Ҳар ишда бир хайр бор ёки Сирдарёда бир кун

Юрган — дарё, ўтирган — бўйра, дейдилар. Янги ижодий саёҳатга отланар эканмиз, негадир, шу мақолни журналист аҳли ўзига шиор қилса бўларкан, деган хаёл ўтди. Сирдарё вилоятига бўладиган сафар иштирокчилари келишилгани каби эрта тонгдан йўлга тушдик. Табиатга ноябрь об-ҳавоси ўз ҳукмини ўтказмоқда эди. Ёмғир майдалабгина тушиб турибди. Ёмғир билан Худонинг барокати ёғилади, дейишади. Сафаримиз ҳам барокатли бўлсин, дея ният қилдик. Турли нашрларнинг йигирма нафарга яқин журналистлари салобатли, оқ автобусга ўтириб, “Қайдасан, Сирдарё?” — деганча йўл олдик. Дарвоқе, ижодий саёҳат, деб айтаётганимиз пресс-тур Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бир қанча вақт ўтиб, Гулистон шаҳрига етдик. Бу ерда сафимизга вилоятлик журналистлар ҳам қўшилишди. Қадрдон қипчоқ шевасида ҳол-аҳвол сўрашлар бошланиб кетди, автобус самимият билан тўлди. Энди асосий манзилларимиздан бири бўлган Ховос тумани сари кета бошладик. Автомобиль йўлининг таъмирталаб аҳволи ҳам уловимиз шиддатига халақит қила олмади. Ниҳоят, биз шошилган, бизни кутган Ховосга етиб келдик. “Xovos city” деб юритилаётган 42 гектарлик майдонга қурилган 30 та турфа рангдаги 5 қаватли бинолар йўл четида ипга тизилган мунчоқдек бўлиб бир қаторда қад ростлаган эди. “City шу ерми?”, “Ҳа, шу ер”, дейишди. Сўнгги эллик йилда шаҳарчада бирорта ҳам кўпқаватли уй қурилмаганини ҳисобга олсак, бу жуда катта ўзгариш, албатта.

Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Санжар Пўлатовдан манзил ҳақида бир қанча маълумотларни олдик. Юқорида айтганимиз 30 та уй 2019 йилда қуриб битказилган экан. Аммо “Хоvоs city”нинг қурилиш ишлари ҳали тўлиқ тугалланмаган, камида яна 6 ой давом этиши мумкин экан.

Сабаби — пандемия, бундан ташқари, фалокат оёқ остида, деганларидек, дабдурустдан бошимизга келган Сардоба фожиаси. Бу уйларга кўчириб келтирилганларнинг мингга яқини ўтган асрда қурилган анча эски уйларда яшаб келаётган бўлган. Уларнинг 305 та эски уйлари бузилиб, компенсация пули тўланган ҳолда янги уйларга кўчирилди. Икки хоналиси 140 миллион сўм, уч хоналиси 160 миллион сўм бўлган “Хоvоs city”нинг ажойиб уйлари 20 йилга 8 фоизлик кредит асосида берилибди. Бу ерга кўчиб келганларнинг иш билан таъминланиш масаласи ҳам ҳисобга олинган. Масалан, Ховос шаҳарчасида Туркия билан ҳамкорликда 500 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш мумкин бўлган тикувчилик цехи қурилган. Манзилга яқин жойда саноат зонаси бўлиб, у ердаги завод ва корхоналарда ҳам аҳоли учун иш ўринлари мавжуд.

Масъуллардан керакли маълумотларни олгач, уйларни ўз кўзимиз билан кўриб, бу ерда истиқомат қилаётганлар билан суҳбат қурмоққа шошилдик. “Ахир, масъулларнинг гапини аҳоли ҳам тасдиқлайдими?” — деган савол ҳам сўровномамиздан тушиб қолмаган эди. Бир-иккита хонадонларга кирдик. Хонадон эгалари шароитлар яхши эканини, газ, электр, иссиқ-совуқ сув ҳамда канализация билан боғлиқ муаммолар йўқ эканини айтишди. Сўнг, чиқиб, уйларнинг ташқи томонини томоша қилиб турганимизда бир аёл келиб, Ховос тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Бекзод Бердиевга нимадандир шикоят қилди. Унинг айтишича, янги дераза- ромлардан чанг ва совуқ кираётган экан. Бекзод ака жавобгар одамлар билан гаплашиб, муаммони ҳал қилишини айтди. Аёл яна бир нарсадан норози эди: у ногирон фарзандини 5-қаватга тушириб-чиқаришда қийналаётганини, бирорта аъзосининг ногиронлиги бўлган оилаларга хонадонлар биринчи қаватдан берилиши кераклиги ҳақида айтди. Бизни кўриб яқинлашган бошқа бир аёлдан ҳам янги уйлардаги шароитлар ҳақида сўрадик. Кўчиб келганига беш ой бўлган аёл ҳаммаси кўнгилдагидек эканини айтди-ю, уйнинг ички деворлари юзаси кўчаётганини, нон ёпиш учун тандир айвонлари ҳали қуриб берилмаганини қўшимча қилиб қўйди. “Ҳар тўкисда бир камчилик”, дедик-да, барча муаммолар ечим топишига умид қилдик.

Энди катта йўлнинг иккинчи томонидаги “Бунёдкор” маҳалласи томонга ўтдик. Бу ерда уч хонали уйи билан ҳисоблаганда икки сотихлик ҳовлиларнинг 49 таси ҳақиқатан уй-жойга эҳтиёжи бор, ногиронлиги бўлган кишиларга текинга берилган экан. Бу уйларга Сирдарё вилоятининг ҳар бир туманидан биттадан оила, Ховос туманидан 30 оила кўчириб келтирилган. Ҳовлилардан бирига кирдик. Ўзини Сафаргул Исмоилова деб таништирган аёл қаршилади. Унинг атрофини ўраб олган журналистларнинг берган турли саволларига у бирма-бир жавоб бера кетди:

—       Бу уйга кўчиб келганимизга тўрт ой бўлди. Шу пайтгача, 5 йил давомида дала шийпонида яшаганмиз, ундан кейин 13 йил ижарама-ижара сарсон бўлиб юрдик. Худога шукр, мана шу уй давлатимиз томонидан текинга берилди. Турмуш ўртоғим ногирон — ўнг қўли ишламас эди. Аммо шундай бўлса ҳам, бир танишимиз орқали Қозоғистонга бориб-келиб ишлаб юрарди. Ўтган йили вафот этди, апрель ойида майитини олиб келишди. Ҳозир уч нафар фарзандим билан шу уйда яшаяпмиз. Ўзим касаначиман, уйда ўтириб тикувчилик қиламан. Ойига 350–400 минг сўм топаман. Пахта мавсумида кунига 100–150 килограммгача пахта тердим. Орттирган пулимга ҳовлидан кичкина иссиқхонача қурдик, бодринг-помидор экканмиз. Фақат иссиқхонани иситиш қийин бўляпти.

Сафаргул опанинг турмуши ҳақида эшитиб, бир ачинади одам, бир қойил қолади. Не-не матонатли одамларимиз, аёлларимиз бор-а. Қўлида бор энг кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб, болаларининг қорнини тўйғазишга, устини бут қилишга уринишади. Ҳали айтганимиздек, бу ҳовлиларнинг катталиги уч хонали уйи билан қўшиб ҳисоблаганингизда икки сотих. Бундай ҳолда ҳовлининг торлигидан нолиб, дийдиё қилиш ҳам ёки Сафаргул опа сингари тор ҳовлида бўлса-да, мўъжазгина иссиқхона ташкил этиш ҳам мумкин.

“Бунёдкор” маҳалласининг раиси Баҳодир Толипов билан ҳам анча суҳбатлашдик. У киши Сафаргул опанинг иссиқхонаси учун газ тушириб бериш масаласида мутахассисларга айтмоқчи эканини, агар бунинг иложи бўлмаса, кўмир олиб келиб беришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, унинг айтишича, бу ердаги аҳолини иш билан таъминлаш учун ҳам шароитлар бор экан. Тикув цехи, шоколад заводида иш ўринлари мавжуд, яқин кунларда ишга туширилиши кутилаётган вино заводида ҳам янги иш жойлари пайдо бўлади. Имконияти чекланганлар учун уйда ўтириб ишлашга шароит яратиб берилмоқда.

Навбатдаги манзилимиз “Textile fashion” тикув корхонаси бўлди. Очилганига икки йил бўлган корхонада ҳозирги пайтда 200 нафар ишчи ишламоқда. Яна 100–150 иш ўрни мавжуд. Бу ерда, асосан, футболкалар ва болалар кийимлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларининг 70 фоизи хорижга — Туркия ва Россияга экспорт қилинади. Корхонада ишлаётган хотин-қизлар 600 мингдан 1 ярим миллион сўмгача ойлик маош олишади. Корхона раҳбарининг ўринбосари бўлган Темур Янгибаев бу ерда тикиш-бичишни билмаган хотин-қизлар учун 3 ойдан 6 ойгача ўқув курслари ҳам мавжуд эканини айтди.

Тикув корхонасининг ходимлари билан ҳам суҳбатлашдик. Тонгги соат 8 дан кечки 5 га қадар ишлашларини, иш шароитлари яхши эканлигини, тушлик ва бошқа ташкилий масалалардан ҳам мамнун эканликларини билдиришди. Корхона ходимлари учун ҳар ҳафта пайшанба куни ош қилиб берилар экан.

Иш билан боғлиқ эътирозлари бўлмаса-да, уларнинг айримлари уйлар борасида норозилик кайфиятида эди. Улардан бири: “Уйимиз паст баҳоланган, янги уйларнинг аҳволи ҳам қониқарли эмас, таъмирталаб, поллар шишиб кетяпти, деворларда ёриқлар пайдо бўла бошлаган”, деса, бошқа бири: “Олти хонали уйимиз, олти сотихли ҳовлимиз бор эди. Ҳозир саккиз киши уч хонали уйда яшаяпмиз. Ўзимизнинг уйимиз бузиладиган аҳволда эмасди. У ерга бошқа нарса қуришгани ҳам йўқ, қандай бузилган бўлса, ўша аҳволда ётибди”, деди.

Тани бошқа дард билмас, деганлари рост. Биз уларнинг гапларини ёзиб олдиг-у, мутасаддилар ҳукмига бу эътирозларни ҳавола қилишни ваъда қилиб, автобусга ўтирдик-да, “Янги Ховоснинг тарихий майдони” сари йўл олдик. Ташқарида ҳамон ёмғир ёғарди. Бу ерда хотира майдони, 2700 йиллик тарихга эга бўлган Ховоснинг тарихидан ҳикоя қилувчи музей жойлашган. Музей олти ой аввал ташкил қилинган бўлиб, 200 дан зиёд экспонатлар сақланмоқда. Археологлар томонидан топилган яна янги экспонатлар рўйхатдан ўтказилиб, музей фондини бойитиш арафасида.

Музей томошасидан чиққач, Гулистон сари йўлга тушдик. Бу ерда барча журналистлар бир дастурхон атрофида масофа сақлаб овқатландилар. Cўнгра Сирдарё вилоятида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан тақдирланди. 20 нафар журналистга уюшманинг янги кўринишдаги аъзолик гувоҳномаси-ю кўкрак нишонлари топширилди. Бу манзилдан чиққанимизда қош қорайиб қолганди. Вилоятлик ижодкорлар билан хайрлашдик ва охирги манзилимиз ҳисобланмиш Мирзаобод тумани сари равона бўлдик. Чунки бу ерда Сардоба сув омбори тошқини натижасида уйсиз қолганлар учун кўп қаватли турар-жойлар қурилиб, “Янги Ўзбекистон” номли маҳалла барпо этилган. Маҳалла ҳудудида 12 гектар майдонга 40 та беш қаватли уй беш ой ичида қуриб битказилганидан хабардор эдик. Уйларни кўриб тасанно, дейсан, киши. 140 та хонадоннинг калитлари бир кун олдин ўз эгаларига топширилган экан. Биз борганимизда улардан бир-икки оила кўчиб келмоқда эди. Шундай оилалардан Нигора Мамасолиеванинг суҳбатини олдик:

—       Биз “Ҳақиқат” маҳалласи Солин қишлоғида яшардик. 3 та фарзандим бор. 10 хонали уйимиз бор эди. Эрталаб бизга Сардоба сув омбори бузилгани ҳақидаги хабар етиб келди. Болаларимизни олиб чиқиб кетдик. Шаҳардаги учинчи мактабда яшадик. 10 май куни уйимни кўришга келганимда, ҳеч нарса йўқ эди. Мана, янги уч хонали уй беришди, маиший техникалар билан таъминлашди. Миннатдормиз. Шу кунгача чайлада яшаётгандик. Бизнинг атрофимизда яна 12 хўжалик чайлада яшамоқда эди. Давлат томонидан берилган 40 миллион сўм пул билан кун кўриб келдик. Олдин деҳқончилик билан рўзғор тебратардик. Ҳамма нарсамизни сув ювиб кетди. 12 сотих участкамиз ўзимизга қолди. У ерда яна деҳқончилик, мол-ҳол қиламиз.

Янги уйларнинг ичига ҳам кириб кўрдик. Жуда ажойиб қурилган. Уй эгалари ҳам шароитлардан мамнун эканлиги яна-да яхши. Матонатли халқимиз бу синовлардан ҳам ўтиб олишади, албатта. Ҳар ишда бир хайр бор, дейишади-ку. “Ҳақиқат” маҳалласини Сардобанинг сувлари ювиб кетган бўлса-да, энди у ерлик одамларнинг “Янги Ўзбекистон”и бор.

Шундай қилиб, ижодий саёҳатимиз ҳам ниҳоясига етди. Барчамиз бир кунлик таассурот-у фикр, хулосалар ва ёзилажак “асар”имизнинг хомаки нусхасини елкалаганча автобусга ўтирдик. Бетакрор оқшом ва ёмғир ҳамроҳлигида жонажон пойтахтимизга етиб келдик. Ҳозирча бор гап шу.

Шаҳзод ШОДМОНОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + five =