Ахборот хизмати “қалқон” хизматми?

“Ҳуррият” газетасининг 2020 йил 23 сентябрь 33-сонида чоп этилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалиловнинг “Ҳақиқат девор ортида эмас ёки матбуот котиблари қачонгача ўз раҳбарини танқиддан ҳимоя қилади?” деган мақоласини ўқиб, шу соҳада бир муддат ўзим ишлаганим боис, кўнг­лимдаги гапларни ёзгим келди. Туман ҳокимликларининг ахборот хизмати фао­лияти фақатгина туман ҳокими ва сектор раҳбарларининг “сайёр юришлари”ни қадамма-қадам ёритиш ҳамда туманда бўлиб ўтган турли даражадаги йиғилишлар битиладиган жадвални рақамлаб, тўлдириб борадиган тузилма эмас, тизилмага айланиб қолди.

Бу бир хил қолипдаги хабарлар, фотосуратлар ва ҳатто видеолавҳаларнинг ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мутлақо қизиғи (аҳамияти ҳам, албатта) йўқлигини қўйилган постларга бир неча одамгина муносабат билдираётганидан ҳам билса бўлади.

Аслида ахборот хизматлари ҳисобот учун ташкил этилмаган, бўлим ҳокимликка мурожаат қиладиганларга, келиб тушган аризалар, марказий нашрлар, расмий-ижтимоий тармоқларда тарқалган танқидий хабар ва лавҳаларга тезкор жавоб қайтарувчи хизмат бўлиши керак эди. Аммо негадир муаммо қолиб, улардан бирор блогернинг маҳалладаги майда бир масалага билдирган танқидий пос­тига тезкор равишда муносабат билдириши талаб қилинаяпти, холос. Яна жавоблар ҳам бир хил қолипда — “Расмий муносабат”, деб юритилиши кишини ажаблантиради. Шунингдек, хорижий ахборот воситалари тарқатган хабарларга ҳам шу зайл расмий муносабат фонида хаспўшланади. Амалда эса ҳеч бир муаммо ҳал этилмаяпти.

Албатта, фуқаролар юзага келган муаммо бў­йича аввал маҳалла мутасаддиларига, улар бартараф қилолмаса ҳокимликка  чиқишади. Ваъдалар берилгач ҳам иш ҳал бўлмагач, буни хорижий бирор ахборот воситаси сайти орқали кўтаришга мажбур бўлишмоқда. Негадир шундан кейингина ҳокимлик “ғимирлаб” қолади, гўё масалага жиддий эътибор қаратаётгандек. Энг муҳими, ойлаб, йиллаб ечим топмаган муаммога бир неча соатда ечим топилади, албатта, “режалаштирилди”, “ло­йиҳа ишланаяпти” каби охири номаълум ваъдалар билан.

Энг қизиғи шундаки, марказий босма нашрлар, телекўрсатув ва радио эшиттиришларда кўтариб чиқилган, яъни маълум ҳудуддан ёритилган танқидий чиқишларга ҳокимлик ва унинг ахборот хизмати сукут сақлайди. Нега деганда, ёлғон жавоб (аслида тўғри жавоб топилмайди, ўзини ҳурмат қилган ОАВлари ёлғон хабарни ёритмайди ҳам) бериб қўйса, “пўстагини қоқиш”ларини яхши билишади.

Шу маънода, бугунги ҳокимлик ахборот хизматлари “жадвал тўлдиришдан” ташқари, фақат блогерлар ва хорижий ахборот воситалари билан пинҳона “кураш” олиб бораётган (сайтлар тарқатган ахборот рост бўлса-да, одамлар ишонмайди, шундай экан, унинг одамларга қизиғи ҳам йўқ) тизилмага айланди. Республика ОАВлари улар учун йўқ ҳисобими?

Яна бир фикр: зиёлилар орасида бугунги ахборот хизматларининг том маънодаги журналис­тикага алоқаси борми? — деган савол пайдо бўлди. Менимча, йўқ! Уларда ишлаётганларнинг аксарияти бошқа соҳа одамлари. Буни матбуотда ўттиз беш йилдан буён ишлаётган журналист сифатида ва айнан ахборот хизматида бир муддат ишлаганим учун қиёслаб айтаяпман.

Аслида Президентимизнинг ахборот хизматларини ташкил қилишдан мақсади ҳокимликларни мамлакат тараққиётига, аҳоли фаровонлигига хизмат қилдиришдан иборат эди. Аммо ҳокимликлар бу тизилмани чиндан ҳам ўзларини ҳимоя қилувчи “қалқон”га, матбуот котибларини эса “югурдак”ка айлантириб олишди.

Ахборот хизматидагилар нима ҳам қилсин, воз кечай деса, маоши яхши, оила боқса бўлади, йўқ-са, “Аравасига мингач, қўшиғини айтишга мажбурсан”да, деган нақлга кўниб юраверади-да. Бу кетишда жамиятда қачон юксалиш бўлади? Шаффофлик пана-пастқамда қолиб кетаверадими? Шуниси ачинарли…

Рўзимбой ҲАСАН,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + one =