Жимжит юрак туғёнлари

Таниқли шоир Одил Ҳотамовга мактуб

Ҳурматли Одил ака!

Сиздай самимий, камтарин ва дилкаш инсон билан юртдош эканлигим ва сиздай истеъдодли шоир билан замондош бўлганлигим билан фахрланаман.

Сизнинг турли йилларда чоп этилган “Кечки майсалар”, “Тириклик шами”, “Ниҳоллар”, “Дала йўли”, “Нафас” ва қатор тўпламларда чоп этилган шеърларингизни, “Юракдаги дарахт” ҳужжатли қиссангизни мароқ билан ўқиганман.

Тўғрисини айтсам, ижодингизнинг мухлисиман. Шеър ёзмасам ҳам шеър­ни жуда яхши кўраман. Кўп шеър ўқийман. Шеърдан куч-қудрат, илҳом оламан, ҳаёт завқини ҳис қиламан. Шеър — инсонни яшашга ўргатади.

Шу кунларда Сизнинг янги чоп этилган “Қуёш сиёҳдони” (“Шарқ” НМАК Бош таҳририяти, 2020 й.) китобингизни мазза қилиб ўқидим. Ижодий фаолиятингизда салмоқли ўринга эга бўлган ушбу китоб билан самимий табриклайман.

Шеър мусиқа билан оҳангдош. Энг яхши ва зўр шеър шубҳасиз мусиқанинг ўрнини боса олади. Шеърларингизнинг айрим мисралари менга ноталарни эслатди. Шунда билдимки, шеърнинг ҳам авжи, паст-баланд пардалари бўларкан. Сизнинг китобингиз тоза ва соф туйғулар оҳангидан тузилган қўшиқлар гулдастасига ўхшайди. Шеърни қўшиқ каби жаранг­латиб ёзиш ҳар қандай шоирга насиб этмайдиган бахт.

Китобни аста-аста варақлаймиз. Дастлабки саҳифалардан ўрин олган “Бухоро” шеърини ўқиймиз. “Миноралар минг йиллар оша — сукунатга сўйлар сирини” деб ёзасиз. Миноранинг сирларини эшитиш қандай бахт?! Бу учун “миноранинг дарду ҳасратларини тинглаб, сукунатга ғарқ бўлиш” лозим. Шунда унинг минг йиллик дарду фиғонлари аён бўлармикин?..

Айниқса, қуйидаги мисраларда Бухоронинг илоҳий жиҳатлари, ноёб сирларини очишга уринасиз:

Авлиёлар — сарғаймас сабр,

Тариқатлар — кўнгил ҳирқаси.

Ер кўксида ҳар битта қабр —

Эътиқоднинг нурли нуқтаси.

 

Ўқувчи юрагида Бухоро манзаралари намоён бўла бошлайди. У ҳам “эътиқоднинг нурли нуқтаси”ни анг­лашга, топишга интилади.

Ёки “Нурота” шеърингиздаги ушбу сатрлар юракларда ибодат соғинчларини қўзғайди:

Тиллардан тушмагай тиловат, дуо,

Жойнамоз ёзади қуёшнинг ўзи.

Балки, самоларга сочилар зиё,

Бунда юмилмайди кўнгиллар кўзи.

 

Ҳақиқатан ҳам Нуротага борган, Нурота зиёратларини адо этган кишининг кўнгил кўзлари очилади, асло юмилмайди. Бу муқаддас заминдан самоларга зиё сочилиши ҳам бир илоҳий мўъжизадир.

Яна бир шеърингиз “Самарқанд осмони” шундай ҳайратли мисралар билан якунланади:

Дунё тилларида — таратганча нур,

Ҳар битта байтингиз айламиш макон.

Ақллар ҳайрондир, лолдир тафаккур,

Самарқанд осмони —

буткул “Шашмақом”.

Бошқаларни билмадим-у лекин камина Самарқанд осмонида янграётган “Шашмақом” нолаларини эшитгандай бўлдим.

Одил ака!

Сиз айрим шоирларга ўхшаб Ватан ҳақида ҳайқириб, жўшиб, овозингизни баралла қўйиб минбарбоп шеър ёзмайсиз. Бўлар-бўлмасга Ватан сўзини қоғозга туширмайсиз. Сиз Ватанни индамай севасиз, юрагингизда гавҳардай асрайсиз.

“Ватан” шеърингизда Ватан деган сўз ишлатилмаган. Лекин шу Ватанда “Отам ўтиб кетди қўллари қадоқ”, “Онам ўтиб кетди сочларида қор”, “Аждодларим жисми айланди сенга”, деб Ватаннинг азизлиги, буюклигини кўрсатиб берасиз. Ва шеърни:

Бино бўлгандирман Ер-Кўк – никоҳидан,

Бир куни мангуга бағрига қайтгум…

деб тугатасиз. Ва ўқувчига Ватанни қандай севиш, қандай ардоқлаш лозимлигидан ибратли сабоқ берасиз. Шеърхон юрагида Ватан меҳри акс этган сурат чизасиз. Хуллас, яна бир туркум шеърларингизда Ватанга ортиқча таъриф бермай, уни юксак меҳр-муҳаб­бат ва маҳорат билан Ватан манзараларини яратгансиз. Ватанни индамай, жимгина севганлар бошқалардан кўра кўпроқ ватанпарвар бўладилар. Бу мулоҳазаларни қуйидаги иқрор мис­ралар ҳам исботлаб турибди:

Ким Ватанни севса таъмасиз, кинсиз,

Дилига жо қилса шеър – қайдларини.

Миноралар бунда такрорлар тинсиз

Жасур шоирларнинг шоҳбайтларини…

Одил ака!

Китобингизни ўқиш жараёнида аён бўлдики, табиат, умр ва ҳаёт мавзусида ёзган шеърларингиз орасида куз фасли мавзуси алоҳида ажралиб туради. Сиз қаламга олган куз манзаралари юракларда турфа кўриниш­ларда, ҳолатларда ва рангларда намоён бўлаверади.

Ночор бемор — ҳансирайди куз,

Хазон барглар кўмар қуёшни,

Турналарни кузатади куз —

Кўкламгача — азиз сирдошни…

 

Ёки бир шеърингизда: “Кузни пок­лар дард, ғуборлардан, кўзларингдан думалаган ёш”, деб ёзасиз. Ёки бош­қа бир шеърда кузнинг ҳорғин портретини чизасиз:

Совқотган кечани йўргаклар булут,

Қарғалардай учар дарахтлар ҳуши.

Пойида япроқлар сақлайди сукут,

Сарғайган кузакнинг намчил оғуши.

 

Сиз кузнинг дардини, хазонларнинг оҳ-ноласини, шип-шийдам дарахтларнинг ҳасратини ёзиш жараёнида “Куз — фаслга шартли сарлавҳа” қўясиз, “Отам қабри бормоқда чўкиб”, дея дуо қиласиз ва “Япроқларнинг мунгли баёти…”ни тинглаб оҳлар чекасиз. Охир-оқибат табиат ҳукмига кўнасиз:

Азал қонуни бу — қаҳратон сари

Етаклаб кетмоқда қуёш кеч кузни…

 

Бу жазолар, азоблар етмаганидек: “Қаҳратон қиш барчаси учун, Хазонларни тутар саволга…”

Китобингиз шеърлари Нурота чашмасининг сувидай тотли ва жуда мазали. Сувни ичиб, чанқоғи қонмаган одамдек, бир-биридан ажойиб ва дилбар шеърларингизга ҳам тўйиб бўлмайди!

Ҳар бир шеър бағридаги туйғулар тафаккур сари чорлайди, юракни янги-янги ҳисларга ўрайди. Мисралар қатидаги меҳрга тўймайсиз.

Сизнинг “Ҳасби ҳол” шеърингизни умрингиз ҳақидаги кичик достонга қиёслаш мумкин. Аслида Сизнинг ҳаёт ва ижод йўлингиз катта достонларга мавзу бўлишга арзийди. Биламан, туғилган қишлоғингиз Кавобини жуда яхши кўрасиз. Учтутни меҳр билан бағрингизга босасиз, Карманани шеър­ларингизда улуғлайсиз: “Кармана бахтимга айланди бутун”, деб эътироф этасиз. Сизни навоийлик­ларнинг фахри, деб билишади ва эъзозлашади. Бунга арзийсиз. Лекин ижодкорни туғилган қишлоғи ёки маҳалласи даражасида баҳоласак, адабиёт жуда майдалашиб, Тошкентнинг тор кўчаларига ўхшаб қолади. Мустақиллик бизларга катта халқ, миллат бўлиш имконини берди. Ўзингиз “Ватан — оддий харита эмас” шеърингизда ёзганингиздек:

Самарқанду Бухоро – жоним,

Эътиқодим Чўлпонларидир.

Ҳасти имом, Хива, Қўқоним,

Ҳур тафаккур вулқонларидир…

 

Сизни таниқли ижодкорлар Салима Умарова, Шойим Шерназар, Вафо Файзуллоҳ, Жалолиддин Сафоев, Барнобек Эшпўлатов, Бектемир Пирнафасов, Руслан Сабуров ва ёшлардан Отабек Аслонов, Азамат Зарипов, Умид Худойқулов, Маърифат Шариповалар устозимиз деб эътироф этадилар ва фахрланадилар. Бу рўйхатга Сиз узоқ йиллардан буён раҳбарлик қилиб келаётган “Чашма” ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларини киритсак, “устоз” сифатида мақомингиз янада ошишига шубҳа йўқ.

Одил ака! Сиз Кармана туманининг “Коммунизм учун” (ҳозирги “Кармана ҳаёти”) газетасида 40 йил ишладингиз. Умрингизнинг роппа-роса 40 йили СЎЗга хизмат қилиш билан ўтди. Сўзни севдингиз, сўзни қадрладингиз, сўзга 70 йиллик умрингизни бағиш­ладингиз. Айни пайтда сўз ҳам сиздай сўз фидойисининг қадрига етди, улуғлади. Одамлар меҳрини қозондингиз, шогирдларнинг эъзозли устозига айландингиз. Бу Сизга сўз берган — бахт!

Сўзга бўлган меҳр-муҳаббатингизни шеърларингизда юксак илҳом билан ифодалайсиз. Сўз шеърларингизнинг қон томирига айланган. Масалан, “Ўзинг мени СЎЗга деб мутлоқ, назр қилиб туққансан ОНА”, деб ёзасиз. Яна бир шеърингизда иқрор бўласиз: “Вақт ҳукми бу хулоса — аниқ, Карвонбоши — Қоғоз, Қалам, СЎЗ”, дейсиз. Сўзнинг чақмоқлигини, қудратини шундай ифодалайсиз: “Чақмоқлар уфқнинг баридан тортар, Самандар мисоли тирилади СЎЗ”.

Биласизми, шеърларингизни ўқиш жараёнида Сизда рассомлик қоби­лияти борлигини ҳам сездим. Сиз ранг­лар билан эмас, сўзлар билан бетакрор манзаралар, ҳолатлар ва ноёб кўринишларни маҳорат билан чиза оларкансиз. Масалан, “Қалдирғочлар — кўкламга тимсол” деб бошланадиган шеърда Ўзбекистоннинг бетакрор табиатини сўзлар қудрати орқали маҳорат билан шундай намойиш этасиз:

Мажнунтоллар сочларин тараб,

Қитиқлайди ҳар мунис жонни,

Оқ лайлаклар қуёшга қараб…

Олқишлайди Ўзбекистонни.

 

“Ювош тортар ёш ўтган сари”, “Ярим тун… Ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз”, “Эртакларга битсайди қанот”, “Интиқиб кутганим битта жавобинг”, “Ярим уйғоқ, ярим мудроқ тун” сўзнинг кучи, сеҳри ва жозибаси билан чизилган шеърий картиналар, деб атагим келади. Ўйлаб қоламан: агар шоир бўлмаганингизда албатта рассом бўлардингиз!

Қадрли Одил ака!

Китобингиз ҳақида бунданда кўп, бунданда мўл фикрларни давом эттириш мумкин. Адабиётшуносларга ҳам иш қолдирайлик, уларнинг томорқасига ўтмайлик.

Сизни билган, суҳбатлашган одамлар, бу инсон оддий, камтар, содда ва самимий киши дейишади.

Сиз билан мулоқотда бўлган яна бир тоифа одам, шунчалар ҳам жимжит, сокин, индамай юрадиган одам бўладими, деб ўйлаб қолади. Йўқ, асло ундай эмас: Китобингизни ўқиб чиққач, англадимки, Сизнинг юрагингиздаги туғёнлар, исёнлар, тўфонлар шеърларингизда яширин экан. Юрагингиз вулқон бўлса керак. Мен китобингиздаги шеърларда тафаккур, маърифат, тарбия, иймон, ҳалоллик ва қанча-қанча инсоний фазилатлар битилган юрак туғёнларини, тўфонларини кўрдим. Лоқайд­лик, бепарволик, дангасалик, илмсизликка қарши исён мисраларига дуч келдим. Ҳар бир шеърда сеҳрли оҳанг бор, роҳатбахш дард бор. Юракка титроқ соладиган бетакрор нолалар яширин.

Одил ака! Сизни муборак 70 ёшингиз билан самимий табрик­лайман. Сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилайман. Фарзандлар ва набиралар бахт-иқболини кўриб юринг.

Бир шеърингизда: “шоир қавми ичра дўстим, сенинг ҳам, Навоийдан қолган қалам туғингдир”, деб ёзгансиз. Ана шу туғ бевақт қўлингиздан тушмасин. Ижодингиз Зарафшон мавжларидай жўшиб-тошиб бораверсин!

Ҳурмат билан,

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 7 =