Босма нашрларнинг эртаси борми?

Яхши эслаймиз. Чунки бунга жуда кўп бўлгани йўқ. Бунга қадим замонлар эмас, яқин тарихимиз шоҳид. Ўтган бўлса, 30 йил ё ундан бир-икки йил кам ё кўпдир. Муҳими, одамлар газета-журнал ўқир эди. Мутолаани яхши кўрар эди. Газета журнал сотадиган киоскалар олдида бугун арзон тухум сотадиган дўкончага турнақатор одам йиғилгандек, матбуот нашрлари учун ҳам навбатда туриларди. Шу боисдан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёш ленинчи” — (ҳозирда чоп этилмаётган “Ёшлар овози”), “Тошкент оқшоми”, “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Саодат” каби нашрлар деярли ҳар бир хонадонга кириб борарди. Ададини сўрасангиз, миллионга яқинлашарди. Хўш, бугун-чи? Яширишга ҳожат қолмади: бир махзун, бир оғир аҳволга тушиб қолди аксарият нашрлар.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, нега одамлар газета-журналлардан узоқлашди? Ахир, матбуот жамиятнинг кўзгуси, маънавият сарчашмаси эмасмиди? Ё ушбу “кўзгу”да халқ дарди, ташвишлари акс этмай қолдими? Матбуот ёлғон чўпчакларни айтавериб, ҳамманинг эътиборидан қолдими? Интернет, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга кириб келиб, босма нашрлар ўрнини буткул эгалладими? Ёхуд, энди баъзи бировлар фол очаётганидек чиндан ҳам босма нашрларга эҳтиёж қолмадими?

Бу кўпдан-кўп тизгинсиз саволларга жавоб топишнинг ўзи бўлмайди. Чунки бу саволларнинг аксариятида жавоблар ҳам озми-кўпми бордек.

Аммо… назаримизда сабаблар битта-иккита эмас. Энг катта сабаб­лардан бири шундаки, мактаб ўқувчиларига, олий таълим ўчоқлари талабаларига ўз нашрларининг боришига ўтган 25 йил давомида биров эътибор қилмай қўйгани боис, истаймизми йўқми, матбуотни ўқимайдиган авлодни пайдо қилдик.

Ахир, бундан 30-40 йил бурун ҳар бир синфда нечта бола ўқиса, шунча бола “Ғунча”, “Гулхан”, “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”)ни олар эди-ку.

Олий таълимда ўқиб юрган ёшларнинг қўлидан газета-журнал тушмас эди-ку.

Бугун минг афсуски, мамлакатимиздаги ҳар бир мактабга юқоридаги нашрлар, синфларни қўйинг, ҳар бир мактабга ақалли 1 нусха бормаётгани ачинарли ҳол. Йўқса, нуфузли болалар нашрлари бугун 2-3 минг нусхада чоп этилармиди?!

Газета-журналларнинг обуна нархи эса жуда баланд, шу боис, кам нусхада чиқишга маҳкум. Айтайлик, ҳозир 2-3 минг нусхада чоп этилаётган “Гулхан”нинг йиллик обуна нархи юз минг сўм бўлса, мабодо у бир миллион нусхада чоп этилса, қанча бўларди? Шубҳасиз, обуна баҳоси 10-15 минг сўм атрофида бўлардими, бизнингча шундай.

Демак, бу жиҳатларни ҳам энди ўйлаб кўрадиган вақт келди.

Бежиз давлатимиз раҳбари шу йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамидаги нутқларида матбуот нашрларининг ўрни ҳақида ҳам тўхталмади. Жумладан, Президентимиз шундай деди: “Муаллим ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириш ҳақида гапирганда, бугун жамиятимизда долзарб бўлиб турган яна бир масалага тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман.

Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.

Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди”.

Демак, матбуот керак. Миллионлаб одамлар ҳали ҳам ўқишни истайди. Фақат… соҳага эътибор, ғамхўрлик зарур.

Аммо булардан ҳам аввал, матбуотга муносабатни ўзгартириш ҳаммасидан ҳам долзарб­роқдир, десак хато бўлмаса керак.

Бугун жойларда шундай “об-ҳаво” шаклландики, катта-кичик раҳбарларга, суд-ҳуқуқ идоралари вакилларига матбуотда айтилган гап шунчаки “эрмак” ёхуд эътибор қаратмаса ҳам бўлаверадиган чўпчак мисолдек. Аслида, жамият кўзгуси бўлган ОАВларида кўтарилган муаммо, танқидий чиқишлар зудлик билан ўрганиб чиқилиши, лозим даражада жавоб қайтарилиши – қонун талаби эмасми?! Аммо… Лекин… Бироқ…

Яна шуни айтиш жоизки, айрим вилоят ҳокимлари ўз нашрларига ҳаддан зиёд “меҳрибон”дирларки, обуна мавсумида вилоятдаги жамики ташкилот, корхоналарни мажбурий равишда ўз вилоят газетасига обуна қилишга йўналтиради. Айтинг, бу вилоят газетаси шунча зўр, ўқимишли эканми?

Қаёқда, ҳокимликдагилар муассислигидаги газетани ҳатто варақлаб ҳам кўришмаса керак. Бўлмаса, ундаги ғиж-ғиж саводсизлик, пала-партишликка чидаш мумкин эмас. Лекин қарабсизки, 30-40 минг нусха обуна муҳайё: республиканинг марказий нашрлари ҳисоб­ланган газеталар эса чалажон: 2-3 мингга етар-етмас аҳволда. Мамлакат бўйлаб тарқатиладиган газета – 2 минг нусха чиқар экану, вилоят газетаси – 40 минг ададда эмиш?

Жойларда бундай майнавозчиликларга бу йил барҳам берилиши, одамлар, ташкилот ва корхоналар ўзлари истаган нашрларга обуна бўлишларига кўпроқ эътибор қаратилса, маъқул бўларди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва омма­вий коммуникациялар агентлигида яқинда бўлган анжуманда айтилганидек, минг таассуфки, баъзи ҳокимликлар бўлса, ўз газеталарига умуман эътибор қаратишмайди. Бу ҳолатни ҳам оқлаб бўлмайди, албатта. Қуйидаги маълумотларга бир эътибор қилинг-а:

Ўтказилган ўрганишлар 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, аксар вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталарнинг адади 1000 нусхагаям бормаслиги кўзга ташланди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Кегейли турмысы” газетаси (Кегейли тумани ҳокимлиги) 21 нусхада, “Тўрткўлнома” газетаси (Тўрткўл тумани ҳокимлиги) 90 нусхада, “Тақытас хабарлари” газетаси (Тахиатош тумани хабарлари) 100 нусхада чоп этилмоқда.

Бухоро вилоятидаги “Галаосиё овози” газетаси эса (Бухоро тумани ҳокимлиги) 100 нусхада, “Қоракўл садоси” газетаси (Қоракўл тумани ҳокимлиги) 170 нусхада чиқади.

Жиззах вилоятидаги “Зарбдор” газетаси (Зарбдор тумани ҳокимлиги) 370 нусхада чиқса, “Дўстлик ҳаёти” газетаси (Дўстлик тумани ҳокимлиги) 453 нусхада нашр этилаётган экан.

Наманган вилоятидаги “Норин овози” газетаси (Норин тумани ҳокимлиги) 250 нусхада, “Косонсойнома” газетаси (Косонсой тумани ҳокимлиги) 400 нусхада;

Сирдарё вилоятидаги “Шарафли йўл” газетаси (Cардоба тумани ҳокимлиги) 80 нусхада, “Мирзаобод” газетаси (Мирзаобод тумани ҳокимлиги) 250 нусхада, “Гулистон янгиликлари” газетаси (Гулистон шаҳар ҳокимлиги) 400 нусхада;

Тошкент вилоятидаги “Ангренская правда” газетаси (Ангрен шаҳар ҳокимлиги) 409 нусхада, “Бостандық даусы” газетаси (Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги) 455 нусхада;

Фарғона вилоятидаги “Бағдод ҳаёти” газетаси (Бағдод тумани ҳокимлиги) 28 нусхада, “Знамя труда” газетаси (Қўқон шаҳар ҳокимлиги) 60 нусхада, “Яйпан овози” газетаси (Ўзбекистон тумани ҳокимлиги) 348 нусхада, “Қўқон садоси” газетаси (Қўқон шаҳар ҳокимлиги) 360 нусхада;

Хоразм вилоятидаги “Боғот садоси” газетаси (Боғот тумани ҳокимлиги) 260 нусхада, “Шовот истиқболи” газетаси (Шовот тумани ҳокимлиги) 300 нусхада, “Янгибозор кўзгуси” газетаси (Янгибозор тумани ҳокимлиги) 310 нусхада, “Ҳазораспнома” (Ҳазорасп тумани ҳокимлиги) ва “Хива тонги” (Хива шаҳар ва Хива тумани ҳокимликлари) газеталари 500 нусхада;

Қашқадарё вилоятидаги “Нахшаб” (Қарши тумани ва Қарши шаҳар ҳокимликлари) ва “Муборак ҳаёти” (Муборак тумани ҳокимлиги) газеталари 300 нусхада, “Яккабоғ овози” газетаси (Яккабоғ тумани ҳокимлиги) 343 нусхада, “Нишон тонги” газетаси (Нишон тумани ҳокимлиги) 350 нусхада, “Кеш” газетаси (Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги) 480 нусхада, “Қамаши” газетаси (Қамаши тумани ҳокимлиги) бор-йўғи 500 нусхада чоп этилмоқда.

Газеталарнинг бундай кам ададда чоп этилиши таҳририятларни молиявий жиҳатдан танг аҳволга тушириб қўйди. Жумладан, ходимларга иш ҳақи, ижара тўлови, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, босмахона харажатларини қоплаш имкониятлари йўқ ҳисоби.

Ваҳоланки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш – муассиснинг мажбуриятларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Демак, айрим вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан ўз муассисликларидаги газеталар олдидаги қонун билан белгиланган мажбуриятлари амалда бажарилмаяпти.

Сўнгги маълумотларга таянадиган бўлсак, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги 23 та газеталар бугунги келиб ўз фаолиятини тўхтатган.

Юқорида айтганимиздек, бир пайтлар адади 1 миллионга етган республика нашрлари “Ўзбекистон овози”ни оласизми ё катта бир партия нашри бўлган “Адолат”, ёки “Жамият”, “Оила ва жамият”, “Фан ва турмуш” ёхуд “Гулистон”га қарайсизки, бугун аҳвол гулистон эмас. Минг нусха, 1,5 ё 2 мингга етар-етмас ададда чоп этилмоқда. Таҳририятларда ижодий жамоа тарқоқ, ҳар жиҳатдан “тўкилай” деб турибди.

Донишмандлардан бири “Китоб ўқимасдан ҳам кун ўтказиш мумкин, аммо яшаб бўлмайди”, деган экан. Жуда ҳикматли гап. Ахир, одам боласи бу дунёга фақат еб-ичиш, кийиниш, ялло қилиш учун келмайди. Унинг чинакам инсон бўлиб яшаши учун эса бугун ҳам интернет, телефон каби техник воситалардан ташқари, китоб ҳам, газета-журнал ҳам керак. Уларсиз – ҳақиқий ҳаёт йўқ.

Зеро, пул, мол-дунёсини йўқотган киши, уни кун келиб топиши мумкин. Ўзлигини йўқотган одам эса асло барака топмайди. Нафақат ҳар бир мактаб, идора ва корхоналар, таълим муассасаларига, балки ҳар бир хонадонга зиё чашмалари – газета-журналлар кириб бориши – орзу бўлиб қолмоқда. Ишончимиз комил, халқимизнинг матбуотга меҳри, муҳаббати бутунлай йўқолиб кетмаган. Бунинг учун биринчи галда ҳокимликлар, ҳар бир ташкилот, корхона мутасаддилари, улардан олдин вазирлик, қўмита, агентликлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, халқ таълими ва бошқа вазирликлар, қўйингки барча идоралар мутасаддиларининг ОАВларига бўлган муносабати, эътибори кескин ижобий томонга ўзгармаса, илиқ натижани кутиш бефойда.

Ахир, Юртбошимиз ўз нутқларида босма нашрга муносабатни, унинг ҳаётий эҳтиёж эканлигини бежиз уқтирмади.

Тан олиш керакки, газета ва журналлар ҳам ўзгаряпти. Ҳарқалай, бундан 4 йил аввалги бир хил қолипдаги нашрлар эмас. Ҳар бир газета-журналда ўқийдиган нимадир бор. Эндиги вазифа эса матбуотнинг эркин, очиқ ва холис халқ минбарига айланишида. Ўқувчини бефарқ қолдирмайдиган газета, журнал чоп этиш – давр талаби. Аммо кўпчиликда ҳозир шундай муносабат шаклланган: “Э, газеталарми, ўқийдиган ҳеч нарса йўқ!” ёки “Барибир, ўша эски гапларни ёзади-да”. Э, танқидчи биродар, ўзи умрингда охирги марта қачон ва қайси газетани ўқиб кўрдинг, деб сўранг, шунда ҳам бўш келмайди: “Биламан-да!”

Бизнинг ҳам билганимиз шуки, кўнглимизда собит ишонч бор. Чунки юртимизда ҳар бир соҳа ривож топяпти. Ўтган йилларда йўл қў­йилган, эътибордан четда қолган соҳаларга жонбахш этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг иродаси – халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан ҳамоҳанг. Шундай экан, босма нашрларнинг эртаси борлигига ишонч бор!

А. ПАРДАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =