“Ақлли шаҳар”дан замонавий маҳаллагача

Бутун дунёда ким ўзбекни билса, “Меҳмондўст, самимий, меҳнаткаш халқ”, дейди энг аввал. Яна таъриф истасангиз, халқимизнинг сифатларини бир-бир санаб бораркан, уста меъмор, тиришқоқ бунёдкор эканини ҳам айтмасдан қолмайди, албатта. Деганларича бор-да. Давлатчилигимиз тарихида ҳам меъморчилик, бунёдкорлик масалаларига алоҳида эътибор билан қаралган. Тарихий меъморчилигимизнинг энг гуллаб-яшнаган палласи Амир Темур ва темурийлар замонига тўғри келган бўлса, ҳали-ҳамон дунё сайёҳларини ўзига ром этаётган обидаларимиз хонликлар даврида қурилган. Ва мана, гувоҳи бўлиб турибсизки, бугун ҳам мамлакатимизда шаҳарсозлик катта шиддат билан ўсиб бормоқда. Кўрсангиз кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди.

Шундай ишларни кўриб, ёритиш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Тошкент вилоятининг маъмурий маркази сифатида эътироф этилаётган Нурафшон шаҳрига, шунингдек, Қуйи Чирчиқ туманига пресс-тур ташкил этилди. Келинг, буни ижодий саёҳат, деб атайлик. Эрта тонгдан турли босма нашрлар, радио ва телевидениедан 30 дан ортиқ журналистлар ижодий саёҳат учун йўлга отландилар.

Гарчи юзининг ярмини ниқоб яшириб турган бўлса-да, журналистлар кўзидаги борилажак манзилга бўлган қизиқишни илғаш осон эди. Пойтахтдан чиқиб, Тошкент вилоятига кириб борар эканмиз, Нурафшоннинг остонасида бизни ушбу янги шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов қаршилади.

Шаҳарда олиб борилаётган жадал қурилиш ишлари ҳақида дастлабки маълумотларни берган Қаҳрамон Ҳакимов ўзи мутахассислиги бўйича қурувчилик соҳасининг одами эканлигини ва вилоят марказининг замонавий меъморчилик талабларига муносиб тарзда қурилишига ҳам раҳбар сифатида масъуллиги, ҳам буни касбий бурчи деб қабул қилишини айтди.

Дарвоқе, ҳалитдан бери Нурафшон, деймизу, шаҳар ҳақида сизга маълумот беришни унутаёзибмиз. Ўрта Чирчиқдаги Тўйтепани билсангиз керак. Унинг номи 2017 йилда Нурафшон деб ўзгартирилган. Ўлкамизнинг кўркидан нур тўкилиб турадиган шаҳарларидан бирига айланиши ният қилинган-да. Шаҳар Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгиланган.

Яна ижодий саёҳатимиз баёнига қайтсам. Шаҳар ҳокими ҳам биз кетаётган автобусга чиқди. Шаҳарга кириб бораверар эканмиз, у киши йўл бўйи бу ерда қилинаётган улкан қурилиш, бунёдкорлик ишлари ҳақида гапириб бораверди. Тошкент вилоятининг барча марказий идораларининг янги бинолари: Тошкент вилояти ҳокимлиги, вазирлик бошқармалари, маданият масканлари  шу шаҳарда қад ростламоқда, бир қанчаси фойдаланиш учун топширилган ҳам. Асосий манзилимиз бўлмиш “Ақлли шаҳар” (Smart city) томон борар эканмиз, йўлда тўхтаб, янги қуриб битказилган турар-жойлардан бирига ҳам кирдик. Етти қаватли уй “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент вилояти минтақавий филиали ходимлари учун қурилган экан. 72 та хонадондан иборат ушбу турар-жой биноси замонавий архитектура ечимлари асосида қурилган. Бинонинг иситиш тизими энг замонавий стандартлардан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган бўлиб, энергияни максимал даражада тежар экан. Бу манзилдан чиққач шаҳарнинг “Бобур”, “Тошкент йўли” кўчалари бўйлаб юрдик. Ҳали бузилмаган эски уйларни кўриб, бунёдкорлик ишларидан кейинги ўзгаришларни солиштириш имкони туғилди. Ишонинг, жуда катта тафовут бор. Тасаввур қилинг, томлари эскириб, қорайиб кетган бурунги уйлар қандай-у, етти қаватли, салобатли, замонавий уйлар қандай? Қурилаётган бинолар тўла-тўкис битса, мамлакатимиздаги энг гўзал, обод шаҳарлардан бири бўлиши, шубҳасиз.

Шаҳар ҳокими атрофдаги биноларнинг қайси идоралар учун қурилаётганини бирма-бир айтиб, таърифлаб бораркан, олдинда мовий ойналари товланиб турган иншоотга кўзимиз тушди. Бу ёшлар маркази биноси экан. Нурафшоннинг ёшлари учун ажаб туҳфа бўлибди-да. Шошқалоқ вақт ўтиб бораётгани сабабли, бу ерга киролмадик. Орамизда кўпчиликнинг “Ақлли шаҳар”га қизиқиши устунлик қилди.

Катта таассуротлар билан давом этиб, йўлимиз “Textile Mill Tashkent” МЧЖ енгил саноат корхонасига тушди. Маҳсулотларининг 90 фоиздан ортиғи экспорт қилинадиган корхонада кунига 50-60 минг жуфт пайпоқлар ишлаб чиқарилар экан. Бу ерда 360 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлиб, кўпчилиги шу ерлик хотин-қизлар. Ишчилар билан суҳбатлашганимизда, улар бу ердаги меҳнат қийин эмаслигини, ходимлар учун яратилган шароит яхши эканлигини таъкидлашди. Корхона раҳбарининг айтишича, келгусида маҳсулотлар турини кўпайтириб, ишлаб чиқариш янада ривожлантирилади. Бу манзилдан чиқар эканмиз, дастгоҳлардан моҳирона фойдаланаётган опа-сингилларимизга “Қўлингиз дард кўрмасин”, дедик.

Ана эндиги манзилимиз Марказий Осиё­­да ягона бўлиши кутилаётган “Ақлли шаҳар” (Smart city) бўлди. Унинг умумий архитектураси бўйича учта лойиҳа мавжуд. Лойиҳаларнинг ўзини кўриб ҳайратингиз ортади, тўлиқ қуриб битказилса, Нурафшон ўз номига лойиқ нур таратадиган шаҳар бўлади. “Ақлли шаҳар” 2035 йилгача тўлиқ қуриб битказилиши керак. Учта лойиҳага кўра, шаҳарга сиғиши мумкин бўлган аҳоли сони турлича. Камида 28 минг, кўпи билан 48 минг нафаргача аҳоли яшаши мумкин бўлади. Барча бинолар энг замонавий услубда барпо этилади. Турар-жойлар алоҳида, корхоналарнинг бинолари алоҳида, бошқарув идоралари, банк ва шу каби бинолар алоҳида ҳамда ўқув масканлари ҳам фарқли ўринларда жойлашиши режалаштирилган. Бундай тартибли жойлашув биз учун янгилик эди, албатта. Бу шаҳар тўлиқ битса, албатта, битгунича ҳам яна бир келишни дилимизга тугиб қўйдик.

Нурафшонга саёҳат сўнггида журналистлар ва ҳоким Қаҳрамон Ҳакимов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Лекин ҳали сафаримиз қаригани йўқ эди. Энди бутун жамоа уловга чиқдик-да, Қуйи Чирчиқ туманига йўл олдик.

“Ақлли шаҳар” таассуротларидан кейин бизни ҳеч нарса ҳайратлантира олмаса керак, деб ўйлагандик, ушбу тумандаги “Беруний” маҳалласига боргач, адашганимизни ҳис қилдик. Маҳалла марказида Президентимиз томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббуснинг амалдаги исботини кўрдик. Маданият уйи, спорт мажмуаси, замонавий кутубхона, ишлаб чиқариш корхонаси битта ерда жойлашган. Маданият уйи ўтган асрда қурилган бўлиб, ҳозир тўлиқ таъмирланган, аммо унинг архитектурасидаги тарих руҳи сақлаб қолинган. Шифт безаклари, қандилу пардалар, саҳна — буларнинг барчаси кишига ажойиб бир кайфият бағишлайди.

Спорт мажмуасида ҳам маҳалла ёшларининг мунтазам бадантарбия билан машғул бўлишлари учун барча шароитлар мавжуд. Керакли спорт анжомлари билан таъминланган. Бу ерда шуғулланаётган ўнлаб ёш йигитлар билан суҳбатлашдик.

Маскандаги кутубхона фондида 600 дан зиёд китоб, ўндан зиёд компьютер бор экан. Бир маҳалланинг кутубхонаси учун бу яхши ҳолат, албатта. Ёшлар бўш вақтини бекорга сарфламай, шу ерни ўзларига манзил қилсалар, нур устига нур. Кутубхона жойлашган бинода тил, касбга ўргатиш курслари ташкил қилингани кишини қувонтиради.

Ишлаб чиқариш корхоналарига киришни ҳам унутмадик. Бу ердаги икки корхонадан бири аёллар ва болалар кийимлари, иккинчиси пойабзал ишлаб чиқарар экан. Хитой билан ҳамкорликда ташкил қилинган тикувчилик-трикотаж корхонаси 100 фоиз маҳсулотларини хорижга экспорт қилади. Хомашёни Қўқондан олиб келишларини билганимиздан сўнг, ўзимизнинг Қўқон матосидан кийим тикиб, хориж­га чиқаришаётгани бизни янада қувонтирди. Корхона 150 ходимни иш билан таъминлаш салоҳиятига эга. Оёқ кийим ишлаб чиқариш цехининг фаолияти билан ҳам танишдик. Корхонада 40 га яқин ходимлар ишлаётганининг гувоҳи бўлдик. Корхона раҳбари пойабзаллар ҳозирча фақат ички бозорга чиқарилаётганини, аммо келгусида фаолиятини кенгайтириб, экспортбоп товарлар ҳам ишлаб чиқариш ниятида эканини билдирди. Битта маҳаллада шунча шароитлар яратилаётгани жуда катта ютуқдир. Ҳали келажакда мамлакатимизнинг жуда кўп­лаб ҳудудларида шундай шароитлар яратилиши, шубҳасиз.

Шу билан Нурафшондан бошланган ижодий саёҳатимиз ниҳоясига етди. Барчамизнинг таассуротларимиз ўзгача, кайфиятимиз кўтаринки эди. Ҳатто кун бўйи юрганимизнинг чарчоғи ҳам сезилмасди. Шаҳарсозларимиз осмонўпар биноларни қуриш баробарида миллатимиз руҳини, давлатимизнинг шон-шарафини ҳам юксалтириб бормоқда. “Беруний” каби маҳаллаларимизда яратилган муҳит давлатимизнинг ривожланиш йўлида шаҳдам қадамлар билан бораётганининг ёрқин мисолидир.

Шаҳзод ШОДМОНОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 11 =