Ғайб ҳақи

Карантин кунларида хатоларни англаб, уни тузатиш, ҳар онимиз, ҳар кунимизга шукрона келтиришни анча ўргандик. Опа-укалар кунда-кунора қўнғироқлашиб, бир-биримизга меҳримизни тортиқ этдик. Суҳбат якунида ўзингизни эҳтиёт қилинг, дея тайинлаш доимо ёдимизда турди. Чунки аксарият ҳолларда одамийликнинг олий ҳадлари унутилаёзган эди-да!

 

Ҳамма ўз қобиғига кириб олган, ҳатто атойи худо меҳмон ҳам ёқмай қолган пайтлар… Ҳолбуки, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан”, дердилар раҳматли Қундузой момом. “Меҳмон атойи худо”, чеҳрангни равшан этиб кутиб ол, дердилар онаизорим. Қайнонам Сайёра ая эса: “Менинг қозонимнинг зангўла (қўнғироқ)си бор”, деб завқланиб кулардилар меҳмонни кўриб. Вирус балоси офат бўлиб келди-ю, ўша кунларнинг қадрини англадик. Бу рост.

Болалигимизни эслайман. Онам раҳматли ширмой нонлар ёпардилар-да, энг чиройли бўлиб пишган нонни қўшнига илинардилар. Ўша пайтларда ҳам шароити оғирроқ, эҳтиёжманд оилалар бор эди. Баъзан “бироз ёғ беринг”, “бир пиёлача гуруч беринг”, деб келадиганларни ҳеч қачон эшикдан қуруқ қайтармаганлар, асосийси, оғринмаганлар. Аксинча, келгуси сафар харидларида қўшни учун бироз гуруч қўшиб олар эдилар. Ҳар кеча қандай таом пиширмасинлар қозонга тушган чўмичнинг биринчиси “ғайб ҳаққи” учун косага сузиларди.

— Она, нега бу овқатни сузиб қўясиз? Кимга бу? — сўрардим азбаройи қизиқиб.

— Бу “ғайб ҳақи”. Очиқ эшик, кимдир кириб келиши бор, — дердилар онагинам юзларига табассум иниб.

Ҳайрон бўлардим. Тўғриси, баъзан эътироз ҳам билдирардим. Чунки, отам ўн йил тўшакда ётиқли бўлганлар. Ўзимиз ҳам жўжабирдек жон. Жуда тўкин яшамасдик. Аммо оиламизда файз, дастурхонимизда барака бор эди.

Бошқа қишлоққа келин бўлиб тушдим. Қайнонам — ойижоним қаттиққўл, меҳнат қилиб чарчамайдиган, биз тўрт овсинни ҳам қамчиндек қўлида зич ушлаган аёл эдилар. Бошида жуда қўрқиб турганман. Чунки онам ўта мулойим, ҳеч қачон баланд овозда гапирмаган, жуда кўнгиллари бўш эди-да…

Янги хонадон тартиб-қоидаларини ўрганиш жараёни. Келин бўлиб тушганимга 2-3 ойлар бўлиб қолган. Кузатаман. Ҳар кеч дастурхонни ёзиб овқатни суза­диган вақтимизда турмуш ўртоғимнинг амакваччаларидан бири Азим ака келиб қоларди. Бу ҳар кун такрорланарди. Азим амаки сал касалмандроқ бўлгани учунми, ёшлигимга борибми, ўша кишини келишини унча хуш кўрмасдим. Шундай кунларнинг бирида барвақтроқ овқатни сузиб, тезроқ дастурхонни йиғиштиришни режалаш­тирдим.

— Тезроқ, тезроқ дастурхон атрофида ўтирингла-а-ар… Овқатни сузаман. Бўлмаса ҳозир яна ўша Азим амаки пайдо бўлади, — дедим. Аммо бу гапим оиламиздагиларга шунчалик қаттиқ тегишини ўйламаган эканман. Овқатни сузиб дастурхонга тортдим. Бирор киши на қайнонам, на қайнотам, на турмуш ўртоғим ҳеч ким овқатга қўлини урмади. Ўша куни негадир Азим амаки ҳам келмади. Йиғлаб юбордим. Идиш-товоқларни йиғиштириб ошхонага кетдим. Ортимдан эргашган қайнонамни кўриб ҳозир урушиб берадилар, деб ўйлаб тургандим. У киши эса,   йиғидан қизарган кўзларини артиб босиқ овозда гап бошладилар.

— Азимжон дадангизнинг укаларини фарзанди. Раҳматли онаси — овсиним шуни ғамида ўтиб кетдилар. У ҳам соғлом туғилган эди. Эҳтиётсизлик туфайли қаттиқ йиқилиб, шундай аҳволга тушиб қолган. У бизга овсинимдан омонат. Азимжоннинг ризқини Оллоҳ бизнинг дас­турхонимизга қўшиб берган. У келмаса, балки уйдан барака қочар, — дедилар.

Ўйламай гапириб қўйган гапимдан бирам уялдимки, нима қилиб бўлсаям хатомни тузатиш ҳақида ўйлардим. Азим амаки бир ҳафталар бизникига келмади. Ойижоним айтганларидек, ўз-ўзидан уйда барака қочгандек бўлди. Турмуш ўртоғимнинг ишлари орқага кетди. Қайнотам оғриб қолдилар. Бир бетон ёғ ағдарилиб тўкилиб кетди. Туппа-тузук тухум туғиб турган товуқлар тухум бермай қўйди. Энди Азим амакидан хабар оламан, деб “катта ҳовли”га (қайнонам келин бўлиб тушган жойларини шунақа атардилар) бораётувдим, қарасам бизни дарвоза томонга қарамасдан Азим амаки ўтиб кетаяптилар.

— Амаки-и!!! — чақирдим. У киши тўхтаб. Ортга қайтдилар. Дастурхон ёзиб, меҳмон қилдим. Яшириб қўйган конфетларни чиқардим, камига битта чиройли рўмолча ва пайпоқ совға қилдим. У киши ҳам хурсанд, ўзим юз чандон қувондим. Ишонинг, уйимизга яна файз-барака қайтди. Ҳозир Азим амакининг икки нафар ўғиллари, неваралари бор. Бир ўғиллари Америкада яшайди. Шу бемор одамга турмушга чиққан аёл менинг назаримда жаннатийдир.

Негадир, болалигимиз, ёшлигимизда содир бўлган ҳар бир воқеа ҳикматдек туюлади, шу кунларда. Ўйларим охирламай туриб дарвоза тақиллаб қолди… Ким экан-а? Ким бўлсаям, ризқи-насибаси етаклаб келган ғайб меҳмон… Балки уйга кирмас, аммо у меҳмонни атойи худо, деб кутиб олишим керак…

Моҳира Шакарова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =