга аъзо бўлиши таъминланди. Фейсбукдан айни пайтда 68 тилда 2 миллиарддан ортиқ одам фойдаланади, бир суткада эса 720 миллион одам ушбу тармоққа ташриф буюради. Ҳар куни сайтда 6 миллиард “Like” ва изоҳ (комментарий), 300 миллион фотосурат қўйилади. Ушбу тармоқ дунё бўйлаб миллиардлаб одамни дўстлик ришталари билан боғлайди. Сайт шарофати билан Марк Цукерберг 23 ёшидаёқ ер шаридаги энг ёш миллиардер бўлди.
Фейсбук тармоқ фойдаланувчилари орасида фақат бир-бири билан дўстлик ришталарини боғловчи восита бўлибгина қолмай, турли ташкилот ва компаниялар ўртасида маҳсулот ва хизматлар ҳаракатини ҳам таъминлайди. Фейсбукда “Like” тугмачаси бўлиб, бу рус тилида “Мне нравится”, ўзбек тилида фойдаланувчилар орасида “Ёқди” деб аталади. “Ёқди” тугмачаси ўзи ҳамфикр бўлган ва ишонч билдирган материал ва расмлар, видеолар учун босилади.
Фейсбук илк яратилган кезларида “Facemash” деб номланганидаги дастлабки икки соат ичида 450 одам ташриф буюриб, 22 000 расм томоша қилинган. 2009-2010 йиллар давомида фейсбук тармоғининг ташриф буюрувчилари “google”га қараганда ҳам ўзиб кетди. Филиппин, Индонезия, Австралия, Малайзия, Сингапур, Янги Зеландия, Гонгконг ва Вьетнам ижтимоий тармоқ бозорларида фейсбук лидерликни қўлга киритган.
“Microsoft” асосчиси Билл Гейтс фейсбукнинг 1,6 фоиз акцияларини 260 миллион АҚШ долларига сотиб олган. Фейсбук акционерлари орасида дунёнинг миллиардерлари қаторида ҳамюртимиз Алишер Усмонов ҳам бор. Марк Цукерберг “Apple” асосчиси Стив Жобс ва “Google” асосчиси Эрик Шмидт билан яхши алоқада. АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама уни тушликка таклиф қилиб турган.
Фейсбук ҳақидаги “Ижтимоий тармоқ” кинофильми 3 марта “Оскар” мукофоти билан тақдирланган. Маркдан фильм ҳақида сўрашганида у шундай деган: “Бизнинг ҳақиқий тарихимиз етарлича зерикарли. Олти йил компьютер қаршисида ўтирдик ва код ёздик”.
Мана сизга оламнинг бир қути ичидаги шаклу шамойили, рангу қиёфаси. Баъзи бир оғзига келган ҳар қандай сўзни айтадиган тармоқ фойдаланувчилари ўйлагандек, фейсбук шармсизлар ва урушқоқлар майдони эмас! Фейсбук сўзининг маъносида жамланган “юз”(face) ва “китоб”(book) сўзларига эътибор қаратсак, бу тармоқнинг яратилишидан бош мақсад маънавият ва маърифат тарқатишдан иборат бўлган. Унинг дастлаб, талабалар ўртасида фаолият юритувчи сайт бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.
Ер шарида фейсбук ҳақида эшитмаган одамни топиш қийин. Кўпчилик бу тармоқдан унумли фойдаланади. Баъзи маълумотларга кўра, Цукербергнинг асосий капитали 77,8 миллиард АҚШ доллари атрофида. Цукерберг ўз муваффақиятлари сирларини шуларда деб билади:
- Ҳайиқмасдан таваккал қилинг!
У ҳали мактабдалик чоғидаёқ компьютер ўйинларини яратди. Унинг илк яратган компьютер ўйини ҳам “Таваккал” деб аталган эди.
- Агар сизда ғоялар бор бўлса – ўз бизнесингизни бошланг!
Унинг айтишича, агар сизнинг миянгиз ишласа, бас, бошқа бирор иш билан шуғулланишнинг кераги йўқ. У ўзининг мия имкониятларидан ниҳоятда унумли фойдаланган. Ҳали Гарвард университетида ўқиётган кезларидаёқ ҳаммани бир ижтимоий тармоқ атрофида бирлаштириш ғоясини бир неча бор синовдан ўтказган.
- Ҳатто, мақсадингиз аниқ-равшан кўринмаса-да, бирор ишни бошлашдан қўрқманг! Мақсадни амалга ошириш бирор-бир лаҳзани пойлаб ўтириш, вақтни шамолга совуришдан бошқа нарса эмас!
- Тинимсиз ишланг ва натижага эришинг!
Бирор материал ёки расмга ғойибдан “Like” қўйишнинг кашф этилиши учун неча йиллар давомида компьютер ёнида уйқуга ётиб, компьютер қошида уйғонишига тўғри келган.
- Агар нимадир қилмоқчи бўлсангиз, фақат яхшилаб уддасидан чиқинг! Нимадир яратаётган бўлсангиз, худди фақат ўзингиз фойдаланадигандек, яхшилаб қилинг!
У ўзи ихтиро қилган фейсбук сайтига ҳар куни ташриф буюради ва ҳар куни унинг функцияларини кенгайтириб боради.
- Дунёқарашингизни кенгайтиринг!
У Гарвардда ўқир экан, бир йўналишдаги билимлар билан чекланмади. Математика, психология, қадимги тиллар, мумтоз адабиётни ўрганди. Цукерберг муваффақиятининг сири, фақат олдинга интилиш, қилаётган ишингни севиш ва севаётган ишингни қилишда ҳеч қандай чегара билмасликдир.