«Ким зўр?»

Дунёда энг ёмон одат… нима, биласизми? Тарракдай қотиб ётган одамни туйқусдан уйғотиш! Ордона қолгурнинг товушини ўчирмаган эканман, қулоғимнинг остида варанглаб кетсами. Сесканиб уйғондим-у ўн иккинчи қаватдан отгиларим келди. Асфальтга тушиб, абжаққинаси чиқиб, сочилиблар кетмайдими!

— Куннинг қизили ботмасидан катагингга кириб опсан-да? — Парпининг овози эшитилди. — Бизнинг товуқлар ҳалиям ҳовлида қақақлашиб юрибди.

— Кеча ишдан кечроқ қайтгандим…

— Сен бечорагаям қийин. Иш-иш деб ўласан-кетасан бир куни.

— Сен-чи? Бу дунёга устун бўлишга лицензия олганмисан?

— Майли, билганингдан қолма, — деди товуқлари ҳалигача ҳовлисида қақақлашиб юрган ошнам. — Олимман деб керилгунча, бир саволга аниқ жавоб бер.

— Хўш?

— Путин зўрми — Трамп?

— Тушунмадим. Нима дединг?

— Кармисан? “Путин зўрми — Трамп?” деяпман.

“Пошўл…” деб ўрисчалаб сўкиб юборай десам, тилим қисиқ: ўтган асрда ўн йил бирга ўқиганмиз. Тақдир “синф­дошлик”, деган кўз илғамас пўлат занжирни бўйнимизга осиб қўйганки, Парпи минг чақирим олисдаги қишлоғимиздан туриб ўша савил қолгурни аҳён-аҳёнда, сабаб-бесабаб тортиб туришдан ҳузур қилади. Тортган пайтида албатта ёнида кимлардир бўлади, буни сенсирашидан биламан.

— Қишлоқда тўй қилганим йўқ-ку, Парпи? — дедим ётган жойимда.

— Тани-жонинг соғми? Мен сендан…

— Қишлоқда тўй қилиб, томошасига кураш қурмаган бўлсам, — деб гапини бўлдим. — Путин билан Трамп даврага чиқиб олишмаган бўлса, ким зўрлигини мен қайси гўрдан биламан?

— Сен бола, талмовсирама! — деди олтмишдан ошган собиқ синфдошим. — Бугун пенсия қўлга тегувди, жўралар билан оз-оздан олиб ўтирибмиз. Бу дунё ўтар-кетар. Ҳасратнинг ҳаммасини сенга йиғиб берганмиз, то жойинг­­да тош қотгунингча ишла…

Пенсия жамғармасидагиларга ҳам қойил эмасман: бирор жойда уч кун ёлчитиб ишламаган Парпига ўхшаган фуқароларга пенсия, боз устига, нақдгина қилиб, уйгинасига, қўлгинасига олиб бориб беришади. Беҳасрат ошнам­нинг айтишича, пенсияси бир ойлик арақ билан газагига бемалол етади.

“Мабодо етмай қолса-чи?” — деб хавотирланаман баъзан.

“Худога шукр, ўғлим бор”, — дейди ошнам фахр-ифтихор туйғуларига лиммо-лим тўлиб.

“Ахир ўғлинг қандай қарашади-и? — деб хавотирим яна-да ошади менинг. — “Ўғлим — ўзим раислик қиладиган “Бекорчилар уюшмаси”да ўринбосарим” дегандинг-ку?”

“Фу, шуям гап бўлдими? Келинни нимага олганман, келинни! Мактабда муаллим. Ойлиги — қишлоқнинг олди!..”

— Пиёниста чолларга саломлар бўлсин! — ёнбошимга ағдарилар эканман, каравотим ғичирлаб кетади.

— Пичинг қилмада, гапнинг индаллосини айт… Хў-ўш, манави ошналарнинг бари, Трамп зўр, деяпти…

— Сен-чи?

— Мен Трампинг Путиннинг олдига тушолмайди, деяпман…

Асли шунга ўхшаш баҳслар еттинчи синфга ўтганимизда бошланган. Сабоқ тугаши олдидан “Тарих” ўқитувчимиз Парпига қарамасликка ҳаракат қиларкан, сўрарди: “Дарс тушунарлими, болалар? Саволлар йўқми?”

“Тушунарли!” — дердик биз жўр бўлиб.

“Менда савол бор!” — деб намойишкорона ўрнидан турарди Парпи.

“Хўш?”

“Ленин зўрми Сталин?”

Ўқитувчимизнинг чуваккина юзи буришиб кетарди.

“Масалани бундай қўйиб бўлмайди, — дерди у. — Савол мантиқан нотўғри!”

“Нимаси нотўғри? — деб бўш келмасди Парпи. — Сталин урилгани, номи қоралангани учун нотўғрими? Қўрқаяпсиз!..”

“Сенга кимнинг қанақалигини биров айтганми?”

“Айтган”.

“Ким? Қачон?”

“Кеча, отам айтди, — Парпининг отаси қишлоғимиздаги ягона магазиннинг ягона мудири, ўғли катта танаффусда бориб чўнтагини печеньега тўлдириб келар ва дарсда ҳам пишиллаганча кавшаниб ўтирарди. — Сталин зўр бўлгани учун Ленинни ўлдириб, жойини ўзи эгаллаган, деди”.

“Ленин ўлаётганида отанг унинг оғзига сув томизиб турган бўлса, нега мендан сўраяпсан?”

“Аниқлаб олмоқчиман!” — ижикиларди кийимидан мактабни битирув кечасидаям печенье иси анқиб турган Парпи.

“Отангнинг гапига ишонмасанг, — деган домла, — унда, бориб энангдан сўра!..”

Мана, орадан эллик йил ўтганидан кейин, Парпи мендан яна навбатдаги оламшумул гапини тасдиқлатиб олиб, бирга ўтирган шишадошларини мот қилмоқчи. Балки бир-икки шишадан гаров ўйнаган бўлса, ютиб ҳам чиқмоқчидир.

— Сен айтаётган одамлар ким, ўзи? — дедим мен ҳомуза тортиб. — Нима иш қилади?

— Ув-в бола, талмовсирама! — деди энди арақ анқиб ўтиргани аниқ синфдошим. — Кимлигини билмайсанми?

— На ўзини, на бошпуртини кўрмаган бўлсам, қаердан биламан!

— Бирови Американинг, иккинчиси Россиянинг каттаси-ку, каллаварам!

— Хўп, — дедим, — каттаси бўлса, сенга нима қайғуси қолди? Тинч қўй бечораларни. Сиёсатга бурнингни тиқиб нима қиласан?

— Тиқаётганим йўқ, — деди Парпи. — Қайси бири зўрлигини билмоқчиман.

— Хўш, сенингча қайси бири зўр?

— Айтдим-ку, Путин деб.

— Сабаби?

— Сабаби — у разведкачидан чиққан. Пихини ёрган.

— Трамп-чи?

— Трамп — бойвачча бўлсаям, ўзимизнинг Сувон мешга ўхшаган, соддароқ.

— Буни сенга ким айтди?

— Кампирим айтган. Биззи кампир тилбизирни мўйнига осиб юради. Дунёнинг гапидан хабари бор.

— Унда бориб кампирингдан сўра-да, мени овора қилганинг нимаси, гўрсўхта!..

Телефонимнинг биқинига бир уриб, ёстиқнинг тагига тиқдим-да, кўрпани бошимга тортдим.

Жонқобил Жума.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 15 =