Кичик ҳикоялар

Муаллиф ҳақида: Шуҳрат Маткарим — 1960 йилда туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. “Кун шундай бошланади”, таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақида “Устоз ҳақида сўз” хотира — эсселар китоб­лари нашр этилган. Хемингуэй ва Шукшин ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Туғилган кун

Ишдан келиб кийимларимни алмаштираётсам неваралар бувисининг овози келди:

— Отаси тезроқ чиқи-инг! Болаларингиз сизга қараб ўтиришибди-ии..

Дастурхон камтаргина безатилган эди. “Меҳмон келиб кетган бўлса керак”, ўйладим мен. Невараларнинг ҳам, уларнинг бувиларининг ҳам, менга иссиқ-иссиқ тикилишаётганлигидан мендан ненидир исташаётганлигини ҳис қилдим. Аммо нимани кутишяпти, билолмадим. Бу уларни завқлантираётган эди. Яна дастурхонга қарадим. Мўъжазгина, чиройли қилиб беза­тилган. Байрамнинг иси келаётганди. Аммо қанақа байрам? Менинг дув-доло бўлиб ўтирганимни кўрган невараларнинг момоси кўмакка келди:

— Бугун биз байрам қилдик!

Ҳайронлигим баттар ошди:

— У не байрам?

Кичик, беш яшар, шеърлар ёдлаб меҳмонларга ўқиб беришни (албатта, бекорга эмас) яхши кўрадиган набирам Маткарим бува оғзини бекитиб пиққиллаб кулди, кейин опаси, бешинчи синфда ўқиётган Зеваржонга тикилди: “Қаранг-а, билмас эканлар!”

— Не гап ўзи болалар?

— Вой, шуни ҳам билмайсизми? — Зеваржон чарос кўзларини катта-катта очиб, чексиз ҳайрат билан тикилди менга.

Бир муддат оиладагилар, яқинларнинг туғилган кунларини эслашга ҳаракат қилдим. Фойдасиз.

— Йўқ, билмас эканман, — тан олишга мажбур бўлдим мен ҳижолатда.

— Биз эса байрам қилиб ўтирибмиз, — неваралари томонда туриб “ҳужум” қилди бувиси.

Иложсиз қолган эдим.

Зеваржоннинг менга раҳми кел­ди:

— Ахир бугун Огаҳийнинг туғилган куни-ку-уу!

Дарвоқе, бугун 17 декабрь эди. Шундай кун хотирамдан кўтарилгани учун набираларим олдида чиндан ҳам изза бўлдим.

Ошиқ йигит!”

Дилшод ўғлининг овозини эшитиб мамнун жилмайди. Куни кеча бўлиб ўтган воқеани эслади. Ўғлини боғчадан олишга борган эди. Боғча опаси бир неча марта эслатса ҳам Эрйигитнинг хонадан чиқиши қийин бўлди. Охири боғча опанинг ўзи хонага кириб, Эрйигитни қўлидан тутиб, етак­лаб чиқди. Эрйигит жуда ҳаяжонланган эди.

— Не гап болам?

— Ҳеч кимга айтмасангиз сизга бир гап айтаман, — деди Эрйигит икки ёноғи қип-қизариб.

— Не гап экан, болам? Ҳеч кимга айтмайман.

— Мен Мадинани яхши кўраман, — деди у кўзлари билан ер чизиб кетар экан.

— Эййй, — бу гапни биров эшитмадими деб, Дилшод атрофига аланглаб қараб қўйди. Бирданига нима дейишини ҳам билмай қолди. Завқи келди. “Топган гапини қара!”

— Дим яхши бўпти, — деди кейин ўғлининг кўнглини кўтариш учун. — Салламно1!

— У эса мени яхши кўрмайди, —деди Эрйигит болаларча соддалик билан. Унинг кўзлари жиққа ёш эди. Дилшоднинг бутун дунёси остин- устун бўлиб кетди. Ҳаяжоннинг зўридан титраётган ўғлининг жажжигина, момиққина кафтини авайлабгина меҳ­натда қотган, рапидадай катта кафтлари орасига олди. У мурғаккина боланинг тавба, катталарникидай, бал­ки уларникидан ҳам маъюсроқ кўзларига ҳайрон тикилди. У ҳамон не дейишини, қалбига олов зарриси тушган митти юракни қайси сўзлар билан, қандай овутишни билмас эди. Болага бирор нарса дейиш лозим эди. Дилшод боланинг эркак кўнглини жуда-жуда яхши илғади. Шунинг учун унга қувват бўлувчи сўзларни айтишга қарор қилди:

— Қизлар яхши кўрганини айтмайдилар. Балки у ҳам сени яхши кўрар…

— Яхши кўрмайди, — чуқур “уҳ” тортди Эрйигит. — У Беҳзодни яхши кўради.

— Сен қаердан биласан буни?

— У фақат Беҳзод билан ўйнайди.

“Ё Худо! Ошиқни бунчалар мискин, маъшуқани бунчалар мағрур яратмасанг”.

Эртаси куни боғчада ота-болаларнинг гурунгги яна давом этди.

— Қани, Мадинани менга бир кўрсат…

— Йўқ, — деди Эрйигит қўлини Дилшоднинг кафтидан зардали тортиб олар экан. — Кўрсатмайман!

— Невчун?

— Уяламан.

— Нега уяласан?

— Уяламан, дедим-ку, шунинг учун уяламан.

Дилшоднинг яна завқи келди. Эрйигит уятдан қип-қизариб кетган эди. “Ай, Худойим уятни берганинг­га шукр. Уялиб турган киши қандай ажойиб!”

Шуларни хаёлидан кечирар экан Дилшоднинг ҳорғинчилиги тарқаб кетди. “Ошиқ йигит!”

Ёлғон

— Йўқ, ҳаммаси зўр, ҳаммаси ажойиб бўлиб турган эди, — жиғи-бийрони чиқди Совурнинг. — Шарманда этди Рейим кал!

Туман фермерлар уюшмасининг раҳбари, кал, деб ёзғираётгани Рейим ота фермер эди. Етмишларига яқинлашиб қолган. Етти пушти кетмон чопиб бел кўтарган. Пўртаки. Ҳақиқатпараст. Ёлғонга тоби йўқ. Ёлғон гапиришни ҳам, ёлғон гапирганни ҳам ёмон кўради. Шу феъли учун уни кўплар ёқтирмайди. Аммо у бу қилиғини ташлай демайди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Йиғилишни якунлаётган туман ҳокими, кимда гап бор, деди. Рейим боғбон қўл кўтарди.

— Эшитамиз, ота!

— Булар сизни алдадилар! — деди Рейим ота ўрнидан турар экан гулдирак овозда. — Бу йўлнинг икки томонига уюб қўйилган гўнглар тоза чиқарилган эмас. Биз уларни кечаси билан кеча сиз кўрган ерлардан бу ёққа ташиб чиқдик.

Зал бир гувранди. Қишлоқ фермерлари, тумандан келган мутахассислар орасида шивир-шивир бошланди.

Ҳоким бир муддат бошини ерга осганича туриб қолди. Кейин бу қиш­лоқ фермерлари фалон тонна гўнг тўп­ладилар, деб икки йўл чеккасидаги уюмларни мақтаниб кўрсатган Совурга, сўнг зал ўртасида кўкрагини кериб турган, ҳали қариликни бўйнига олмаган, баланд бўйли, суякдор гавдали, бир вақтлар буғдойранг бўлган юзини йиллар қорапарангга дўндирган Рейим боғбонга қаради.

— Тушунмадим, — деди ҳоким анча вақтдан кейин овозини пастлатиб. Бу унинг жаҳли чиққанидан дарак эди.

— Биз сизни алдадик! — деди Рейим боғбон. — Мана бу йигитнинг гапи билан, — боғбон Совурга ишора қилди. — Кечаси билан кеча сиз айланган ерлардаги дарсни бугунги айланган ерларингизга кўчириб чиқдик…

Энди қирқлардан ошган Совур бозор кўрган гаччи2 бўлса-да ҳозир бир- зумгагина типирчилаб қолди. Аҳвол жиддий эди. Аммо тезда ўзини ўнглаб олди. Агар шундай қилмаганида Совур Совур бўлмас эди.

— Шу гап ростми? — ҳокимнинг овози таҳдидли янгради.

— Рост, ёшулли, — деди Совур бирзум ҳам ўйлаб ўтирмай баланд ва тантанавор овозда гўё йиллик пахта тайёрлаш режасини бир кунда бажарган колхоз раисидай. — Рейим ота ҳақ гапни айтдилар! Ўзи ўйлаб ўтирган эдим, қани бу гапга ким эътибор берар экан, деб. Рейим отага раҳмат! Менинг шу ишимни ҳам беэътибор қолдирмадилар. Аммо ёшулли, шу ерда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Ҳамма билсин. Дарсни у ердан бу ерга кўчиришдан мақсад сизга гўнг кўрсатиш эмас, фермерларнинг техникаси экишга тайёрлигини бир синаб кўриш эди! Раҳмат фермерларга, техникани дуторнинг торидин этиб созлаб қўйган эканлар! Ёшулли, ўзингиз кўрган бугунги дарсларни қишлоқ фермерлари бир кечада бир ердан иккинчи ерга кўчирдилар. Раҳмат буларга!

Ҳокимнинг оппоқ юзи бирзумда қип-қизариб кетди.

— Ташқарига чиқинг, — деди Совурга эшитилар эшитилмас. — Сиз билан майдонда гаплашамиз.

Ташқарига чиққан Совурнинг кўзи қоровул Комил отага тушиб унга дардини тўкиб солаётган эди:

— Ёшуллининг ҳам кайфияти яхши эди. Шу кал ишни бузмаганида ҳаммага раҳмат айтар эди…

— Ҳа, энди ёшулли, Рейимни бугун кўриб турганингиз йўқ-қу, — Комил ота калта қирқилган оқ соқолини кажкарт ўроқдай букилиб қолган, қуруқшаб қотиб, қалин териси ёрилиб-ёрилиб кетган бармоқлари билан сийрак чўққи соқолини силар экан эски, лаби учган пиёласидаги совиб қолган чойни “шалт” эткизиб оёқ остига отди. — Аҳмоқми, аҳмоқлигини этаверади. — Кейин Совурнинг қизариб, бўзариб кетган юзига, бир жойда турмай олма-кесак тераётган кичик, шум ва қўй кўзларига боқди. “Аммо маладес, Рейим!” ўйлади у. “Аммо ҳаққиннан чиқибсан-ов бу эшшакларнинг. Ҳаммасининг иши эртадан кечгача кўз бўяб, бир-бировини алдаш!”

Шу пайт ҳокимнинг шотирларидан бири югуриб келди:

— Сизни ёшулли чақираётир! — деди у Совурга. — Тез бўлинг!

Совур яна бирзумга бўлса ҳам бўшашиб кетди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб ёшуллининг машинасига қараб чопди. Йиғилишни якунлаб чиқаётган ҳоким унга уч-тўрт оғиз гап айтди-да, машинасига ўтириб жўнаб қолди. Совур эса эгилганича анча туриб қолди. Ҳокимнинг нима деганини ҳеч ким эшитмади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 3 =