Қўшма сўзларни қўшмаймизми?

2020 йилда ўзбек тилининг беш жилдлик изоҳли луғати такроран чоп этилди. Аввалги нашрдан фарқи, замона тақозоси билан кириб келган брокер, депозит, дилер, консалтинг, лизинг, менежер, менежмент, мониторинг, ноу-хау, санация, холдинг, дисплей, интернет, монитор, принтер, сайт, сканер, файл сингари бир қанча янги сўзлар билан тўлдирилган. Бу нашр кенг тарғиб қилинди, кўп ташкилотларда, ҳатто айрим хорижий мамлакатларда ҳам тақдимот маросими ўтказилди. Она тилимизнинг бу муаззам ёдгорлиги ҳар бир ўзбекнинг ифтихорига айланиб боряпти, десак, тўғри бўлади.

Бироқ… бир хижолатлик жойи бор — ҳозирги ўзбек адабий тилининг имло ва изоҳли луғатларидаги сўзлар адади 100 мингга ҳам етмайди. Чунончи, “Изоҳли луғат”да 80 минг атрофида сўз бор, холос. Ўзбек тили туркий тиллар орасида энг ишланган, бой тил бўлгани ҳолда, луғатларимизнинг бундай “камсуқум”лиги, албатта, афсусланарли.

Қолаверса, бу 80 минг атрофидаги бош сўзларнинг ҳаммаси ҳам “бош сўз” эмас. Масалан, учириқ деган сўз берилади-да, “қаранг: учуруқ” тарзида “изоҳ”ланади. Яъни, шунинг ўзи икки бош сўз ҳисобига ўтказилган. Бунинг устига, изоҳли луғатга “қулоғидан тортиб” опкирилган бирталай сўзлар борки, уларнинг аксари Тошкент шаҳри шевасига тегишли. Масалан, ада деган сўз берилади-да, “шв.айн. ота 1.” деб изоҳланади. Ажаб, Андижон ва Ўшда, Хоразмда отани ака деб ҳам аташади, хўш, ака нега киритилмаган? Отани, бобони Наманганнинг айрим жойларида дедо дейишади, у-чи?

Яна бир ишкаллик — сўзларнинг адабий шакли ўрнига шева сўзи адабий шакл деб кўрсатилганида. Масалан, адабий тилдаги туркий асосли чимилдиқ сўзи четга сурилиб, Тошкент шевасида қўлланадиган гўшанга фаол сўз сифатида изоҳланган, шу каби, қалампир ўрнига, гармдори изоҳланган — чимилдиқ ва қалампир сўзлари келтирилиб, “қ. гўшанга”, “қ. гарм­дори” деб ўтилган.

Ёки тамошо 3-жилдда, томоша эса 4-жилдда келтирилган, иккови ҳам тўғри деган маънода. 1- жилдда Аллоҳ, 3- жилдда эса Оллоҳ сўзига шарҳ берилган. Буларнинг қай бири маъқул ва мақбул – топингу қандингизни уринг. Бу каби иккихилликлар имло қоидаларининг чалкашишига, саводхонликнинг пасайишига сабаб бўлмайдими? Ахир, луғат тартиб беришдан яна бир мақсад — сўз ёзилишини бирхиллаштириш ҳам-ку?

Бизнингча, имло ва изоҳли луғатларга шева сўзлари ва сўзларнинг шева шакли (дада — ада) киритилмаслиги керак, бундай сўзлар “Ўзбек шевалари луғати” деган китобда изоҳланади.

Луғатларимизда биз бир-иккита чўқилаб кўрсатган мисоллар адади аслида анча. Бу эътирозлардан мақсад эса агар соф адабий тилга хос сўзларгина изоҳланадиган бўлса, яна аллақанча сўз чиқиб кетиб, буёғи янаям ҳаминқадар бўлиб қолишини айтиш, холос. Аммо чинакам имло ва чинакам изоҳли луғатларга эга бўлишни истасак, шундай қилишга тўғри келади.

Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганидан бери айрим куйинчак кишилар шева сўзларини адабий тилга фаол киритишни таклиф қилишаётир. Уларнинг наздида, луғатни бойитишнинг асосий йўли шевалардан сўз олишдир.

Тўғри, шева — халқ жонли тилининг ўзаги. Шеваларда шундай сўзлар борки, уч-тўртта сўз англатадиган тушунчага бир ўзи кифоя қилади. Услубий товланишлари ҳам бисёр. Киноя, пичинг, истеҳзо каби бир талай хислатлари бор калималар кўп. Аммо барибир, қайси шевада нима сўз бўлса, барчасини адабий тил луғатига тиқиштириш керак эмас. Чунки шевалардаги кўп сўзлар адабий тилдаги лексемаларнинг айрим товуши ўзгарган ҳолдаги талаффузи (Хоразм шевасига хос арка (эрка), тунигун (тунов куни), ёки қўшни халқларнинг тилига хос сўзлар уларга яқин жойда истиқомат қиладиган ўзбеклар лексиконига кириб қолиши ҳоллари учрайди. Жалолобод шевасидаги қирғизча қорапайим (қорахалқ), учқашиш (мингашиш), Бухоро шевасидаги тожикча болор (тўсин), рош (марза) сингари сўзлар бунга мисол. Ўзбек адабий тилида бу тушунчалар учун лексик бирликлар бор, демак, уларни “адабий”лаштиришнинг лузуми йўқ. Гуруч ёнига шевалардаги биринж қабул қилиниб, фаол қўллай бошланса, бора-бора адабий тилда гуруч деган сўз йўқолади, чунки тил шундай тартибли, тежамкор воқеликки, айнан бир маъно иккита сўз зиммасига юкланса, биттаси сафдан чиқади-кетади.

Аксар шева сўзларини қарасангиз ё талаффузи ўзгарганига ёки ўзбекча эвази бор бўлатуриб, бошқа тилдаги сўз қўлланаётганига амин бўласиз. Луғатларга олиш мумкин бўлган лексемалар шева сўзларининг жуда кам улушини ташкил этади. Шундай экан, шевага хос сўзлар адабий тил лексиконини бойитадиган асосий манба бўла олмайди.

Унда, асосий манба нима ўзи?

Таржима шарофати

Бундан юз-юз эллик йил аввал ўзбек тилида лампочка, технология, кислород, индекс, баланс сингари минглаб сўзлар йўқ эди, улар рус тилидан шунчаки ўтгани йўқ, балки таржима қилинган асарлар матнида “таржима қилиб бўлмайдиган” бирликлар сифатида кириб келди.

Таржима бир тилдаги хорижий сўзларни иккинчи тилга ўтишига восита бўлади, шу­нингдек, улкан бир катализатор сифатида, миллий тил воқелигининг ўзини ҳам жунбушга келтиради — шу тил бағрида ҳали мудраб ётган имкониятларни юзага чиқаради. Масалан, тўлдирувчи деган сўз она тилимизда бор эди (хазинани тўлдирувчи асосий нарса — солиқ тушуми), аммо русча тил дарсликларини ўзбекчага ўгириш асносида дополнение деган грамматик категорияни таржима қилиш орқали тўлдирувчи деган янги тушунчага эга бўлдик. Бу фикрни техникадаги усилитель / кучайтиргич, электронний вичислитель / электрон ҳисоблагич, частота / тебраниш, напряжение / кучланиш, ускоритель частиц / заррачалар тезлаткичи каби минглаб янги атамалар ўз тилимиз негизида барпо этилгани далиллайди. Қаранг, кучайтириш, ҳисоблаш, тебраниш, куч, тезлатиш сўзлари тилимизда азалдан бор эди, бироқ улар айни маъноларни ташимаган. Бу ҳам тил ривожи. Чунки тил бойлиги фақат лексикон миқдорига боғлиқ эмас.

Кўрамизки, сўз-тушунчаларни беқиёс равишда кўпайтирадиган асосий манба — таржимадир. Чунончи, “нуқтаи назар” деган сўз бирикмаси ҳам таржима, аслида. Русча “точка зрения”нинг ўзбекча чопон кийган шакли. Биоиқлимшунослик (биоклиматология), бўронқуш (буревестник) каби сўзлар кўпайди. Ҳатто, чорак асрча аввал ўзбек тилида қадр, қадр-қиммат сўзлари мавжуд бўлгани ҳолда, қадрият деган сўз йўқ эди. Аллаким рус тилидаги “ценность” калимасини “қадрият” дея кифтини келтириб ўгирган эди, сингди-кетди. Шу даражадаки, ҳар тўртта мақоланинг биттаси қадриятларни қадрлаш, эъзозлаш ва улуғлаш деб бошланадиган бўлди. Маънавият (нравст­венность) сўзи таржимаси хусусида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Илгари бу сўзлар тилимизда йўқ эди, ўттиз-қирқ йиллар илгари чиққан луғатларда улар акс этмаган ҳам.

Рус тилидан ўгириш асносида калька таржима, транслитерация сингари усуллар билан кириб келган маёқ (машъала), қулоқ (муштумзўр) сингари тамоман янги сўзлар, шунингдек, ярим калька тарзида беихтиёр деган маънодаги “мошинавори” (машинально) калималаргача кириб келган.

Илм-фаннинг турли тармоқлари, техника, тиббиёт, банк иши ва савдо, солиқ, қонунчилик, ишлаб чиқариш каби турмушнинг ҳар хил соҳаларига оид китоблар, газета-журналлар, электрон матнли манбалар борки, уларда тилни бойитадиган минг-минглаб янги сўзлар қўлланган. Бу сўзлар рус-европа терминлари ҳам, арабий-форсий истилоҳлар ҳам, туркий ўзак асосида ясалган атамалар бўлиши ҳам мумкин. Улар имло ва изоҳли луғатларни тўлдириш ва бойитишда жуда асқотади. Аммо афсуски, ўзбек луғатчилигида таржима асарлар матнидан мисол олиш расм эмас. Бунинг қандай важи бор — бизга қоронғу. “Соф” ўзбекча булоқли матнларда эса ўзбек синтаксисини, луғатларини бойитадиган мисоллар бисёр эмас, чунки, боя айтганимиздай, тил таржима асносида ўз қулочини каттароқ ёяди.

Ҳозирги жадал интеграция ва ахборот асрида тилимизга кириб келаётган янги сўзларни, шунингдек, юз йилдан бери матбуот ва китоб саҳифаларида қўлланган калималарни аниқлаш, қиёслаб ўрганиш, луғатга олиш учун камида ўттиз кишилик илмий гуруҳ керак. Ҳолбуки, бутун ўзбек тили, адабиёти ва фольклорини тадқиқ этиш билан шуғулланаётган академия институти штати етмиш кишига ҳам етмайди. Имло луғати, изоҳли луғатлар тайёрланган давр — бундан қирқ йилча аввал институтда 350 киши ишлар эди.

Қўшма сўзлар-чи?

Ўзбек тилида қўшма сўз кўп. Академик Азим Ҳожиевнинг таърифича, “қўшма сўз — мус­тақил лексик маъноли икки, баъзан уч компонентнинг ўзаро тобе боғланиши асосида ташкил топган сўздир: белбоғ, отқулоқ, гултожихўроз, эрксевар, киноаппарат каби”.

Биз қўшма сўзларнинг келиб чиқиши, таркиби ва грамматик хоссалари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Мақсад — қўшма сўзларни луғатларда тўлиқроқ акс эттириш заруратини далиллашдан иборат, зеро бундай сўзлар ўзбек лексикасини бойитишнинг энг катта манбаларидан биридир.

Агар барча қўшма сўзлар луғатга олинса, луғатларимиз бинойидай бўпқолади. Аммо нима учундир, ўзбек тилшунослигида қўшма сўзларга қандайдир ўгай кўз билан қараш тамойили бор, уларнинг ҳатто чорак қисми ҳам қўшма сўз деб тан олинмайди. Аксар қўшма сўзлар эса ўзбек тилининг имло қоидалари тақозосига кўра ажратиб ёзилади. Аммо ўша “тасдиқланган имло қоидалари”нинг ўзи қанчалик асосли, бу баҳсли масала. Масалан, омонат касса деб ёзилади, хатони тўғри деб қабул қилишга мослашмаган одам касса омонат экан, деб тушунади. Тўғриси, омонаткасса бўлиши керак. Омонатдафтарча — маблағингиз қайд қилинадиган дафтарча, омонат дафтар эса — ҳилвираб, омонатгина бўлиб қолган дафтарча. Кишилар нутқида ҳам улар битта сўз тарзида (қўшиб) талаффуз қилинади. Аммо луғатларимизда бу тушунча-сўзлар йўқ. Ўзимиз ёзиб, ўзимиз тасдиқлаган “қоидалар” доирасига сиғмагани учунми?

Ўзбек тилининг ифодавий имкониятлари кенг. Халқимиз “аниқловчи-аниқланмиш”, “сифатловчи-сифатланмиш”лигини аниқлаб ўтирмай, “олтинсой”, “кўктерак”, “оғзикатта” дейди, тилчиларга ўхшаб “олтин сой”, “кўк терак”, оғзи катта” деб ажратма сўз қилиб ўтирмайди, унақа қилса бошқа маъно чиқишини билади.

Назаримизда, қайси сўзлар қўшма сўзу қайсилари қўшма сўз эмаслиги тилшунослигимизда аниқ фарқлаб берилмаган. Масалан, бироз, бирпас сўзлари қўшиб, аммо бирқанча, бирқадар сингари сўзлар эса ажратиб ёзиляпти. Нега, нимага асосланади бу, дейдиган одам йўқ.

Ҳолбуки, кўнглибўш одам деганда бошқа, кўнгли бўш деганда яна бошқа маъно чиқади. Кўп болали одам — болали одамларнинг кўплигини, кўпболали одам эса бир одамнинг боласи кўплигини англатади. Серфарзанд деган тожикча сўзни битта қилиб ёзганимиз ҳолда, кўпболалига келганда бу иккита сўзга айланиб қолади имло қоидаларимиз тақозоси билан.

Эллик йилча муқаддам “ўзбек луғатшунослигининг улкан намояндаси” (проф. Эрнст Бегматов таърифи) бўлган Насим Маматов домла “қўшма сўзлар қўшиб ёзилади”, деган хулосага келди ва ўндан ортиқ мақоласида шу ғоя­­ни тарғиб этди, ўзбек тилининг қўшма сўзлари муаммосини ўрганиб, докторлик диссертацияси ёзди. Дастлаб, 25 минг, кейинроқ эса 30 минг сўзлик “Ўзбек тилидаги қўшма сўзлар луғати”ни тузди. Бу ўттиз минг қўшма сўз — луғатларимиз учун нақд хазина, уни бойитадиган, тўлдирадиган катта улуш. Энди, албатта, ҳар кимнинг ўз қараши бор, марҳум олим айрим сўз бирикмаларини қўшма сўзга айлантиришга ружу қўйган ҳоллар бўлса ҳам бордир, илм-да бу. Аммо борингки, унинг ярми, ҳатто учдан бири олинса ҳам, луғатларимиз озмунча семирадими?

Қолаверса, мазкур китобда кўрсатилмаган қўшма сўзлар ҳам бор (масалан, гўнгқарға ва пўнгқарға битта сўз сифатида тўғри ёзилгани ҳолда, қорақарға – қора қарға деб ажратиб ёзилган). Уларни ҳам ҳисобига қўшсак, ўзбек адабий тилининг лексикони анча бойийди.

Масалан, тилимизда чилонжийда, маккажўхори сингари ўнлаб сохта қўшма сўзлар ҳам борлигини айтиб ўтайлик. Чунки чилон бошқа, жийда бошқа дарахт (Чилонзор, чилонжийдазор эмас). Макка билан жўхори (тўғриси – жугари) ҳам бўлак экинлар. Аммо бу чалкашлик шу қадар илдиз отдики, кўп одамлар маккани жўхори деб атайдиган бўпқолган. Боз, айрим одамлар қизил қалампир (красний перец), қора мурч (черний перец) деб ҳам қўллашяпти. Русларда бу икки тушунчага алоҳида сўз йўқ, ранги орқали ажратиб изоҳлашади, биз эса улардан таржима қилиб, бузиб ишлатяпмиз.

Қўшма сўз ажратиб ёзилса, маъно бузилиб ҳам кетади. Масалан, дунё — олам дегани, бехабар — хабари йўқ, деган маънони билдиради. Дунё бехабар десак, дунёнинг бу янгиликдан хабари йўқ экан, деган маъно чиқади, дунёбехабар деганда эса тушунчаси паст одамни тушунамиз.

Қора — ранг-тус, байир эса улов демак. Аммо қорабайир — от насли, асл арғумоқ. Бу сингари минглаб сўзларни оломонпойга қилиб майдонга сола олсак, луғатчилигимиз илм-фан кўпкарисида олдинга чиқади ва “Алпомиш”да айтилганидай бўлади: “Ҳайт!” десанг ўзади ўзбекнинг оти!..”

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

тилшунос олим

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

1 thought on “Қўшма сўзларни қўшмаймизми?

  1. Ассалому алайкум! Мақола ўта долзарб масалада замонамизнинг «ёниб турган» ва бир муддатга-да четга суриб бўлмайдиган, ёппасига киришиб, ҳал этишимиз шарт бўлган жиддий муаммоларига бағишлаб ёзилган. Бу бошланган хайрли ишга барча тилшунослар ўз ҳиссамизни қўшсак айни муддао бўлур эди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 11 =