Ҳасанқовоқ қишлоғи қаерда? Ўпка ёки Калтапўстин деган жойни-чи, биласизми?

1989 йилнинг 21 октябрида мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши кўпчилик учун кутилмаган, лекин халқимизнинг асрий орзуси ушалган кун бўлган эди. Истиқлолга эришганимиздан кейин эса ўзбек тили давлат тили сифатида устувор имкониятларга эга бўлди. Аммо …

Пандемия туфайли карантин чоралари белгиланишидан олдинроқ эди. Ўлкамизга сайёҳ сифатида келган испаниялик журналистлардан бири билан танишиб қолдим. Исми-шарифи Федерик Гарсия, Ўзбекис­тонга биринчи келиши экан. Биргаликда Тошкентнинг гўзал ва тарихий жойларини айландик. Кейин у Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хивага саёҳат қилди. Икки ҳафталардан кейин яна Тошкентда учрашдик. Унинг саёҳат таассуротлари бир олам эди. Кўрганларини завқ-шавққа тўлиб гапириб берди. Фақат сўз орасида “Нима, сизларда рус ва инглиз тиллари ҳам давлат тили ҳисобланадими?” — деб сўраб қолди. Табиийки, унга ўзбек тили давлат тили эканлигини, барча ишлар ўзбек тилида олиб борилишини, шу билан бирга юртимизда рус ва инглиз тилини ўрганишга эътибор берилишини айтдим. “У ҳолда шаҳарларингиздаги корхоналар, дўконлар, маиший хизмат уйлари номлари, рекламаларнинг аксарияти нега рус ва инглиз тилларида ёзилган?

Уларни ўзбек тилида ёзса бўлмайдими? Тил ўрганиш учун бундай қилинмайди. Бу давлат тилига, миллатга, халққа нисбатан ҳурматсизлик, бизда эса хиёнат ҳисобланади”, деди у.

Меҳмон ҳақ эди. У биз ҳар куни кўп марталаб юзма-юз келадиган, ахборот ва матбуот саҳифаларида доимо бонг урадиган, аммо ҳаётда амалий ечими топилмаётган жиддий муаммога эътиборни қаратганди. Тошкент шаҳрининг хоҳлаган кўчасидаги ёзувларга — хусусий корхоналар, баннерларга бир назар ташланг. Ҳар қадамда “Beanty salon”, “La Perla Cosmetics”, “Golden River”, “Dark hall”, “Elegant”, “Creative Master”. “Viva”, “Savio”, “Star Med Center”, “Avisa Med Servis”, “Salus Vita” ларга дуч келасиз. “Mini market”, “Pich market”ларнинг эса сон-саноғи йўқ. Шулар қаторида аксарият биноларнинг пештоқлари “Дверь”, “Центр обуви”, “Учебный центр”, “Подготовка абитуриентов”, “Языковые курсы”, “Дошкольное обучение”, “Зеленый базар”, “Срочное фото”, “Цветная печать” каби рус тилидаги номлар билан безалган. Ошхоналар номи ёнидаги “миллий таомлар” “мульти таомлар”га, палов деган ном “плов”га айланган. Юртимизнинг “Ўзбекистон” деб аталган гўзал номи эса “Узбе­кистан”га айланиб улгурибди.

Эндиликда инглиз, рус тилидаги номлар ёнига немис, француз, корейс, хитой ва бошқа тиллардаги турли-туман атамалар ҳам келиб қўшилмоқда. Хуллас, пойтахтнинг хоҳлаган кўчасига кирсангиз, 50-60 фоиз хорижий тиллардаги, 30-40 фоиз ўзбек тилидаги номларга, атамаларга, шиорларга дуч келасиз. Ўзингизни Тошкент шаҳри кўчаларида эмас, Париж, Лондон, Москва шаҳарлари кўчаларида юргандек ҳис қиласиз. Гўё юртимизда ўзбек тили эмас, бошқа тиллар давлат тилига айлангандек таассурот туғилади.

Нафсиламбрини айтганда, бундай афсусланарли ҳолат нафақат мамлакатимиз пойтахтида, балки рес­публикамизнинг барча вилоятлари, улардаги шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқларда ҳам давом этмоқда. Турли жойларга борсангиз кўплаб “CHP GOLD EXCIUSIVE”, “La Femma”ларни, ўнлаб “Ravnaq Textil”, “Лавида траст”ларни, юзлаб “Траст инвест”, “Глобал”, “Elizabeth industrial Sofety”, “GREEN AGRO EXPORT”ларни ва бошқа ғаройиб номларни кўрасиз. Яқинда Хива шаҳрига бордим. “Ичон қалъа”да сайёҳлик тизими учун яратилаётган имкониятларни кўриб хурсанд бўлдим. Афсуски, бу ердаги ресторанлар, маиший хизмат уйлари, хусусий меҳмонхоналар номларининг аксарияти давлат тилида эмас, хорижий тилларда битилган. Гўё “Ичон қалъа” Ўзбекистонда эмас, Европада фаолият юритаётгандек. Ёки республикамизнинг олис нуқтасидаги қишлоқлардан бирида тадбиркор акамиз дўконини “Rich market”, ошхонасини “Schloss”деб номлабди. Ундан бу номларнинг маъносини сўрадим. “Билмайман, — деди у. — Бу номлар кўзимга чиройли қўринди. Ёзиб боргандим. Юқори ташкилотлар тасдиқлаб беришди. Шундан кейин номларни ёздириб қўявердим”.

Мана, сизга жойларда давлат тили ҳақидаги қонунга “эътибор”, ана сизга она тилимизга нисбатан “муносабат”, “ҳурмат-эҳтиром”. Собиқ шўролар даврида юртимизда бирор янги корхона, муассаса, майдон ёки кўча барпо этилиб, унга ўзбекча ном бериш таклифи айтилса, бундай таклиф билдирганлар миллатчиликда айбланар, ўша барпо этилган янги маскан ёки ташкилот рус тилидаги ном билан аталарди. Энди эса мустақил мамлакатмиз, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Кўплаб янги корхоналар, иншоотлар, маиший хизмат уйлари, муассасалар қураяпмиз. Биров бизга уларга ундай ёки бундай ном бер, деб буйруқ бермаётибди. Лекин биз ўз хоҳишимиз билан юртимиздаги янги масканларни хорижий номлар билан атаб ётибмиз. Оёғимиздаги занжир ҳеч ечилмаётганига ачинасан киши.

Эътибор беринг, бугунги кунда ўзини ишбилармон атайдиганлар шахсий маблағларига ресторан, маиший хизмат уйи, дорихона, дўкон, кичик муассаса ёки бирор хусусий корхона, фермер хўжалиги шифохона ва ҳоказоларни барпо этмоқда. Уни хоҳлаган хорижий номда атаб ҳужжатлаштирмоқда. Хорижий номда аталган бу янги мас­канларнинг, корхоналарнинг низомларини эса республикамизнинг тегишли вазирликлари, вилоятлари, шаҳарлари, туманларида фаолият юритаётган мутасаддилар ҳеч бир қаршиликсиз рўйхатдан ўтказиб бермоқдалар. Албатта, келишув асосида.

Шундай экан, хусусий муассасаларга қўйилаётган бундай   номлар тўғрисида, давлат тили қонунига амал қилмаслик ҳолатлари ҳақида ишбилармонларни қўятуринг, давлат ташкилотларида ўтирган мутасаддилар ҳам ўйлаб кўришмайди. Гўё ном ажнабий бўлса, одамлар ковушини кўтариб чопиб келадигандек, нафақат мутасаддилар, ҳатто уларнинг фаолиятини назорат қиладиган вилоятлар, шаҳарлар, туманлар, вазирликлар раҳбарлари ҳам бу муаммога мутлақо эътибор қаратаётгани йўқ. Жойларда ном қўйиш билан боғлиқ давлат тили қонуни бузилишлари йилдан-йилга болалаб бормоқда.

Бундай жараёнда, миллатимизга зид бўлган турли фикрларнинг, ажриқ каби ер ёриб чиқиши турган гап. Ўтган йили бир гуруҳ кимсаларнинг “Ўзбекистонда бир тилни эмас, икки тилни давлат тилига айлантирайлик”, деган таклиф билан чиқишлари ҳам юртимизда Давлат тили ҳақидаги қонунга тўла амал қилинмаётганлигини кўрсатди. Бу таклифга зиёлиларимиз кескин қарши чиқдилар. Бу яхши, албатта! Лекин амалда-чи? Ахир амалда жойларга, масканларга, ҳатто бир-икки тилда эмас, тўрт-беш тилда ном бериб ётибмиз-ку! Бу тўрт-беш тил қонуний асосга эга бўлганда ўзбек тили давлат тили эмас дегани эмасми?

Айни пайтда давлат тилига эътиборсизлик, унга амал килмаслик, она тилимизга ҳурматсизлик нафақат бугунги ёзув маданиятимизда, балки оғзаки мулоқотлар, кундалик фаолият тарзимизда ҳам яққол сезилиб туради. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин. Яқинда вилоятлардан биридаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхонада бўлдим. Корхонада хитойлик мутахассислар ҳам ишлар экан. Улар билан суҳбатлашиш мақсадида таржимонга мурожаат қилдим. Таржимон “Улар рус тилини билишади, бемалол гаплашаверинг”, деди. Хитойликлар билан суҳбатимиз рус тилида бўлди. Суҳбат якунида улардан “Бу тилни қаерда ўргандингиз?” — деб сўрадим. “Шу ерга ишга келганимиздан кейин ўргандик”, дейишди. “Ўзбек тилини ўрганиш қийинми?” — сўрадим улардан. “Йўқ, қийин эмас, — дейишди улар. — Лекин бу ерда рус тилида гаплашишади. Шу сабабли бу тилни ўрганишга мажбур бўлдик. Ўзбек тилини билишга қизиқамиз. Аммо жонли мулоқот қиладиган одам йўқ”. Уятдан ер ёрилмадию, ерга кириб кетмадим. Наҳотки, Ўзбекистондаги корхонада ўзбек тилида мулоқот қиладиган одам бўлмаса, ўзбекман деган ҳар бир фуқарога, яъни фақирга уят эмасми, бу.

Корхонада ишлайдиганларнинг миллий таркиби билан қизиқдим. Уларнинг 90 фоизи миллатдошларимиз экан. Мен бу ҳолатни нима деб шарҳлашни билмайман. Барибир ғоялар курашида миллий руҳ ғолиб келади. Бунга вақт керак.

Тошкентда бўлаётган халқаро анжуманларда, телеэкранларда хорижлик элчиларнинг, олимларнинг, сайёҳларнинг ва турли касб эгаларининг ўзбек тилида равон гапираётганини кўриб, тилимизнинг жозибасидан, унинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан, бошқа халқлар вакилларининг ҳурмат-эътиборидан қалбимизда ғурур, ифтихор уйғонади. Тилимизга нисбатан бундай эҳтиромдан фахрланамиз, аммо мамлакатимизда 50-60 йил, ҳатто бутун умр яшаб, ўзбек тилини мутлақо билмайдиганлар, рости, билишни истамайдиганлар, давлат тилини писанд қилмайдиганлар борлигидан кўнглимизда оғриқ пайдо бўлади.

Бунга, биринчи навбатда, ўзимиз айбдормиз. Бизнинг меҳмондўстлигимизни, тавоземизни кимлардир мутелик деб тушунмоқда. Қўлимизни кўксимизга қўйиб саломлашсак, улар бош эгиш деб билмоқда Келинг, ўз она тилимизни, аввало, ўзимиз ҳурмат қилайлик. Бугун ўлкамизда одамлар ўртасидаги мулоқотларда, анжуманларда хорижий тилларнинг устувор бўлиши, юртимиздаги ташкилотлар, муассасалар, фермер хўжаликлари, корхоналарга чет тиллардаги номларнинг қўйилиши давлат тили ҳақидаги қонунни менсимаслик билан бирга, тилимизга нисбатан ҳурматсизликнинг амалий кўринишлари ҳамдир.

Шундай пайтда ўз-ўзидан савол туғилади. Хўш, ижтимоий ҳаётимизда давлат тили тўғрисидаги қонун билан боғлиқ бундай камчиликларнинг юзага келаётганини мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидагилар, қонунлар ижроси билан шуғулланадиган Вазирлар Маҳкамасидагилар билишмайдими? Билишади! Нега улар жим?!

Бу хусусда ҳақ ва адл сўзни айтиш яна Президентимиз зиммасига тушди. Ўтган йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида мамлакатимиз раҳбари “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Қонуни асосида юртимизда қўлга киритилган ютуқ ва камчиликларга ҳаққоний баҳо берди.

Юртбошимиз: “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур”, деган фикрни ўртага ташлади ва бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни кескин танқид қилди. “Афсуски, — дейилади маърузада, — жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топономик белгилар, турли лавҳа ва рек­ламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради”.

Айни шу маърузада: “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, деган сўзлар ҳам алоҳида таъкидланди.

Давлат тили ҳақидаги қонунга амал қилмаслик ҳолати ёхуд бу соҳадаги камчилик фақат корхоналарга, муассасаларга ном бериш, рекламаларни ёзиш жараёнидагина эмас, жойларнинг топономик номларини белгилаш борасида ҳам кўзга ташланади. Бир гал Самарқанд вилоятига хизмат сафари билан борганимда Нуробод туманида ажабтовур ҳолатга дуч келгандим. Туман маркази Нуробод шаҳарчасидан ғарб томонга бораверишда бир қишлоқ бор экан. Йўлнинг чеккасидаги бетонли кўрсаткичга қишлоқ номи битилган: “Мусо қоқ”. Кўрсаткичнинг иккинчи томонида шу ном рус тилида “Муса какь” деб ёзилган. Чаласаводлик сабаб “Мусо қоқ” қишлоғи рус тилида “Мусо қандай?” қиш­лоғига айланиб қолганди. Олимларимиз, соҳа мутасаддилари қачон эътиборли бўлишаркин-а?!

Маълумотларга кўра, географик объектларни номлаш ва уларни ўзгартириш масалалари бўйича баъзи ҳудудий комиссияларнинг аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини номлашдаги фаолияти талаб даражасига мутлақо жавоб бермас экан. Масалан, Андижон вилоятида ҳудудий комиссия тавсиясига мувофиқ Ҳасанқовоқ, Асфальт, Гараж, Стадион, ДАН орти, Хирабек, Чойфуруш каби аҳоли пунктлари пайдо бўлибди. Жиззахда эса янги турар-жой масканлари Жанон, Пучуғой, Чақир-Чуқур сингари номларни кўриб, ол-а, Қалам қоши йўқмикин, деворганингни билмай қоласан.

Самарқанд вилоятидаги комиссия аъзолари эса ном қўйишда ҳаммадан ошиб тушган. Вилоятда Чигирткали, Ўпка, Тентак, Энамяхши, Дамқорин, Кампирўлдибулоқ, Галақассоб, Йўғонтаёқ, Райимқулкўса, Калтапўстин, Мирзабачча каби номдаги аҳоли пунктларига қараб кули­шингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Сурхондарёдаги аҳоли пунктларига эса Қизил деҳқон, Газкўча, Химия, Шағал, Пуштиварақ, Кекирдак сингари янги номлар берилибди. Бундай “антиқа номлар”ни кимлар ўйлаб топар экан-а?!

Узр-ку, саводсизлик, нодонликнинг чегараси йўқ экан-да! Шуларни эшитиб, кўриб, ўйлаб қоласан, наҳотки, бугунги кунда янги жойларга шундай номлар бериш мумкин бўлса? Агар улар объектларга берилган эски номлар бўлганида ҳам бу номларни давр талаби нуқтаи назаридан янгиларига алмаштириш керак-ку! Ахир эндиликда яшаб турган қишлоқларимизни Қизил деҳқон, Ўпка, Тентак, Йўғонтаёқ, Галақассоб, Дамқорин каби номлар билан атаб бўладими? Ёки овулларимизга Пучуғой, Жанон, Мирзабачча каби номларни бериш уят эсасми? Бундай ҳолатлар “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ҳамда урф-одатларимиз, анъаналаримиз, тарихий қадриятларимизга ҳам мутлақо зиддир.

Шунинг учун эндиликда географик объектларга ном берадиган жойлардаги ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш керак. Мамлакатимиз Президенти “Миллий ўзлигимиз ва мус­тақил давлатчилигимиз тимсоли” деб аталган маърузасида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Жамиятимизда тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган мавзу — бу жой номларини белгилаш масаласи, десак, хато бўлмайди. Чунки ижтимоий объектларга ном бериш — бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак”, дея таъкидлаган эди.

Донишмандлар “Тил — миллатнинг кўзгуси” дея унга ниҳоятда улуғ таъриф берганлар. Шундай экан, бу улуғлик даражасига мувофиқ иш тутайлик. Миллатнинг тиниқ кўзгусига ғубор туширмайлик!

Камол МАТЁҚУБОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =