Севги сабоғи

Муаллиф ҳақида: Умид Али (Кўчимов) 1978 йил Cамарқанд туманида туғилган. 1997-2001 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ўзбек филоло­гияси факультетида таҳсил олган. Умид Алининг илк шеърий тўплами “Дилмоҳим” 2005 йили “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган. Шундан сўнг “Салом, ширин туйғулар!”, “Кўкка йўл”, “731-қадам” каби шеърий ва насрий тўпламлари чоп этилди. Умид Али бадиий таржима билан ҳам шуғулланади. Шеър ва ҳикоялари рус, инглиз, француз, испан тилларига таржима қилинган.

Умид Али

Мени мен истаган суҳбатиға аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.

Алишер Навоий

Ҳикоя

У билан ўн йил битта мактабда, битта синфда ўқибман-у юраверган эканман, кўнгилни кенг қилиб. Йўқ, умидвор бўлмаганман, лекин ишқ юракни куйдирганда эса…

Йил охирига келиб унга нома битдим. Севги изҳор қилинган хат. Энди ўзига бериш учун отнинг калласидай юрак керак. Бунақаси менда бор дейсизми… хатимни дугонасига, сирдошига беришга ҳам чўчиб турибман. Ўйлаб-ўйлаб топ­ган чорам шу бўлди — сездирмайгина сумкасига солиб қўйдим.

Энди юрак ҳовучлаб юрибман. Шўрлик оғиз очмайди. Худди ҳеч нарса содир бўлмаган-у, биз аввалгидек апоқ-чапоқ бўп юрибмиз. Аммо мен кўзига қарашга ботинолмаяпман. Бу ёқда мактаб охирлаяпти. Ҳадемай имтиҳонлар бош­ланади-ю, шу билан ҳаммасига нуқта қўйилади.

Тунлари тикан устида ағанагандек бўламан, кундузлари бундан беш баттар. Охири журъат топдим. Энг сўнгги имтиҳонга бир кун қолганди. Консультация бошланмаганди ҳали. Вақтлироқ боргандим. Синфга кирсам ё бахтингдан, ўтирибди китобга термулиб. Ёлғиз. Ёнига бориб ўтирдим!

— Яхшимисан, Баҳор! — дедим, дадил, аммо кейин тилим тутилиб қолди. Арзирли гап тополмай қийналдим. У шу асно менга шундай тикилдики, ажабтовур ҳолга тушдим. Нигоҳи жуда кескир тус олганди. Кўзларим дош бермади.

«Ўзимга айтсанг бўлмасмиди», —деди ҳамон нафратомуз тикилиб.

«Нимани?», — дедим. Сезиб турибман, хатни айтяпти.

«Мени шарманда қилдинг…».

«Нималар деяпсан, ким… ким сени шарманда қилди?!», — ўрнимдан шарт туриб кетдим.

У бошини хиёл эгди. Ҳазин оҳангда давом этди:

«Сумкамга солиб қўйган нарсанг, биринчи кимнинг қўлига тушганини билмайсан. Оғзи бўш дугоналарим… э-э, ана, мактабда дув-дув гап бўлди-ку…»

У бирдан йиғлаб юборди. Кафтларини юзларига олди. Мендан ўпкаланиб, гиналаниб йиғлади:

— «Сенга нима ёмонлик қилувдим, нима?!»

Тилим шол бўлиб қолганди ўша дам. Ҳатто уни юпатиш ҳам қўлимдан келмади. Айбдор эдим. Агар севишни айб деб санашса, ҳа, ана шу «айб»имни тағин тасдиқладим. Баралла айтдим унга:

«Баҳор, сени ростдан ҳам…»

«Бас қил! — У аламидан бақириб юборди, — нима, билмайсанми, тўйим бўляпти-ку, индинга фотиҳам бўлади, фотиҳам?!»

Мен карахт бўлиб қолдим. Очиғи, бу даҳшатли хабар мен учун янгилик эди. Наҳот шу пайтга қадар эшитмаган бўлсам? Нима, яширишдими? Нега? Бирор ҳунар кўрсатмасин дебми? Қўлимдан нима ҳам келарди ўзи…. Мана, шахмат ўйинидаги мот қилинган шоҳ ҳолига тушдим. Энди тамом. Ҳаммаси тамом.

Шу пайт синфдош қизлар, кейин йигитлар синфга чуввос солиб кириб келишди. Баҳор шоша-пиша сумкасидан рўмолча чиқарди, кўзларини артиб олди. Кейин… кейин консультация бошланди. Ундан сўнг имтиҳон… Хайрлашув оқшоми. Шу билан ўқувчилик давримиз ҳам ниҳояланди. Орадан бир ой ўтиб… туйқус дарвозамиз тақиллаб қолди. Шошиб чиқдим. Эшикни очсам… Баҳор. Дугонаси билан турибди.

«Уч кундан кейин тўй, албатта ўт, мана бу сенга», — қўлимга ярим кафтчалик қоғоз узатди. Таклифнома экан. Исмим босма ҳарфларда ёзилган: «УЛУҒБЕК». Юрагимда бир нима чирт узилгандек бўлди. Гапиришга тилим айланмади. Кўзларига тикилганча қолибман.

«Бормасанг, хафа бўламан», қайта таъкидлади у. Кейин кетди. Юрагимга алам-қайғулар, ҳажр оловини пуркаб кетди. Шу оқшом тонггача мижжа қоқмадим. Йиғладим. Биринчи муҳаббатимнинг аламли қиссаси мана шу.

Очиғи, Баҳорнинг менда кўнгли йўқ эди. Қизиқ, шундай бўлсаям, ўзига яқин оларди. Энг қадрдон дўсти каби. Мен эса галварс, ҳатто, «бахтли бўл», деб тилак билдирмабман. Тўйига-ку, бормадим. Ўртоқларим қанча қисташди… (Ахир яхши кўрган қизимнинг тўйига қандай бораман?)

Юрагимнинг бир чеккасига армон тоши юк босди. Йўқ-йўқ, юрак армон тегирмонида янчилди.

Ҳаёт ҳали олдинда экан. Китобларда «Бу қайтар дунё» қабилидаги ҳикматларни кўп ўқиганману, уқмагандим. Энди билсам, донишмандлар ҳам ҳаёт таж­рибасига суянишар экан. Ҳар бир ҳикматда, мақолда ҳаёт уфуриб турар экан. Шундай нақл борку: «донолар ҳаётни кузатишар жим…»

Мактабни битирган йилим университетга ҳужжатларимни топширдим. Филология факультетига. Омадимни қарангки, «толиб» деган номга муяссар бўлдим. Оврўпочасига айтадиган бўлсак: «студент».

Икки ҳафта ўтар-ўтмас пахтага олиб кетишди. Бу мавсумнинг боп жойи шундаки, кимлигинг беш қўлдай аён бўларкан қоларкан: меҳнаткашлигинг, интизоминг, ахлоқинг… Яхши бола бўп юрсанг, майли-куя, ножўя иш қилгудай бўлсанг… таъзирингни беришади домлалар ҳам, «акахон»лар (юқори курсдагилар) ҳам. Бизнинг ўй-хаёлимиз ҳам, ишимиз ҳам битта: пахта.

Курсдошларим билан қалинлашиб, қадрдонлашиб борардик. Тушликни бирга қиламиз, хирмонга юкларни бирга олиб чиқамиз, хуллас бир ёқадан бош чиқарамиз.

Пахта ҳашарига келганимизнинг бешинчи куни эди. Ён қабатимдан бир курсдошим тушган. У биринчи кунданоқ ҳаммани эътиборига қаратган, айниқса, деканимиз шу қизни намуна қилиб кўрсатавериб, барчамизнинг юзимизни шувут қилиб қўйганди. Бутун курс бўйича пахта теришда унга тенг келадигани йўқ эди. Ўша куниёқ унинг оти Намуна бўлди қолди. Ҳатто ҳайиқмай, олдида Намуна қиз деб чақирадиган бўлишди. Мен бу унга қилинган ҳимматданми, деб юрсам, асл исми шундай экан.

Мана далага тушдию пилдираб теримга киришиб кетди. Бирам чаққон. Мен битта чаноққа қўл теккизгунимча у учта-тўртта чаноқдан пахта юлиб олади. Бир кўз юмиб очгунча икки одимга ўзиб кетди. Эгатига боқаман: «Пахта терсанг тоза тер, чаноғида қолдирмай» деган ўша пайтдаги машҳур қўшиққа монанд чаноқларда бирор пора қолдирмай териб бор­япти. Туйқус у ари чаққандай «вуй»лаб юборди. У томонга қарадим. Чўккалаб олибди. Қандайдир хавфни кўнглим сезди, этакни белимдан бўшатиб, олдига бордим. Бармоқларини сўл кафтига олган, маҳкам қисиб ўтирибди.

«Нима бўлди», — дедим, негадир жуда қўрқиб кетиб. У қаддини ростлади. Дарров қўлларини этагига тиқди.

«Эҳ, арзимаган нарса…», — нописандалик билан жавоб қайтарди менга. Зимдан кузатдим. Этагига қизил доғлар урилган; ўзи лабини тишлаб, у ёқ-бу ёққа нигоҳ ташлаяпти. Гўёки атрофни томоша қил­япти.

«Шунчаки бақириб юбордим денг…», — деб жиғига тегмоқчи бўлдим. У афтимга бир тикилиб олди. Ишинг нима, дегани бўлса керак-да?

Энди сездим, бояги қизил доғлар пича кенгайибди. Миямда яшин ургандек бўлди — қон! Шимимнинг чўнтагидан дастрўмолча олиб Намунага узатдим. Янги, ҳали ишлатмагандим.

«Болалик қилманг, қўлингиздан қон оқяпти, сириб боғланг», — дедим. У амримга бўйсинди. Тирноғи орасига чаноқ санчилибди. Намуна билан қадрдонлашувимиз, йўқ, унинг менга боғланиши шу воқеадан бошланди.

Пахта терими ҳам тугади. Ўқишлар тағин изига тушди.

Намунани фақат илғор теримчими, десам анча фаол, тиришқоқ ҳам экан. Дарс­ларда, ҳар бир машғулотда, албатта, сўзга чиқади. Дафтар-дафтар конспект ёзади. Бир сўз билан айтганда, у исми жисмига монанд қиз эди. Унга бутун курс ҳавас қиларди-ю, мен… тўғрисини айтсам, жўнгина муносабатда бўлардим, фақат шу. Бўлмаса на ҳуснида, на ахлоқида нуқсони бор, ҳурлиқо эди.

Бир куни шамоллаб, ётиб қолдим. Ўқишга уч кун боролмадим. Иккинчи кун телефон бўлди. Гўшакни кўтарсам… Намуна. Аҳволимни сўради. Саволларига наридан-бери жавоб бердим. Қизиқ, рўйхуш бермасам ҳам ўзига олмайди. Кўнгли нақадар пок қиз. Аммо мен…

Биринчи семестр тугади. Таътилга чиқдик. Мен қарздор эдим. «Экология»дан «2» олганман, тузатишим керак. Шу мақсадда факультетга ўтдим. Деканатга кирсам, Намуна ўтирибди.

«Фидойисиз-да, ҳамма маза қилиб дам оляптию…», — дедим салом-аликдан кейин.

У билинар-билинмас жилмайиб қўйди. Кейин университет қошидаги тилшунослик тўгарагига қатнаётганини, инглиз тилини ўрганаётганини айтди. Мен ҳам «мақтаниб» қўйдим:

«Шу экологияга меҳрим тушган…»

Намуна идрокли эмасми, фикримни дарров илғади. Яна табассум қилди.

«Экологиягами ё экология домласигами…». Беихтиёр кулгу кўтарилди. Кейин жиддий тортиб, мен ажабланадиган гап айтди.

«Сиз ўтгансиз, домланинг ўзи айтди. Ишонмасангиз, бориб сўранг?!»

«Нима?!»

Чин экан. Домлага учрашгандим. Менга фамилиядош талабанинг баҳосини қўйган экан. Имтиҳон варақасини кўрсатишни талаб қилсам бўларди-ю, хоҳламадим. Нима кераги бор ортиқча даҳмазанинг.

Етти кун етти дақиқадай зув ўтиб кетди. Тағин дарслар бошланди. Янги фанлар киритилибди. Намуна ҳамон ўша-ўша: тиришқоқ, зийрак, аълочи ва… меҳрибон.

Бир куни қизиқ иш бўлди. Жисмоний тарбия дарсидан қайтгандик. Нафасим ичимга тиқилган, бир томондан терлаб-пишиб кетганман. Чанқоқ азоб бер­япти. Факультет ҳовлисида кран бор. Ўша ерга бордим. Сув жўмрагини бураб, энкайиб олиб денг, энди ҳовучимни тутган ҳам эдимки, шариллаб оқаётган сув бирдан тинди. Бошимни кўтарсам, тепамда Намуна турибди.

«Шу ҳолингизда совуқ сув-а, яна касал бўлгингиз келдими?» — деди у зўраки жаҳл билан.

Тушунолмай қолдим. Ўзи ким бу? Нега хўжайинлик қилади? Ҳар нимага тумшуғини тиқаверадими? Парво қилмай тағин кран мурватини бурадим. Намуна яна ўжарлик қилди. Мен бошқа чидаёлмадим:

«Нима, хотиниммисиз, менга хўжайинлик қиладиган?!»

Унинг аввал лаблари титради, кейин юзлари ўзгарди. Бирдан ортига бурилиб чопиб кетди. Назаримда йиғлади-ёв. Кўнг­лини оғритдим мен аҳмоқ. Ўзи нега қайсарлик қилади. Очиғи, тушунмаётгандим. Шу тариқа кунлар, ойлар ўтди. Биз бу орада гаплашмай юрдик. Мен тўнка, ҳаттоки, кечирим ҳам сўрамадим ундан. Биринчи курс тугаши арафасида йиғилишдик. Шаҳар чеккасидаги одмигина кафеда музқаймоқхўрлик бўлди. Ҳамма бирин-кетин ҳасратини ёзди. Намуна ҳам бор эди. У ўзини анча олдирган, олдинги қувноқлигидан асар ҳам қолмаганди. Жуда хорғин эди. Гал унга келганди. Дардини тўкиб ташлади. Сўнгги гапи қулоқларимда қайта-қайта янграгандек бўлди:

«…Мен ўқишимни Тошкентга кў­чиртир­япман. Журналистикада давом эттирадиган бўлдим».

Шундай қилиб, мен Намуна билан ярашолмадим. Негадир йигитлик ғурурим, тўғрироғи, ғўрлигим бунга йўл қўймаётганди. Юрагимнинг туб-тубида ундан кечирим сўраш истаги учқунлаб турарди-ю, лекин негадир журъатим етмасди.

Ўқишлар тугаб, катта таътил бош­ланди. Ҳамма уй-уйига жўнади. Мен яна битта фандан қарздор бўлиб қолдим. Шу иш билан деканатга, кафедрага қатнадим. Ишим оғир кечмади. Бир курсдош қиз ҳам мен «йиқилган» фандан ўтолмаган экан. Бирга топширдик…

Омад икковимизга ҳам кулиб боқди. Бу қиз Намунанинг қадрдон дугоналаридан эди. Мен Намунанинг нима мақсадда ўқишини Тошкентга кўчирганини билмасдим. Шуни дугонасидан сўрадим. У тайин­ли гап айтмади, аммо бир гапни ошкор қилди:

«Шунчалар гўлсиз-а, Улуғбек, Намунадай қиз қаерда бор яна? У сизга кўп яхшиликлар қилган. «Экология»дан ҳам баҳоингизни ўша оберган…»

«Нима?» — шундай деб тарракдай қотдим.

«Тоғаси бўларди-ку, ўша «Экология» домласи, билмасмидингиз?» — У ҳайрон бўлиб тикилди менга.

«Йй-ўқ. Лекин бу ишни нима учун қилди? Нимага?»

«Қизиқ, биларсиз деб юрардим, у сизни севарди Улуғбек?!»

Мен бошқа ажабланмадим. Чунки ҳаммаси аён бўлган эди. Намунанинг менга ғамхўрлиги, тергашларию меҳрибончилиги — ҳамма-ҳаммасини англаб етдим. Қизиқ, негадир кулгим келди. Бутун вужудимни кулгу эгаллаган эди-ю, истиҳолами, андишами, уятми — шунга ўхшаш ҳис йўл бермаётганди.

Йўқ, мен Намунанинг муҳаббатига, унинг юрагини асир қилган пок туйғуга эмас, мендек омадсиз бечора бир йигитнинг севилишига кулгим қистаганди. Дугонасининг кейинги гапи ҳаммасидан ҳам ошиб тушди.

«У сизни деб, Тошкентга кетди. Унутиш учун…»

Ҳаёт қизиқ-да: сен кимгадир кўнгил қўясан, кимдир сенга. Сен бировни деб эзиласан, юрагинг куйиб кетади, бошқа биров эса сени деб шу кўйга тушади.

Ҳа, Намунага кўнглим йўқ эди. Ҳаммадан гўзал, одобли бўлса ҳам, меҳрибон, ғамхўр бўлса ҳам, негадир мен учун… йўқ-йўқ, наздимда уни ҳамма йигитлар севиши шартдек эди-ю, фақат мен… мажбур эмас эдим.

…Баҳор ҳали-ҳалигача тушларимга киради. Баъзан уйқум ўчиб, ўйлар комига тортади. Шунда у билан хаёлан суҳбат қураман.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + seventeen =