Келажакни шахслар яратади ёхуд ғилдирак ҳодисасига муносабат

“Ҳуррият” газетасида жамоатчиликни бепарво қолдирмайдиган, долзарб мавзудаги мақолалар кетма-кет берилаяпти. Фақат кўз тегмасин, деймиз. Жумладан,   республика Маънавият ва маърифат марказининг масъул ходими, ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг “Тинимсиз ғилдирак” (“Ҳуррият”, 2020 йил 30 декабрь) сарлавҳали мақоласида ҳамма ўйлаб кўришга арзийдиган масала – мактабларда давом этаётган ислоҳотларнинг аҳволи юзасидан асосли ва ўз вақтида ташвишга тўла фикрлар баён қилинибди. Муаллиф билим даргоҳларида тарих фанининг ўқитилиши борасида сўз юритиб, тизимдаги, умуман, жамиятимиздаги мудроқ қалбларни уйғотишга бонг ургандек, ғийқиллаб айланаётган соҳадаги муаммоларни борлигича очиқлагандек.

Ғилдирак ҳодисаси инсоният томонидан бир неча минг йиллар аввал кашф этилгандир, аммо ер, тириклик ва коинот ана шу ҳодиса асосида яратилмишидан бери ҳаракатда эди. Одамзод буни англаб етиши учун биргина ғўланинг айланишига боқиши кифоя қилди. Тафаккуримиз бугун не-не ғилдираклардан ўзиб, рақамлар ва вақтларни айлантирадиган даражага етди. Ахборот жамияти аллақачон ўз тараққиёт нуқтасидан ошиб, янги — билим ва тафаккур асри бошланаётган бир пайтда, биз   ҳамон таълимда тарих фанининг ўқитилиши ҳақида бош қотирмоқдамиз. Бу мавзуда сўз очиш Янги Ренессанс даври деб баҳоланаётган Ўзбекистонимизга муносиб эмасдек туюлса-да, наилож, уйғониш учун ҳам тарихни ҳақиқатлигича билишга эҳтиёжимиз катта.

“Икки томчи сув бир-бирига қанчалик ўхшаса, бир миллатнинг ўтмиши келажагига шундай ўхшайди” деган эди таниқли араб тарихчиси ва файласуфи (1332-1406 й.й.) Ибн Ҳалдун. Бу ҳикматда чуқур маъно бор. Қани ўша ўтмишга ўхшаган келажак? Биз ягона халқ бўлиб, шу йўлда изланишдамиз.

Ўтган асрнинг бошларида ҳам халқимизнинг уйғоқ вакиллари таълим ва мактаб ислоҳотлари учун “ёнган” эдилар. Ўз халқи тараққиётини маърифатда, унинг сиёсий мақоми юксалишида, миллий мустақилликни қўлга киритишида деб билган, “Ҳақ олинур, берилмас!” шиори билан яшаган маърифатпарвар боболаримиз етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам публицистик мақолаларида тарих фанига алоҳида урғу бериб, “Мозий – истиқболнинг тарозусидир”, деган эди. У тарих фанининг миллатнинг ўзлигини англаши ҳамда миллий бирликни мустаҳкамлашдаги ўрнини теран ҳис этиб, Туркистоннинг мукаммал тарихини яратишни орзу қилган. “Кутубхонаи Беҳбудия”нинг ҳам 70 фоиздан кўп китоблари тарих фанига тегишли бўлиб, алломанинг ўзи ҳам   соҳага оид бир қатор мақолалар ва китоблар ёзганлиги маълум.

“Биз ўз қисматимизни биламиз… Агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқнинг бахт-саодати учун керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз… Мумкин қадар кўпроқ яхши мактаблар очиш, шунингдек, маориф ва халқ саодатини таъминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади” (М.Беҳбудийнинг қатл олдидан ёзган “Васиятнома”сидан). Бир аср олдин ҳам Уйғониш — Ренессанс даври ва мактаб — буюк иш эди. Бугун ҳам шундай бўлиб турибди. Президентимиз “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғояни такрорлаб   турган пайтда таълим ислоҳотлари мутлақо янгича бўлиши ҳақида олимлар, тарихчилар, педагогу журналистлар, ота- оналар биргаликда бош қотиришимиз керак, назаримда.

Эҳтимол, бош қотиришга ҳам ҳожат йўқдир. Ҳаммаси оддий. Зеро, “Буюклик — оддийликда” деган гап бор. Ғилдираклар айланаверади.   Фақат фалак гардиши инсониятга ҳар янги тонгни, янги фасллару янги йил каби янги авлодларни туҳфа этаверади.

НИМА УЧУН ФАРЗАНДЛАРИМИЗДА

МАК­ТАБГА БОРИШ ВА БИЛИМ ОЛИШГА БЎЛГАН ИШТИЁҚ ПАСТ?

Республика таълим Маркази директори Шуҳрат Сатторов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзади:

— Таҳлилларга диққат қаратсак, 2018 йилга қадар умумтаълим мактабларида 23 та фан ўқитилган бўлса, ўтган икки йил мобайнида фанлар сони мақбуллаштирилиши эвазига 17 тага туширилди. Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, мисол учун, Буюк Британияда ўқувчилар умумтаълим даврида 6 тадан 12 тагача фанларни ўзлаштирадилар. Фанлар сонининг кўплиги ўқувчининг фанни ўзлаштириши учун ажратадиган вақт меъёрини ошириб юборади”.

Демак, фанлар қисқартирилса, сифатга эътибор қаратилади, деган умид пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таянч ўқув режасини такомиллаштириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштириш белгиланди. Бунда кўзланган асосий мақсад — энди сонга эмас, сифатга урғу бериш. Хўш, мактаб учун сифат ўзи нима? Сифат — бу дарсликлар. Сифат — бу савия. Сифат — бу устозлар. Педагог эмасман, аммо хорижда бўлганимда бошланғич синф ўқувчисига баҳо қўйилмаслигини, “икки”, “уч” баҳолар билан, умуман, табақалаш билан унинг иштиёқлари синдирилмаслигини кузатдим. Билимни ўзлаштиролмаса, токи ўзлаштиргунга қадар ўқувчи дарсга қатнаши,   бу вақтда бошқа ўзлаштирган болалар мактабга келмаслиги мумкинлигини кузатдим. Ҳаммаси оддий ва соддалиги, ўқувчилар ёзмадан кўра кўпроқ оғзаки тафаккур қилишга йўналтирилганини, мантиқий фикр­лашлари учун ижодий ихтироларга аҳамият қаратилганлигини англадим. Шонли тарихий воқеалар, қаҳрамонлар мультфильм ҳолида ёш ўқувчиларга тақдим этилганини кўрдим.   Методика учун ҳеч бўлмаса хориж тажрибаларини бутунлай қўллайлик, деган фикр туғилади.

Бугунни бошқара олиш ва келажакни кўриш учун тарихий хулосаларга муҳтожмиз. Уни “қирқиш” ёки бекитиш керак эмас. Борича идрок қилиш, хато ва ютуқларидан хулоса олиш керак. Ўқувчиларга ўтмишдаги тараққиётнинг ёки таназ­зулнинг моҳияти, таъсирини тушунтириб, бугунги дунёни англаш, шу орқали ўтмиш ва бугун ўртасидаги алоқаларни боғлай олишга ёрдам бериш лозим.

Халқ таълими соҳаси мутасаддиларида айни янги Ўзбекистон даврида “тарих”ни ўзгартириш, яъни дарсликларда ҳақиқатларни акс эттириб, тарихда қолиш имкони катта. Таклиф бўлса, олимларимизу бошқа соҳа вакиллари бажонидил мактаб ва миллат тақдири учун бирлашишга тайёр ёки шундай эмасми!?

Маҳзуна КАМОЛОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 9 =