Метро эшиклари қайси томондан очилади?

Метро — жуда қулай ва тезкор транспорт воситаси. Кўзлаган манзилингизга ўз вақтида, хавфсиз етиб борасиз. Унинг хизматидан пойтахтимизда кўпчилик фойдаланади. Мен ҳам ҳар куни эрта тонгдан янги ерусти метросининг 2-бекатига чиқаман. Бу ер ҳам бошқа бекатлар сингари тоза, озода ва шинам. Баҳри дилингиз очилади. Аммо…

Хабарингиз бўлса, Тошкент мет­рополитенида поезд кириб келган бекат ва кейинги бекат номи олдиндан эълон қилиб борилади. Худди шунингдек, янги қурилган ерусти мет­ро йўналишида ҳам. Поездга чиқишингиз биланоқ: “Иккинчи бекат. Илтимос, ёш болали, ногирон ва қария­ларга жой беринг. Ке­йинги бекат “Дўстлик-2”, деган чиройли талаффузда янг­раган эълон қулоғингизга хуш ёқади. Ён атроф­ни томоша қилишга улгуриб-улгурмай кейинги бекатга етиб келасиз ва яна эълон янг­райди. Фақат бу гал сал кўнгилни хира қиладиган даражада: “Дўстлик-2” бекати. Эшиклар ун томондан очилади…”. Ногаҳон “Қизиқ, “ун томон” дегани нима экан-а, шунақа тараф ҳам бормикан?” деган ўй келади хаёлингизга. Аҳ-ҳа, топдим, дейсиз, “ўнг томондан” дейишмоқчи.

Дарҳақиқат, шундай: “ун томон” “ўнг томон”нинг шевадаги талаффузи, бузилган шакли. Бу — хато. Хатони эса тўғрилаш керак. Балким, юқоридаги ҳолни “арзимаган ҳолат”   сифатида баҳолайдиганлар ҳам топилар. Аммо менимча, она тилимиз билан боғлиқ ҳар қандай жиҳатга, у каттами, кичикми, жиддий эътибор қаратиш зарур. Негаки, бу ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимиз истиқболига, миллатимиз келажагига дахлдор масаладир.

Насиба АБДУЛЛАЕВА,

Алишер Навоий номидаги

Ўзбек тили ва адабиёти университети

академик лицейи ўқувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =