Ғофуржон Мирзаев: «Сирдарёда инглизмас, ўзбеклар яшайди-ку!»

Бу мавзуда кўп ёздик, хўб ёздик. Барибир тўхтамаймиз. Қачондир кўр кўзлар очилар. Лекин Сирдарёнинг Сир дарёлигини амалда исботлаётган заҳматкаш, ғайратли ҳокими Ғофуржон Мирзаевга раҳмат айтгимиз келди. Сабаби, бу “ташаббус”   оммавий тус олганида, эсласангиз Тошкент вилоятидан чиқаётиб Сирдарё ҳудудига кираверишда, йўл иккига айрилган жой устида “Ай лавью Сирдарё” деган беўхшов, ажнабий ва бемаъни ёзув кўзга чиққан чипқондек турарди.

Бугун ўша арт-объект ўзгартирилибди: “Сирдарёга хуш келибсиз!” Очиғи, айримлар учун арзимасдек туюлгувчи бу ўзгаришдан жуда суюндик. Куни кеча эса Сирдарёга йўлимиз тушди. Сирдарё туманидаги   Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида Сирдарё вилоят ҳокими ташаббуси билан муассасадаги доимий яшовчилар учун Янги йил арафасида эҳсон дастурхони ёзилди. Интернат директори Дилшод Пайзиллаевнинг изоҳ беришича, кейинги бир йил ичида бу ерда жуда эътиборли қурилиш-ободончилик ишлари амалга оширилибди. Шу ерда вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев билан учрашдик.

— Мен вақт, имкон топдим дегунимча 250 нафар юртдошимиз яшаётган ушбу Мурувват уйига келиб кетаман. Сабаби, одамни юраги жунбушга келади, соғлиқ, инсонийлик деган улуғ тушунчалар қадрини янада теранроқ англайсиз.

Уларнинг ҳам сизу биздек тўрт мучаси соғлом одамлардек яшашга ҳаққи борку, тўғрими, лекин Аллоҳнинг синови деймизми, тақдирми, шундай қисмат битилган экан, бир лаҳза ҳам уларни беэътибор қолдирмоққа йўл қўймаслигимиз керак, — дейди у.

Бошқаларни ҳам ана шундай муассасаларга келиб туришга ундайман.

— Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, раҳбар мутасаддиларнинг шундай жойларга келиб туришини айтаман.

Ўйлантиради, имони бутун инсонларнинг имонини янада мустаҳкамлайди, сал “шошиб” юрганлар бўлса, ҳовурини босиб, пасайтириб қўяди. Эй одам фарзанди, тўрт мучанг соғ, оиланг тинчлигининг ўзи катта давлат эканлигини англатади, шунинг ўзи. Тушунган одамга бу катта мактаб, сабоқ бўлиб хизмат қилади…

Яна бир ажойиб тантана устидан чиқдик. Вилоятнинг Сирдарё тумани марказида бизнес акселератор мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Шу йилнинг 24 декабрь куни Сирдарё бизнес акселераторининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ва туман сектор раҳбарлари, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этди.

Мазкур бизнес акселераторни ишга тушириш йўлида 6 млрд. 50 млн. сўм маблағ сарф қилинибди. Муассасанинг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектларига, айниқса, ёшларга ўз бизнесини юритишда яқиндан ёрдам бериш, илғор ахборот, инновацион ва педагогик технологиялар ёрдамида тадбиркорлик курсларини ташкил этишдир. Марказда бир вақтнинг ўзида 250 нафар тингловчини тадбиркорликка ўқитиш мумкин.

Бу ерда ёшлар сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, электро-газ пайвандлаш, иссиқхона хўжалигини юритиш, автотех хизмат, теле ва радио устаси ҳамда бошқа қатор йўналишларда касб эгалари бўлишлари, шунингдек, инглиз, рус, япон ҳамда корейс тили курсларида ўқишлари мумкин.

Маълум бўлишича, ушбу курслар йўналишига қараб 1 ойдан 6 ойгача давом этади.

Мажмуа жуда қисқа муддат — етти ойда қуриб битказилди. Энг муҳими эса, Вазирлар Маҳкамасининг ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида қабул қилинган тегишли қарори асосида ташкил этилган мазкур касб-ҳунар маркази мамлакатимиздаги илк ўқув-амалий маскани ҳисобланади. Муассасанинг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесини юритишда яқиндан ёрдам бериш, илғор ахборот, инновацион ва педагогик технологиялар ёрдамида тадбиркорлик курсларини ташкил этишдир. Яъни, “акцелерация” — бизнесга ёрдам берамиз деганидир.

— Ана шундай марказларни, насиб бўлса, барча вилоятларда ҳам ташкил этиш ниятидамиз, дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳманов.

Мулоқотлар орасида мавзуни секин “Сирдарёга хуш келибсиз!” ва катта йўл устида Гулистон шаҳрига кираверишдаги соф ўзбекона лутф уфуриб турган миллий даъваткор шиорларга бурдик. Ва яна Муҳаммад Юсуфнинг “О, ота маконим, жонажон ўлкам!” деган гўзал сатриниям ҳамма кўрадиган жойга ёздирилгани хайрли иш бўлганини қистириб қўйдик гурунгга.

Ғофуржон Мирзаев кулимсираб қўйиб ва секин изоҳ берди:

— Ҳув, ўша, Сирдарё вилоятига киришдаги “ай лавю”сини ўзгартиргач, қарасам, бошқа ёқларгаям дуч келган жойга инглизча ёзув қўйиб ташланган экан. Энсаси қотади одамнинг. Кимга керак бунақа зўрма-зўраки ажнабий атамалар, майли, ҳозир замон талаби, халқимиз, ёшларимиз бу тилни ўрганяпти, рус, немис, хитой, япон, корейс ва бошқа тилларни ҳам эгаллашга интилиш кучли. Хорижий тилларни ўрганиш керак. Аммо бу дегани юртимизнинг ҳамма жойини чет ёзувлар билан тўлдириб чиқишимиз керак дегани ҳам эмас-ку! Ахир нима учун ўзимизни асл миллий ўзбекча жарангдор ва юракка яқин сўзларимиз турганда қаёқдаги “I love… ” ни ишлатишимиз керак? Сохта, алламбало маъно ташувчи юракнинг кимга кераги бор, айтинг-чи!

Вилоят раҳбари қалбимизни ҳаёжонга солиб, яна шундай деди: — Масалан, Сирдарёда инглизлар яшамайди, тўғрими, ҳаммаси ўзбеклар ва шу Ватанимиз фуқаролари, бошқа қардош миллатлар бўлса, уларга қизиғиям йўқ бунақа ажнабий тилдаги шиорингиз. Бундан кўра ўзбек тилида ёзилган бўлса ҳар қандай сайёҳ қизиқиб томоша қилади…

Ҳа, Сирдарёдан бошланган ибратли ташаббус биринчи навбатда Марказий Осиёдаги энг гўзал пойтахтлардан бири азим Тошкентда (жаноб шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев), Навоий вилоятида (вилоят ҳокими Қобил Турдиев), қўйинки, бошқа қатор вилоят ва шаҳар мутасаддиларига ҳам ибрат бўлиб давом этмоғидан умидвормиз. Бунинг учун жуда катта ақл ё маблағ талаб қилинмайди, аксинча, озгина миллий ватанпарварлик тушунчасидан хабардорлик етиб ортади деб ўйлаймиз. Яна такрорлаймиз, Ватанни сохта, қуруқ, бемаъни ёзувлар билан севиб бўлмайди!

Норқобил Жалил,

Абдурасул Жумақул

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =