Китобни унутган авлодга ёзиш изтироби

Адабиётга ҳар биримиз ўзимиз ета олган, чиқа олган баландликдан қарашга одатланганмиз. Асарни ўқиш асносида ёзувчининг нигоҳи билан дунёга қараб, қаҳрамон кечинмаларига ўз қалбимизда қайта ишлов берамиз. Ёзувчи бизни денгизнинг гоҳ тубига улоқтиради, гоҳ тоғу тошларга отади, гоҳ юракнинг боши берк кўчаларига олиб кириб қўяди. Шундай бўлса-да бу каби ботиний гирдобдан бемисл қудрат, руҳий қувват туямиз. Қалбимизнинг ҳали ёзувчи қалами етмаган нуқталарида адабий ташналигимиз Хизр суви ичган мисол қайта “тирилаверади”.

Назар Эшонқул — ўзбек китобхонларига ўзининг “Уруш одамлари” қиссаси (1989), “Уфқ ортидаги қуёш”, “Маймун етаклаган одам” (2004), “Шамолни тутиб бўлмайди” (2005), “Момоқўшиқ” (1991), “Ялпиз ҳиди” (1996), “Шафтоли гули” (2011), “Гўрўғли”(2018) каби китоблари билан яхши танилган. Ёзувчи билан қилган бугунги суҳбатимиз Адабиётнинг ўз “сиёсат”и, ёзувчининг бу майдондаги мавқеи ва жамиятда тутган мажбуриятлари ҳақида бўлди.

— Назар ака, суҳбат учун олдиндан раҳмат. Сиз халқимизнинг севимли ёзувчиларидан бирисиз. Айтингчи, бугун ёзувчиларимиз халқимиз муаммоларига, депсинишларига, орзу-армонларига малҳам бўладиган сўзни айта оляптими?   Ахир ўз вақтида Қодирий, Чўлпон, Фитрат ҳам асарларидагина эмас, публицистик мақолаларида ҳам миллатнинг, халқнинг оғриқли муаммоларини кўтариб чиқишган. Бугун халқимиз дардига адабиёт, ижод аҳлининг шериклиги қай даражада сезилаяпти?

— Саволингизга “Сезилмаяпти” деб жавоб беришим қанчалик тўғри бўлса, шунингдек, “Дардига малҳам бўлаяпти” деган жавоб ҳам шунчалик ўринли бўлади. Ҳар икки жавобда мен ҳам қайсидир маънода ўз асосларимга эгаман. Ижодкорнинг “миллат виждони бўлиши керак!” деган бироз баландпарвоз унвони бор. Баландпарвоз бўлса-да, бу бор гап. Азалдан ва ҳозир ҳам ўзини миллий адабиётга дахлдор деб биладиганлар (бу гапнинг тижорий адабиётга алоқаси йўқ) адиб ва шоирларга миллат виждони сифатида қараш ва керак бўлса талаб қилиш керак ҳам. Миллатга виждон бўлиш ўта шарафли ва ўта масъулиятли мақом. Сиз айтган Қодирий ва Фитратлар ўзларини шу мақомда деб ҳисоблашган ва бу вазифани шараф билан уддалашган. Аммо “виждони бўлиш” сиз айтган “публицистика”дан, яъни бугунги ҳар бир ўткинчи масалаларга муносабат билдириш кўринишида бўлса, мен “Йўқ, биз халқ дардига шерик бўлолмаяпмиз!”, деб жавоб берган бўлардим. Чунки бугунги шоир ва ёзувчиларимиз халқимиз дуч келаётган, уни қийнаётган кундалик муаммоларга Абдулла Қодирий ёки Фитрат каби муросасиз ва фаол эмас. Яъни, у баъзи бир ҳокимларнинг, амалдорларнинг ўзбошимчалигидан тортиб, жамиятда умуман, адолатнинг ҳар қандай кўринишда топталишига қарши фаол муносабат билдирмаяпти, бугунги саноқли блогерлар каби уларнинг “дардлари”, “оғриқлари”ни шу куннинг ўзида кўтариб чиқмаяпти, яъни адабиёт халқнинг кундалик “орзу-умиди”, “дарди ва оғриқлари”дан узилиб қолгани, бу муаммоларга ё бефарқ бўлаётгани ёки адабиёт кийимини ва ниқобини тақиб олиб, атрофда юз бераётган ҳақсизлик ва ёлғонни хаспўшлаётгани, ҳатто манфаат учун ўша ёлғоннинг бир қисмига айланиб олаётгани ҳам бор гап. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо мен табиатимдан келиб чиқиб, “кундалик муаммолар ва орзу-умидларга, кундалик адолатсизлик ва ҳақсизликлар”га нисбатан “фаол муносабатда бўлиш”ни унчалик ҳам адабиётнинг иши, деб билмайман.

— Бунинг   адабиётга дахли бор ёки буниси бегона дейиш қай даражада ўринли?

— Адабиёт кундалик, йўл-йўлакай юз бераётган ҳақсизликни, баъзида ҳақсизлик бўлиб кўринаётган ҳали ойдинлашмаган масалани эмас, умуман, умуммиллиятга дахлдор ёлғоннинг моҳиятини, асосини кўрсатиш билан шуғулланиш керак деб ўйлайман. Кундалик ёлғонни ҳамма кўриб турибди, аммо бу ёлғоннинг моҳиятини фақат соф ижодкор, соф ақл, яъни ўша “хос истеъдод” кўра олади. Мен учун адабиёт ана шу “хос истеъдод” воситасида халқнинг кундалик оғриқ, ўткинчи муаммолари ортида бекиниб ётган умуммиллий оғриқ ва изтиробни, армонларни, дардни кўради ва кўтариб чиқади, бу муаммони ижтимоий фикрга айлантиради. Кундалик муаммоларни матбуот ҳам кўтара олади. Аммо миллатни, жамиятни қийнаётган том маънодаги дард ва изтиробни фақат истеъдод кўради ва ўртага ташлай олади.   Адабиётни журналистикадан фарқлаш керак.

— Адабиёт журналистикадан фарқланмаганидан эмас, асарларда ижтимоий юкнинг йўқлигидан, асарлар елимланган дардга тўлиб кетаётганидан шу саволни бераяпман…

— Эътибор берсангиз, Сиз айтган Қодирий ёки Фитратга азоб берган изтироб ва дардлар уларнинг публицистикасидан кўра бадиий асарларида кенгроқ, чуқурроқ, асослироқ кўрсатиб берилган. Бу билан мен шоир-ёзувчиларнинг бугунги муаммоларга лоқайдлиги ва бефарқлигини оқламоқчи эмасман. Адабиётнинг бугун бўлмаса эртага ҳал бўладиган, ечимини топадиган, умуман, журналистика шуғулланадиган муаммоларга ўралашиб қолмаслиги тарафдориман. Агар бугунги оғриқ ва дардларимизни билмоқчи, моҳиятига етмоқчи бўлсак, том маънодаги адабий асарларни таҳлил қилиб кўрайлик. Уларда умуммиллий дард ва изтиробларимиз ётибди. Оддий бир мисол. Мен аввал ҳам бир-икки чиқишда айтгандим. Бизнинг кўплаб бугунги миллий дардимиз, изтиробимиз, оғриғимиз, умуман қандай яшаётганимиз, маънавий қиёфамиз, бугун бизни асли нима қийнаётгани, мисол учун ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг “Ғулистонга сафар…” асарида ўз аксини топган.

Майли, узоққа бормай,   сўз жангида суяги қотганларни аралаштирмасдан, энди адабиётга кириб келган Жонтемир, Тилланисо, М.Норчаева каби ёшларнинг битикларини ўқисангиз ҳам ҳақиқий бадиий миллий дард ва миллий изтиробларга дуч келасиз. Аслида ҳақиқий дард ва изтироб адабиётдагина ўзининг бутун кўлами билан намоён бўлади. Бу хил асарлардаги изтироб ва дард моҳиятини тушунмасдан, таҳлил қилмасдан туриб, худди Кафканинг Замзаси, Ч.Айтматовнинг “манқурт”и каби бугунги бадиий асарларда ўзимизни кўрмагунча, уни ўзимизнинг сабоғимиз ва фикримизга айлантирмагунча, “адабиёт бефарқ”, деб айб қўйишга, шахсан менинг ҳаққим йўқ.

Бугунги инсоннинг дард ва изтиробларини акс эттирган, бу дард ва изтиробларни келтириб чиқарган асосга, илдизга, муҳитга муросасиз бўлган асарлар бугун ҳам ёзилаяпти. Аммо биз ҳали уларни “ўзимизникига” айлантирганимиз йўқ, тўғрироғи, ўқиётганимиз, таҳлил қилаётганимиз йўқ. Бу асарлар бугуннинг дард ва изтироблари эканини англай олганимиз йўқ. Биз агар бугунги ёзилган том маънодаги бадиий асарлардаги оғриқларни, дардларни ҳис қилганимизда, уни ўзимизникига айлантирганимизда, улардаги рамзий-тимсолий илмларни (кодларни) англай олганимизда бошқачароқ яшаётган, бугунги кўплаб муаммоларни аллақачон ҳал қилиб қўйган бўлардик… Бадиий асар ўқиш бугун жуда ноёб фазилатга айланиб бораяпти. Дидимиз сиз айтмоқчи информацион технология воситаларининг, блогерларнинг, бир пайтлар “сариқ матбуот” деб аталган жамият ҳаёти кўпигининг маромига, дидига, йўсинига мослашиб қолгани бор гап. Энг қизиғи, бу ҳолат китоб ўқиш давлат сиёсатига айланган пайтда юз бераяпти. Ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ бўлиб қолган паллада. Ҳамма нарса ички эҳтиёжимизга, шахсий интилишимизга боғлиқ паллада… Биз бугун сўзда адабиётга қанчалик яқинлашган бўлсак, амалда ундан шунча узоқлашиб бораяпмиз. Бугунги ҳақиқий шоир ва ёзувчилар чекига китоб ўқимайдиганлар, китобдан узоқ, китобни унутганлар учун китоб ёзиш маҳкумлиги тушган. Бугунги том маънодаги адабиёт, том маънодаги бадиият мана шу изтироб, дард ила яшаяпти.

— Жуда оғриқли гапни айтдингиз.

— Хусусан, бугунги электрон асрни мен айнан шундай баҳолайман. Аслида бу китоблар ёқилган, топталган, қабристонларга кўмиб қўйилган даврлардан ҳам аянчлироқдир.

— Халқни китобга қайтариш учун нималар қилиш керак Сизнингча? Тадбир ва танловлар билан китобхон авлодни тарбиялаб бўладими?

— Одамларни китоб ўқи, деб китобга жалб қилиб бўлмайди. Бу масала битта давлат раҳбарининг ёки шоир-ёзувчининг гарданидаги юмуш эмас. Авлодларимиз китобхон бўлмоғи учун ҳар биримиз, аввало, ўзимиз китоб ўқиб туришимиз лозим. Бу учун оғизда эмас, қалбан китобхон бўлишимиз керак.Тадбир ва танловлар эса томошабин бўлишдан ўзимизни қутқариш, холос.

— Яхши биламизки, ҳар бир миллатнинг миллат сифатида шаклланишида, тараққий этишида уларни бирлаштириб турадиган умуморзулари, умуммақсадлари бўлган. Бугун ўзбекнинг миллат сифатидаги энг улкан орзуси нима деб ўйлайсиз?

— Бутун халқнинг орзусини елкамга олиб, гапириш иложсиз, лекин менинг энг катта орзуим — миллатимизнинг том маънодаги миллат бўлиши. Шундай. Миллий тафаккуримиз, яшаш тарзимиз, атрофга, дунёга, оламга, жамиятга муносабатларимиздан келиб чиқсак, биз ҳали ҳам улкан орзуларга талпинаётган, аммо манзил сари кўпам ошиқмаётган одамлармиз.

— Тузумлар, замонлар ҳар қандай даврда Адабиётга ўз “муҳр”ини қўйган. Бироқ ҳар қандай қалтис замон ҳам ўзининг шоҳ асарларини келажакка узатган. Нима деб ўйлайсиз, биз келажакка қайси асарларни олиб ўта оламиз?

— “Биз” деганингиз асрни англатаяптими, эллик йилликними ёки ўн йилликни? Бир аср ёки ярим асрлик жараён ҳақида бўлса, булар ҳақида вақт ўзининг сўзини айтиб бўлган. Агар кейинги ўн, ўн беш йил ҳақида гап кетаётган бўлса, бу саволга ҳам вақт жавоб беради. Менинг вақтга ҳакамлик қилиш ниятим йўқ. Қанчалик хомтама бўлмайлик, Вақт ўз сўзини айтади. Лекин барибир шу йилларда ёзилган маълум бир асарларга ҳам келажак муҳри аллақачон босилганига ишонаман. Тўғрисини тан олайлик, аслида ўткинчи ва азалий бадиий сўз асли нималигини ҳис қилган, англаган, диди ва бадиий виждони тоза,   ҳар бир одам бу саволга жавоб топиб бўлган.

— Умуман, адабиётда авлод тушунчасига қандай қарайсиз? Авлодлар ҳақиқий маънода авлод бўлиб шакллана оляптими, улар нари борса маҳаллийчилик, гуруҳбозлик мақомида қолиб кетмаяптими? 60-70 йиллардан кейин адабиётда авлодлар пайдо бўлдими?

 — Авлод ҳақида менинг қарашларим ўта жузъий. Адабиётшунослар нуқтаи назари билан қарасак, ўта нисбий дейиш ҳам мумкин. Мен учун дидни ва ифода усулини, адабий қарашларни   янгилаган, Сўзнинг кўламини янги босқичга олиб чиққанларгина авлод дейилишга муносиб. Шу маънода Ҳамза, Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор 40-50 йилларда ижод қилганларини бир авлод деб биламан. 60-70-80 йиллар адабиётга кириб келганлар ҳам мен учун бир авлод. Бири бошлаган, иккинчиси охирига етказган. 90-йиллар ва янги аср бошида адабиётга кириб келганлар ўзларининг қарашларини энди маромига етказаяпти. Кейинги ўн йилликда адабиётга кириб келаётганлар, айниқса, шеъриятда, катта умид уйғотаяпти. Мен адабиётшуносларнинг диққатини мен юқори деб санаган каби ўнлаб ёшларнинг ижодини, Сўзларидаги ўзига хосликларни, ютуқ ва нуқсонларини кенгроқ таҳлил қилишга, шу орқали уларнинг дардини, адабий кўламини ҳис қилишга қаратишларини сўраган бўлардим. Бу ёшлар сўзнинг нафақат образлилигини, балки унинг шижоати ва интеллектуал жиҳатини ҳам кўтаришга уринишмоқда.

— Бугунги ўқувчи sms-хабарларни ўқиш ритмида шаклланяпти? Қисқаликка кўникаётган ёшларда   “Телба”, “Улисс”, “Унинг исми Роза”, “Хазар луғати” каби семиз-семиз, шунинг баробарида бадиий пишиқ китобларни ўқийдиган ва ёзадиган авлод шаклланадими?

— Эсимда йўқ, кимдир алам билан айтганди: “Бугунги авлод ўзининг паспортини ҳам охиригача ўқимаган”, деб. Шу маънода сиз ҳақсиз. Аммо масала шундаки, замон юкини, интеллектини, савиясини “SMS” билан шаклланган омма ёки оламон эмас, дунёда ўқилиши шарт бўлган китобларни ўқиган саноқли кишилар ҳал қилади. Агар бугунги авлод давр жиловини ўз қўлига олмоқчи бўлса, қалин ёки юпқалигидан қатъи назар, ўзигача яратилган ўқилиши шарт бўлган башарият онги ва тафаккури маҳсули бўлган китобларни ўқиши шарт. Йўқса, инсон ҳақидаги билимлари кемтик бўлиб қолаверади. Кемтиклик билан эса дунёни ўзгартириб бўлмайди, уни фақат таназзулга етаклаш мумкин. Қайси йўлни танлаш авлоднинг ўз қўлида…

— Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Гўрўғли” романингиз чоп этилди…

— Роман йигирма йиллар столимда ётди. Иккита нашриёт олиб, қайтариб берди. Юмшоқ қилиб айтганда, қарашларимиз тўғри келмади. 2016 йил шоира Ойдиннисо чоп этиш таклифи билан чиқди. Ўзи олиб кетди. Нашриётдагилар қўллади. Шу. Китоб ҳолида чиққач кўпларда роман ҳақида тўлақонли тасаввур пайдо бўлди. Ўқиганларда мени танқид қилиш ёки хайрхоҳлик билдириш имкони туғилди. Кеч бўлса ҳам Ойдиннисога, нашриётдагиларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

— Ижод лабораториянгиз билан таништирсангиз… Асарларингиз устида қандай ишлайсиз?

— Жараён ҳар хил кечади. Баъзилари бирдан ҳаммаси туғилади. Фақат сайқаллаш қолади. Узоқ ўйлаб юриб, ёзиш кераклигини ҳис қилганимдан сўнг ёзаман. Бирданига бир неча машқларни бошлаб, ташлаб қўйиб, қайси бирига айни руҳиятим тушса, ўшанга қайтиб, хуллас, ўзни гоҳида нодон, гоҳида даҳо ҳис қилиб, шайтон ва раҳмон курашини танамда жо айлаб, ўзимнинг ёзувчилигимга минг бир марта шубҳа қилиб, бир иложини қилиб охирига етказаман.

— Сиз учун аниқ бир адабий эталон борми? Адабий оламингизнинг энг чўққисидаги ёзувчи тирик бўлганида қайси асар(лар)ингизни унинг қўлига ҳеч иккиланмай тутган бўлардингиз?

— Эталон кўнгилнинг тубига чўкиб ёзиш. Кўнгил тубига чўкиб ёзилганларини қайси даҳо ўқимоқчи бўлса ўқийверсин. Хулоса уники. Мен ҳеч бир ёзганимни “фалон ёзувчи ўқиса” деб илинж қилмаганман. Умуман, мен асаримни даҳо бўладими ёки оддий одамми, тушуниб, англаб ўқиса, бўлди. Ўқувчиларни мақомларга, даражаларга, унвонлиларга ажратиб тасаввур қилиб кўрмаганман. Мен учун ўқувчи иккига бўлинади: ўқиган ва ўқимаганлар. Лекин барибир агар шундай қилишнинг имкони бўлса, Кафка, Борхес, Фолькнер билан ижодий лабораториялари ҳақида суҳбат қилган бўлардим.

— Адабиёт харитасини қандай чизасиз…

— Адабий харитамми? Ўзимни ўзбек адабиётиданман деб ўйлайман, албатта. Яна адабиётшунослар билгувчидир. Наср шаҳрида кўпроқ яшайман. Баъзан тирикчилик ёки дилчилик қилиб, сценарий, драматургия қўрғонларига ҳам бориб қоламан. Бир пайтлар назм кўчасида ҳам яшаб кўрганман. Руҳиятим тушмагани учун ташлаб кетганман. Дунёнинг баланд чўққилари бўлмиш Кафка, Камю, Фолькнер, Онетти, Достоевский каби тоғларга боргим келади. Ғарб, Америка, Япония, умуман, дунёнинг адабий саёҳат қилса бўладиган, дилтортар барча бурчакларига саёҳат қилиб тураман. Буюкларга ихлос қилиб, “Терс ота” деган бадиий макон яратгим келади. Орзуга айб йўқ, нимаики ёзсам, ўзбек адабиёти фуқароси бўлса дейман.

Гўзал Бегим суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + twelve =