Сокин туйғулар туғёни
Ҳикоя содда, ихчамроқ бўлгани яхши. Айрим ҳажми салкам қиссага тенглашадиган ҳикояларни соддалаштириб, тенг ярмига қисқартирилса ҳам, мазмунига путур етмайди, гўё аслида шундай ёзилгандек фикр уйғотади одамда.
Бадиий асарга қўйиладиган бу талабни машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор 1940 йилда ёзган “Ҳаёт қўшиғи” мақоласида шундай ифодалаган эди: “Китобхонга бир фикрни англатиш ёки бир нарсани тасаввур қилдириш учун кишининг бошини қотирмайдиган, очиқ, равон ва содда тил керак. Сурат олдираётган киши суратга чиройли тушмоққа беҳуда зўр бериб, ўзининг табиий ҳолатини бузгандай, ёзувчи “чиройли” ва “қойил қилиб ёзиш”га беҳуда зўр берса, адабий асар учун зарур бўлган тилдаги соддалик, табиийлик бузилади”.
Абдужалол Тайпатовнинг “Ўғил” тўпламидаги ҳикояларни ўқиганимда дафъатан улардаги шу хусусият – қисқалик, соддалик, тасвирларнинг самимийлиги ўзига тортди. Тўпламдаги ҳикоялар катта воқеани, катта ғояни ўзига қамраб олган бўлсада, ҳажми ихчам, баён ўта қисқа, тасвирлар содда ва равон. Шунинг учун ҳикояларни ўқувчи қийналмай ўқийди, оз вақт сарфлаб анча кўп нарса олади. Энг муҳими, ҳикоядаги воқеалар, қаҳрамонларнинг ҳаракати, характери сизни ўйлантиради, мушоҳадага ундайди.
Тўпламнинг бошидаги “Улғайиш” ҳикоясининг сюжети оддий воқеа асосига қурилган.
Ҳикоя қаҳрамонининг отаси Мусурмонқул давлат хўжалигида оддий шофёр бўлиб ишлайди. Катталар нимани буюрса, бажаради. Хўжалик раҳбари давлат мулкидан “ўзининг улуши”ни хизмат машинасига юклаб, уйига олиб бориб ташлашни буюради. Яқин ўтмишдаги одатдаги ҳол бўлган унчалик “янгилик” бўлмаган воқеа. Бироқ ишни бегона кўзлардан яшириб, шофёри билан ими-жимида бажармоқчи бўлган амалдор ўзининг уйида “келишиб бўлмас” назоратчининг қўлига тушади.
“Чол қоронғиликда яхши кўрмаса-да, ҳассасини тўқиллатиб, машинанинг ёнига келди.
– Нима бу? – деб сўради. Кейин бирдан жазаваси тутиб қолди.
– Ол машинангни! – Бақирди Мусурмонқулга қараб. – Ҳозир мелисага хабар қиламан! Нонтепкилар!
Мусурмонқул бошлиққа қаради. Бошлиқ отасига яқинлашиб, унинг қулоғига нимадир деб шивирлади.
– Ни-м-м-а-а! – Чол бақиришда давом этди. – Кунжара еб катта бўлганингни унутдингми? Ҳали кўзим очиқ экан, сенларга бу номаъқулни едирмайман. Ўлганимдан кейин эса билганларингни қилинглар. Ҳайда машинангни! – Чол ҳассаси билан кабинага ниқтади. Мусурмонқул “Нима қилай?” деган маънода бошлиғига бурилди.
– Бўпти, сиз бораверинг! – Бошлиқ жаҳл билан қўл силтади.
– Буни-чи? – Мусурмонқул кузовга ишора қилди. – Буни нима қилай?
– Билганингизни қилинг!..”
Мусурмонқул ғаллани хўжаликнинг хирмонига қайтариб олиб боролмайди, уйига олиб келади. Ўнинчи синфда ўқийдиган ўғлини уйғотиб тушириб олишни бошлайди. Мактабда ўқитувчиларнинг тўғри яшаш ҳақидаги таълими, китоблардаги ҳалоллик ҳақидаги ғоялар билан тарбияланган бола отасининг бу иши ўғрилик эканлигини билади, ичида отасини қоралайди, бу нопокликни қабул қила олмайди. Бу масалада худди хўжалик раҳбарининг отаси Ҳайдар гажирга ўхшаб фикрлайди. Ҳайдар гажир ўғлига бу қинғирликни охирига етказишига йўл қўймай, ғаллани қайтариб юборган эди. Аммо бола отасининг айтганини бажаришга мажбур. Отасига буйруқ беролмайди. Ғаллани тушириб, жойлайди.
Сокин кечаётган оддий воқеалар ҳали ҳаётнинг пасту баландини англаб етиб улгурмаган боланинг қалбида туғён қўзғайди.
“Бола тараддудланди. “Айтсамми? Уришиб берса-я. Уришса уришар”.
– Ота-а… – Товуши жуда синиқ чиқди.
– Ҳа, нима дейсан?
– Шу-шу… ишни қилмасангиз-чи? – Боланинг кўнглидаги гап беихтиёр оғзидан чиқиб кетди.
– Ни-и-ма-а? – Ота ўрнидан туриб ўтирди. Ўғлини биринчи марта кўраётгандай тикилиб қолди. Ойнинг хира нурида унинг юз ифодасини кўриб бўлмасди…
“Мен сизларнинг ўқимишли, обрўли одам бўлишларинг тарафдориман. Мен тортган азобларнинг мингдан бирини ҳам кўрманглар, дейман. Ўзинг эсли йигитсан-ку, ўғлим!..”
У отасининг бунчалик куйиниб, дард билан гапиришини, отам шунча гапни билади, деб сира ўйламаганди. “Демак, ҳали бу дунёда унинг ақли етмайдиган кўп нарсалар бор”.
Боланинг ўй-хаёллари бизни воқеаларнинг ташқи ривожланишидан, қаҳрамонлар ички дунёсидаги зиддиятлар сари етаклайди. Ҳикоядаги ота-болалар тўқнашуви фақат турли ёшдаги одамлар қарашларининг қарама-қаршилиги эмас, аслида даврнинг, жамиятнинг зиддиятлари эканлигини ўйлаймиз. Боланинг мактабда домлалардан эшитганлари, кўрганлари, китобларда ўқиганлари ўз ҳаётида кечаётган воқеалар зиддиятга киришади. Уларни англашга ҳаракат қилади. У шу зиддиятлар оламида улғаяди.
Ҳикоя шундай якунланади. Бироқ воқеа ривожи энди бизнинг, ўқувчиларнинг қалбига кўчади. Ҳаётнинг абадий зиддиятларига, қарама-қаршиликларига, курашларига дуч келган, унга ечим тополмаётган мусаффо болаликнинг завол топишидан ҳадиксираймиз. Ўзи хоҳламаган ҳолда катталарнинг қинғирликларига шерик, бироқ қаршилик қилишга ожиз бола улғайганда қандай одам бўлади? У ўзини ўраб турган борлиқдаги чигалликлардан ўзига тўғри йўл топа оладими? Инсоннинг улғайишидаги бу мураккаб йўл ўқувчини ўйлантириши, мулоҳазага ундаши учун битта ҳикояга шунча куч юклаш, албатта, ёзувчининг маҳорати.
Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида у улғайган муҳитнинг, атрофдагиларнинг таъсири ёзувчининг бошқа ҳикояларида бошқа қаҳрамонлар образлари талқинида ҳам давом этади. Биз “Улғайиш”даги боланинг улғайганда қандай одам бўлганини ёзувчининг кейинги ҳикоялари — “Жиян”даги Абдумуродда, “Хўрозқанд”даги Раҳимда, “Истеъфодаги полковник”даги Муродда, “Полвон”даги Тиловберди полвон образларида кўрамиз. Гарчи бу ҳикоялар умуман бир-бирининг давоми эмас, ҳатто воқеалар тадрижий ривожланишида ҳам бирон тартибда бирлаштирилмаган бўлсада, негадир уларнинг қаҳрамонлари бир қишлоқда ўсган, бир-бирларини танийдиган ака-укаларга ёки бир одамнинг турли ёшдаги ҳаётига жуда ўхшайди.
Бу ҳикояларни бирлаштирган умумийлик, биринчи навбатда, қаҳрамонларнинг оддий қишлоқ одамлари, уларнинг шевалари, ҳаракатлари, қилиқлари бир-бирларига ўхшашлигида кўзга ташланади. Аммо булар ҳикоялардаги умумий ўхшашликнинг айрим қисмлари, холос. Асосий ўхшашлик бу қаҳрамонларнинг барчасидаги софлик, самимийлик, соддалик, жўмардлик. Уларнинг барчаси соф ниятли, имонли, инсофли одамлар эканлиги. Уларнинг ният-ўйлари, орзу-армонлари, тўсиқларга, иллатларга қарши курашда тутган йўллари, усуллари, гарчи, турлича бўлсада, олижаноб мақсадлари, соф туйғулари билан бир-бирларига ўхшайди, бир-бирларини тўлдиради. Шунинг учун “Жиян”даги Абдумурод “Улғайиш”даги боланинг катта бўлиб олий мактабда ишлаётган пайтидек туюлади. Бу боладаги ноҳақликка, адолатсизликка исённи “Истеъфодаги полковник”даги Муродда, “Полвон”даги Тиловберди полвонда кўрамиз.
Турли ёшдаги, турфа феълу аъмолга эга бу қаҳрамонларни ниятларининг софлиги, соддалиги, самимийлиги учун яхши кўриб қоламиз. Ҳикоялардаги воқеалар сокин, ўткир сюжетсиз воқеалар, қаҳрамонлар ҳикоялари асосига қурилган бўлсада, улардаги ички кураш, руҳий изтироблар, зўриқишлар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Асар қаҳрамонларининг самимий туйғулар сеҳри беихтиёр сизни ром этади, қалбингизга кўчади.
Айнан шу сокинлик қўйнида инсон кечинмаларининг тўғёни тўпламга кирган ҳикояларнинг ўзига хослиги, муаллифнинг услубини белгиловчи жиҳатдир. Одамлар ҳаётини, тақдирини ўзгартириб юборадиган воқеаларни сокин, содда ва самимий ҳикоя қилиш, инсон қалбидаги тўғённи бор бўйи билан кўрсатиш ҳамма ёзувчи ҳам уддалайдиган иш эмас. Абдужалол Тайпатов сокинликдаги бу туғённи акс эттира олган.
Тўпламга киритилган “Тазарру” қиссасида ҳам ҳаётда инсоннинг ўрни, одамлар ўзаро муносабатларидаги қарама-қаршиликлар ҳақида содда, самимий туйғулар ифодасини топган. Қисса бундан аввал алоҳида китоб ҳолида нашр қилинганини ҳисобга олиб, ҳозир батафсил тўхталиб ўтирмадик. Зеро, ёзувчининг бу асари таҳлил қилишга, ўрганишга арзирлидир. Бироқ ушбу кичик мақолада бунинг имкони ҳам йўқ. Қиссага қандай баҳо беришни ўқувчиларнинг ўзига қолдириб, ижодкорнинг ушбу тўпламга киритилган публицистикаси айрим жиҳатларига эътиборни қаратмоқчи эдик.
Абдужалол Тайпатов ижод йўли воқеаларнинг қисқа ва лўнда хабарини беришга ихтисослашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолияти билан бевосита боғлиқлиги унинг барча асарларида, шу жумладан, публицистикасида яққол сезилиб туради. Унинг барча публицистик асарлари хоҳ катта муаммо кўтарган, хоҳ бирор воқеага муносабат бўлсин, ортиқча жимжимадорликдан холи, содда, равон ёзилган.
Буни тўпламга кирган “Фонограмма ҳақиқий санъатнинг кушандасими?”, “Ўзлигини йўқотмаган элим”, “Тил — миллат руҳи”, “Сени соғиндик, баҳор!”, “Уйда тинчи бўлсин йигитнинг”, “Ойданда гўзалсиз, кунданда гўзал”, “Сут соғаётган аёл” каби очерк ва публицистик мақолалардаги содда, самимий, лўнда тасвирларда кўриш мумкин.
Матбуотда, айниқса, электрон оммавий ахборот воситаларида воқеаларни ёритишда “бозорбоп қилиш”га, фактларни “қовуришга”, ўқувчининг диққатини тортиш учун жимжимадорликка интилиш кучайиб бораётган пайтда журналистиканинг анъанавий усуллари, жанрлари, бадиий публицистика афзалликларини кўрсатиб берадиган шундай асарлар ҳам керак. Шу боис тўпламга муаллифнинг ушбу жанрдаги ижод намуналари ҳам киритилгани китобнинг қийматини янада оширган, дейиш мумкин.
Ушбу мушоҳадаларни баён этишдан муддао шуки, юртдошларимиз, китобхон халқимиз “Ўғил” китобини мутолаа қилса, менимча сира афсусланмайди, аксинча, яхши бир ёзувчининг халқчил битикларидан баҳраманд бўлади. Сўзимизга ишонаверинг, ўқиб кўринг.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ