Бахтнинг қиёфасини ким чизади?

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 16 декабрдаги 47-сонида иқтидорли журналист Ҳаким Сатторийнинг “Дунё тақдирини маънавият ҳал қилади” сарлавҳали мақоласини ўқиб, бу мақола эскирмайдиган долзарб мавзуда ёзилганлигини ҳис этдим ва бу ҳақда ўзимнинг ҳам фикр-мулоҳазаларимни билдиришни ният қилдим.

Келинг, гапни яхшиликдан бошлайлик. Бу дунёда ҳар ким бахтнинг қиёфасини турлича тасаввур қилади. Кимдир уни бойликдан, кимдир мансаб-мартабадан, бошқа биров эса шоҳона ҳою ҳавасдан қидиради. Ёши бир жойга бориб, чинакам ҳаловат нимадалигини англаб етганлар эса ҳақиқий саодат фарзандлар камолида эканлигини англайдилар.

Тан олиш лозим, бундай толега эришмоқ учун бир умр курашишга тўғри келади. Зеро, ширин мева умиди ила кўчат эккан боғбон унинг парвариши учун йиллаб заҳмат чеккани каби, фарзандлар роҳат-фароғатини кўриш умидидаги меҳнат худди игна билан қудуқ қазиш каби оғир ва машаққатлидир. Ана шу озорларга чидаганлар, алал-оқибат, бахтиёрлик водийсига ташриф буюрадилар. Нуридийдаларининг ажиб меҳр-оқибати, элга, юртга, жамиятга нафи тегаётганидан қониқиш ҳосил қиладилар.

Мабодо бунинг акси бўлса-чи? Бундай кўргуликни душманга ҳам раво кўриш душвор. Яқинда ўқитувчини ҳақорат қилган ўқувчига шапалоқ туширган муаллим билан боғлиқ воқеа ижтимоий тармоқларда анчагина муҳокамага сабаб бўлганди.

Биронта дарахтнинг синган шохидаги меваларига кўзим тушганида ажабланаман, айни пайтда унинг қудратига қойил қоламан: у мажруҳ бўлса-да, меваларини пиширади ва кейин ўзи қурийди. Етти мучаси соғ бўла туриб, фарзандларига одоб-ахлоқ, илму маърифат ўргатмаётган баъзи ота-оналарга эса ҳайрон қоламан. Агар фарзандларимизга ёшлигидан тарбия бермасак, улар улғайган сари тарбия­сизлиги ҳам катталашиб бораверади-ку.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган ҳикматли нақл бор. Бу устоз мақомининг нечоғли улуғлигига ишорадир. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий бир кўчадан ўтаётганида отидан тушиб, йўлида отни етаклаганича давом этибди. Ундан бунинг сабабини сўрашганида, “Бу кўчада менинг устозим яшайди”, деган эканлар.

Устози Абдураҳмон Жомий эса:

Устоз, муаллимсиз қолганда замон,

Нодонликдан қаро бўлурди жаҳон, —

деб бежиз ёзмаган.

Ҳа, устозлар ўчмас чироқ янглиғ ҳамиша умр йўлимизни чароғон қилиб туради. Шундай экан, нафақат устозни ҳақорат қилиш, балки унга тик боқиб, гап қайтариш ҳам гуноҳ ҳисобланади.

Бола тарбияси кичик муаммо эмас, балки ҳар бири ўнлаб саҳифаларга жо бўладиган, баҳсларни, мунозараларни талаб қиладиган долзарб масаладир. Дастлабки эътиборсизлик, лоқайдлик ва нотўғри тарбиянинг таъсири умрбод сақланиб қолади.

Кейинги пайтларда “Маҳалланг — ота-онанг”, “Бир болага етти қўшни — ота-она”, деган ҳикматларнинг маъносини унутиб қўйгандекмиз. Қўшнининг боласи тарбиясида қусурлар пайдо бўлаётган бўлса, вақтида уни огоҳлантирмаймиз. Чунки аксариятимиз оила уники, фарзанд уники, деган тушунчага ўрганиб қолганмиз.

Яна бир гап, фарзандини телефон, компьютер ва бошқа қимматбаҳо замонавий технологиялар билан сийлаётган ота-оналар дилбандлари бу мўъжизалардан қандай мақсадларда фойдаланаётганликларини нега назорат қилмайдилар? Ҳозирги айрим ёшларнинг телефонидаги ёзувлар, видеотасвирларга кўзингиз тушганида, ҳайрат ва ҳаёдан терга ботасиз. Ақлли одам учун бу чиндан ҳам ахлоқсизлик, фожиа. Аммо айрим дилбандларимиз учун эса шунчаки эрмак, кўнгилхушлик, одатий ҳолатга айланиб бораётгани нега жамоатчиликни ташвишга солмаяпти?

Юқорида қайд этилган барча кўргулик­ларнинг давоси эса шубҳасиз, китобдир. Болаларда бадиий адабиётга, илмга меҳр уйғотишимиз керак. Китоб ҳар бир оила “таомномаси”нинг муқаддимасидан жой олмоғи, фарзанд тарбиясида энг биринчи ҳаётий эҳтиёжга айланмоғи лозим.

Норбўта ҒОЗИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + five =