Коронавирус юқтирган дунёдаги илк одам

ХХI аср пандемиясига сабаб бўлган илк одамнинг бу балони қандай юқтиргани ҳалигача номаълумлигича қолмоқда. Яна шу ҳам номаълумки, у биринчи беморми ёки “нолинчилар” (ундан ҳам олдин юқтирганлар) ҳам бормиди? У ким ўзи?

Маълумотларга қараганда, коронавирусга чалинган дунё­даги биринчи инсон — Хитойнинг “Хуанань” бозорида креветка сотувчи аёл бўлган.

Аёл креветка — денгиз маҳсулотлари сотса, демак инфекция одамларга денгиз маҳсулотларидан юққани ҳам тахмин қилинмоқда. Олимлар ўртасида ҳалигача вирус кўршапалакдан тарқадими ёки денгиз маҳсулотларидан деган баҳс-мунозаралар давом этяпти.

Хитойдаги газеталардан бирининг ёзишича, Вэй Гуйсянь исмли сотувчи аёл вируснинг энг биринчи ташувчиси саналади. У иситмаси кўтарилгач, 11 декабрда шифокорга мурожаат этади (ўша пайт 57 ёшда эди):

— Тадбиркорман. Бизнесим туфайли уйда ётишга вақтим йўқ. Одатда мазам бўлмай қолса, ё ўзимда безовталик сезганимда, уйи­миз ёнидаги шифохонага борардим, — дейди Вэй.

Аёл ўша куни ҳам клиникага бориб, антибиотик ва дори-дармон, укол(капельница) олади. Шифокорлар Вейга дастлаб бронхит ташхисини қўйишади. Бирмунча вақтдан кейин ўзини яхши ҳис қила бошлайди, бироқ… Кейинчалик аҳволи оғирлашиб, ҳеч қандай муолажа ва укол-дорининг ҳам фойдаси бўлмайди.

Аёл бошқа шифохонага боришга мажбур бўлади. Бахтга қарши, у ерда ҳам натижа бўлмайди. Охири уйида даволанишга уриниб кўради — наф йўқ. Бир неча кундан сўнг, Вэй ҳушидан кетади ва у 2019 йилнинг 16 декабрида Хуачжун фан ва технология университети қошидаги “Сехэ” шифохонасига ётқизилади.

Шифокорлар чуқур таҳлил ва текширувлар ўтказишади, энг сўнгги даволаш муолажалари — томоқдан суртма, эндоскопияни қўллашади. Аммо ҳеч қандай аниқ ташхис қўя олишмаса денг!

Бир неча ҳафта ўтиб, шифокорлар аёл билан бир ҳудуддаги бошқа одамларда ҳам шундай аломатлар борлигини пайқашади ва уларга янги турдаги коронавирус ташхиси қўйилади.

У 2020 йил январь ойи бошида шифохонадан соғайиб чиқади. Январнинг ўрталарида унинг қизи ва оила аъзоларида ҳам covid-19 аниқланади.

— Мен коронавирусни ўзим ишлайдиган бозорда юқтириб олган бўлишим мумкин. Шундоққина ёнимда эса ёввойи ҳайвонлар гўштини сотадиганлар растаси кўп эди, — дейди у.

Вей Гуйсянь даволаниш учун жуда катта маблағ сарфлайди. Бошида пулига, қилган харажатларига роса ачинади, ҳозир эса бу оламда ундан бахт­­ли одам бўлмаса керак. Чунки ниҳоятда кўпчилик бу касаллик олдида ҳали-ҳамон ожиз қолмоқда…

Шу ўринда юртимизда ҳам шу йилнинг 15 март куни илк коронавирус юқтирган аёл аниқланган эди. 11 март куни “Париж—Тошкент” рейси орқали учиб келган олий тоифали шифокор, хусусий клиникалардан бирининг раҳбари Нигора Муротова билан кейинчалик ижтимоий тармоқларда суҳбат уюштирилганди.   Бугун кўпчилигимиз ушбу вирус билан оғриб ўтган бўлсак-да унинг ваҳимаси, даҳшатли оқибатлари ҳалиям кўпчиликни психологик чоҳларга қулатишда давом этмоқда.

Мафтуна КАРИМОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =