Одамлар қалбидаги орзу-умидлар

Янгиланаётган Ўзбекистон! Қалбларни уйғоқликка чорловчи жарангдор бу сўзлар моҳиятида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудини — чекка ва олис қишлоқларини ҳам қамраб олган ислоҳотлар жараёни, кенг бунёдкорлик ишлари, одамлар турмуш тарзининг ижобий томонга ўзгариб бораётгани мужассам.

Бундай жараёнларга журналист — ижодкор кўзи билан синчков назар солинганда эса одамлар қалбидаги орзу-умидлар рўёби ҳам ойдинликка қалқиб чиқади. Бу албатта, журналистни ислоҳотлар жараёнини рўй-рост, бўй-басти билан борича ёритишга ундайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган пресс-тур тадбирлари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу галги пресс-тур мамлакатимиз мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. “Нурли жол”, “Овози тожик”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон овози”, “XXI аср”, “Адолат”, “Жамият”, “Хабар.уз”, “Ўзбекистон-24”, “Севимли”, “Менинг юртим” каби марказий ОАВ, шунингдек, маҳаллий газета ва телевидение вакиллари шу йилнинг 10-11 декабрь кунлари Навоий ва Ғозғон шаҳарларида бўлиб, бу ҳудудларда амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишиш имконига эга бўлди.

Дастлаб иштирокчилар Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишишди. Мазкур корхона 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда вилоятдаги пахтачилик бўйича йирик кластер субъекти саналади. 1300 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада Швейцариянинг илғор етакчи енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи “RIETER” компаниясининг ип йигирув дастгоҳлари ўрнатилган. 2019 йилда жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 27000 тонна калава-ип тайёрлашга етказилди. Корхона Навоий вилоятида етиштирилаётган пахта толасининг 70 фоизини қайта ишлаб, ярим тайёр ҳамда тайёр маҳсулотларни бозорга олиб чиқмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар экан, корхона ишчи-ходимлари билан мулоқот жараёнида улар учун яратилган қулайликларни кўздан кечиришди. Маълумки, Навоий вилояти фақатгина саноатлашган ҳудуд бўлиб қолмай, балки кейинги йилларда ижтимоий соҳа, хусусан, таълим тизимида ҳам қатор ижобий натижалар қўлга киритилаяпти.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “РЕЙТИНГ-2019” натижалари бўйича Давлат тест маркази таҳлилларига кўра, ўқувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича вилоят республикада 2-ўрин, Навоий шаҳри эса 1-ўринни эгаллади.

ОАВ вакиллари Навоий шаҳридаги Навоий-Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан ҳам танишишди. Математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 360 ўринли мазкур мактаб интернати жорий ўқув йилидан иш бошлади. Мактаб-интернатига ўқувчиларни саралаб олиш жараёнлари 5 босқичда амалга оширилди. Шунингдек, мактаб-интернатни мукаммал таъмирлашга 2,8 миллиард маблағ сарфланган бўлса, 1,7 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий моддий-техника базаси билан тўлиқ жиҳозланди.

— Навоий вилояти саноат соҳаси билан бирга республикада таълим борасида ҳам етакчи ўринни эгаллаб келаётгани бизни қувонтирди, — дейди тадбир иштирокчиси, таниқли шоира Зулфия Мўминова. — Бу албатта, Алишер Навоий бобомиз номи билан аталувчи ҳудудда улуғ номга муносиб авлодлар тарбияланаётганидан дарак беради.

Пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳрида қад ростлаб, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган мегакўприкни ҳам бориб кўришди. Ер усти кўпригида пиёдалар учун яратилган шарт-шароитлар тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Шу куннинг ўзида Навоий шаҳридаги тўрт юлдузли, яқинда фойдаланишга топширилган “Тинчлик плаза” меҳмонхонасида медиа-тур доирасида “Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов бугунги кунда профессионал журналистикани ривожлантириш янада муҳим, долзарб аҳамият касб этаётганини, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, ёш, етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун ҳали кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозим. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, соҳа учун кадрлар етказиб берувчи олий ўқув юртларида таълим олаётган йигит-қизларни амалиётга кўпроқ жалб этиш, қизиқишини ошириш, уларни муносиб рағбатлантириб бориш профессионал журналистларни вояга етказишда алоҳида аҳамият касб этади.

Давра суҳбати давомида бир қатор амалий таклифлар ҳам билдирилди. Масалан, босма матбуотни амалда қўллаб-қувватлаш, матбуот котиблари фаолиятини жонлантириш, профессионал журналистикани қўллаб-қувватлашда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари айтиб ўтилди.

Конференция доирасида бир гуруҳ навоийлик фаол журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг, Уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланиб чоп этилган “Бунёдкорлик симфонияси” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китобда Навоий вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида сўз юритилади.

Медиатурнинг иккинчи куни Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри — Ғозғонда ва Нурота туманида давом этди. Ғозғон шаҳри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан расман 2019 йилнинг 3 май куни ташкил топган. Майдони 59,4 минг гектарни, аҳолиси эса 8,4 минг кишидан иборат. Ушбу ҳудуд Марказий Осиёдаги пардозбоп тошлар, хусусан, гранит ва мармар йирик захираларига эга энг бой ҳудуд саналади.

Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур қарор ижроси юзасидан қисқа даврда жами 218 миллиард 299 миллион сўмлик ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Пресс-тур иштирокчилари ҳудуддаги энг йирик корхона —   “Мармаробод” кластер корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ва жараёнларини кўздан кечиришди. Ҳозирги кунда “Мармаробод” кластер корхонасига тегишли 2 та карьерда янги ускуналарда гранит тошларни замонавий усулларда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари Нурота туманида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, “Чашма” меъморий мажмуасида олиб борилаётган беқиёс бунёдкорлик жараёнларини кўздан кечирди. Мазкур ҳудудда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ободончилик ишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида иштирокчилар Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор касаба чеварлари” МЧЖ фаолияти билан ҳам таништирилди. Навбаҳор туманининг “Қалқонота” маҳалласида ташкил этилган мазкур замонавий тикувчилик фабрикасида 100 нафардан зиёд хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Жойлардаги ислоҳотларнинг самарасини мана шу корхонада фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг дилидаги мамнунликдан ҳам билса бўлади.

— Мен шу туманнинг “Тошработ” маҳалласида яшайман, — дейди тикувчи Мадина Абдуқаҳҳорова. — Жорий йилнинг ноябрь ойидан иш бошладим. Унга қадар 3 ой ўқув курсларида малака оширдик. Бу даврда бизлар учун стипендия ҳам тўланди. Фабрикадаги шарт-шароитлар бизни беҳад қувонтиради.

— Оддий одамларнинг дилидаги хурсандчилик жойларда ҳаёт сифати ўзгараётганидан далолат беради, — дейди сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов. — Биз, Навоий вилоятида ана шундай ўзгаришлар бир неча баробар юқори савияда амалга оширилаётганлигини кўриб, гувоҳи бўлдик. Нафақат янги-янги корхоналар ва бошқа объектлар мисолида, балки одамларнинг кайфиятидан ҳам буни ҳис қилдик.

Пресс-тур якунида журналистлар ҳамда вилоят ҳокими Қ.Турсунов ўртасида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими яна бир бор вилоятда амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб, пойтахтдан келган меҳмонларнинг таассуротлари билан ўртоқлашди.

Анжуман иштирокчилари вилоятдаги ўзгаришларни алоҳида тўлқинланиб таъкидлашар экан, вилоятда иқтисодиёт билан бирга маънавий-маърифий соҳа ҳамоҳанг юксалиб бораётганлигига урғу бериб ўтишди.

Шунинг билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда ўтказилган пресс-тур ўз ниҳоясига етди.

Энг эътиборлиси, Навоий вилоятида ташкил этилган икки кунлик мазкур тадбир журналистлар учун вилоятнинг бугунги ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имкониятини яратди.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =