Тақиқ йўқ, таҳдид йўқ, цензура йўқ, матбуот эса…

Матбуот кўзгуга қиёсланади. Ҳа, у ҳаётни ёритадиган давр кўзгусидир. Бугун тарихга айланиб, саҳифалари сарғайиб кетса-да, бағрида юз йиллик даврни, ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришу талотўпларни сокин сақлаб келаётган газета-журналларни кўриб кўз қувнайди. Зеро, матбуот илдизи бир неча юз йилликларга бориб тақалади. Балки шунинг учундир, у интернет каби шошиб-ҳапқириб, маълумот чиқариб, яна ўчириб, ҳаллосламайди. Саҳифаларида турмуш, ишлаб чиқариш ва маданий қурилиш… қўйингки, бутун бир жамиятда юз берган воқеа-ҳодисаларни оғир-босиқлик билан акс эттириб, вужудингизга титроқ солади. Интернет тезкор, қулай, қолаверса, ҳамёнбоп бўлиши мумкин, лекин ишониб айта оламанки, газета варақлаганда димоғингизга урилган ҳид берган завқни интернетдан топа олмайсиз. Ахир ҳар қандай матбуот нашрини ҳаётдан, давр тўлғоқларидан айри ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмас. Унда ҳаёт мужассам!

Матбуот соҳасида бўлган ўзгаришлар, соҳанинг ютуқ ва камчиликлари, жоиз бўлса, йўқотишлари ҳақида вақтида жуда катта нуфузга эга бўлган, миллионга яқин нусхада чоп этилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA)да ва қатор йиллар ҳукумат идораларида турли масъул вазифаларда самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда мамлакатимизнинг нуфузли нашрларидан бири — “Гулистон” журналининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритаётган таниқли адиб, устоз журналист Маматқул Ҳазратқулов билан суҳбатлашдик.

— Маматқул ака, аввало, касб байрамингиз билан сизни, “Гулистон” журнали жамоасини табриклаймиз. Бу байрам соҳа вакиллари ҳаётида қай даражада устувор, деб ўйлайсиз?

— Бу кун, албатта, ҳаммамизниям қувонтиради. 27 июнь санаси 1993 йилдан буён ҳар йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Давлатимиз раҳбарининг табриги бўлади, эъзозли сўз ва тилаклар айтилади. Бу шубҳасиз, юртимизда журналистикага қаратилаётган эътиборнинг бир кўриниши бўлиб, елкамизга янада катта масъулият юклайди. Бу йил “Йилнинг энг фаол журналисти” республика танлови ғолиблари сафида журналимиз бўлим муҳаррири Манзура Шамсиеванинг ҳам борлиги жамоамизни янада қувонтирди. Танлов ҳайъатининг бундай катта эътирофидан миннатдор бўлдик.

— Матбуот соҳасида узоқ йиллардан буён ишлаб, устоз даражасига эришган инсонлардансиз. Тан олиш керак, ўтган асрдаги матбуот билан бугунги матбуотнинг ўрни, мавқеида ҳар жиҳатдан ер билан осмонча фарқ бор. Бунга сабаб даврми ёки…

— Жавоб саволингизда турибди: у давр билан бу даврнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳа, ҳаммаси даврга боғлиқ. Масалан, мустақилликдан олдинги йиллар билан бизнинг асримизни, у пайтдаги одамлар билан замонамиз кишиларини бир-бирига қиёслаб бўлмайди. Бугун ОАВда ўтган асрда газета-журналлар адади миллионга яқин ёки ундан ҳам ортиқ бўлганини кўп ўқиб-эшитамиз. Унутманг, сиз айтаётган пайтда нари борса 400 та нашр бўлган (балки ундан ҳам камдир). Бугун мамлакатимизда, адашмасам, бир ярим мингдан зиёд газета-журнал чоп этилади. Бундан ташқари, у давр­­да ягона ахборот манбаи матбуот ва радио-телевидение бўлган. Бизда интернет ёки ижтимоий тармоқлар бўлмаган. Бу ҳолатда босма нашрларга эҳтиёж катта бўлган-да.

— Айни пайтда журналист(ика)нинг оёғига тушов бўлаётган омиллар нимада?

— Бугун журналист учун ҳеч қандай ғов йўқ, деб ўйлайман. Унинг оёғига тушов бўладиган катта муаммони кўрмаяпман. Фикр эркинлиги дейсизми, ҳақ гапни гапириш, маълумот олиш ёки эълон қилиш… ҳаммаси очиқ ва эркин. Баъзида ўйлаб қоламан. Журналистлар учун қанчалаб танловлар, рағбат ва мукофотлар жорий этилган. Биз шунга муносиб жавоб бера оляпмизми, халқнинг дардини ёза оляпмизми? Халқнинг дардини ёзиш керак, фақат асос­­ли бўлса. Кимнидир бировга хусумати бўлса, “бу одамнинг дарди бор экан”, деб ёзиб кетавермаслик лозим. Йўқса, журналистнинг обрўси, таҳририят мавқеи тушиб кетиши мумкин.

— Боя ўзингиз айтган гап: вақтида миллионга яқин нусхада чоп этилган нашрда м­асъул котиб бўлиб ишлагансиз. Айтингчи, мисол учун, ўша нашр шу кеча-кундузда сизга топширилса, унинг ададини ҳеч қурса эллик мингга чиқара олармидингиз?

— Кечирасизу, нега фалон рўзнома ўтган асрда миллион нусхада чиқиб, бугун адади жуда кам, деган қарашни мен мутлақо тушунмайман. Яъни, аввал юз минг ададда чиққан газета бугун ҳам ўшанча чиқиши шарт эмас. У даврни қайтариб ҳам бўлмайди, у пайтга ҳавас ҳам қилмаслик керак. Аксинча, бугунни ва келажакни ўйласак, ўзимиздан нимадир қолдиришни ўйласак, мақсадга мувофиқ бўларди. У қанча нусхада чиқиши асосий масала эмас. Ҳамма гап муайян нашрни одамларга етиб бориши ёки бормаслигида, уни ўқилиш ёки ўқилмаслигида. Айни шу жиҳатларни ҳисобга олишимиз лозим. Минглаб нусхада чиққан газетани одамлар мажбурлиги ёки зерикканидан ўқигани яхшими ёки кам ададли газетани одамлар талаб қилиб, қўлма-қўл ўқиганими?

— Китоблар-чи, китобларнинг адади оширилса, балки уларнинг нарх-навоси арзонлашган бўлармиди?

— Йўқ, менимча, бу билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Бошқа йўлини топиш керак. Масалан, илгари китоблар 100-120 минг ёки ундан ҳам зиёд ададда чоп этиларди. Бугун бўлса, икки-уч минг нусхани биз катта адад, дея баҳолаяпмиз. Айтайлик, озарбойжонларнинг Анор деган машҳур ёзувчиси бор. Унинг номи бутун дунёда машҳур. Асарлари ўтган асрда бир неча миллион нусхада чоп этилган. Яқинда у менга Москвада нашрдан чиққан икки жилд­лик янги китобини совға қилди. Хоҳ ишонинг, хоҳи йўқ, китобнинг адади атиги беш юз нусха.

— Интернет замони келди, босма нашрлар керакми, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинаяпти. Бу гапга муносабатингиз қандай?

— Ҳа, бугун босма нашрларнинг куни битди, деб жар солаётганлар бор. Мен бу фикрга умуман қўшилмайман. Чунки матбуот — тарих. Айтайлик, бундан 50-60 йил олдин чиққан газета ва журналларни ё бўлмаса, ўзбек матбуотига тамал тоши, дебоча бўлган жадидларимизнинг “Ойина” журнали, “Тараққий” рўзномаларини бир варақлаб кўринг, ўша даврни ҳис қилмайсизми? Нафақат даврни, балки ўша пайтдаги одамларнинг тафаккури, фикрлаши, дунёқараши, яшаш тарзи билан ҳам айнан матбуот орқали танишишингиз мумкин. Бугун биз қилаётган меҳнатлар ҳам тарихга муҳрланяпти. Қачондир келажак авлод бизни ҳам газета ва журналлар орқали эслайди. Шу боис, босма нашрлар ҳеч қачон ўлмайди. Интернет сайтлари ёки ижтимоий тармоқлар керак, албатта. Бу замон талаби. Фақат босма нашрлар билан интернет бир-бирига халал бермаслиги лозим. Халал бермайди ҳам. Масалан, замонавий кийимлар чиқди, деб чопондан воз кечган ёки фақат “Fast Food” билан овқатланиб, паловдан юз ўгирган одамни топа оласизми? Ҳаётимизда ҳар бирининг ўзига яраша ўрни бор. Асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган миллийлигимиздан, анъаналаримиздан ҳар қанча замонавий бўлмайлик, воз кеча олмаймиз, воз кечмаслигимиз шарт.

— Ўз вақтида “Гулистон” журналида эълон қилинган адабий-танқидий мақолалар ҳалигача тилга олинади. Чунки у адабиётга, жамиятга баралла муносабат билдирадиган йирик нашрлардан бўлган. Бугун, афсуски, кўнглингизга олмангу, шунчалик дея олмаймиз. Айни пайтда жамиятимизда “Гулистон”нинг ўрни қай даражада?

— Журналга бош муҳаррир бўлиб келганимда, биринчи навбатда ўша машҳур бўлган пайтлардаги сонларини олиб, бир сидра варақладим. Ва ўзим учун тегишли хулосалар чиқардим. Охирги бир йилда чиққан сонлари билан танишинг-чи, ўзгариш бормикан. Бу гапим билан “қойиллатиб қўйдик”, демоқчимасман, аксинча, ҳаракат қилаётганимизни айтмоқчиман, холос. Вилоятлардан қўнғироқ қилишади, мақолаларга фикр билдиришади. Кимдир ўз ижодидан жўнатади. Мана шунинг ўзи бекорга ишламаётганимиздан, “Гулистон” кимларнингдир ҳаётида ҳалиям ўз ўрнига эгалигидан далолат. Биз учун муҳими шу. Албатта, бугун бозор иқтисодиёти даврида матбуот бозорида ўрин топиш осон эмас. Кичкинагина жамоамиз шу йўлда астойдил ҳаракат қиляпти, билмадим, уддалаяпмизми ёки йўқ, бу ёғи муштарийларга ҳавола.

— Фаолиятингиз давомида катта ёзувчилар, соҳа дарғалари билан ишлашга муяссар бўлгансиз. Бугун негадир ана шундай устоз-шогирдлик ришталари узилиб қолганга ўхшайди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Биласизми, мен ўзимни жуда бахтли ва омади бор инсонлардан ҳисоблайман. Негаки, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов ва адабиётимизнинг бошқа йирик вакиллари билан бирга ишлаганман. Саволингизга келсак, устоз-шогирдлик анъанаси йўқолган, деяпсиз. Айтинг-чи, устоз шогирдни қидирадими ёки шогирд устозними? Ким кимни топиши керак? Масаланинг ечими айнан шу ерда. Ғафур Ғулом, Ойбек, Шароф Рашидов, Миртемир домла, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Асқад Мухтор ва бошқа устозлар кўплаб ёш ижодкорларнинг бошини силаган. Лекин барибир, ёшлар устознинг ёнига ўзи бориши керак. Агар устоз ёрдам беришдан бош тортса, бу — бошқа гап. Кечирасизу, ёшларнинг ўзи устозни изламаганидан кейин, неча йиллик тарихга эга, илдизи мустаҳкам бутун бошли устоз-шогирд анъанаси барҳам топиши ҳеч гап эмас.

— Ўзингиз-чи, ёшлар билан қандай ишлайсиз?

— Узоқ йиллар газетада, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида турли лавозимларда ишладим, ишлаяпман. Ёнимга ёшлар қўлида журналист деган дипломини, турли нашрларда чиққан мақолаларини, ҳатто китобини кўтариб келади. Афсуски, кўпчилиги, гапни салом-аликдан олдин маош қанчалигини сўрашдан бошлайди. Уларнинг китоб, газета-журналларига эътибор бермайман-да, қўлига ручка ва оқ қоғоз бериб, ўз таржимаи ҳолини ёзиб беришини сўрайман. Афсуски, айримлари ҳатто таржимаи ҳолини ҳам тўғри ёза олмайди.

— Келинг, шу ўринда ўзингиз илк бора матбуотга кириб келган пайтларни ҳам бирровга эслаб ўтсак. Бу жараён сизда қандай кечган?

— Мен матбуотдаги илк фаолиятимни курьер — ташувчиликдан бошлаганман. Ўшанда газетада ишлаяпман, деб ўзимга сиғмаганман, учиб юрганман! Ана ўшандаги қувончимни тасаввур қилолмайсиз ва уни ҳеч нарсага алишмайман. У пайтда таҳририятда ишлаш шараф, ўз навбатида мураккаб эди. Бугунгига ўхшаб униси бўлмаса буниси деб, енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтилмасди.

— Демак, ҳамма айб ёшларда, шогирдларда экан-да?

— Йўқ, фақат ёшларни, шогирдларни айбламоқчимасман. Қарс икки қўлдан чиқади. Буни, албатта, йўлга қўйиш лозим. Ўзим мисолимда оладиган бўлсак, ёнимга нимадир ёзиб келган ёшлар ишларини ҳамиша ручка билан тузатаман. Мақсад: хатосини билсин, кўрсин. Нимага бу жумламни ўчирибди, нега бу ерга фалон сўзни киритибди, деб ўйласин, мулоҳаза қилсин. Чунки ўзим шундай тарбияланганман, тобланганман.

— Журналнинг таҳрир мактаби ҳам алоҳида мавзу. Таҳрир жараёнлари билан боғлиқ хотираларингиз билан бўлишсангиз?

— “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида халқимизнинг улуғ ёзувчиларидан бири Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлганида мен масъул котиб эдим. У киши кичкина хабар ёзса ҳам менга кўрсатарди. Агар унга қалам теккизмай қайтариб берсам, “Ўқидингизми? Нега ҳеч нарсани ўзгартирмадингиз?”, дея койирди ҳатто. “Асқад Мухтор ёзган нарсага тегиниб бўлмайди, деб ўйладингизми? Асқад Мухтор ҳам сизга ўхшаган қаламкаш”, деб таҳрир қилишимни сўрарди. Ҳеч қачон мен ёзувчиман, менинг романим, менинг асарим, демас эди. Оддийликда гап кўп. Одам манманлик қилмаслиги керак, деб ўйлайман. Мана, калаванинг учи қаерда. У буюк ёзувчи ёки даҳоми, ким бўлса ҳам, аввало, том маънода инсон бўлсин! Ҳамма ҳам хато қилади. Фақат кўпчилик айбини тан олмайди, холос…

Устозлар нимамизнидир тузатиб, таҳрир қилиб берса, бу хатони такрорламаслик учун нималар тузатилганини синчиклаб ўрганардик. Ҳозир-чи, шундайларни кўрдик, агар ёзган нимарсасини таҳрир қилсангиз инсофи бўлса, индамайди, акс ҳолда “буни нега қисқартирдингиз”, деб пўписа қилишдан ҳам тоймайди.

— Очиғини айтганда, ҳозир матбуотдан нафақат халқ, балки шу соҳада ишлаётганлар ҳам қониқаяпти, деб айтиш қийин. Сўз эркинлиги бор, цензура йўқ, аммо жасоратли журналистлар қаерда?

— Бугун журналистга тақиқ йўқ, цензурага йўл қўйилмайди, фикр эркинлиги бор. Соҳа ўзи кутган даврга келди. Энди журналистдан маҳорат ва энг асосийси, жасорат талаб этилади. Ҳали айтганимдек, ўз таржимаи ҳолини тўғри ёзиб беролмайдиган одам қанақа мақола ёзиши мумкин? Масала тизимга бориб тақаляпти. Назаримда соҳани оёққа турғазишни мутахассис тайёрлаш тизимини такомиллаштиришдан бошлаш керак. Сўнгги йилларда журналистикага етарли даражада эътибор қаратиляпти, алоҳида университет очилгани ҳам фикримиз исботи. Бу ишлар ҳали ўз мевасини беради, дея ишониб, умид қилиб турибмиз, бу ёғи энди вақт ҳукмига ҳавола.

— Журналист кадрлар тайёрлашда кўнг­лингизга тугиб қўйган таклифларингиз борми? Сизнингча, тизимни қандай такомиллаштириш мумкин?

— Президентимиз ташаббуси билан Журна­листика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Бу яхши. Соҳага етарли даражада эътибор берилмоқда. Яна бир масала борки, журналистика соҳасида дарс бераётган ўқитувчилар матбуотда қанчалик фаоллигига, газета-журнал, китоб ўқиш-ўқимаслигига ҳам аҳамият бериш шарт. Негаки, ўзи намуна бўлмай, талабадан матбуотда фаол қатнашишни, уни кузатиб боришни талаб қилиб бўлмайди. Қуш уясида кўрганини қилади. Талабаларнинг таҳририятларда ўтадиган амалиётига жуда катта эътибор бериш зарур.

— Бугунги байрам муносабати билан соҳа вакиллари ва ҳамкасбларимизга байрам ти­лакларингиз…

— Аввало, журналист ўз виждони олдида ҳалол бўлсин. У танлаган соҳа тўртинчи ҳокимиятлигини ич-ичидан ҳис этиб, чин юракдан меҳнат қилсин. Унга халқ ишонибдими, чин маънода инсонларнинг дардини кўтариб чиқсин. Мана шу машаққатли йўлда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига, барча ҳамкасбларимизга куч-қувват тилайман, уларни касб байрами билан чин юракдан табриклайман. Халқ олдида ҳар доим юзимиз ёруғ бўлишига тилакдошман!

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Абдулазиз Аҳмедов суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =