Катта адабиётнинг қаричи

“Ҳали кў-ўп қабул қилинмайдиган асарлар ёзаман”, — дейди таниқли ёзувчи ва драматург Шароф Бошбеков

Аксарият одамлар ўзи, болалари, оиласи ҳақида қайғуришдан ортмаётган бир пайтда, миллат дарду ташвишлари ҳақида ку­йиниб ўйлаётган, унинг қувончидан севиниб, қайғусидан ташвиш­ланаётган бир тоифа одамлар бор. Улар миллатнинг ойдинлари – чинакам ёзувчиларимиздир. Аслида тил масаласи, адабиёт, маданият, маънавият фақат ёзувчи ёки шоирнинг елкасидаги “хуржун” бўлмаслиги керак. У ҳар биримизга дахлдор масаладир.

Бугун газета ва китоб ўқимай қўйган авлод олдида биз ўзимизни қандай овутамиз? Ёки китоб ўқиш ҳисини бошқаларга, бутун бир миллатга юқтириш учун яна қанча замон керак бўлади? Юқоридаги каби саволларга жавоб олиш мақсадида ёзувчи ва драматург Шароф Бошбеков билан суҳбатлашдик.

Ёзувчи ҳақида қисқача сўз: истеъдодли ёзувчи ва драматург Шароф Бошбеков 1951 йили Самарқандда туғилган. У дастлаб, ҳикоя жанрида ўз истеъдодини синаб кўрган. “Тушов узган тулпорлар” (1983), “Эшик қоққан ким?” (1987) каби комедия, “Темир хотин” пьесаси, (1989), “Тақдир эшиги” драмаси, “Эски шаҳар гаврошлари” (1998) каби жиддий комедия яратди. Ёзувчининг “Чархпалак” номли асари асосида ишланган 60 лавҳали видеофильми ҳам машҳур. Адибнинг “Темир хотин” асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М.Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса унга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

— Шароф ака, газетамизда хуш кўрдик. Келинг, суҳбатимизни бугунги кунда матбуотнинг халқ, ҳатто интеллегенция орасидаги йўқолган ўрни ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак. Нима учун жамиятда матбуотга, ижодкорга нисбатан ишонч­сизлик, бефарқлик пайдо бўлмоқда? Бу ишончсизлик, бефарқлик, матбуотда чиқаётган материалларга муносабатнинг деярли йўқ даражадалиги, ижод аҳлининг асарларини эса ўқимаслик, ёҳуд кўнгилдагидек мутолаа этилмаётгани шаклида юзага чиқмоқда. Бу каби ҳолатларнинг асл ўзаги сизнингча қаерда?

— Эсимда, мендан икки ёш катта опам қўшни районга турмушга чиқиб кетгач, борган жойида бир муддат колхоз почтасида мудир бўлиб ишлади. Ишхонасига борганимда каттагина хонанинг ўртасида “Муштум”, “Саодат”, “Шарқ юлдузи”, “Гулхан”, “Гулистон” деган журналлар хирмон бўлиб уюлиб ётарди. Газеталарни-ку, қўяверасиз! “Ленин учқуни”(Ҳозирги “Тонг юлдузи” газетаси)дан тортиб расмий газеталаргача қоп-қоп келарди. Гоҳида “Техника и молодёж” деган ўрисча номлар ҳам кўзга ташланиб қоларди. Колхозда-я! Тоғ-тоғ газета-журнал пешинга қолмай тарқатиб бўлинар эди. Шуларнинг бари ўқиларди. Опамнинг “Енгил кавалерия” деган 8-10 кишилик велосипедли “армияси” бўларди.   Булар “Почтальон Печкин”лар. Колхознинг у чеккасидан бу чеккасигача 15-20 километр бўлиб, велосипедсиз сира иложи йўқ эди, газета, журнал ва хатларни тарқатардилар. Хуллас, почта хизмати яхши йўлга қўйилган эди.

Кейинги йиларида бошқа соҳалар каби бу хизмат тури ҳам таназзулга юз тутди. “Почтальон Печкин”лар йўқ бўлди. Велосипедлар ҳам қаёққадир гумдон қилинди — камбағалчилик. Бугунги кунга келиб, почтада биттагина штат қолди, мудир ҳам ўша, “Почтальон Печкин” ҳам ўша, саноқли газета-журнал келганда тушириб-ортувчи ишчи ҳам ўша.

— Ҳа, матбуот почта хизмати билан узвий боғлиқ. Бугун бу соҳанинг ҳатто нафас олаётгани ҳам сезилаётгани йўқ.

— Ҳа, бу саволга берадиган энг оғриқли жавобим шу ерда!

Мен “Шифо-инфо” номли тиббий газетага раҳбарлик қиламан. Бир пайт­лар 65-70 минг нусхада чоп этиладиган газета бугунги кунда 7-8 минг­га тушиб қолди. Туманма-туман, қишлоқма-қишлоқ юриб, муаммони ўрганиб чиқдим.

— Кўнгилочар газеталар-ку майли, “Шифо-инфо” тиббий газета, ўз саломатликларингга шунақа бепарвомисизлар? — дейман.

— Йўқ, асло! — деб жавоб беришади. — Газетага гап йўқ. Айниқса, бугунгидай дори-дармон қиммат замонда рўзғорда ишлатиладиган оддий картошка, карам, шолғом, ошқовоқлардан малҳам, дармондорига бой шарбат ва дамламалар тайёрлаш ҳақида маълумотлар берасизлар, минг раҳмат. Жон-жон деб обуна бўлардиг-у, лекин почта узоқ, 5-6 километр йўл босиб бориш керак, уйга олиб келиб бермайди. Эшагидан тушови қимматга тушяпти-да…

Мундоғ ўйлаб қарасам, муаммонинг ўзаги Тошкентда экан. Газета-журналларни етказиб беришга масъул иккита ташкилот бор: бири   “Ўзбекистон поч­таси” ва иккинчиси “Матбуот тарқатувчи” номли ташкилотлар. Тарихдан биламизки, “қўшҳокимият”чилик ҳукм сурган жойда иш юришмайди ё инқилоб бўлиб, давлат тўнтариши рўй беради ё ўша жойда иш бутунлай ўлади. Учинчи йўл йўқ. “Матбуот тарқатувчи” нима иш қилиши номидан ҳам маълум. Лекин “тарқатувчи” деган ном етарли эмасдек, назаримда. “Етказиб берувчи”   (“доставка”) десак мақсадга мувофиқдай туйилади. Мазкур ташкилотни “Матбуот етказиб берувчи” деган ном билан бутунлай, таг-томири билан қайта ташкил қилиш керак эмасмикан?

Шу пайтгача почтанинг асосий вазифаси пенсия тарқатиш бўлиб келган. Лекин ҳукумат бу вазифани почтадан олиб, банкларга топширганидан сўнг, негадир, почтанинг “қўли ишга бормай қолди”. Буни поч­тамиздагиларнинг ўзлари ҳам тан олишади.

Сизга ким айтди, матбуот ишончни йўқотган, деб? Ахир, одамлар матбуот кўрмай ўтиб кет­япти-ку! Қандай қилиб ишончни йўқотиш мумкин? Охирги 20-25 йил ичида бутун бошли газета ўқимайдиган авлод етишиб чиқди! Улардан нима кутамиз? Майиб маънавият ва ноетук ахлоқ! Ҳалиям ота-бобомиздан ўтиб келаётган генларимиз бақувват ва тўғри экан, акс ҳолда номи одам-у, аслияти номаълум бир жонзотга айланиб қолган бўлардик.

“Мажбурий обуна” деган гапдан воз кечиб, “Ихтиёрий обуна” деган иборани ишлатиш керак. Баъзиларга фарқи йўқдай туйилиши мумкин, лекин яхшилаб ўйлаб кўрилса, ер билан осмон қадар фарқи бор. Газета-журналларнинг одамлар қўлига етиб боришини таъминласак, тираж масаласи ҳам, обуна масаласи ҳам ортиқча кучанишларсиз ҳал бўлади. Табиийки, халқнинг маънавияти ҳам бир поғона кўтарилган бўлар эди.

— Бугун жамиятда ёзувчи ва миллатпарвар зиёлилар юрагининг пульсини жонлантириш, кучайтириш учун нималарга эътибор қаратиш керак? Ижодкорни бугун нима ташвишлантиради?

— Бошқаларни билмадим-у, лекин мен иккита сабаб бор, деб ўйлайман. Биринчиси, тилимиз масаласи. Лотин алифбосига ўтиш ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Телевидениемиз шеваларга (кўпроқ Тошкент шевасига) тўлиб-тошган. Гоҳ-гоҳида рус тилига давлат тили мақомини бериш тарафдорлари ҳам бош кўтариб қолади. Шаҳар айлансам, кўчалардаги ажнабий тилдаги пешлавҳа ва бошқа ёзувларни кўриб, “Матбуотда шунча ёздим, радио-телевидениеда шунча гапирдим — фойдаси йўқ экан” деган тушкун кайфиятда, эзилиб уйга қайтаман. Сўнгги пайтларда кўчага чиқмай ҳам қўйдим…

Мен қадимдан секин ёзаман. Пьеса ёки кино­сценарий ёзиш учун менга йиллар керак бўлади. Қалам ҳақи бўлса… Шу масалада ижтимоий тармоқларда бир нарса ёзган эдим: “Илгари (совет даврида) қалам ҳақининг кўплигидан, одамларнинг ҳасадини келтирмаслик учун бу ҳақда оғиз очмасдим. Бугунга келиб, қалам ҳақининг озлигидан, одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун жим юрибман.”

Ҳасад билан ҳаваснинг нима фарқи бор? Деярли фарқи йўқ, иккаласи ҳам — орзу. Ўша одамдай бўлишни орзу қилади киши. Фақат ҳасад — ёмон кўриб орзу қилиш, ҳавас — яхши кўриб орзуланиш. Мен, негадир, “Ёш китобхон” танлови ғолибларига машина совға қилишса, сира-сира ҳавас қилолмайман. Ўзимни мажбур қилиб зўрласам ҳам, қора терга ботиб қанчалик чирансам ҳам — кўнглимга ҳавас деган нарса меҳмон бўлмайди. “Омадини берсин!”, “Ҳалоли бўлсин!” дея олмайман. Нима, мен шунчалик ичи қора, бошқаларни кўролмайдиган одамманми? Ахир ўшалар мен ва менга ўхшаган ёзувчиларнинг китобини ўқиб машинали бўляпти-ку! Кўза синдирган азиз-у, сув келтирган хору зор, деган мақолни бот-бот эсга оламан, холос!

— Ҳа, тўғри айтяпсиз. Ёзувчи эмас, унинг китобини ўқиган одам кўпроқ рағбатлантириляпти. Ёзувчи эса бирорта нашр гонарар бераман деса, қулоқларига ишонмай қолади. Чунки бу ҳеч қачон рўй бермайдиган ҳодисадек тасаввур уйғотмоқда ижод аҳлида. Холбуки,   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб берилган эди…

— 2011 йили “Янги аср авлоди” нашриётида ўн йиллик меҳнатим самараси бўлган олтита киносценарийдан иборат “Мусофир бўлмагунча” номли китобим нашр этилди(13 босма тобоқ). Қалам ҳақи эса… Айтишга уялади одам…қўлимга теккани 470 минг сўм…

2017 йилда “Ўзбекистон” нашриёти 20 қисмдан иборат “Чархпалак” телесериалимни 5000 нусхада чоп этди (18 босма тобоқ). Қалам ҳақи анча “кўп” — тўрт ярим миллион сўм (солиқлардан ташқари, “тозаси”). Унинг ҳам бир ярим миллионини олдим, қолган уч ярим миллион сўмини китоб юз фоиз сотиб бўлингандан кейин олар эканман. Худо билади, омборхонанинг қайсидир бурчагида битта китоб қолиб кетган бўлса-да, “ҳали 100 фоиз сотилмади” деб баҳона қилишлари ҳам мумкин-ку. Мустақиллик йилларида энг кўп олган гонорарим Маданият ишлари вазирлигидан бўлди. Ўзбек давлат драма театрида Олимжон Салимов саҳналаштирган “Ер барибир айланаверади” пьесам учун қўлимга 14 ярим миллион сўм тегди!

Ўзбекистонни улкан қиморхона­га айлантириб юборган телеканалларда қиморга тикилаётган 40-50 миллион сўмлар, машиналару икки хонали квартиралар олдида ижодкорнинг топгани “сдача” — қайтимга ўхшайди! “Чархпалак”ни ёзишга тўрт йил умримни сарфладим (орада инсульт ҳам бўлиб олдим). “Ўзбектелефильм” суратга олиш учун сотиб олди. Олган   қалам ҳақимни эринмай чўтлаб чиқдим, ойма-ойига ҳисоблаганда битта мактаб қоровули маошидан ҳам кам бўларкан! Ёзувчини хўрлаш бундан ортиқ бўлмас!..

Биз “Пул муҳим эмас, муҳими — ижод!” деган руҳда тарбияланган эканмиз, энди капиталистик муносабатлар билан яшашга тўғри келганда маълум бўлдики, пул санашни билмас эканмиз. Пул санашни билмаган одам пул ишлатишни ҳам билмайди.

“Ижодкорлар юрагининг пульси суст ураяпти” дейсиз, суст бўлсаям уриб турганига шукр қилиб яшаяпмиз. Худо кўрсатмасин, умуман урмай қў­йиши ҳам мумкин-ку!

Оч қоринга ашула айтиш мумкин, холос. Ҳофиз тўқ бўлса овоз яхши жарангламайди. Раҳбарият ҳам буни яхши билади, шекилли-да…

— Сиёсий-ижтимоий ҳодисалар ёзаётган асарларингизга таъсир қиладими?

— Жуда қизиқ ҳол. Мамлакат сиё­сий-ижтимоий ҳаракат йўлининг кес­кин бурилиш нуқталаридагина залворли асарлар ёзилиб қолади. Бошқаларни билмадим-у, шахсан менда шундай бўлган. 1988 йил. Собиқ СССРнинг умри охирлаб, ўлим тўшагида ётган пайтлар. Бутун амалдорлар олами, “Энди менинг тақдирим нима бўлади?” деган талвасада. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб ётган вақтда “Темир хотин” деган асар дунёга келди. Бундай асарни ундан олдин ҳам, кейин ҳам ёзиб бўлмасди. Олдин ёзсам, совет цензураси йўл бермас, кейин ёзсам, “Мустақилликнинг фалон йилига келиб ўзбек хотин-қизларининг аҳволи шунақа хорми?” деб “истиқлол посбонлари” кун бермас эди.

Ўзбекистонда президент алмашинуви пайтида ҳам худди шундай аҳвол юзага келди: худди ўшандагидай амалдорлар дунёсининг талвасаси, ит эгасини танимайдиган вазият. Бу сафар “Ер барибир айланаверади” номли асар туғилиб қолди! Тўрт-беш йил аввал шу асаримни Ҳамза (Миллий) театрининг ўша вақтдаги директори Ёқуб Аҳмедовга кўрсатганимда, ўқиб чиқиб, “Ўҳ-ҳў, бу пьесани қўйсак сизни ҳам, мени ҳам отиб юборишади-ку!” деган эди. Ростдан ҳам ўша пайтда вазият шундай эди. Демоқчиманки, айрим пайтларда асарни ёзувчи эмас, мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий вазият яратиши мумкин экан.

Халқимизда “Бақироқ туянинг бори яхши” деган гап бор. Ўша “бақироқ туя” отлиқ даҳшатли совет цензураси бўлмаганида эҳтимол Чингиз Айтматовнинг машҳур манқурт ҳақида ривояти дунёга келмаган бўлар эди. Чингиз оға бу афсонани “тўсиқларни айланиб ўтиш”, “зарбаларга чап бериш” асносида яратган.

— Бугун санъатда, адабиётда катта асарлар яратилмаяпти. ХХ аср адабиёти ва санъати эса ундан фарқли қаҳрамонларга тўла. Айбни ва айбдорни қидиравериб, “нимага?” деган саволдан чарчаб кетади, одам?

— Буни бир сўз билан изоҳлаш қийин. Назаримда, масаланинг сабабини ўзбекнинг ялпи саводсизлигидан излаш керак. Президентимиз айтганларидай, “…коллежни битирган болалар ишга кириш учун ариза ҳам ёза олмайдилар”. Механизатор, уй бекаси, ҳайдовчи, новвой, деҳқонларни қўя турайлик, биз зиёли санайдиган қатор ёзувчилар, журналистлар, шоирларнинг ўзлари саводсиздирлар! Агар ёзганлари газета-журналларда чиқса, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар хатоларини тўғрилаб босишади. Аммо ижтимоий тармоқларда муаллифнинг ўзи ёзади ва ўзи эълон қилади. Саводли ёзадиган, беш-ўнта ижодкорни ҳисобга олмаганда, деярли йўқ. Ижтимоий тармоқ деганлари мисоли кўзгу экан, саводхонлик масаласида миллатнинг шармандасини чиқариб юборди!

Оммавий, ялпи саводсизлик ўртамиёналикка олиб келади: ўртамиёна дўхтир, ўртамиёна олим, ўртамиёна муҳандис, ўртамиёна санъаткор, ўртамиёна адиб ва ҳоказо. Юқорироқ “ўрмалаймиз”: ўртамиёна депутат, ўртамиёна ҳоким, ўрта­миёна корхона раҳбари. Адабиёт ва санъатни-ку, буткул ўртамиёналик босиб кетган. Бугунги кунда адабиётимизга Мақсуд Шайхзода, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби шахслар етишмаяпти. Ўзини зўр ёзувчи, зўр шоир деб ҳисоблайдиганлар ҳам КАТТА АДАБИЁТ миқёсида қарайдиган бўлсак, ўзининг маҳалласидан нарига ўтолмаяпти. (Ўзимни ҳам шу сафда ҳисоблайман.)

— Ўзбек адабиётида Сиздан кейинги ва Сиздай драматург(лар)ни билмаймиз(Эҳтимол, ёшлардан чиқиб келаётганлари бордир). Яъни, зўр драматург йўқ. Бу хатарли тақчилликни бартараф этишнинг йўлларини қаердан излаш керак?

— Нега энди, бор. Лутфулла Маҳмудов, Эркин Хушвақтов, Санжарали Имомов, Эркин Норсафар каби драматургларимиз бор. Лекин менга номаълум сабабларга кўра бугунги драматургиямиз “об-ҳавоси”ни улар белгилаётгани йўқ. Санъат институтининг драматургия бўлимини тамомлаган қизларимиз — Ҳуснора Рўзматова ва Муҳиба Исматуллаевалар энди-энди бир-иккита машқлари билан кўзга ташланиб боряпти. Ҳар ҳолда, тўртта қиздан учтаси шеър ёзаётган бир давр­да бу қизларнинг драматургиядек мураккаб соҳага қўл уриши жасоратдир. Бизда аёллар драматургияси, битта-иккита уринишларни ҳисобга олмаганда, йўқ ҳисоби. Москвалик дўстларим — Нина Садур, Людмила Разумовская, Мария Арбатова каби аёл драматургларнинг асарларига ҳавас қилардим. Аёл драматурглар бошқача ёзадилар. Биз, эркаклар, ундай ёза олаймиз. Улар дунёни нозикроқ идрок қилишади…

Одатда драматургия билан университетнинг журналистика ёки филология бўлимини битирганлар шуғулланиб келишган. Энди шу соҳанинг ўзининг ичида, яъни Санъат институтида драматургияни ўқитадиган, ўргатадиган махсус бўлим очилди. Адабиётнинг бошқа турларидан — проза, шеърият — кириб келганлар театрдек бегона оламга мослашиши анча қийин кечарди. Санъат институтида актёрлар ҳам, режиссёру саҳна безак­ларини ишловчи рассомгача — шу ерда. Бир сўз билан айтганда, драматургнинг шаклланиши учун барча зарур шароит мавжуд.

Лекин барибир, ўзбек драматургиясининг келажаги ҳақида бир нарса айтолмайман…

— Ҳис-туйғу, ақл, тафаккур — бугунги кун ижодкор ёзувчиларида қайси бири устунлик қилаяпти?

— Менимча, совет давридан мерос бўлиб қолган “қўрқув инстинкти” устунлик қиляпти. Шунинг учун ҳам томоша асарларимиз — кино ва театримизда битта мавзу бор — ТЎЙ! Тўй олди, тўйдан ке­йинги можаролари, қудалар муносабатлари, фарзандсизлик, пул, қарз, тоғоралар, хиёнат, турли касалликлар (рак, инсульт, инфаркт)ва ҳоказо ва ҳоказолар. Ижодкорларнинг ўзини жуда “дадил” ҳисоб­лаганлари совет даврида “ёпиқ” бўлган — “наркомания”, “одам савдоси”, “фоҳишабозлик” каби мавзуларда (ислом динини ёмонотлиқ қилиш эвазига) ёзишяпти. “Рухсат этилган” мавзулар шу, халос! Ҳокимият “оқ йўл тилаган” мавзуларда асар ёзиш учун катта ижтимоий жасорат талаб қилинмайди…

— Ўтган асрнинг 50-60 йиллари, анча-мунча уйсиз-жойсиз ёзувчи-шоирлар Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Туроб Тўла ва Зулфияларнинг уйида туриб Тошкентнинг этагини тутгани ҳақида биз кўп эшитганмиз. Бугун 3-4 талаб уй экспонати йиғаётган айрим устоз ижодкорларнинг ёшларга қайишмаётганини, “Ҳолинг нима кечяпти?” деб қизиқмасликларини қандай тушуниш мумкин? Бу бора-бора ижодкор халқида ҳам қалб қаттиқлашаётганидан далолатми ёки олдинги устозларда тантилик, меҳрибонлик, кўнгилчанлик синдроми кучли бўлганми?

— Бугун ҳамма нарса моддиятга боғлиқ бўлиб қолди. Ҳатто оддий одамгарчилик, меҳр-мурувват ҳам. Мақсуд Шайзоданинг ёшларга кўрсатган мурувватлари ҳақида афсоналар юради. Талабага пулни шундоқ берса, олмайди. Камбағал бўлса ҳам ғурури бор. Шунда Шайх ака бир ҳийла ўйлаб топади: бир сўм чиқариб, “Болам, югуриб бориб анов дўкондан бир пачка “Беломор” опкелинг!” дер эканлар. Жабборқулда жон борми — ҳалиги талаба учиб бориб олиб келади. Ўша даврларда “Беломор-канал” деган папирос бўлар, домла ўшанақасидан тутатар эдилар. Папирос жонивор қиммат — нақ 25 тийин турар эди. Устоз талабадан бир сўмдан 75 тийин қайтимини олмас, етмаганига койиб ҳам берардилар:

— Буни нима қиламан?

— Қайтими, устоз…

— Нима, мен гадоманми, танга-чақа берасан, чўнтагингга солиб қўй! — деб жўнаб қолар эканлар.

Ётоқхонада яшайдиган талаба учун бу катта пул — уч буханка нон келади. Трамвай 3 тийин, троллейбус 4 тийин, метро 5 тийинлигини ҳисобга олганда устознинг қайтими ойлик маошдай гап бўлган. Шундоқ қилиб, Шайх ака бир кунда 5-6 пачка папирос “чекиб қўярканлар”.

Абдулла Қаҳҳор “Аяжонларим” пьесаси учун тўланган қалам ҳақига битта “Победа” русумли машина олган экан. Қолганига (қолибди ҳам!) машинани “ювишибди”.

Ҳозирги устоз ёзувчиларнинг ўзлари ярим оч-ярим яланғоч-ку, ёшларга қанақа мурувват кўрсатишсин? Юқорида айтганимдек, ҳозирги даврда “яхши одам” бўлиш учун ҳам пул керак! Шайх акага ўхшаб, ҳеч қурса папирос олишга бир сўми бўлиши керакми?

— Ёзувчи шахсига имтиёз берадиган қайси сифат ва фазилатларни улуғлайсиз?

— “Ҳа, бу ноёб ҳодиса” десам, у-бу нарса ёзиб юрадиган одам сифатида ўз шахсимга нисбатан алоҳида эътибор, имтиёзлар талаб ва таъма қилган бўламан. Бу манманлик, кибр саналади. Ижодкорнинг шахси, эътиқоди, қарашлари виждон деган принципга бўйсуниши лозим, деб ўйлайман.

Биласизми, ўзбек тилида бир СЎЗ бор, уни дунё халқларининг ҳеч бир тилига таржима қилиб бўлмайди. Бу сўз — ҚАНОАТдир! Қаноат бу — сабр-тоқат қилиб яшаш дегани эмас, борига шукр қилиб яшаш ҳам эмас. Қаноат — бир тўғрам қотган нон билан бир пиёла қайнаган сувга ҳам БАХТЛИ БЎЛА ОЛИШ фазилатидир. Қаноати йўқ одамга бутун дунёнинг дуру гавҳарини оёғининг остига тўкиб ташланг — барибир яна нимадир етишмайди-да! Шундай экан ана шу улуғ фазилатдан қўймасин!

— Ўз шахсингиз ва ижодингиз ҳақидаги тўхтамларни овоз чиқариб фикрлай оласизми? Шароф Бошбеков ҳақида Шароф Бош­беков нима дейди?

— Ғалати савол…

Ёшлигимда (улғайиб қолганимда ҳам) ўртоқлар билан чўмилгани борардик. Сузиб кетаётиб ё чарчабми, ё сув ўтларига ўралашиб қолибми ҳолдан тойганимда, “энди тамом, умрим шу ерда тугар экан” деб дарров тақдирга тан бериб қўя қолардим. Жон-жаҳдим билан типирчилаб, шовқин солиш деган гап йўқ, жимгина кафанлашларини кутиб ётаверардим. Энди ўйлайман, ўзингнинг жонингни сақлаб қолиш учун курашолмайсан-у, бошқалар учун курашишни ким қўйибди сенга!

Ижодимга келадиган бўлсак, мен ҳеч қачон “буюртма асар”   (заказ) ёзмаганман. Бундай асарлар ёзганман, лекин у юрагимнинг “буюртмаси” асосида дунёга келган. Яқинда Ғафур Ғулом нашриётига 6 та киносценарий 4 та пьесадан иборат “Қабул қилинмаган асарлар” номли китоб қўлёзмасини топширдим. Мазкур тўпламга, номидан ҳам маълумки, “Ўзбеккино” ва Маданият ишлари вазирлиги қабул қилмаган асарлар киритилган. Нима учун қабул қилинмади? Чунки, уларнинг ҳеч бирида “Сен бўлмасанг пишармиди помидорлар, партиям!” қабилидаги ҳамду санолар ўқилмаган. Худойим соғлиқ бериб турса ҳали кў-ўп “қабул қилинмайдиган” асарлар ёзаман…

— Мароқли суҳбатингиз учун барча “Hurriyat” мухлислари номидан ташаккур билдирамиз.

Гўзал Бегим суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 17 =