Бир қозон сув

Бир хабар ўқиб қолдим: “Тошкент шаҳар Олмазор туманида янги — “Riviera” кинотеатри иш бошлади”. Кейин эса “Riviera” сўзига қизиқиб қолдим ва унинг маъносини излай бошладим.

Дастлаб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни титкилаб чиқдим. Топилмади. Бошқа бир қанча тилга, атамашуносликка оид китобларни кўриб чиқдим, бундай янги “ўзбекча атама” йўқ экан. Кейин балки жуда қадим туркий сўздир деб ҳатто “Девони луғатит турк”ни кўздан кечирдим, бефойда. Нима қилишни билмай, азбаройи қизиқишим ошгандан ошиб, “Навоий асарларининг изоҳли луғати”га мурожаат қилдим. Кошки, топила қолса… “Нега бу сўзни ўзбек тилига оид луғатлардан изладинг?” — дерсиз. Ахир мен хом сут эмган банда, ҳамон юртимизда давлат тили учун қайғурилаётгани, ўзбек тили билан боғлиқ қонун, фармон, қарорларга сўзсиз амал қилиниши, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг изчил фаолиятига, қолаверса, миллатдошларимнинг ўз она тилига бўлган муҳаббатининг кучига жуда-жуда ишонаман-да.

Аммо кўп афсуски, мен кутган натижа бўлмади. Мамлакатимизнинг пойтахтида янги очилган кинотеатрнинг номи ўзбекча эмас, балки инглизча сўз бўлиб чиқди. “Соҳил, қирғоқ” деган маънони англатаркан.

Ер сайёрасининг шар шаклида эканлиги маълум. Лекин ҳали ҳам “Текис ер назарияси”нинг тарафдорлари борлиги ҳайратланарли, а?

Ростини айтсам, мени бундан-да кўпроқ ҳайратлантирган бошқа нарса, орамизда тепса тебранмасларнинг кўплиги, бепарволарнинг кўплиги.

Энг ачинарлиси, матбуотда, телевидение ва радиода, ҳатто электрон нашрларда миллат, ўзлик, она тилининг софлигини сақлаш борасида узлуксиз таъкидлаб келинаётган бўлса-да, мактабда ўқитувчилар, олий ўқув юртларида профессорлар, турли анжуманларда миллатпарвар, маърифатпарвар фаоллар бу мавзуларга қайта-қайта тўхталаётган бўлсалар-да, она тилимизга муносабат яна ва яна аҳамиятсиз, эътиборсиз бўлиб қолмоқда.

Анча йиллар аввал мактабда ўқиб юрган кезларим адабиёт фанидан дарс берган ўқитувчимиз айтиб берган бир ҳикоятни ҳалиям тез-тез эслайман: “Бир куни подшоҳ барча аъёнларини чақириб: “Эртага тонг ёришмасдан ҳар бирингиз бир косада сут олиб келиб, сарой олдидаги катта қозонга қуясизлар”, дебди. Вазирлардан бири қурумсоқ экан, у: “Бир коса сув олиб бориб қозонга солсам, подшоҳ билиб ўтирибдими? Бир қозон сутнинг ичида менинг озгина сувим билинмай кетади”, деган хаёл билан тонг оқарган маҳал сарой олдига келибди. Не кўз билан кўрсинки, қозоннинг ичида тўла сув турган эмиш! Ажабланарли жиҳати, барча аъёнлар қоронғида бир-биридан бехабар қозонга сув солиб кетаверишган экан”.

Ҳикоят орқали нима демоқчи бўлганимни англагандирсиз. Бизнинг жамиятимизда ҳам тилга муносабат масаласида аҳвол юқоридаги ҳикоятдагига ўхшайди. Биргина менинг ножўя ишим билан ҳамма нарса барбод бўлиб кетмас, деб ўйлаймиз чоғи. Аслида, ҳамма нарсанинг рисоладагидек бўлиши ҳар биримизга боғлиқ эканини сира англамаймизми?

Биламан, менинг ушбу ёзганимга нафақат Олмазор тумани мутасаддилари, балки Тошкент шаҳар ҳокимлигидагилар ҳам парво қилишмаса керак. Чунки қонун бору амалда ижроси йўқ-ку! Майли, ҳозир бу “не очень важный” гаплар билан бошингизни қотирмай.

Яхшиси айтинг, “Riviera”га кино кўргани қачон борамиз?

Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =