Мушук муриллайдими ё хуриллайди?

Қайсиям йили таржимачилик муаммолари бўйича тайёрланган бир диссертацияни ўқиб беришимни сўрашди. Салкам юз эллик бетлик иш билан танишиб чиқсам, ишонасизми, бир маҳаллар мен ёзган диссертациядан саҳифа-саҳифа кўчириб олибди-да, ундаги илмий-назарий гапларга бошқа мисолларни илова қилиб тайёрлабди азамат!

Ўзининг биронта ҳам янги гапи йўқ. Муҳокама чоғи бу иш тамоман кўчирма эканини айтсам, йиғилганлар ҳанг-манг бўлиб, диссертантга юзланди. Шоввоз йигит эса бизларга қараб, ажабланган кўйи, савол берди: “Нима, кўчириш мумкин эмасми?”

Ўшанда биз кулган эдик. Ҳозир эса бу оддий гап бўлиб қолди. Эпини қилганлар кўчиряпти, “ҳой, ноинсоф!” деб товуш чиқарган одамнинг унини ўчиряпти. Инсоф нима дегани, бунинг маъносини биладиганлар кам қолди.

“Buukmedianashr” деган бир нашриёт очилибди, гарчи номи чулчутча бўлса-да, яхши иш бошлаб, “Жаҳон бестселлерлари” деган рукнда Толстой, Достоевский, Чехов каби адабиёт даҳоларининг асарларини пайдарпай чиқаришга тушибди, ҳатто луғатлар ҳам чоп эта бошлабди.

Кошкийди, дейсиз, бошқа нашриётлар ҳам олди-қочди романлару, ўзи қашшоқ адибларнинг “қанақа қилса одам бойиб кетиши” ҳақидаги пултопар китобларини ҳадеб чоп этавермай, мумтоз асарларга шунақа эътибор берса.

Ана шуларни мулоҳаза қилиб, “Buukmedianashr” босиб чиқарган А.Чеховнинг, Ф.Достоевскийнинг бир хилда “Энг сара асарлари” деб номланган китобларни кўзимни чирт юмиб туриб сотиб олдим.

Нега, ё шу пайтгача бу асарларни ўқимаганмидингиз, дейсизми?

Ўқигандик, аммо Чехов ҳикояларини Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий каби машҳур адиблар, Достоевский романларини эса Иброҳим Ғафуровдай қалам усталарининг талқинида хатм қилган эдик-да. Бу гал эса ҳали номи унча танилмаган Шаҳноза Асад отли аёл Чехов ҳикояларини, Гулчеҳра ва Гулбаҳор Азимова деган хонимлар эса Достоевский романларини ўгиришипти. Таржима илмида, мумтоз асарлар ҳар бир янги даврда янгича нигоҳ билан ўқилади, деган бир кўзқараш бор. Кўрайлик-чи, бу ёш қалам аҳллари шундай даҳо адиблар асарларини бизга қай тахлит тақдим этишган экан?

Бироқ уйга опкелиб, юпқа ялтироқ муқоваларидаги майда ёзувларини ўқигач, ҳафсалам совиб кета бошлади. Бир китоб муқоваси тепасига “Покой и довольство человека не вне его, а в нем самом. Антон Чехов” деган иқтибос рус тилида битиб қўйилибди. Ажабо, энди Шекспир асарларини ўгирсак, ўзбекча китоб муқовасига инглиз тилида, Руставелини чоп этсак – грузинча, Тагор китоби устига ҳиндча бир балоларни ёзиб қўйишимиз керакми? Ё япону хитойлар ҳам китоб муқовасига Абдулла Қодирийнинг бирон гапини ўзбек тилида дарж этишадиган бўлганми?

Шу муқованинг ўзидаги “Кучукчали хоним” дегани нима бўлса экан? Ўзбеклар итнинг боласини кучук дейди, аммо кучукча дегани… кучукнинг ҳам боласими? Қолаверса, от етаклаган кишини ўзбеклар “отли одам” демайди, қўй ҳайдаган кимсани “қўйли одам” деб чақирмайди, ўғлини эргаштирган кишини “ўғилли киши” деб атамайди, бу – ўзбек тилининг табиатига ёт. Ундан кўра, ярим аср аввалги таржимани такрорлаб, “Лайча эргаштирган хоним”, деб қўяқолсак, нима қилади?

Сотишга сотиб олиб, тўпламдаги ҳамма ҳикояларни бир бошдан ўқиб лаззатланишга тоб-тоқатим етмади, азизлар. Аслида ҳам, бир бош узумдан бир дона чўқилаб кўриб, маза-матрасига баҳо бериш мумкин, ҳаммасини ейиш шарт эмас. Мен бир маҳаллар раҳматлик Исҳоқ Раззоқов Чеховнинг “Человек в футляре”сини сарлавҳасиданоқ “Ғилоф бандаси”, дея қойилмақом қилиб ўгирган ҳикояни деярли ёдлаб олган, бу асарни минг йилгача эскирмайдиган дурдона деб билардим. Шунинг учун дастлаб, ўша ҳикояни қидириб топдим. Қарангки, ё мен билмай минг йилни ўтказиб юборибман, ё… яна билмадим – Шаҳноза Асад бу ҳикояни ўртамиёна, ёзилиб битмаёқ унутилишга маҳкум асар даражасига туширибди-қўйибди. Гарчи у ҳам ҳикояга “Ғилоф бандаси” деб ном қўйган бўлса-да (топқирликни қаранг!), буёғида ҳикоядаги ҳар бир русча сўзни тилимиздаги биринчи маъноси билан алмаштириб — ағдариб-тўнтариб ташлабди. Чунончи, “ворчаться” деганини биласиз, “вайсамоқ”, “нолимоқ” бўлади. Аммо вазиятга қараб, бошқа сўзлар билан ўгириш ҳам лозим, албатта. И.Раззоқов бояги ҳикоядаги “Собаки ворчались” деган жумлани “Итлар ҳура бошлади”, деб берган бўлса, янги чиққан мутаржимнинг талқинига кўра, “Итлар вайсай бошлаган” эмиш.

Ана, билдингизми, вайсақи итлар ҳам бўлар экан оламда! Чеховнинг ўзи тирик бўлганида, дарров тан бериб, “ҳе ўша, таржимангга чучкурдим!” деб айтган бўларди-ёв. Яна бир мисолда эса “унинг ёнида оқ мушук кулала бўлиб ётар ва муриллар эди”, дейилади. Нимага десангиз, бу мушук русча китобда айнан “мурликать” қилар экан-да.

Йўқ. Жон-жониворлар ҳар тилда бошқача товуш чиқаради. Ўзбекнинг ити вовулласа, рус ити “гавкать” қилади, ухлаётган мушук бизда хурилласа, рус тилида “мурликать” этади, шу ҳам – миллийликнинг бир кўриниши.

Мен рассом эмасман. Шунинг учун бу соҳадаги ҳар турли найранглардан бехабарман. Аммо айтишларича, кейинги чорак асрдан бери айрим устамонлар бирон пейзаж учун табиат бағрига чиқиб, мольберт ўрнатиб, бўёқ тайёрлаб, чизиб ўтирмас экан-да, ўша манзарани фотосуратга олиб, уйда диапроектор орқали мато юзига тушириб, сурат устини бўяб, осонгина “шедевр” асар яратиша бошлаган эмиш… Шунақа пейзажни санъат асари деб бўладими, билмадим. Бояги мутаржим хонимлар ҳам шу усулга ўтиб олишганми, дейман – ой сайин бир-икки романни ағдариб ташлаётибди!

“Buukmedianashr” мутаржимларининг ботир қалами шарофати билан ўзбек тилига ўристахлит жумлалар кириб келяпти. Масалан, “Телба” (Достоевский) романидаги мана бу телба-тескари жумлаларни ўқигач, персонажларни жиннисанғи бир кимса бўлса керак, деб ўйлаб қолдим. Ахир, уларнинг гапини эшитиб кўринг-а:

“Демак, гап шундай, мен сизни нега чақирдим: сизга таклиф билдирмоқчиман, менинг дўстим бўлинг” (488). Ё тавбангдан кетай, бунақа сўзлаган кишидан кўра, этигини пойма-пой кийиб юрганлар соғроқ ҳисобланмайдими?

Яна ким билади дейсиз, эҳтимол бу таржимон аёлларнинг қўлида ҳамма нарсани сўзма-сўз таржима қилиб ташлайдиган бирон компьютер дастури бордир? Йўқса, ҳали тўрттагина ҳикояни ҳам ўгириб кўрмаган бу хонимларга шундай катта романларни ҳаш-паш дегунча, ўқувчи қўлига етгунча қилиб ўгирмоқ, шундай дилбар ҳикоялар гулзорини пайҳон қилиб ташламоқ осон бўптими? Компьютер дастури деганимки, ёдингизда бордир — “Темир хотин” пьесасидаги Аломатхон Қўчқорвойнинг отини эшитгач, миясидаги луғатни ишга туширади-да, Қўчқорни “қўйнинг эркаги” деб талқин қилади. У-ку, бир темир хотин эди, аммо бу таржималардаги талқин ўшандан ҳам бешбаттар эканини яна янги-янги мисолларни пеш қилиб исботлаш шартмикин?

Ахир, ўзингиз айтинг, бирон луғатда ўриснинг “тринадцать” деган сўзи бошқа тилга “ўттиз” (тридцать) деб ўгирилганини кўрганмисиз? Бўлар экан. “Кавказ асири” ҳикоясидаги Жилин ва Костилин деган рус асирларига ёрдам берган Дина – ҳечам ўн уч яшар қизалоқ эмас, аслида ўттизни уриб қўйган жувон бўлиб чиқди. Ишонмасангиз, ўқиб кўринг:

“Прибежала девочка – тоненькая, худенькая, лет тринадцати и лицом на черного похожа. Видно, что дочь.”

Ана буниси эса шоввоз таржимон хонимнинг қаламидан чиққан:

“Озғингина, нозиккина, ўттиз ёшлар атрофида бўлган қиз югуриб келди. У қорачадан келган татарга ўхшарди. Қизи бўлса керак”.

Демак, қизнинг ёши ўн учда бўлиши — хато, Толстой оқсоқол янглишган бўлиб чиқади. Бунақа “тўғрилаш”лар бўла берса, ҳаш-паш дегунча ўзбек адабиёти майдонидан Толстойнинг ўзи ҳам “ковуши тўғриланиб” чиқиб кетиши ҳеч гап эмас…

Хўп, бу ёш қалам соҳибалари-ку, хато қилишибди, шошиб ўгиришибди, дейлик. Хўш, нашриёт муҳаррирлари-чи, улар ҳам шунчалик бепарво бўлишадими? Ё, уларнинг савия-сажияси ҳам таржимонлар қатори бўлсамикин?

Шу савол билан китобларнинг сарварағига қарасам, аксарининг муҳаррири — Шариф Холмуродов деган одам бўлиб чиқди. Шариф акани яхши танийман — бир умр китоб дунёси ичида яшаб келаётган ҳалол, камтар ва камсуқум, синчков бир муҳаррир. Хўш, унда… нега?

Минг андиша билан Шариф акага сим қоқиб, бу гапларнинг тагини суриштирдим. Менинг қўнғироғимсиз ҳам Шариф оқсоқолнинг фиғони фалакка чиқиб, жиғибийрон бўлиб юрган экан, ёрилди. Бу “Buukmedianashr” деганлари ўнлаб китоб чиқариб, уларнинг кўпига “Муҳаррир — Шариф Холмуродов” деб битиб қўя берар экан.

“Қизиқ-ку, — дедим баттар ҳайрон бўлиб. — Муҳаррир сифатида маош олгандирсиз ёки гонорар беришгандирки, номингиз дарж этилибди…”

“Йўқ, ундай эмас, — дебди оқсоқол ранжиб. — Мен бу китобларни чиқиб бўлганидан кейин кўрдим-ку. Пулини бермасаям гўрга, шу ёшгача ҳалол ишлаб келувдим. Энди булар туфайли номимга доғ тушадиган кўринади”.

“Адабиёт учқунлари”, “Илм-зиё-заковат” сингари алмойи-алжойи, номиданоқ таъсисчисининг савияси маълум бўлиб турган яна баъзи бир нашриётлар бор. Буларнинг бири ёпилса, бошқаси шумғиядай бош кўтариб чиқиб кела беради, қанча ҳалол қалам соҳибларининг бошини ерга эгади.

Фақат Шариф Холмуродовни эмас, Шодмонқул Салом деган яхшигина бир шоиримизни ҳам булар “муҳаррир” ролига тайинлашган. У ҳам хуноб.

Бу – Толстойни ҳам, Чехову Достоевскийларни ҳам бир пулга олмай, асарларини эса фақат пул олинадиган манба, деб билган бир “уддабурро” ноширнинг иши. Хўш, ким экан бундай валломат, шаҳарни бедарвоза билган, деб сўрарсиз.

Мен бу нашриётни ким очганлигию унинг ишларини юритаётган киши қай кимса эканлигини билмайман, танимаганим учун хусуматим ҳам йўқ.

Аммо…

Ҳар ишнинг ўз устаси бўлади, ҳар соҳанинг пири. Одам ишни шогирд тушиб ўрганади, йиллар давомида устоз даккисини эшитиб маҳорат касб этади. Ахийри, бир ҳунарнинг етук вакилига айланади, устози унга фотиҳа бергач иш бошлайди. Бусиз эса ҳар мақомга йўрғалашга тушади. “Пуллик мактаб очмоқчиман, лицензия беринглар”; “шифокорлик қилгим келади, ижозат керак”, деган билан шу ишлар бўлиб қоладими? Кўнгил, ўз йўлига. Қоидага кўра, педагог бўлмасангиз — мактаб эшиги тақатақ ёпиқ, беморни даволамоқчисиз — шифокорликка ўқиган бўлишингиз шарт.

Аммо нега энди истаган бир шахс нашриёт очмоқчи, газета ё журнал чиқармоқчи бўлса — оммага ахборот тарқатиш, маърифат ва маънавият, халқнинг билими ва савияси билан боғлиқ ниҳоятда масъулиятли бир ишни, истаги борлиги учуноқ, унга йўлни кенг очиб бериш керак экан? Бир бўлмағур муаллим элликта болани чаласавод қилиши, бир нўноқ табиб юзта одамни нотўғри даволаши мумкин. Аммо ўқимаган ношир минглаб ва ўн минглаб одамнинг онгу шуурига заха етказишига, ахлоқини бузишига, савиясини пасайтириб, дидини ўтмаслаштиришига нега бефарқ қараймиз?

Шунинг учун ҳам менинг, бир фуқаро сифатида, фикрим шуки, газета, журнал таъсис этиш, нашриёт очиш ҳаракатидаги одам лоақал филологик маълумотга эга бўлишини талаб қилиш, бу соҳада тажриба ва кўникмаси бор бўлсагина лицензия асосида иш очиб бериш лозим.

Аллақайси чет давлатнинг фалон соҳадаги “рейтинг жадвали”да пастроқ ўринга тушиб қолмаслик, ишқилиб, азбаройи ҳар жабҳада “ўртадан юқори”роқ мавқе эгаллаб туриш учун маданиятимиз эришган барча ютуқни барбод қилиб, маънавиятимиз илдизига болта урадиган ғарбча ахлоқ ва қарашларни қабул қилаверсак, бир кун келиб, ўзи ўтирган шохга арра тортаётган кишининг ҳолига тушиб қолмаймизми?

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 5 =