Гужум

Муаллиф ҳақида: Нодира Янгибоева — 1987 йилда таваллуд топган. Урганч давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугаллаган. Шеър ва ҳикоялари матбуотда эълон қилинган.

 Ҳикоя

Унинг неча йил, неча куз, неча қиш кўргани номаълум. Шуниси аниқки, у Отамурод ота таёқни от қилиб, белига миниб “чу- чу”лаб”, ўйнаб юрган кезларида ҳам шу ҳовлида, шохларини кенг ёйиб, “иссиғу совуқда паноҳингизман”, деб гуриллаб турарди.

Гужум шохларига ин қурган қумриларнинг нечаси полапон чиқаришди,  дарахтнинг қулоғига тинмай “қуқ- қу, қуқу қуқу”  “Қуримай тур, қуримагур!”  — деб сайрашади. Гужум ўша-ўша, бола Отамурод эса, бобо Отамурод бўлган! Ҳа, гужум қанча синовларга дош берган, не-не қуртларга таланиб, омон қолган  дарахт бу. Отамурод ота ўйлаб қараса, фақат шу гужумгина ўзгармай қолибди. Эски ҳовли, икки қаватли бинога, боғнинг қоқ ўртасидаги бассейнга, қўшни боғдан ажратиб турадиган кичик чел баланд деворга айланди-қолди.

Ўтган йиллар давомида уйи­да болалари, неваралари томонидан ўтказилган “қайта қуриш” ишларида  Отамурод ота у қилди — бу қилди, дод деди бир амаллаб шу гужумни сақлаб қолди. Мана ҳозир ҳам у гужумнинг соясида ҳассасига суяниб ўтирибди. Сербарг шохларнинг орасидан қуёш нурлари унда-бунда кўринар, баргларнинг ерга тушган соя­си эса  бобога олисда қолган одамларнинг қиёфасини эслатиб юборади…

Ана от арава кетяпти. Отаси отга қамчи уради. Аравада онаси, синглиси, чақалоқ укаси онасининг қўлида. Уларнинг рўпарасида бола — Отамурод. Арава ўйдим-чуқур ерларда қаттиқ силкиниб қўяр, беўхшов теб­раниб боради. Онаси нонхалтадан  нон олади. Қора кепакдан бўлган зоғора нон, уни ўғли Отамуродга узатади…

Беихтиёр — ноннинг ҳиди Отамурод отанинг димоғига урилгандек бўлди. У қўлларини онаси томон чўзганча йиғлаб юборди…

— Айтдим-ку! Анчадан бери шу аҳвол! Бобом гоҳ кулади, гоҳ йиғлайди. Ўзи билан ўзи гаплашади. Баъзан гужумни силаб алланималар дейди. Бунақа кетиши яхшимас, дада! — минғирлайди Умид.

— Энди қариликда, ўғлим. Биз ҳам бобонгни ёшига етамизми, йўқми, унда қай кўйга тушамиз, Худо билади.

— Шу гужумда бир гап борми, дейман, дада. Нуқул шу ерда ўтирадилар.

— Ҳа энди, кимларнидир эслатса керак-да. Қўявер, эътибор берма.

Отамурод отани чалғитиш учун Умиджон ўғли Шоҳжаҳонни бобосининг ёнига олиб келди.

— Бобоси, чеварангиз билан бирпас ўйнаб туринг.

— Мани полвон болам, келақол, бобонг билан ўтир.

— Сиз билан ўтийсам, менга нима обеясиз?

— Вой-бўй, нима оберсам экан-а?

— “Чупа чупс” обейинг!

— Сенга Хўразқанд обераман.

— Нима у ҳўйоз..хўйоз..?

— У шундай ширин нарсаки…Бай-бай…

Бобо чеварасига ўзининг болалигидаги ширинликни едиргиси келиб қолди.

— Абдулла,  нега неваранг­га ҳалигача хўрозқанд олма обермагансан. Дарров олиб келгин!

Бобонинг шу кунларда бир гапини икки қилиб бўлмайдми, “бу менинг сўнгги хоҳишим бўлса-чи, армонда қоласан-ку, бола” дейдиган гапидан ҳаммалари  чўчишарди.

— Ҳозир топамизда, ота! Қаерда сотарди-я…

— Ориф баққолга бор, ўша ердан топасан, — деб жеркиб беради бобо.

— Унинг ўлиб кетганига ўн беш йил бўлди-ку! — дейди ўғли отага эшиттирмай.

— Эй болам, бобонг мана шу гужум ёнида хўрозқанд еб ака-укалари билан мазза қилиб ўтирарди. Лоф айтардик, топмача айтардик, варсақи айтардик.

— Бобо, нега бу даяхтнинг ёнида ўтиявеясиз-а?!

— Бу ерда хазина бор, ҳеч ким билмайди, фақат мен биламан. Уни сенга айтаман. Бу ерда жуда катта хазина яширинган.

— Эйтаклайдагидайми?

— Ҳавво, эртаклардагидай!

— Ў, зўй! Менга шу хазинани беясизми?

— Сенгаям, бошқаларгаям етади.

— “Сим-сим” эшигингни оч, — дейиладими бунгаям, бобо?

— Йўқ, Гужум-гужум, юрагинг­ни оч дейсан! Сенам уни яхши кўришингни айтасан, кейин хазинани топасан!

— Ҳмм, тушундим, бобо!

Аввал машинанинг сигнали, кейин темир дарвозанинг очилгани эшитилди. Бобонинг жимитдай киртайган кўзлари ўғлининг барваста соясини кўриб, қўлида бир даста хўрозқандлар борлигини тахминлаб қувониб кетди.

— Ориф баққолдан олдингми, мунча ҳаялладинг, бир қадам жойгаям машинада борасанми?

— Ота, тополмадим, ҳеч қаердан тополмадим хўрозқандингизни.

Шунга мана сизларга “чупа чупс”ни зўридан олиб келдим.

— Шунақа дегин…

Бобо индамади. Унинг индамагани индаганидан ёмон эди.

— Мен дам оламан, чарчадим, — ҳассага суяниб, ўрнидан турди-да, оғир хўрсинди.

— Умиджон, ўғлингга қара мен дадамни хонасига олиб кираман.

— Хўп,  дада.

— Биласизми, дада, бобом менга катта хазинасининг сиени айтдила. Муни фақат мин билайканман.

— Ўҳҳў, қанақа хазина экан?

— Ҳаммага етадиган хазина! Эйтакладагидай!

— Йўғ-ей, қани айт-чи, у қаерда экан?

— Ҳамма гап гужумда, сиз унга юягингизни очасиз-де, уям сизга юягини очади! Шу хазинанинг калити икан. Билдиз?

— Ҳмм, шунақа дегин! Бу ёғи қизиқ бўлди-ку! Вой бобом-ей!.. Ичидан пишган-а…

Кеч кирди. Ҳамма ҳаво  салқин бўлгани учун ҳовли айвонида эмас, ичкарида, ошхонада овқатланадиган бўлишди. Деворларига чиройли гулқоғозлар ёпиштирилган ошхонани ошхона эмас, меҳмонхона десаям бўлади.

Стол атрофида ҳамма жам. Отамурод отани марказда турган  курсиси бўш. У негадир бугун ўзининг хонасида овқатлангиси келди. Ўғли Абдулла отасининг ёнида бирга овқатланди. Нималарнидир айтиб кулишдилар. Абдулла ака отаси ухлагач, ҳовлига чиқиб ўтирди. Ўйга чўмди. Кўзига ёш олди. Одатда у онаси ҳақида гап кетса, шу аҳволга тушади. Худди ҳозиргина онасидан ажраб қолгандай, кўзининг ичида ёш йилтиллайди. Кўзининг ичидаги дарё тошади-ю, қирғоқдан ўтолмай, ичкаридан ирмоқ топади. Бу ирмоқларда йиғилган сувлар, бориб-бориб юракнинг деворларини йиқмаса бўлгани…

— Дада, салқинда нима қил­япсиз? Ичкарига киринг!

— Йўқ, шу ер яхши, тоза ҳаво дегандай, шу гужумнинг ҳавоси бошқачада. Отам бекорга бу гужумга меҳр қўймаган. Ҳавосини қара муни!

— Дада, шу гужумда бошқа гап ҳам бор, шекилли. Бобом айтардилар-ку, “мени ота-бобом Хива хонининг саройида машшоқ бўлган. Тиллалари кўп бўлган. Қулоқ пайти олиб кетишган”, деб. Ўшалардан қолмаганмикан у ер бу ерда кўмилиб, нима дейсиз?

— Йўғ-ей, болам, қолган бўлса мен эшитардим. Бунақа гапларингни қўй!

— Агар топсак, зўр иш бўларди-да! Бизнесимни ҳам кенгайтириб юборардим.

— Унақа хомхаёлларга берилмасдан, миянгни ишлатсанг, ўша бизнесингам гуллаб-яшнаб кетади.

— Айтдим-қўйдим-да!..

Абдулла ака ўзи билан ёлғиз қолиш  учун ичкари кириб кетди.

Тун қоронғусида гужумнинг виқорли гавдаси янада сирли кўринади. Куз рангларига бўялган сарғиш-қизғиш баргларнинг ҳар бирига битта юлдуз келиб қўнгандай!

Умиджоннинг кўзига бу ялтираб турган барглар сариқ тилла тангалардай  туюлди. Кузак шамолида шохлар у ёққа бу ёққа силкиниб: “Менинг сиримни топ­ган борми? Пойимда ётган тиллаларга етган борми?” — деб шивирлаётгандай эди.

“Умид, бу тун хазинанинг сирини очасан! Қани ишга кириш! Бугун ё ҳеч қачон!” У қўлига белкуракни олиб гужумнинг остига борди… Шамол гувуллар, дарахт шохлари билан  “хазина” ковловчининг у ер бу ерига савалаб қўярди.

Тонг. Қуёш шоша-пиша нур сочди ва инидан айрилган қушларнинг чуғур-чуғуридан ҳайрон бўлиб, ер юзининг ҳар гўшасига назар солди. Бир кечада қаерда қушларни фарёд қилдиргудек иш бўлди экан?

Отамурод оталарнинг ҳовлиси… Ие, гужум қани?

Шундай улкан гужумни қулатган қайси дайди, телба шамол бўлдийкин? Қай нобакор, ярамас қурт бўлди экан? Йиқилган гужумнинг илдизлари тагида, худди катта гўрдай, чуқур қазилган хандак қолганди…

Отамурод ота ҳовли эшигидан ташқарига бир қадам ташлади, қаршисида турган вайрон манзарани кўрди-ю, ҳолсизланди, уҳ тортди, йиқилди…

Бир ёнда қулатилган гужум, бир ёнда жонсиз вужуд қолди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + seven =