Тўғриланган ковуш ва очилмай сўлган гул фожиаси

(Ўтмиш ҳикояларидан)

Машҳур адиб Садриддин Айний ўз “Эсдаликлар”ида Мулла Бурҳон деган дўсти айтиб берган бир саргузаштни келтириб ўтадики, бу — бир тарафдан кулгили, иккинчи томондан эса ниҳоятда ачинарли. Қуйида ўша ҳикояни келтириб ўтмоқчиман.
Адибнинг ёзишича Бухоро мад­расаларидан бирининг талабаси бўлган Мулла Бурҳон бир йили ёзги таътил пайтида ўша даврга хос — тасаввуф одати бўйича бирор хилват жойда қирқ кун “чилла” ўтириб, бу дунёнинг ташвишларидан холи бўлмоқчи ва шу билан бирликда мадраса­­да ўтилган дарслардан улгурмай қолганларини такрорлаб ўзлаштириб олмоқчи бўлади. Қашшоқ талаба учун унга ҳеч бўлмаса текин овқат топиладиган шундай жой керак эди. Танишлари бунинг учун шаҳардан бир неча чақирим нарида Қизилқум тепаликлари орасида жойлашган Хўжаўбон мозорис­тонини маслаҳат кўрадилар. Айтишларича бу мозорга теварак-атрофдан зиёратчилар кўп келиб, назр-ниёз ва егулик нарсалар керагидан ортиқроқ тушар, мулла Бурҳондек қашшоқ талаба қирқ кун эмас, бир йил турса ҳам озиқ-овқатдан ҳеч кимга оғирлиги тушмас экан. Буни эшитган Мулла Бурҳон Қизилқум саҳросининг қум барханларидан ошиб йўл боса-боса ўша Хўжаўбон мозористонига етиб борибди. Мозористоннинг шайхи ва мутаваллиси етмиш ёшлардаги йўғон гавдали, қорин солган ва ёзувчининг таърифича “юзи кунда икки марта туғадиган товуқнинг юзидай қип-қизил” бир одам экан. Мулла Бурҳон унга ўз мақсадини баён қилиб, шу ерда қирқ кун “чилла” ўтиришга рухсат сўрабди. Шунда мутавалли рози бўлгандай бўлибди ва:
— Агар ҳазрати бузруквор сизни ўз даргоҳларида туришингизни истасалар қирқ кунгина эмас, қирқ хафта турсангиз ҳам биз фақир хизматдамиз, — дебди. Бу гапни эшитган Мулла Бурҳон: “Агар ҳазрати бузруквор мен каби илм толиби бўлган бир қашшоқни истамаса кимни ҳам истарди”, — деб кўнгли тўқ бўлиб хонақоҳдаги чиллахонада “чилла”сини бошлабди. У “чилла” ўтирганининг учинчи куни кечаси саҳар уйқудан туриб ташқарига чиқмоқчи бўлса эшик олдида ўз ковушининг кетишга олдиндан тайёрлаб қўйилгандек — тўғрилаб қўйилганини кўрибди. Бу иш бир неча марта такрорлангач шу ерни супириб юрувчи фаррошга:
— Биродар, раҳмат, овора бўлиб менинг ковушимни тўғрилаб мени хижолатда қолдиришингизга ҳожат йўқ эди-ку… — дебди.
— Мен сизнинг ковушингизни тўғрилаб қўйганим йўқ, — дебди фаррош.
— Унда… Ким тўғрилаб қўяяпти? — деб сўрабди Мулла Бурҳон.
— Хўжаўбон ҳазратлари, — деб жавоб қилибди фаррош қабрга ишора қилиб.
Бу жавобдан мулла Бурҳон ажабланибди, аммо бу ерда қандайдир бир “сир” борлигини сезиб:
— Наҳотки шундай улуғ зот мендай бечорага шу қадар улуғ илтифот кўрсатсалар? — дебди.
— Йўқ, аксинча. Шайх бузруквор кимни ўз даргоҳларида туришини истамаса унинг ковушини тўғирлаб қўядилар, — дебди фаррош.

Мулла Бурҳоннинг қулоғига бу даргоҳда фақиру бечора кишиларнинг уч кундан ортиқ тура олмасликлари ҳақидаги гаплар чалингандек экан. У фаррош билан бўлган суҳбатдан кейин бунинг сирини англагандек бўлибди ва ўша кечаси ярим тунда туриб чиллахонадан чиқиб меҳмонхона, айвон ва бошқа жойларда ухлаб ётган меҳмонларнинг ковушларини тўғрилаб қўйибди ва ўзи тинчгина уйқусини урибди. Эрталаб туриб мозорга зиёратга келган не-не меҳмонлар “Шайх Хўжаўбон бизни ўз даргоҳларида туришимизни истамабди”, деб қайғуга чўмиб жўнаб кетишаётганликларини кўрибди. Мулла Бурҳон томонидан “ковуш тўғрилаш” бир неча бор такрорлангач, теварак-атрофда “Хўжаўбон ҳазратлари ҳеч кимни ўз даргоҳларига қабул қилмай қўйипти”, деган овоза тарқалиб зиёратчиларнинг оқими озайиб, бора-бора ҳеч ким келмай қўйипти. Бир кеч мутавалли унинг ҳузурига кириб келиб ва:
— Мулла, ковушларни тўғрилаб қўйиш вазифасини ўз гарданингиздан соқит қилиб бузрукворнинг ихтиёрларига қўйсангиз, — деб ялинибди ва унга “хамир учидан патир” дегандай қоғозга ўралган анчагина пул узатибди. Шайх унга яқин келиб гапирганида унинг оғзидан шароб ҳиди анқиб турганини ҳам сезибди.

— Хўп бўлади, — деб унинг таклифига рози бўлибди Мулла Бурҳон.
Шу-шу мутавалли уни тинч қўйибди ва Мулла Бурҳон ўз “чилла”сини бемалол давом эттириб, дарсларини такрор қилишга тушибди.

Аммо Хўжаўбон мозористонида яна янги, бутунлай бош­қача воқеалар юз берибди. Мулла Бурҳонга чой, озиқ-овқат келтириб турадиган ёшгина хизматкор қиз бир куни ўз бекаси — мутаваллининг бўй етган қизини бошлаб келибди. У ниҳоятда чиройли, доно экан, адабиётга, шеър-ғазал ёзишга қизиқар экан, шу хусусда Мулла Бурҳондан маслаҳатлар сўрабди. Улар ўртасида ишқ-муҳаббат пайдо бўлибди, қиз билан хилватда тез-тез учрашиб туришибди. Қиз жуда ақлли, ҳаёли экан, у доим одоб сақлаган ҳолда Мулла Бурҳоннинг ҳам одоб-ахлоқни заррача бузишига йўл қўймабди. Қиз бу учрашувларда бошига тушган оғир қисматни йигитга сўзлаб берибди. У йигирма саккиз ёшга кирса ҳам ҳамон турмуш қурмаган экан. Бунга — уларнинг хўжалар авлодидан эканлиги сабаб экан. Қизнинг меҳрибон онаси вафот этгач отаси бошқа хотинга уйланибди, ўгай она уни хўрлаб, азоб берибди, ҳатто “ғазал ўқиган қиз бузилиб кетади”, деб китоб ўқишга ҳам қўймабди. Ўгай она ўлгач қиз отанинг ҳукмронлигида қолибди, у жоҳил ота зулмидан қутилиш учун ҳатто қари чол бўлса ҳам эрга тегиб кетишга рози экан, аммо хўжа зотидан эр чиқмас экан. Унинг бирдан-бир ҳамроҳи ва овунчоғи шу ўн икки ёшли хизматкор қиз экан, аммо отаси шу норасидага ҳам кўз олайтира бош­лабди. Қизнинг азоб-уқубатли ҳикоясидан юраги ачиган Мулла Бурҳон унга ёрдам бермоқчи, ўзи уйланмоқчи бўлибди ва мутаваллидан:
— Агар қизингизга хўжа бўлмаса ҳам бирор мулладан совчи келса берармидингиз? — деб сўрабди. Мутавалли бунга розилик бергандай бўлибди. Мулла Бурҳон шаҳарга келиб бир таниш муллани ўз номидан совчи қилиб юборибди. Аммо жоҳил ота ўз фикридан қайтибди ва қизини фақат хўжа зотига беришни айтибди. Совчи бўлиб борган одам қайта-қайта қистайвергач, мутавалли қизи учун жуда катта миқдорда қалин пули ва бошқа мол-дунё сўрабди. Буни эшитган бечора Мулла Бурҳон бир тарафдан қизнинг аянчли аҳволи, иккинчи томондан ўзининг қашшоқлигидан ўкиниб қаттиқ касал бўлиб қолибди, ҳушидан айрилаёзибди, беш ой деганда ўзига келибди. Шу орада у Хўжаўбондан мутаваллининг қизи “жинни бўлиб ўзини осиб ўлдиргани”ни, мутавалли қизининг қирқи ўтар-ўтмас ўша ўн икки яшар қизни ўзига никоҳлаб олганини, у қиз ҳам никоҳнинг учинчи куни жинни бўлиб: “Жоним пош­­ша опам, мени мутавалли бобомнинг қўлларидан қутқаринг!” деб дод солиб, мутаваллининг қизи осилган жойда ўзини осганлигини эшитибди…

Мухтор Худойқулов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =