Тушовланган руҳ муқаррар жар ёқасида туради
Касбим тақозосиданми ёки мен ҳам бир оиланинг бекаси бўлганимданми, нима бўлганда ҳам атрофимдаги аёлларнинг ҳаётини, турмуш тарзини беихтиёр кузатаман. Имкон қадар яқиндан ўрганишга ҳаракат қиламан.
Аммо кузатишларим сабаб, юрагимда айрим пайтлари ҳавас, баъзан эса ачиниш ҳисси кечади. Албатта, оилада ҳам, касбида ҳам омади келган, касбида унум бўлган аёлларга ҳавас қилса арзийди. Биламан, улар ана шундай даражага тинимсиз ўқиб-ўрганиши, амалдаги меҳнатлари эвазига эришган. Лекин ҳаётда анча қийналиб яшаётган аёлларни кўриб, бу ҳолга тушишига ўзларининг илмсизлиги, ҳаракатсизлиги, энг ёмони, ҳафсаласизлиги сабаб бўлган, деб ўйлайман.
Назаримда, баъзи хонадон соҳибаларининг илмий салоҳияти ўзига етарли, шарқ аёлига хос фазилатларга эга, ташқаридан қараганда, ҳавас қилгулик оиласи бордек туюлади. Агар яқинроқ бориб разм солинса, бутунлай бошқа муҳитда яшаётганига гувоҳ бўласиз. Масалан, улар ҳаётда ҳашамда яшашни ёқтиришади, тинимсиз меҳнат қилиб пул топади. Аммо топган маблағини кераксиз ҳо-ю ҳавасга сарфлашади. Оқибатда улар маиший муаммолар гирдобида қолиб, қийналиб яшаётган аёллар эканлиги маълум бўлади…
Бир аёлни танийман. У ҳаётида кўп жабр кўрган, иқтисодий аҳволи ҳамин қадар, уч фарзанднинг онаси. Бунинг устига ёлғиз аёл. Турмуш ўртоғи анча йил олдин оиласидан воз кечган. Аммо ҳаётнинг ҳар қанча машаққатлари, қийинчиликлари бу аёлни “синдира” олмади. У ёлланма ишчи эди. Вақт топди дегунча ўқиб, тайёргарлик кўрди. Олий маълумотли бўлиб, ҳатто илмий даражага ҳам эришди. Айни кунда нуфузли ташкилотда ишлайди.
Айтишларига қараганда, оиласини ташлаб, енгил ҳаётни танлаган эр бугун қаттиқ пушаймонда экан. Яна ким билади дейсиз…
Лекин “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, деганларидек, минг афсуски, бугун ҳам ана шунга ўхшаш баъзи оилалар “жар ёқасида” турибди. Ажралишлар кун сайин кўпайиб бораяпти. Аммо аёл бир нарсани унутмаслиги керак: “Йўқ, бундай яшаб бўлмайди, тамом, ҳаммасига нуқта қўяман”, дейишдан олдин оқибатини бирров ўйлаб кўриш зарар қилмайди. Турмушда ажралиш осон эмас, икки кўнгилнинг дарз кетиши ва қайта бутланмаслигини ўйлаб кўриш лозим.
Афсуски, мана шу қарорни қабул қилаётган инсонларнинг ҳаммаси ҳам ўз хатоларини вақтида тушуниб етаяптимикин. Айтишади-ку, “Тоғлардан йироқлашганинг сари уларнинг нақадар улуғворлигини ҳис қиласан”, деб. Афсуски, инсон зоти то бир нарсани йўқотмагунича унинг қадрига етавермайди-да. Оила барбод бўлгандан кейингина хатолар аён бўла бошлайди.
Ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати шундай: умрини асрашни билмаган умридан, мол-дунёсини асрашни билмаган мол-дунёсидан ажралади. Бугунги кунда дунё миқёсидаги энг катта муаммолардан бири ҳам ажримлар, қолаверса, унинг жабрдийдасига айланган ва айланаётган гўдаклар, ожиза аёллардир.
Начора, бу ҳолат ҳанузгача долзарблигича ечимини кутаётган муаммолардан бири бўлиб турибди. Тўғри, давлатимиз томонидан масалани ижобий ҳал этиш мақсадида қонун ва қарорлар ишлаб чиқилмоқда, қолаверса, масаланинг қайси жиҳатларига кўпроқ аҳамият беришимиз лозимлиги, аёлларнинг бу каби ачинарли ҳолатга тушиб қолишига кўпроқ ким айбдор, бу борада қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг таъсирчан кучи, буларнинг бари эътибордан четда қолгани йўқ.
Жумладан, Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Эндиликда аёлларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олди олинади, қулай шарт-шароитлар яратилади, деб умид билан кутилмоқда. Аммо ижобий натижалар ҳали кўринганича йўқ. Шунингдек, гендер масалалари бўйича статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил ва мониторинг қилиш бўйича – “gender.stat.uz” сайти ташкил этилган. Ўзбекистон парламенти ҳам инсон ҳуқуқларига, гендер масалаларига ва тинчлик ва хавфсизликка риоя қилмасдан барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди, деган фикрга қўшилади. Бу масалалар расмиятчилик, амалда натижаси бўлиши керак.
Кузатишлардан маълумки, ҳар қандай одам имконият топдим дегунча юксакликка, камолот сари интилади. Аммо шароит ва имконияти бўлмаса-чи, кимдир томонидан тазйиқда яшаса-чи, унинг ўзи ҳам атроф-муҳит таъсирида тубанлашиб боради. Эътиборсиз қолдирилган ҳар қандай нарсани ғубор босади. Айтадилар-ку: “Эркинлиги тушовланган руҳ муқаррар жар ёқасида тургандай ҳис қилади ўзини”, деб. Ахир омад, бахт, мустаҳкам соғликка, маълум маънода, эркинлик, рағбат эвазига эришилади.
Президентимиз: “Хотин-қизлар жамиятда ўз ўрнини топиши, қадрли ва азиз бўлиши учун уларни ор-номусли, ғурурли эркаклар ва маҳалла-кўй қўллаб-қувватлаши керак”, деган эди. Биз биргина мана шу фикр атрофида мулоҳаза юритсак, ҳаракатларимиз шунга монанд бўлса, айрим оилаларда кечаётган кўплаб муаммоларга ечим топилади, албатта.
Қадимдан халқимизда бир ҳикматли ибора бор: “Аёл йиғлаган юртда ор йиғлайди”. Мен эса: “Аёли йиғлаган оилада бахт бўлмайди”, дегим келади. Сабаби, оила жамиятимизнинг асл қўрғонилигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай экан ана шу асл қўрғонда барқарорлик, тинчлик, меҳр-оқибат устун бўлиши лозим.
Зуҳра ҲАСАНОВА,
“Hurriyat” мухбири