Аслини сақлаган насл гўзалдир

Турсуной Содиқова нафақат шоира, таъбир жоиз бўлса, жамоат арбоби ҳам эди. У мақсад йўлида толмайдиган курашчан аёл эди. Ярим аср мобайнида халқимизнинг ҳаётий муаммолари билан қоришиб яшади. Албатта, барча муаммоларга ечим топиш мушкул, аммо эзгу йўлда камарбаста бўлиш ҳам осон эмас.

Бу куч-қудрат, эҳтирос, курашчанлик маънавият фидойиси бўлган Т.Содиқованинг ички туғёнларида бор эди. Унинг руҳий исёни ўзини ўзбекман деб ҳис қилганни азалий қадриятларимизни англаш, ўзликка қайтиш, ўзликни ардоқлаш ва асраб қолиш йўлида оммавий сафарбарликка чақириқ эди.

“Шеърга сиғмай қолаётганга ўхшайвердим. Бир талай насрий ёзишмаларим дунё­­га келди… Гоҳида яна бетоқатлик бош­ланади, қоғозга эмас, энди элнинг кўзига қараб дардимни айтиб олгим келади. Қарабсизки, саноғи йўқ учрашувлар, баҳсли анжуманлар содир бўлади. Маънавият муаммоси — менинг қонаб турган ярам, бу дардни айтиб йиғлайвераман… Сиз туфайли, ҳеч йўқса, бир юрак уйғониб, бир киши яхши кўчага кирса, армонсиз кетганингиз шу-да. Наср элнинг шевасида гапиради, ёмғирдай тўкилган дард пасту баланд ерга бирдай етиб боради. Одамларга тезроқ етказиш учун ҳам шу йўлга ўтдим”, дейди шоира.

Бу ижодкорнинг шеърдан қайтдим, дегани эмас, аксинча, шеъриятни наср­да давом эттирдим, дегани эди. Минбарга чиқиб, элнинг кўзига қараб сўз айтиш, одамларнинг дарду армонини эшитиш, хатоларни тўғрилаш, муросага чорлаш унинг ҳаёт тарзига айланди. Неча ўн йиллар мобайнида минбарларда айтган сўзлари зое кетмади, ҳаётимиз кечмиш­ларида бўй кўрсатди. Албатта, одамларнинг дардига малҳам бўлиш жон фидоликни талаб қилади. У бу йўлда тўхтаб қолмади. Ҳа, амалий ишларни моддий рағбат учун ҳам қилмагани рост: “Маънавият менинг қонаб турган ярам”, деган бир маърифатпарвар, зиёли шахснинг ҳайқириғи, аввало, ўз “яра”сига малҳам излаш бўлди.

“Агар тингловчиларим, менга орзуманд одамлар қошига чиқмасам юрагимнинг юки оғирлашаётгандек бўлади. Гўё одамларнинг омонати менда қолаётгандек ва тезроқ эгаларига топширмасам, хиё­нат қилаётгандек бетоқат бўлавераман”, дерди юрак ёриб Т.Содиқова.

Маънавият улашувчилар, эзгу амалларга даъват қилувчилар қадим-қадимдан ҳам бўлган. Шуниси қизиқки, улар давлат олийгоҳларида ўқимаганлар, қўлларида “Сен нотиқсан, сен воизсан”, деган дип­лом, муҳрлари бўлмаган. Лекин халқ билан юзма-юз келганда сўзи, овози билан ҳаммани қойил қолдирганлар. Бундай дийдор онлари ҳеч вақт беиз кетмаган. Турли хил турмуш тарзига эга оилалар ҳаётига маданий-маърифий, ўзгариш олиб кириш нақадар улуғ касб.

Ўйлаб қоламан, бундай жонли мулоқотларда сир бор, сеҳр борга ўхшайди. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган илоҳий неъмат. Турсуной Содиқова, ўзи тақдири азал деб айтганидек, илоҳий туҳфа билан танглайи кўтарилган ижодкор эди. Уни маҳалла-кўй, олийгоҳ талабалари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, барча-барча қулоқ қоқмай эшитса, унга ишонса, сўзлари таъсиридан турмуш тарзини янгиласа, яхшиласа ва ҳатто тубдан ўзгартирса, бу воизага берилган илоҳий қудрат бўлмай, нима ахир?!

У минбарга қоғоз кўтариб чиқмас, қоғоздан ўқиб, маъруза қилмасди. У учрашувга йиғилган жамоа руҳиятидан, касб-кори, ўртага ташланаётган муаммолардан келиб чиқиб суҳбатни бошлаб юбораверарди.

Турсуной Содиқова Андижон телевидениесида узоқ йиллар “Оналар сўзи — ҳикматнинг ўзи”, деган жонли кўрсатувни, шу билан бирга, “Оила илми” номли узлуксиз жонли мулоқотни ҳам олиб борди. У 90 дақиқа давом этар, 90 дақиқада 90 та савол. 90 хил саволга 90 та жавоб… Бу мўъжиза янглиғ ҳақиқатда яна ва яна илоҳий қудрат борлигини кўраман.

У 73 йиллик умри давомида ярим асрли шоиралик, воизлик мақомидаги кўрган-кечирганлари, айтган-айт­маганлари, орзу-армонлари, дўс­ту-биродарлари, минбарларда айтиб-айтиб “кабутар янглиғ осмонда чарх уриб лаззатланганлари”, ширин тўлғоқлари битилган куллиётлари орқали ҳамон булбулдек хониш қилиб турибди.

“Одамларнинг ички дунёсига кирганим ва уларнинг муаммолари билан ошно бўлганим сайин маънавият оламида қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп эканига ишонч ҳосил қилдим”, дея овоз бераётганга ўхшайди олима.

“Аслини сақлаган насл гўзалдир”, дея кўп таъкидларди воизамиз. Ижодкор нас­лимиз қайғусига нега тушиб қолди, нега бу борада халқ орасида маънавий сабоқлар зарур деган фикратни шиорга айлантирди. Ва бу шиор ижроси учун у жуда шошди, унинг пешқадамларидан бирига айланди. Ҳа, ижодкор келажаги саҳрога айланиш арафасидаги маънавий меросимиз бўлмиш миллий қадриятларимизнинг йўқолиб кетаётганидан қайғуда эди.

Т.Содиқова қадриятларни тик­лаш­ни — Ватанимизни, миллатимизни тиклаш, асраб қолиш, ривож­лантириш, деб билди.

Биз янги авлодни ўзликни англаш руҳида тарбиялай олсаккина, 70 йиллик мустабид тузумда ажралиб қолишимизга бир баҳя қолган аслимизга қайта оламиз, деган виждон амри ижодкорни тинч қўймади. У юртимиз бўйлаб ижодий сафарга отланди. Бу сафар узоқ давом этди. У мулоқотлардан, баҳс-мунозаралардан, суҳбатлардан, тортишувлардан маънан бойи­ди. “Аслни, ўзига хосликни сақлай олиш миллий ғурурдир”, дейишдан хоримади, ёшларни шу аснода тарбиялашга чақираверди.

Беш жилд! Ҳар қайси куллиёт тирик мавжудотлар ичра энг буюги саналмиш инсон, у билан боғлиқ ҳаёт, турмуш тарзи, инсон руҳияти ва унинг бирдан бир бешиги бўлмиш оила илми, оила тилсими, оила муаммолари ҳақида адибанинг таҳлиллари, тахминлари, фикр-мулоҳазалари, таклифлари, энг муҳими, ҳаётий мулоҳазалари юз кўрсатади. У ҳаётда кўрган-кечирганлари, одамлар билан мулоқотдан олган таассуротлари, насиҳати кор қилган, кор қилмаганлари ҳақидаги билганларини қалб ва ақл чироғидан ўтказиб ёзади. Қолаверса, у рўбарў келган инсон кечинмаси ва тақдири маънили, самарали ечим топиши учун курашган дамлари (ўша ташвишли он ҳар биримизнинг бошимиздан ўтган ёки кечаётган бўлиши ҳам мумкин), изтиробли лаҳзаларни қоғозга туширади, сўнг китоб бўлиб тақдим қилинади. Очиғи, бу куллиёт миллатимиз дарди, оғриқларидир.

Оила илми! Оила — эр-хотин, фарзанд­лардан иборат кичик бир жамоа. Лекин жамиятнинг муҳим бўлаги. Турсунойим бу мавзуга янада кенгроқ қарайди. Ўзбегимга хос ҳаётимизнинг, турмушимизнинг минг бир жабҳаларидан минг бир ҳикмат топади. Ва бу билан оила илмининг кенг оламига бизни етаклаб кетади. Биз билган ва билмаган бу сирли, синоатли дунё­нинг баланд-паст, ўнқир-чўнқир, гоҳида гаштли, гоҳида ғашли кечинмалари устидаги унинг ташбеҳларини инсон руҳиятини англаш бобидаги илмий, олимона таҳлил сифатида қабул қиламиз.

Очиғини айтсам, ижодкорнинг эркак зотига марҳамати жуда баланд. Шунга яраша унда тилак-истаклар ҳам бисёр. Чунки: “Эркакка оила бошлиғи деб берилган мақом аслида унга аталган мукофот, эркакка ишонч, унга тоғим, етилган боғим, суянчиғим деб қарашлик керак”, дей­ди шоира.

Шундай мартабага кўтарилган эркакни эътибордан тушиб қолишини сира истамайди: “Тўрт мучангиз соғ бўла туриб, аҳли аёлингизни иссиқ-совуқдан, иснод ва хатардан ҳимоя қила олмасангиз, қозонини қайната олмасангиз, ўз-ўзидан оиладаги овозингиз пасайиб боради”.

Сабаби, оилада бекалик, оналик дарди нақадар оғриқли. Бола туғиш, уни оёққа қўйиш, тарбиялаш, уй-рўзғор тутиш каби минг бир масъулиятлар қатори, керак бўлса, оилани иқтисодий таъминлашда аёл ҳам ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмаганини эътироф этаркан, қуйидагича фикрлайди…

Бугун қанчалаб хотин-қизларимиз бозор-ўчардан паноҳ қидира бошлади. Чет элма-чет эл қатнаб, қоп кўтарганлари қанча… Аёл не азобу уқубатларда топган-тутганларини ҳовучида фарзандларига тутади. Шундай эркаклар борки, хотини топиб келганларини болаларига қўшилиб еб-ичади. Бундан виждони қилт этмайди…

Ахир, бу Шарқ эркаклари учун таназ­зул эмасми?! Бу таназзулликларга сабаб қилиб мустабид тузумдан қутилиш ва мус­тақиллик байроғини асраб қолишдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий қийинчилик­ларни ёки бозор иқтисодиётига ўтиш машаққатларини рўкач қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас.

“Лекин ҳар қандай даврда ҳам, у аёл бўладими ёки эркак, ўз мавқеини, ориятини сақлаб қолиши керак”, дейди воиза…

… Ота-онангизни йўқлаганингизга қанча вақт бўлди? Фарзандларингиз билан яккама-якка дилдан суҳбат қилганмисиз, унга ухлаш олдидан эртак­лар айтиб, китоблар ўқиб бериб аллалаганмисиз, уларни боғ сайрига, қўғирчоқ театри томошаларига олиб борганингизни эслайсизми”, деб саволга тутади яна. Баъзи ўзига бино қўйган эркак: “Оиламни боқаман, ҳеч нарсага зориқтирмайман, деб эрта кетиб, ишдан кеч қайт­с­ам, мендан сизга яна нима керак?!” — деса-да, фарзанд­ларимиз қорни тўқ бўлса-да, маънан бойимас эканлар, бош­қаси бекор. Улар еган қази-қарталарини ҳам, кийган шойи атласларию, кимхобларини ҳам унутишлари мумкин. Лекин ота билан мулоқот — ота билан дардлашиш, ота билан сирлашиш, тошга ўйиб ёзилган дуои калом мисол, бола қалбини машъалдай бир умр ёритиб туради.

Боладан қандай китоб ўқиётгани, дўс­ту ўртоқлари кимлар, келажакда ким бўлмоқчи, қайси касбни эгалламоқчи экани билан қизиққан, ёрдам қўлини чўзган, маслаҳатини аямаган отани бола қад­рига етмайдими? Етади албатта! Лекин биз ота-оналар ота-оналикнинг энг масъулиятли бу жиҳатига ҳамиша ҳам эътибор қаратмаймиз! Баъзан бу ҳаётда яшашдан катта мурод-мақсадларимиз олдида ҳеч нарса эмасга ўхшайди. Йўл-йўлакай тузатса ҳам, тузатмаса ҳам бўлаверадиган масала деб қараймиз. Бизнинг хатоимиз ҳам шунда.

“Вақт кетяпти, отажон! Умр ўтяпти, отажон! Болалар ўсяпти, вояга етяпти, отажон! Фарзандларингизда отажони билан ўтган кунларидан қандай хотиралар қол­япти? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Қиссадан ҳисса шуки, келажакда сизни нима кутяпти, ҳазрати ота!” — дейди воиза.

Маънавиятшунос олима Турсун­ой Содиқованинг ўз тингловчилари, ўқувчиларига таъсир кучи шундаки, у беихтиёр сизни ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Суҳбатга тортади. Унга қўшилиб у билан айтишувга чоғланганингизни билмай қоласиз.

Т.Содиқовага келган айрим мактубларда манманлик, ўзибиларлик, беҳаёлик иси келиб турса-да, воиза жавоб ёзишдан эринмаган. Бунга унинг китобларини ўқисангиз сиз ҳам гувоҳ бўласиз. Лекин халқимизда ажойиб мақол бор: “Мен ёмондан айрилиб, яхшини топганинг қани?!” Бу сўзлар оиласини ташлаб, бошқа турмуш қурган аксарият инсонларнинг пушаймони, армони, ҳас­рати, надоматидир. Бундайларга эй ғофил инсон, уйғон, кўзингни оч, дегинг келади. Беихтиёр Абдурауф Фитратнинг “…фикри заиф бўлган одам ўз ишлари устида ўйланмайди, зарар ва фойдасини андиша назаридан ўтказа олмайди, ҳиссиётга асир ва шаҳвоний лаззатга тобеъ бўлиб, жисми заиф ва ахлоқи вайрон бўлади”, деган сўзлари эсга тушади.

“Оила муаммоларига аралашганимга ярим аср бўлди, — деганди ўзаро суҳбатларимиздан бирида шоира. — Оилавий можароларнинг эллик минг рангини кўрдим. Оилавий муаммоларни ҳал қилишда, оила мус­таҳкамлигини сақлашда эркак зотини ўта суст кўрдим”, деганида балки шоира шундай кимсаларни кўзда тутгандир.

Кошкийди, шу билан аламидан чиқса, аммо баданига ёпишган бу дард аланга-оташ бўлиб ёнар, кўксини куйдирарди. “Тамакига ружу қўйсанг, ҳужайраларингдан тутунда куйган бола унади! Ароқ билан суғорилган томирларинг берган мева аччиқ бўлади”, деб юрагини бўшатиб оларди.

Бундай жараёнларда воизамизнинг артистлик маҳоратини кўриш ҳам ҳеч гап эмасди. “Қаҳрамони”ни ота-онаси, устози янглиғ бошини силар, дўсти бўлиб қалбига йўл топар, гоҳи узоқдан, гоҳи яқиндан келар, гоҳи терс, гоҳида ширин сўзларди… Ва ҳатто баъзида “қаҳрамон”ини безор қилаётгандек бўларди… Даъватлари, тарбия усуллари қандай шаклда бўлмасин, қанчалаб одамларни ғафлат уйқусидан уйғотди, тўғри йўлга бош­лади. Бу қалтис, машаққатли фаолиятдан у сира нолимас, аксинча, ҳар бир мушкули осон бўлган оила шодлиги унинг қалб сандиғидан жой олиб бораверарди.

* Бугунги аёл эридан бир қадам илгарилаб кетди. Эрдан илгарилаб кетиш эса бизнинг миллат аёлига ҳеч қачон роҳат бағишламаган. Биз доим отасининг бўйини кўрсатиб туриб, бола тарбиялаб келганмиз.

* Қайси эркак олға кетаётган бўлса, ғайрат-шижоатда, ихтирода ва тараққиётда бўлса, билки унинг аёли ақлли…

* Аёли ориқ юртнинг миллати ориқ, аёли ўксик юртнинг миллати носоғдир.

* Қуёш аслида иккита! Бири кўкда, бири эса Заминдаги аёл.

* Сабр аёлдан, кечириш аёлдан, фарзанд бериш аёлдан, тарбия аёлдан, миллатнинг келажаги аёлдан, деб унга икки қўлини баробар чўзиб турган эр, фарзанд, жамоа, давр андак ҳижолат чекиши керак…

Юқоридаги ташбеҳлар ўзбек аёли ҳақидаги маънавиятшунос олима Турсуной Содиқова таърифларидан бир парча, холос.

Воизанинг ҳазрати аёл ҳақидаги эътирофларини хоҳланг шиор сифатида қабул қилинг, хоҳланг, ҳикмат деб билинг, хоҳланг ҳар икковини бир мақомда қабул қилинг. Ҳамма гап шундаки, ижодкорнинг аёл ҳақидаги ҳар бир таъриф-тавсифи ортида унинг неча ўн йиллар давомидаги оила илми борасидаги кузатишлари, илмий изланиш­лари, тадқиқотлари, турмуш деб аталмиш оиланинг қирқ чиғириғидан омон чиққан ўзбек аёлининг ҳаёт тарзи, синовлари хулосаси ётибди.

Эр йигитлар ҳақидаги фикрлари ҳам кишини ўйлантиради, мушоҳадага чорлайди: “Илигинг қувватга тўлган, хотиранг, зеҳнинг кўрганинг­ни муҳрлаб қоладиган, шаҳд қилсанг осмондаги юлдузни узишинг мумкин бўлган пайтларингда ғайратингни, шиддатингни нега ухлатиб қўйдинг?! Нурафшон юрагинг бор эди, уларни сочишга, кўнгилларнинг қулфларини очишга нега шошилмаяпсан?!” — дея бонг уради шоира.

Ростини айтганда, ўзбек хонадонларида қиз бола тарбиясига, маълум даражада, алоҳида эътибор қаратилади. Қизларни узатгунча, ҳеч бўлмаганда, уй-рўзғор тутишга, пазандаликка ўқитилади, ўргатилади…

Ўғил болаларга-чи? Уларга нимадан сабоқ берилади?!

Тўғри, кейинги пайтларда фарзанд­ларимизни тарбиялаш борасида бир қадар силжишлар рўй бермоқда. Уларни чет тилларини ўргатадиган, олийгоҳларга кириш учун хусусий курс­ларда ўқитиш урф­га айланди.

Т.Содиқова: “…Ўғлоним, ўнта бармоғинг ўнта шогирд болангдир. Ҳар бирини ҳар хил ҳунарга ўргат. Ҳунарли йигит, қўли қадоқ йигит энг чиройли йигитдир ва қизларнинг бахтлиси ўшанга тушади…”, деб даъват қиларкан, ўз кучига, ўз имкониятига ишонган ва суянган йигитлар тарафдори сифатида уларни тобеълик, мутеълик балосидан асраб қолгиси келади.

Адиба куллиётларининг “Ўғлим, сенга айтаман” бобида унинг йигитларга аталган кўнгилочар, янгроқ бир қўшиғи ҳам бор:

“…Юракка ишқ тушишининг ўзи катта бахт, – дейди Турсуной. – Сен энди ҳеч қачон ёлғиз қолмайсан, доимо бағрингнинг қоқ ўртасида сен билан ширин суҳбатлар қурадиган дардкашинг, маҳрами жон – муҳаббат бор!.. Муҳаббат кўксингга ботган қуёш!”

Шоира муҳаббат бор жойда турмуш гаштли, рўзғор деб аталмиш олахуржунни кўтармоқ енгил, оилада учрайдиган икир-чикир мувозанатлардан чиқмоқ эшиклари очиқ, демоқчи. Муҳаббат бор жойда эр-хотин бир-бирига суянади, бир-бирини кечиради, энг оғир вазиятлардан ҳам енгил чиқиб кета олади, дей­ди ва ниҳоят, муҳаббатли оилаларда ажримлар камдан-кам учрайди, деган хулосага келади…

Воизамизнинг беш жилдлик куллиётидан бирини олиб, бирини қўйиб варақлайман, қайта-қайта ўқийман. Ўқиганим сайин мени тақдирлар, қисматлар, дийдор онлари ўз оғушига тортгандан тортади…

“Оила тилсими” рукнидаги “Оға-инилик илми”, “Ўғлим, сенга айтаман”, “Куёвлик илми”, “Келинлик илми”, “Қайноналик илми” каби қатор эсселари ўрин олган жажжи китоб­лари бежиз қўлма-қўл бўлиб кетгани йўқ. Халқимиз шундай даъватларга талабгор эди. Нашриётлар Тур­сун­ой Содиқованинг эсселарини чўнтак китоб тарзида катта тиражларда чоп этди. Бу эсселар катта давраларнинг суҳбатижон мавзуларига айланди. Бу китоб қизларимиз сепига қўшиб совға қилинаяпти.

Умуман шоиранинг маънавият рукни остидаги ҳар бир янги китоби халқ орасида шов-шувга сабаб бўлар, гап-гаштак­ларда қўлма-қўл бўлар, ҳатто чойхона гурунгларини қизитиб юборарди. Унинг дил ёзмалари битилган бундай китобларнинг тақдимоти, ўқиш, ўрганиш лойиҳаси жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари бўлимларининг иш режаларига киритиларди. Унинг радио-телевидение орқали чиқиш­ларини халқ жон қулоғи билан эшитарди. Унинг даъватларини эшитгани қўшни қиш­лоқлардан, қўшни шаҳарлардан неча чақирим йўл босиб келганлар қанча, кексалар дуога қўл очиб, яхшилик тилаганлари қанча…

Бундай кезларда воизамиз баҳор гулларидай яшнаб кетар, илҳомига илҳом қўшилиб, бир соатга мўлжалланган учрашувлари икки-уч соатгача чўзилиб кетарди.

Шундай абадият қонунлари борки, ёзувчи буларни бот-бот эсларкан, аввало, ўзи таскин топади. “Агар минг йил умр кўрсам, отажоним, онам жаҳоним фидойилигининг яна минг олами айтилмай, минг иқлими ёритилмай қолиши аниқ” деркан, у:

Бир армоним бор мани,

Бордир битта фарёдим.

Топиб беринг, онамни,

Унга ҳали тўймовдим! — дейди.

Бу сатрлар ҳар қандай муз юрак­ларни ҳам эритиб юборишга қодир.

Дилбар МАҲМУДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =