Дала шийпондаги газета тахламлари
— Уйимизга газета келди, — дея суюнчилади қўшним, — карантин даври юмшатилган кунларнинг бирида. — Кўпдан бери обуна бўлган газеталаримизни ололмаётган эдик. Газеталарни анча соғинган эдик. Босма нусхаларни қўлимизга олганимиздан жуда қувондик. Энди мазза қилиб ўқиймиз.
Газета одамга маънавий озуқа, руҳий далда беради, тафаккурини чархлайди, ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Инсон камолотида ҳиссаси беқиёс бўлган босма нашрлар ўрнини на Интернет, на телевидение, на радио ва театр боса олади. Тўғри, уларнинг ҳам ўз ўрни бор, бироқ газеталар ўзга бир дунё!
Бугунги кунда ўқувчиларга “Китоб ўқинг, мутолаа тафаккурни кенгайтиради”, деб уқтирилмоқда. Жуда тўғри гап. Лекин хонадонига газета кириб бормаган, бирон марта уни варақламаган, ўқимаган бола китоб ўқишни ўргана олармикин…
Болалик даврларимизни эслаганда ҳамиша бир воқеани хотирлайман. Биз дарсдан келаётганимизда почтачи сумкасини орқалаганча ҳовлимизга кириб келарди ва ота-онамиз обуна бўлган бир даста газетани қўлимизга тутқазарди. Роса хурсанд бўлардик. Биз болалар “Ғунча”, “Гулхан” журналларини талашсак, оиламиз катталари газета мутолаасига киришардилар. Кейин қўшнилар билан янгиликлар муҳокама қилинарди. Шеърлар, ҳикояларни журнал, газеталарда ўқиб, шоир, ёзувчиларни таний бошлаганмиз. Кейинчалик уларнинг асарларини кутубхонадан топиб ўқишга интилганмиз. Биз севиб мутолаа қилган ҳикоя, шеърларнинг муаллифлари газета-журналларда ишлашини билиб, уларнинг ижодини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилардик. Чунки дарсликларимизда улар ҳақида маълумот йўқ эди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Омон Матжонларнинг ижод намуналари билан газета-журналлар орқали танишиб, кейинчалик китобларини излаб топиб ўқиганимиз эсимда.
Қишлоқларда пахтакорлар учун дала шийпонлари бўларди. Радиода қўшиқ янграб турарди, дала шийпоннинг бир четида газеталар тахлами турарди. Хоҳлаганимизни олиб ўқирдик. Катта бўлиб, ўқишларни тугатиб, ишлай бошлаганимизда хоҳлаган корхона ёхуд ташкилотга кириб борсак, газеталар тахламига кўзимиз тушарди. Улар назаримда энг катта бойлик бўлиб туюларди, ҳақиқатан ҳам шундай эди-да.
Яқинда нуфузли бир ташкилотга бордик. Газеталар тахлами борми-йўқлиги билан қизиқдик. Шунда раҳбар ғурур билан:
— Бизда газеталар тахлами йўқ, чунки обуна бўлмаганмиз. Мажбурлаш мумкин эмас. “Обуна бўлинг” деб айтолмайман. Кимларнидир “Мажбурий обунага йўл қўйган” деб ишдан олишди. Ғалвани сотиб олиш ниятим йўқ.
Шунда газета ўқиш фақат фойда келтириши ҳақида гапириб, олдинлари ҳатто қишлоқлардаги чорвачилик фермалари, дала шийпонларида ҳам газеталар тахлами турарди десак раҳбар:
— Энди шўролар ўз мафкурасини сингдириш учун матбуотдан фойдаланишган. У кунларни эслатиб ўтирманг, — дейди.
Бу — раҳбар одам билан гаплашиш ортиқча эканлигини англадик. Босма нашрлар қандай давр, мафкура бўлмасин, зиё ташувчи, маърифат улашувчи восита бўлган. Миллатимиз зиёлилари шу соҳада тер тўкиб меҳнат қилишган, халқимиз маънавияти юксалиши, миллатимиз уйғониши учун бор куч, салоҳиятларини аяшмаган.
Яқинда бир ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолдик. Шунда ундан республикада чоп қилинадиган қайси газеталарни биласиз, десак, у жавоб беролмади. Ҳайрон қолдик, чунки оиласига умуман газета кириб бормаган, мактаблар эса кейинги йиллари “Мажбурий обунага чек қўйиш” деган тақиқ туфайли газетадан юз ўгирган. Бу масканда сабоқ оладиган ўқувчиларга ачиндик, холос.
Бу фикрларни нимага келтиряпман. Босма нашрларни ўқиш, уларга обуна бўлиш ҳеч қачон зарар келтирмаган-ку. Айниқса, учинчи Ренессенсга қадам қўяётган пайтда миллат онгини юксалтиришда босма нашрларнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Буни Президентимиз ҳам шу йил Ўқитувчи ва мураббийлар байрами кунидаги нутқида таъкидлади. Шундай экан, ҳар бир хонадон, корхона, ташкилотларга босма нашрлар кириб бориши керак. Фарзандларимизни мутолаага ўргатиш, улар тафаккурини чархлаш учун ҳам босма нашрлар албатта, керак.
Айримлар “Газета ва журналларда ўқишли мақолалар берилиши керак, уларда босилаётган мақолалар мухлисларни жалб қилмаётгани учун обуна бўлишмайди”, деган фикрларни ҳам айтишади. Ҳамиша босма нашрларни мутолаа қилиб келаётган газетхон сифатида менинг фикрим бутунлай бошқача. Газеталарда жуда яхши мақолалар берилмоқда. Масалан, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш”, “ХХI аср”, “Китоб дунёси”, (ўзим ўқийдиган газеталарни ёздим) газеталарида босилаётган ҳар бир мақола диққатни тортмасдан қўймайди. Биринчи саҳифадан тортиб охиргисигача бош кўтармай ўқиб чиқиш мумкин. Аввало, бу газетхоннинг маънавий даражасига боғлиқ, албатта. Фақат бир нарса, босма нашрлар ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши керак, холос. Агар шу нарса амалга ошса, газеталар нархи арзонлашар, обуначилар сони кўпаяр эди. Яна “Мажбурий обуна” деган атамадан бутунлай воз кечиб, обуна бўлиш ҳаёт заруратига айланиши шарт. Миллатни бир кунгина бирон-бир газетасиз яшашини тасаввур қилиб кўринг, ана шунда биласиз бунинг қандай аянчли ҳол эканлигини. Шундай экан, ортиқча “пуфак” гурунглар”дан тийилган ҳолда ҳар биримиз газеталар тақдирини ўз фарзандимиз тақдири билан ёнма-ён қўйиб ўйлашимиз керак бўлади.
Меҳрибон Тиллаева