Аёл — энг қудратли тарбиячи

Бугун матбуотда таълим тизими, фарзандлар тарбияси ҳақида турли фикр-мулоҳазаларга бой материаллар кенг ёритилмоқда. Айниқса, аксарият ҳолларда салбий-танқидий чиқишлар кўпайди. Хўш, аслида таълим-тарбия учун ким масъул?

Ушбу масала   юзасидан сенатор, Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори Абира Хусейнова фикрлари билан қизиқдик.

— Биз таълим ва тарбиядаги оила-маҳалла-мактаб узвийлигини таъминламас эканмиз, бирор натижага эришишимиз жуда қийин. Маълумки, инсоният қадим замондан жаҳолатга, бидъат ва хурофотга қарши маърифат билан курашишга интилиб келган. Ҳар қандай ноҳақликларни, ёмонликларни енгиш усули — маърифат усули бўлиб, у ҳозирги даврда, яъни ХХI аср ибтидосида ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Миллатни маърифат тарбиялайди. “Яхши тарбияланган қалб ва виждон ҳеч қачон эгасини шарманда қилиб қўймайди”, деб таъкидлаган эди “Туркис­тон жадидларининг отаси” Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ушбу фикр­­ни илмий нуқтаи назардан таҳлил қилганда, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атроф­­да юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш бугуннинг долзарб вазифаси эканлиги аён бўлади.

Мутафаккир фикридаги “эгасини” деган сўзга эътибор қаратадиган бўлсак, бу нафақат ота-она, балки маҳалла, таълим муассасаси, бутун жамият маъносида ишлатилган. Беҳбудий учун биринчи ўринда виждон туради. Хўш, виждон нима? Виждон бу — бизни ҳидоятга йўлловчи маёқ. Аслида ҳам ҳидоят инсон ҳаёти ва фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. Инсон ҳаётининг мақсадини белгилайди, ҳидоятли одам мақсад сари эзгулик ила шахдам қадам ташлайди. Агар инсоннинг ҳаётида “ақл”га таянилмаса, виждон ва ҳис-туйғулар учун ўрин бўлмаса, унда фақат моддий манфаатлар биринчи ўринга чиқади. Ҳар қандай одамийлик, олийжаноблик, меҳру-мурувват каби тушунчаларга ўрин қолмайди.

Ҳозирги кунда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори мутафаккир жадид Беҳбудийнинг “Яхши тарбияланган қалб ва виждон ҳеч қачон эгасини шарманда қилиб қўймайди” деган фикрига жуда ҳамоҳангдир.

Инсон икки йўл билан тарбия топади. “Бировларнинг бевосита таъсири, яъни ўргатиши, шунингдек, донолар фикрлари, ўгитлари ва асарларини ўқиш орқали, инсон ўзининг фикрлаши, одамлар хатти-ҳаракатидан, қилган ва қилаётган ишларидан тегишли хулосалар чиқариб олиши; энг қудратлиси эса — тафаккури воситасида тарбияланиши мумкин”, деган эди тарбияшунос олим Сафо Очил.

Инсонни тарбияловчи омилларнинг иккинчи бўғини, маънавиятни чиндан ҳам қудратли кучга айлантиришнинг йўл-йўриқлари, оддий қилиб айтганда, инсон қалбига йўл. Чунки, инсон фитрати тоза бўлиб туғилади ва у покиза ҳамда соғлом муҳитда улғайсагина аслиятини сақлаб қолади. Натижада яхши ва ёмон ҳолатларга ўз муносабатини билдира олади. Виждони унинг ҳаёт ўлчовидир. Агарда у нопок муҳитда тарбияланиб, қоронғи кўчаларда адашиб қолса, у фит­рати покизалигини сақлаб қололмайди.

Ушбу ҳидоят йўллари инсон қалбини поклайди, виждонини тозалайди.

Инсон туғилганидан тафаккур воситасида тарбияланади. Фарзанд дунёга келдими, у албатта, ушбу восита ила тарбия топмоғи даркор.

Маълумки, виждон ва қалб поклиги масаласига энг кўп аҳамият қаратган дин Исломдир. Ислом дини инсоннинг ботини ва ички оламини поклаш ва гўзаллаштиришга энг муҳим ишлардан бири сифатида қарайди. Наҳл сураси 9-оятида шундай дейилган: “Тўғри йўлга ҳидоят қилиш ёлғиз Оллоҳ измидадир. Зотан, йўллар орасида эгриси ҳам бордир. Агар Оллоҳ хоҳлаганида сизларнинг барчангизни тўғри йўлга ҳидоят қилган бўлур эди. Лекин у зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди”. Шунингдек, “Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур” (Анфол, 29).

Айниқса, Ҳадисларда тарбия, виждон, бировларга яхшилик қилиш ҳақида пурҳикмат фикрлар мавжуд. Ҳадисда, “Яхшилик – нафсингиз таскин топиб, дилингиз ором оладиган ишдир. Ёмонлик ёки гуноҳ эса, унинг аксидир, гарчи муфтийлар фатво берсалар ҳам ўз қалбингизга қараб иш тутинг”, дейилади. Бошқа бир ҳадисда эса, одамларга яхшилик қилиш зулмга қарама-қарши қўйилади. “Одамларга яхшилик қилиш ва қариндошлар билан яқин алоқада бўлиб ҳол-аҳвол сўрашиб туриш — бу савоби тез тегадиган хайрли ишлардандир. Зулм ва қариндошлардан узилиб кетишлик эса, жазоси тез билинадиган ёмон ишлардандир”.

Умуман олганда, Қуръони карим ва ҳадисларда инсоннинг бу дунёда бажарадиган ишлари, инсонпарварлиги, хулқ-одоб қоидаларига риоя қилиши, виждони, қалби поклиги, хайрли ишлари тўғрисида кўп гапирилади. Буни шундан ҳам билиш мумкинки, Қуръони каримда яхши ишлар ва солиҳ амаллар — 31 марта, эзгу ишлар — 12 марта, хайр-эҳсон, садақа, меҳр-шафқат — 40 марта, ҳидоят йўли — 5 марта тилга олинади.

Марказий Осиё қадимдан илм маскани, маънавият бешиги ҳисобланган. Бутун дунё тан олган мутафаккирларимиз, аждодларимиз асарларида таълим-тарбия энг асосий ўрин эгаллайди. Чунки жамият тараққиёти айнан мана шу омилга бориб тақалади.

Шарқ донишмандлигида: “Боланг етти ёшга етгунча унинг айтганини қил, чунки бу давр боланинг айтганини қилдирадиган подшолик даври, етти ёшдан ўн саккизгача тарбияда унга талабчан бўл, айтганингни қилдир, токи улар меҳнатга кўникма ҳосил қилишсин. Ўн саккиздан кейин эса, уни ўзинг билан тенг кўр, худди ўз дўстингдек муносабатда бўл”, деган панд-насиҳат ҳам ўзининг ҳаётий асосга эгалиги билан ажралиб туради.

Таъкидлаш жоизки, фарзанд тарбиясида аёлларнинг ўрни беқиёсдир. Шундай экан, бутун масъулиятли вазифани бажарувчи оналар маънавияти қай даражада? Оилавий муҳит, эр-хотин муносабатлари қандай, ота-она бола учун ибрат бўла оладими? Ибн Сино ўзининг “Тадбир ал-манозил” асарида қуйидагича фикр юритган: “Хотин киши билимли бўлсин. У динга ишонсин. Уятчан, шарму ҳаёли, иболи, табиатан жасур, ўз эрини қаттиқ севадиган, туғиш ва бола тар­бияси ҳақида ўйлайдиган бўлиши, эзма бўлмаслиги ва ўз эрига бўйсуниши, тўғри, камтар, фаросатли бўлиши керак”.

Ризоуддин ибн Фахриддин “Оила” номли асарида аёллар ҳақида шундай ёзади: “Агарда оила кемага ўхшатилса, хотун кеманинг қуйруғи ҳукмида бўлур. Дарёда катта қувватга эга бўлган кема қуйруқ ҳаракатига эргашиб юргани каби, мамлакат мисолида бўлган оилаларда оила ичида бўлган хотун ҳаракатига эргашурлар. Хотунлари тарбияли бўлган халқ — тарбияли-ю, хотунлари тарбиясиз бўлган халқ — тарбиясиз, хотунлари тиришқоқ, тадбиркор, иродали бўлган халқ — бою, хотунлари ялқов ёки исрофгар халқ фақир бўлиши аниқдир”.

Фарзандларимиз маънавияти, маърифат ва маданиятини юксалтиришда, асосан, соғлом муҳит муҳим роль ўйнайди. Соғлом муҳит барча ишларнинг тўғри ҳал қилинишига, мақсад ва вазифаларнинг тўла амалга ошишига имконият яратади. Соғлом муҳит, айниқса, таълим-тарбия муассасалари учун зарурий муҳим шартлардан биридир. Ёшлар, аввало, уйда, сўнг таълим муассасасида кўрган-билган ва тинглаган ўгитлари, олган сабоқлари таъсирида камолга етади. Бу фикрлардан кўриниб турибдики, шарқона ахлоқ-одоб ва умумбашарий ғояларни онгига сингдириб олган ёшлар юксак маънавиятли кишилардан ҳисобланади.

“Ҳар бир миллатнинг маънавий бойлиги унинг қанча китоб ўқишига қараб белгиланади”, деган нақл бор. Ҳозирги кунда ёшлар аждодларимизнинг яхши хис­латларини ўзлаштириб, ҳаётнинг ёмон жиҳатларини ўзлаштирмаслигига жуда кўп нарса боғлиқ. Бу борада оилада китобхонликнинг ўрни бўлакча. Афсуски, тараққиётнинг технологик ривожланишлари таъсирида оилаларда ёшу қарининг телефонларга боғланиб қолиши замонавийлик эмас, аксинча, маънавиятни билиб-билмай таназзулга етакловчи салбий омил эканлигини унутмаслик керак.

Моҳира ШАКАРОВА ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =