Катта йўлдаги кичик тўсиқлар
Аллоҳ етказган буюк неъмат — мустақиллик Ўзбекистонга нималар бергани, мамлакатимиз нималарга эришгани барчамизга маълум ва бундан қувонмаслик ношукурлик бўлади.
Қандай ютуқларга эришган бўлсак, бу Ўзбекистонники, Ўзбекистонда яшаётган элники. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бугун эркин, озод мамлакатни янгича бошқариш, тараққиёт тизимини такомиллаштириш, монополиядан қутқариб, фаровон ҳаётга бошлаб кетиш ҳам осон кечмаяпти.
Бор куч-қувватини, билими, ташаббускорлиги ва маҳоратини Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, дунё тамаддунида муносиб мақомни эгаллаш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини таъминлаш орқали юртимизни етакчи давлатлар қаторига олиб чиқишга сарфлаётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг хатти-ҳаракатлари беиз кетмайди, албатта, ҳали ўзининг залворли бўй-бастини кўрсатади.
Кейинги йилларда амалга оширилаётган янгича ислоҳотларда аҳоли манфаатлари биринчи ўринга қўйилганлиги мамлакатда янгиланиш бардавом бўлишига ишонч уйғотади кишида. Ўтган қисқа давр одамларда ҳам янгича ўзгаришларга яраша янгича дунёқарашни шакллантираётгани сезилиб қолди. Вақт ҳам шуни кўрсатаяпти, тараққиётга янгича ёндашув бугуннинг зарурий эҳтиёжи экан.
Аммо шуни ҳам айтиш керак, қилинаётган барча ислоҳотларда миллат манфаатларини бош мақсадга айлантириш зарурати борга ўхшайди. Юқоридан айтилаётган гаплар, берилаётган топшириқлар қуйида кўнгилдагидек бажарилмаётгани баъзи ўринларда билиниб қолмоқда. Масалан, Президентимиз таълимни ислоҳ қилиш керак деганларида билим олиш масканларида таълим ва тарбияни мукаммаллаштиришни назарда тутган эдилар. Жойларда эса айрим мутасаддилар фанларни қисқартириш эвазига қўшимча фанларни жорий этишни “ислоҳ қилиш”, деб тушуна бошлади, тавсиялар кўпайиб бормоқда.
Рости ҳам шу, кейинги йилларда таълим тизимини ислоҳ қилиш жадал бошланди. Лекин нимагадир, кутилган натижа барибир қониқарли эмас. Афсуски, шундай! Тўғри, баъзи таълим дастурлари ўзгартирилди. Лекин ниманинг ҳисобига? Дарс жараёнида айрим фанларни қисқартириш, баъзиларининг соатини кўпайтириш ҳисобига қилинган иш янгилаш эмас-да. Бу бир тажриба, холос.
Таъкидлаш керак, ўқитиш тизимларида ҳам ўзгаришлар қилинаяпти, қўшимча сиртқи ва кечки ўқув йўналишлари эса қайта тикланмоқда. Айниқса, чекка ҳудудлардаги мактабларда ҳам компьютер синфлари пайдо бўлгани катта воқеа бўлди. Ўқитувчиларнинг маошлари оширилаётгани сабаб тажрибали эркак муаллимлар таълим даргоҳларига қайта бошлади, бундан қувонмасликнинг иложи йўқ.
Аммо таълимда тартиб ўзгармаяпти. Дарс ўтиш жараёни ўша-ўша, ўқитувчиларда даврга мослашиш сезилмаяпти. Президентимиз таъкидлаганидек, мактабда 11 йил билим олган бола нега олий ўқув юртига кириш учун репитетор ёллаши керак? Репитетор берадиган икки йиллик билимни наҳотки мактаб 11 йилда беролмаса? Афсуски шундай. Бунга сабаб нимада? Кадрлар талаб даражасида эмаслигидами ёки тизимда таъмагирлик, талон-торож қилиш, ажратилган маблағни ўзлаштириш барҳам топмаётганидами? Нима бўлганда ҳам, дарс ўтиш жараёнида янгича ёндашиш суст, бунинг устига, ўқувчининг маънавий савиясини ошириб боришида қўшимча дарслик, китоб ўқимаслик ҳолатлари одатий ҳол.
Доим мақтанамиз, юртимиз улуғ алломалар юрти деб, лекин бугунги ўсмир-ёшларнинг кўпчилиги боболаримиз меросини ўрганишдан кўра, уяли алоқа воситаларига боғланиб қолаяпти. Улар китобдан узоқлашди. Бу бўлғуси тараққиётга таъсир қилади. Тўғри, алломалар, академиклар, тажрибали профессорлар, билимдон олимлар ва жуда етук ўқитувчилар ҳозир ҳам бор, буни инкор этиб бўлмайди. Ҳозир ҳам юртимиз зиёлилари бошқа мамлакатлар зиёлиларига кўп нарсани ўргатиб қўйиши мумкин. Лекин ёшлар ҳам шунга муносиб бўлиб вояга етишлари ҳам керак-да.
Яна бир муҳим масала, кейинги пайтларда она тили дарсини қисқартириб, хорижий тил соатини кўпайтириш устида гап-сўзлар “бола”лади. Бу ҳам ҳеч қандай натижа бермайди. Одамнинг қалбидан она сути билан кирган она тилисини суғуриб олиб бўлмайди, ахир. Бу борада ривожланган давлатлар таълим тизимини ўргансак зарар қилмасди. Улар, биринчи навбатда, давлат тили бўлган ўз она тилига катта эътибор қаратади. Хорижий тиллар эса қўшимча дарс соатлари устига қурилади. Бизнинг ёшларимиз орасида ҳам истак-хоҳиши борлар қўшимча соатларда ўргансин, хорижда ўқиб келсин, бу ҳаммамизнинг ютуғимиз бўлади. Мажбурлаб жорий этиш эса ҳеч бир даврда ўзини оқламаган.
Айниқса, мамлакат тарихини маҳаллий таълим тизимида ўқитмаслик ёки дарс соатларини қисқартириш, тўғриси, буни, мен сизга айтсам, боғча боласи ҳам қабул қилолмайди. “Ўз тарихини билмаган юртнинг келажаги йўқ”, бу гапни Президентимиз ҳам кўп бор таъкидлаб айтдилар.
Энг ёмони, таълим йўналишидаги энг муҳим, энг зарур ислоҳотларнинг бирортаси кўгилдагидек амалга ошмаётганини Юртбошимизнинг ўзлари бот-бот айтаяпти. Аммо уни амалга ошириши керак бўлган қуйи бўғин жим. Шу ўринда ўтган кунларни бир эсласак менимча зарар қилмайди. Маълумки, Ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинганда, қайсидир “аллома”нинг тавсияси билан унинг таркибига Ўзбекистон ФА Ўзбек тили ва адабиёти илмий текшириш институти, шунингдек, Қўлёзмалар институти, Адабиёт музейи каби муассасалар ҳам киритилган эди. Бу ўзини оқладими? Албатта, йўқ! Юқори доирадагиларни чалғитишдан бошқа нарса бўлмади.
Ўшанда ҳеч бир ўзбек олими тўла илмий асослаш билан бу қўшиб юборишнинг хато эканлигини исботлаб беролмади. Аммо бунга Президентимиз аниқлик киритди, бажарилган амал хато эканлигини ойдинлади. Илмий текшириш институти, Қўлёзмалар институти, Адабиёт музейи ва бошқалари ўз ҳолига келтирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети таркибида фаолият юритиб келган Ўзбек филологияси факультети кутилмаганда тугатилган эди. Яхшиямки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу факультетни қайта тикланишига имкон яратди.
Яна бир мисол: ўтган даврда Ангрен педагогика институти ҳам тугатилганди, натижада Тошкент вилояти мактабларини керакли мутахассис кадрлар билан таъминлаш зарурати туғилди. Ҳайриятки, бу институт мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Чирчиқ шаҳрида қайта ташкил этилди. Шундай экан, ўша пайтда Ангренда тугатишга ҳожат бормиди?!
Атрофга назар ташласангиз, ўз тўримизда ўзимиз ўралашиб юрганга ўхшаймиз. Калламизга нима келса дарров бизнес режа тузиб, раҳбардан тасдиқлатамиз ва шошмашошарликда амалга оширамиз. Эртани ўйламаймиз. Энг муҳими, “калламиз бор”лигини кўрсатиб қўйишимиз керак. Сўнг, қўлтиғидаги “қовун”ни тушириб қўйса ҳам: “Хайф сенга!” – дейдиган одам топилмайди.
Наҳотки, бунинг замирида ҳам кўз илғаб-илғамас коррупция ётган бўлса… Баъзида савол туғилади: нега ҳамма соҳада коррупция авж олиб кетаяпти? Нега бугунги кунда коррупцияга қарши жиддий курашиш зарурати энг муҳим масалага айланди? Ҳатто Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ташкил этилди. Уни мамлакат миқёсида тугатиш шунчалик мушкулмикин…
Шундай экан, ислоҳотлар мукаммал илмий асосга таянган ҳолда амалга оширилишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Ахир, фарзандларимиз, эртамиз эгалари, катта бўлишаяпти. Уларга тинч, осуда, энг муҳими, озод ва обод Ватанни мерос қолдириш бурчимиздир!
Ёрмат ТОЖИЕВ,
филология фанлари доктори,
профессор