Янгича дунёқарашга эскича тарғиботми?

Бугунги кунда қаерга қарамайлик, қайси соҳага эътибор қаратмайлик ҳамма жойда янгиланиш, ўзгариш. Шиддат билан илгарилаётган жараёнда Янги Ўзбекистонни барпо этиш иштиёқи ёшларни ҳам ўзига ром эта бошлади.

Аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида тадбиркорлик ва кичик бизнесга ажратилаётган имтиёзли кредитлар натижасида янги иш ўринлари ташкил этилаяпти. Бу оилаларнинг моддий фаровонлигини оширишда, яшаш шароитини яхшилашда, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим босқич вазифасини ўтаётир.

Аммо бир нарса мени кўп ўйлантиради: “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, янгиланиш жараёнлари кечаётган бир пайтда, телеканалларимизда ёшларнинг онгига салбий таъсир қиладиган кўрсатув ва сериаллар ниҳоятда кўпайиб кетди. Биз киммиз? Кимларнинг авлодларимиз? Буни унутиб қўйганга ўхшаймиз! Қайсидир ўқимаганнинг тавсияси билан сериалларда эр-хотиннинг бир-бирига хиёнатлари, фарзандларнинг ота-онага ҳурматсизликлари, ҳаддан ортиқ енгиллик ва миллийлигимизга мутлақо тўғри келмайдиган ярим ялонғоч саҳналар, айниқса, хотин талашган эркаклару, эр талашган хотинларни тарғиб қиладиган турли сериалларни ўзбек элига тақдим қилиш орли халқимизга муносиб ишми?!

Ориятини йўқотганларгина бундай фильмларни ёқлаши мумкин. Лекин яна бир муаммо: айтайлик, ўша ёқлайдиганларнинг ҳам қизлари, келинлари бордир. Шу сериалларни кўриб, уларнинг тарбияси, ахлоқи бузилмайдими?..

Энди “Истанбуллик келин”дан қутилдик десак, ортидан “Қора ният”, “Зулейҳа”, “Гунеш қизлари” каби сериаллар қўнғизнинг боласидай қорайиб чиқиб келаверади… “Санъатлар ичида энг муҳими кино” эканлигини унутмайлик, чунки кино энг таъсирчан тарғибот тури, унинг қора куяси битта-иккита одамга эмас, балки бутун жамиятга юқиши мумкин. Бизнинг маънавиятимизни ҳимоя қиладиган мутасаддиларимиз қаёққа қарашаяпти экан? Пулни деб имондан кечиш керакми, ахир пулга ҳамма нарсани сотиб олиш мумкиндир, аммо имонни сотиб олиб бўлмайди-ку!

Бундай иллатли сериаллар ва бошқа “оммавий маданият” тарғиботларининг олдини олиш учун ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик ва газетхонликни кенг тарғиб қилиш жуда ўринли бўларди. Президентимиз айтганидек, бунда раҳбарларимиз, ўқитувчи ва мураббийлар, қолаверса, ота-оналар ўрнак бўлишлари керак. Унутмаслигимиз керакки китобга, матбуотга бўлган муносабат халқнинг маданиятини кўрсатиб берадиган омиллардан биридир.

Турли йиғилиш ва суҳбатларда матбуотни ривожлантириш, бу йўлда ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида кўп гапирилаяпти. Аммо буларнинг бари қуруқ гаплигича қолиб кетаётгани, афсуски, ҳақиқат.

Келинг, биз ҳам Янги Ўзбекистонни қуришда кузатувчи бўлиб эмас, барчамиз бирдек ўз миллий маънавиятимиз, маданиятимиз билан янгича дунёқарашни касб этайлик!

Камолиддин Рўзиматов,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + nineteen =