Хазина устига чордана қурган юрт

Мамлакатимизнинг асосий олтин хазиналари Навоий вилоятининг Зарафшони бағрида болалаб, кўпайиб ётибди. Энг йирик мармар конлари эса Ғозғонда. Бугунги кунда етти иқлим интилаётган, бу ерга келиб ихлос билан Аллоҳга ибодат қилаётган, дуоларининг мустажобини топаётган, ўзидан нур таратиб турган табаррук зиёратгоҳ Нурота — Навоийда.

Ҳазрати Навоий демишлар:

“Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбатни ҳавас айлама.

Мусофир бўл, аммо Ватан ичра бўл,

Тила хилвату анжуман ичра бўл”.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур дастурида Навоийни кезар эканман, шеърият мулкининг султони битган бебаҳо сатрлари тилимда айланаб, хаёлимни чулғаб олди. Пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳрига оламнинг тонг нурлари ёрита бошлаган пайтда кириб бордик. Бу бир беқиёс лаҳзалар эди. Бу пайтда Навоий шаҳри уйқудан уйғониб, хазина устида чордана қурган куёвга ўхшар эди. У шунчаки ўтиргани йўқ. Қиёфасидаги бахтиёрлик, муҳаббатдан чўғланган нигоҳларида ўктамлик ва келажак режалари, мақсадларини пишиқ, пухта тузиб, ўзини кутиб турган муваффақиятларни аниқ ҳис этиб турган соҳиби саодатга монанд эди.

Навоий шаҳридан гўё тўй ҳиди уфуриб турарди. Ўзига хос дизайнга эга иншоотлар, нурафшон йўллар, ороланган кўчалар, янгидан – янги намунали уйлар, тўлиқ таъмирдан чиққанлиги билиниб турган турар-жойлар. Шаҳар марказига келганимизда ғира-шира тонгда ҳали чироқлар ўчмаган янги кўприкка дуч келдик. Қизиқиш устин келиб автобусдан тушдик. Бизни кутиб олиб ҳамроҳлик қилаётган Навоий вилояти ҳокимининг матбуот котиби Дилшод Мамаражабов ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Отабек Аслановлар   барчани кўприкка бошлаб завқ билан таништира бошлашди:

— Шаҳримизнинг Амир Темур ва Ғалаба шоҳкўчалари чорраҳасида пиёдалар учун қурилган МЕГА КЎПРИК шу йил “Навоий йўллардан фойдаланиш корхонаси” томонидан ишга тушган бўлиб, қиймати 12 миллиард сўмликдир. Кўприк жойлашган чорраҳа шаҳримиз деҳқон бозори ва кийим-кечак бозорлари ёнида жойлашган. Кўприкдан бир дақиқада 400 га яқин одам ўтиши мумкин. Кўприк бунёд бўлгунга қадар бу чорраҳада содир бўлган тирбандликлар, асаббузарликлар, йўл транспорт ҳодисаларини эслашга ҳали ҳам юрак безиллайди. Мана кўриб турибсиз, мега кўприк ўзига хос дизайн ечимига эга ва миллий услубда ишланган.Уч қаватли ушбу иншоат Осиёда ягона.

Эрта тонгда кўприкка югуриб чиқиб кетаётган ёшлар, кўприкнинг асосий йўлакчаси ёнидаги велойўлакчаларда қатнов бошланганидан далолат берарди. Шаҳарнинг ўзи истаган йўналиши бўйлаб юришга қийналадиган кексалар ва ногиронлар учун махсус лифт ва лифт кузатувчиси хизматга тайёрлигини кўриб янада мамнун бўлдик.

* * *

Хизмат сафаримиз давомида устав шартномаси 2.000.000 АҚШ долларини ташкил қилган “Baht Textile” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишдик. Швейцария давлатидан илғор енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи “RIETER” компаниясидан ип йигирув цехлари учун бинолар Миллий банк кредитлари эвазига қурилиб, Швейцариядан R66 янги пневматик дастгоҳлари олиб келинган. 2012 йилда 7200 тонна ип-калава ишлаб чиқарган жамият 2019 йилга келиб тўлиқ қувватда ишга тушиб йилига 27000 ип-калава ишлаб чиқара бошлади.Ҳозирда жамиятда 1327 нафар ишчи-хизматчи ходимлар меҳнат қилиб келмоқда. Шундан 901 киши аёллар, 426 киши эркакларни ташкил этади. 2020 йил январь ойида эса жамият Россия фуқароси устав капиталига кириши ҳисобига қайта давлат рўйхатидан ўтказилиб қўшма корхона мақомини олибди. Ҳозирда жамиятнинг устав жамғармаси 10.007.554 АҚШ долларини ташкил этмоқда экан.

Дунёда жумладан мамлакатимиз ҳаётидаги иқтисодий ривожланишга ҳам салбий таъсир кўрсатган СOVID-19 туфайли ушбу корхона ишчиларнинг маошида ўсиш бўлмагани дилимизни хира қилган бўлсада оғир кечган йилда ҳам корхона кластер усулига ўтиши ва бунинг натижасда Кармана, Хатирчи, Қизилтепа туманларидаги 616 та фермер хўжалиги билан контрактация шартномалари имзоланганини айтишди. Бунда 24474 гектар ер майдонида 70 минг тонна пахта ҳосили етиштирилган.

Қувонарлиси мазкур корхонанинг филиаллари Навоий вилоятининг туманларида очила бошлади. Янги иш ўринларини яратиш ҳамда пахта тўқимачилик кластерининг тўлиқ ҳажмда ишлашини таъминлаш мақсадида Кармана туманининг Хазора ҚФЙ ҳудудида 800 ўринли тикув фабрикаси қуриб битказилди. Бу ерда бир ой ичида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

* * *

Мамлакатнинг ер остидаги хазинаси олтину кумушлари, жавоҳиротлари бўлса, ер устидаги хазинаси — унинг ақлли одамларидир. Ер ости бойликларини, аввало, излаб топиш, уни қазиб олиш нақадар машаққатли иш. Тасаввур қилинг, қоп- қоронғу ер остида пешонага қўндирилган чироқча билан, қўлингиздаги асбоблар — иш қуроллари ёрдамида хазина томон йўл оласиз. Ҳар қадам устингизга тупроқ қулаб тушиши мумкин, эҳтиёт бўлмасангиз, ақлу фаросат ва чаққонлик билан ҳаракат қилмасангиз нафақат хазинадан айриласиз, балки ҳаётингизга нуқта қўйилади. Аммо барибир ният қилиш ва олға интилиш керак. Инсон тарбияси ҳам худди шундай гап. Шарафли, машаққатли, нозик, инчинун тарбия борасидаги хато ҳам ҳалокатга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “РЕЙТИНГ-19” натижаларига кўра Давлат тест маркази таҳлиллари асосида олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича Навоий вилояти Республикада 2-ўринни эгаллаган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 13 044 нафар 11-синф битирувчиларидан 25 нафари кумуш ва 125 нафари олтин медаль билан умумтаълим мактабини битирган. Шунингдек, 13044 нафар ўқувчидан 3881 нафар ўқувчи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича Навоий вилояти бу йил юртимизда илғорлар сафида.

2019-2020 ўқув йилида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган “Халқаро математика мактаби” билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 360 ўринли мактаб-интернати ташкил этилибди. 500 ўринга мўлжалланган ушбу мактаб билан танишар эканмиз, энг асосий ўқитувчиларнинг сараланганлиги диққатимизни тортди. Ҳар бир синфхоналарга ўрнатилган кузатув камералари орқали мактаб раҳбарияти ва хоҳлаган ота-оналар дарс жараёнини кузатиши мумкин. Хуллас, бу мактабда математика, физика, кимё, биология фанларининг иқтидорли устозлари   шу фанларга қизиқувчи ўқувчиларга   илм сирларини ўргатади. Натижа эса ҳар йили ўтказиладиган халқаро олимпиадалар ва ўқувчиларнинг мактабни битириб олий ўқув юртларига киришида яққол номоён бўлади. Мактаб 2,8 млрд. сўмга мукаммал таъмирланиб 1,7 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий моддий-техника базаси билан тўлиқ жиҳозланиши, бу ишларга маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 4, 5 млрд. сўм маблағ ажратилгани Ўзбекистонда таълим учун сарфланаётган маблағлар миқдори нақадар катталигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, таълимга йўналтирилган маблағ энг тўғри йўналтирилганидир. Мактабдан барчамизнинг кайфиятимиз кўтарилиб чиқди. Кейинги манзилимиз вилоятнинг янги Ғозғон шаҳри бўлди.

Бепоён кенгликлар, адирлар, паст-баланд тепаликлардан сўнг худди эртаклардаги сирли қасрдек олдимизда Ғозғон шаҳри пайдо бўлди. Олисдан Ғозғон мармари тимсоли — оқ мармар монументи гўзал маликадек виқор тўкиб турибди. Ғозғоннинг оқ, қора, кулранг мармарлари Аллоҳнинг халқимизга берган мўъжизасидир. “Мармаробод” масъулияти чекланган жамиятининг кириш жойидаги мармар лавҳага:

“Ушбу мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2019 йил Навоий вилояти Ғозғон шаҳрига ташрифи давомида қилинган тарихий ташаббусига асосан барпо этилди”, — деб ёзиб қўйилган.

Бир лаҳзада Юртбошимизнинг Навоий вилоятига ўша тарихий ташрифлари хаёлимдан кечади. Хотира уйғонади, гўзаллашади. Биз журналистлар “Мармаробод” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишдик.

“Мармаробод” масъулияти чекланган жамияти қазиб олинган табиий тошларга қайта ишлов берувчиларни зарур хомашё билан таъминловчи корхона этиб белгиланган экан. Минг-минг квадрат метрлик мармар ва гранит тошларни худди сарёғни кесгандек кесиб, беқасам матодек текислаб қўяётган асбоб-ускуналарни кўриб ҳайратда қоласан киши.

Банкнинг 4 миллион долларлик имтиёзли маблағи ҳисобига Хитой давлатидан келтирилган ускуналарнинг йиллик қуввати 70 минг куб метр тошни қазиб олиш ва 800 минг квадрат метр тошни қайта ишлашга мўлжалланган экан. Ҳозирги кунда “Мармаробод” да 170 та ходим меҳнат қилаётган бўлса, корхона тўлиқ қувват билан ишга тушса, ғозғонлик ёшлардан яна 400 нафари иш ўрнига эга бўлади.

Мармар конларининг захираси жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турадиган Ғозғон билан фахрланмай бўладими?! Ғозғонда, жилодор мармарлар ёнида машҳур сангтарош уста – “Эл- юрт ҳурмати” ордени соҳиби Тоҳир ҳожи Раҳимов билан суҳбатлашдик.

Тоҳир ҳожининг бобоси Абдураҳим уста биринчи ўзбек сангтароши бўлган экан. Миллатимизнинг маърифатли зиёлилари қаторида Абдураҳим сангтарош ҳам 1937 йилда қатағон қилинади. Унинг ўғиллари халқ душманининг боласи сифатида мактаб дарсларига қўйилмайди. Мактаб эшигидан дарсга кираолмай, синф ойналаридан қараб йиғлаб юрган болаларига онаси далда беради — “Йиғламанглар болаларим, сизлар ҳунарманд сангтарошнинг фарзандларисиз. Асло хор бўлмайсиз. Кун келади, отангиз оқланади, сизлар бой-бадавлат яшайсизлар. Хазина устига чордана қуриб ўтирасизлар.Фақат ҳалол бўлинг. Ғозғон қишлоғимиздан йироқлашманг. Ғозғонни ташлаб кетманг!”.

Ўша — эри қатағон қилинган, болалари мактабдан чиқариб юборилган, гоҳ оч, гоҳ ночор аммо мағрур онахон ҳақ гапни айтган экан. Кунлар келди Абдураҳим Турдиевнинг авлодларининг елкасига офтоб тегди.

Юртбошимизнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида сангтарошларга ҳам алоҳида марҳамат кўрсатдилар. Президент кўрсатмаси билан Тоҳир ҳожининг “Мармар камёб” хусусий корхонасига Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредит ажратди. Махсус мармар кесадиган ускуналар Хитойдан олиб келинди. 2011 йилда Тоҳир сангтарошнинг 5 та шогирди бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 30 нафардан ошди. Албатта, улар орасида ўз фарзандлари, набиралари ҳам бор. Юртимиздаги барча зиёратгоҳларда Тоҳир ҳожи ва унинг шогирдларининг ҳиссаси бор. Бугунги кунда уларнинг ижодига мамлакатимиздан ташқари Эрон ва Афғонистондаги зиёратгоҳлар, табаррук масжидларни безашда ҳам талаб катта.

“Яратган Эгам мени сангтарош уста авлоди қилиб сангтарош ҳунарини берганига беҳад шукр. Ҳаж зиёратига бордим, яна бир улуғ зиёратим Афғонистонга бўлди. Мен у ерда Навоий қабрини зиёрат қилдим. Ҳукуматимиз топшириғига биноан ул муҳтарам зотнинг мақбараларига мармар безаклар бердим. Назаримда атроф-олам янада нурга тўлгандек бўлди. Минг шукр! Ахир шу ҳунарим билан улуғ бобомиз руҳини шод этдим. Эндики, мендан бахтли ва бой одам йўқ”.

Навоий вилоятидан қайтар эканмиз, таъриф билмас туйғулар оғушида эдик. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, шеърият мулкининг султони номи билан аталган вилоятда ҳар куни янгиланиш ва юксалиш. Бу эл одамларининг ҳузурида қанча бўлсанг шунча илҳомланасан. Навоийликлар ақлу идроклари, бор иқтидорлари билан меҳнат қилмоқда. Энди Зарафшоннинг олтин сандиқларининг калити ўз эгасининг қўлида. Ғозғон ва Зармитан хазиналари устида чордана қурганлар ўз юртининг – Янги Ўзбекистоннинг бекларидирлар.

Уларни ҳалол меҳнат бой қилди, уларни қаноат ғани этди. Зеро, ҳазрат Навоий айтганларидек:

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,

Билгилки, ани қилди қаноат ғани.

* * *

Навоий шаҳридаги темирйўл шоҳбекатида Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов билан прес-тур иштирокчилари ўртасида қисқача суҳбат бўлиб ўтди. У пойтахтдан келган ижод аҳлини кузатиб қўяр экан, Президентимиз бошчилигида вилоятда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

—  Кўпгина кўрсаткичлар бўйича республикамизда Навоий вилояти биринчи ўринда, пешқадам, — деди у.

Алишер Навоийдек улуғ пири-комил номи билан аталувчи вилоят энди матбуот нашрларига обуна бўлишда демак, маънавият соҳасида ҳам биринчи бўлсин, ярим ҳазил ярим чин фикр билдирди ҳамроҳларимиздан бири. Бу гапга вилоят ҳокими кулиб, жилмайиб жавоб қайтарган бўлди. — Обунани ўзи энди бошладик… Кўрамиз…

Ўйлаймизки,   вилоятда бу борада ҳам ижобий натижа қайд этилишига эришилса, ажаб эмас.

  Зулфия Мўминова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + eleven =