Қадрига куяман-да…

Қадрли Зуҳриддин ака! «Ҳуррият»нинг ўтган (2020 йил 16 сентябрь) сонида Сизнинг «Шап-шап дегунча…» сарлавҳали мақолангизни ўқидим. Ўқиган заҳоти ичимдан ўтгани — ичимдагилар ёзилганини ҳис қилиш бўлди.

Бу оламда ҳамма нарсанинг қадри бор. Тошнинг, сувнинг, яйловнинг, одамнинг… тилнинг. Ўзини ерга урган кишига қарата: «Қаддингни тут! Қад­рингни тўкма!» деймиз. Хўш, тилимизнинг асрлар давомида қад бўлган қадрини ким тушираяпти? Ўзимиз эмасми?!

Дарҳақиқат, турфа ному ташкилотлар отини, бунинг натижасида тилимизни ниҳоятда мураккаблаштириб юбордик, қадрини тўкдик. Шунинг учунки, бугун биров «Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси»га кета­япман, демайди, билъакс «Райсобез»га кетдим, дейди. Бу одатдан жойларга ном бераётганда ҳам қутула олмадик. Алал-оқибат одамларимиз оғизда «Сурум», «Мустақиллик», «Ҳуррият» ё «Нурафшон»га эмас, балки ўша эски «Киров» (?!), «Авангард», «Микрорайон» ё «Тўйтепа»га бориб келишаяпти.

Бултур қўшни кўчага «Орият» деган номни ёпиштириб кетишибди. Дунё-дунё бўлганидан бери маҳалла-кўй «Тошлоқ» дейди шу кўчани. Ҳозир бировдан «Орият»ни сўрасангиз, айтиб беролмайди! Ҳокимларга Давлат тилини ривож­лантириш ва маънавий-маърифий ишлар бў­йича маслаҳатчи штати нега ташкил этилди бўлмаса?!

Кези келганда айтай: сиз санаган узундан-узоқ номлар, лавозимлар ниҳоятда урчиган замонда яшаётгандекмиз. «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги», «туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи», «шаҳар ҳокимининг ёшлар сиё­сати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари», «мактабгача таълим ташкилоти» («боғча» дейишмоқчи) деган киши ақли бовар қилмайдиган номларни топадиган азаматлар билан замондошмиз.

Биласизми, синфда 18 ўқувчи эдик. Синфдош­ларимиз орасида қозоқлар ҳам ва бир татар йигит ҳам бор эди. Қозоқ дўстларим она тилидан аълога ўқишарди, адабиётдан ўзбекчада шеър­ларни дона-дона ёд олишарди. Аммо кундалик ўзаро мулоқотда қозоқ тилида суҳбатлашишарди, биз билан эса ўзбекчада гаплашарди. Улар оила доирасида ҳам қозоқчада фикрлашишади. Ҳа, биз-чи?! Ўзбекнинг болалари рус мактабида ўқийди; ўзбекнинг болалари русийзабон; ўзбекнинг болалари ўзга тилда ҳужжат юритади; ўзбекнинг болалари ота-онаси билан русчада гап­лашади. Мана тилимизнинг қадри.

Тилимизнинг қадри нега тўкилаётир? деб сўроқлайман тез-тез. Идора-ю ташкилотларимиз отини сунъийлаштириш оқибатида ва оилавий муҳитда тилимизнинг қийматини беписанд қилишимиз оқибатида бугун шу кўйга тушмадикми?

Мен яна бир нарсага тушунмайман: «Ҳокимиятданмиз», «Фалон туман ҳокимиятидан безовта қилаяпмиз», деган сўзлар бугун тилимизда одатий шаклу шамойил касб этаяпти. Булар ҳокимият билан ҳокимликнинг фарқига борадими, ё йўқ?!

Сиз тилимиз грамматикасини яхши биласиз. Сўз бирикмалари уч шаклда: мослашув, бошқарув ва битишув йўллари билан ўзаро боғланади. Икки сўз мослашув йўли билан боғланса тобе сўз бош сўзга мослашади. Бунда тушум, жўналиш, ўрин ва чиқиш келишиклари қўшимчалари қўлланилади. Масалан, мактабга бормоқ, дарахтни оқламоқ каби. Битишув йўли билан боғланаётган сўзларга ҳеч қандай қўшимчага ҳожат йўқ. Улар оҳанг ёрдамида боғланади. Қизил олма, сокин товуш сингари.

Сўзлар бошқарув йўли билан бирикаётганда қаратқич келишигининг ҳамда эгалик қўшимчаларининг ёрдами керак бўлади. Бўлмаса, сўзлар бирикмайди-ю! Маҳалланинг оқсоқоли, кўчанинг юзи, китобнинг саҳифаси каби. Айрим ҳолларда қаратқич келишигининг қўшимчаси «йўқолган» вазиятлар ҳам бўлади. Масалан: Ўзбекис­тон Рес­публикаси, телевизор экрани, Тошкент ви­лояти, Нурафшон шаҳри. Бундай ҳолатларни эгалик қўшимчаси орқали сезишимиз табиий.

Бироқ баъзи устамонлар «шаҳар»га эгалик қўшимчасини қўшишни исташмайди. Жигарингдан суғуриб бермаяпсан-ку, дегим келади ич-ичимдан.

Менинг назаримда, ғуруримиз бўлганида, кўксимизнинг чап тарафида зиғирча бўлса-да оримиз турганида, ўзликни тушуниб етганимизда ҳаммаси бош­қача бўлармиди?! Агарда тилимизнинг қадри оила муҳитидан то давлат идораларигача қийматли бўлганида Давлат тили(ни ривожлантириш) департаментига эҳтиёжимиз бўлмасмиди?! Агарда тилимизнинг қадрини сезганимизда, Мария Захарова деганлар тилимизга оид ишларимизга арашолмасмиди?!

Тилимизнинг қадрига куяман-да, домла…

Отабек Исроилов,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − two =