Ҳайрат ва ҳаяжон кўзгусида
Юртимизда “Янги Ўзбекистон ва Миллий кинематография” шиори остида миллий кино санъати ойлиги иш бошлади
Машҳур немис файласуфи Валтер Бенжамин: “Кинокамера жамиятдаги ҳамма нарсага қаратилган бўлса, омма ўзига ташқи томондан қараш имконига эга бўлади”, деган экан. Дарҳақиқат, жамият ҳаётида кино санъатининг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Одамлар дунёқарашига, маънавиятига китобларнинг таъсир кучи қанчалик бўлса, кино ҳам шундай улкан имкониятга эга.
Ҳаётда ижобий ўзгаришлар, улкан натижалар бўлиши учун, албатта, кинематография соҳасида ҳам сифатли, савияли, энг яхши ижод намуналари, санъат асарлари мўл бўлиши керак. “Янги Ўзбекистон ва Миллий кинематография” шиори остида 11 январь санасидан 11 февралга қадар давом этадиган миллий кино санъати ойлиги ўзбек кино санъатининг имкониятларини кўриб, баҳо бериш учун айни муддао бўлди.
Миллий кино санъати ойлиги доирасида ўтказиладиган “Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги”га ҳам 11 январда илк қадам қўйилди. “O`zbekkino” Миллий агентлиги томонидан ташкиллаштирилаётган ҳафталикнинг дастлабки куниёқ юқори савияда ўтди. Ёрқин ва таассуротли лаҳзаларга бой бўлди. Кун аввалида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда киноижодкорлар билан соҳа олдидаги вазифалар юзасидан суҳбат бўлиб ўтди. Қизғин иштиёқ билан бошланган кун ёшлар учун сценарийнавислик бўйича маҳорат дарслари, янги лойиҳалар кастинги, машҳур актёр ва актрисаларнинг қизил йўлакчадан ўтиш маросими билан давом этди.
Янги бошланган йилнинг йирик миқёсда ўтказилаётган биринчи тадбири кишига завқ бағишловчи ва кайфият улашувчи руҳда бошланди. Кун сўнгида Муҳаммадали Искандаров режиссёрлигида олинган “Мен террорчи эмасман” фильмининг премьераси тақдим этилди. Ўзига хос янгича усулда суратга олинган ҳарбий драма томошабинларга ҳам манзур келди. Намойишдан сўнг “O`zbekkino” медиа-клуби аъзолари ва журналистлар билан фильм бўйича фикр алмашинуви ва муҳокамалар уюштирилди.
Биринчи кун таассуротларининг таъсири билан тадбирнинг иккинчи куни Ёшлар ижод саройига қандай бориб қолганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Ҳафталикнинг иккинчи кунида республикамизнинг барча вилоятларида уюштирилган тадбирларда 13 та ижодий гуруҳ иштирок этаётганидан хабар топдик.
Ёшлар ижод саройининг биринчи қаватидаги медиа ҳоллда “Зумраша” киножурналининг истиқболли режалари ва “йўл харитаси”ни тузиш мавзусида Ўзбекистон халқ артисти, “Зумраша” киножурналининг бадиий раҳбари Хайрулла Саъдиев иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда юзга яқин ёш киноижодкорлар, сценарийнавис ва режиссёрлар, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари иштирок этдилар. Давра суҳбатида ёш кинорежиссёр Эркин Бозоров ҳам ўз билим ва тажрибаларини, устозлардан ўрганган сабоқларини иштирокчилар билан ўртоқлашди. Суҳбатдан сўнг “Зумраша” киножурналининг қисқагина, аммо бир-биридан қизиқарли ҳажвий фильмлари намойиш этилди. Бундай фильмлар болалар тарбиясида муҳим роль ўйнамасдан қолмайди. Эътиборлиси, кичик-кичик кинолавҳалар замирига тўғрилик, интизом, билимга интилиш каби ғоялар моҳирона сингдириб юборилган.
Ёшлар ижод саройининг турли залларида бир вақтнинг ўзида учта тадбир бўлиб ўтмоқда. Иккинчи қаватда мультипликацион студияси аниматорлари томонидан “Ўзбекистон — бизнинг диёримиз” мавзуида болалар учун ижодий танловлар, турли ўйинлар ташкиллаштирилди. Бу тадбирда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари қатнашдилар. Бу ерда болалар учун чинакам эртакнамо муҳит кўзга ташланди. Ялмоғиз кампир, бўри, қуён сингари образларга кирган актёрлар болалар билан турли ҳазиллар қилиб, уларга расм чиздиришмоқда эди. Болалар ўзларини эртак қаҳрамонлари каби ҳис этган бўлишса, ажабмас.
Ижод саройининг конференциялар залида “Янги Ўзбекистон ва Миллий кинематография: 2021 ишга тушириладиган кинолойиҳалар, 2022 йилнинг янги ғоялари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида “Узбечка”, “Жиззах қўзғолони”, “Аёл қисмати”, “Аёл қалби”, “Сўнгги дарвеш”, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Пуанкаре” каби кинолойиҳаларнинг тақдимоти бўлди. Лойиҳалар тарихий, илмий, жанговар ва бошқа бир қанча мавзуларда эди. Давра суҳбатида кинолойиҳаларни амалга оширишдаги режалар, жанр хилма-хиллиги, ко-прадукциялар, янги форматдаги анимациялар ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан мақсад, миллий кино санъатимизда янги мавзу, янгича номлар, ўзгача услуб ҳамда янги чеҳраларни кашф этиш эканлиги маълум бўлди.
“Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги”нинг иккинчи куни ҳам таассуротларга бой кечди. Ўтказилаётган тадбирлар машҳур актёр ва актрисалар билан томошабинларни бир ерда жамлади, дея бемалол айта оламиз.
Кун сўнгида Татаристон ва Ўзбекистон киноижодкорлари ҳамкорлигида Зифа Қодированинг “Сумбул” асари асосида суратга олинган шу номдаги бадиий фильм илк марта катта экранда намойиш этилди.
Таъкидлаш керакки, ушбу ҳафталик давлатимиз раҳбарининг ноябрь ойида янгиланган “O`zbekfilm” студиясига ташрифи давомида берилган топшириқларининг ижроси юзасидан ўтказилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташриф давомида киноижодкорлар олдига бир қатор топшириқ ва вазифаларни белгилаб берган эди.
Кино ҳафталиги доирасида ёш киноижодкорлар учун Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалини очиш, Тошкент Халқаро кинофестивалини тиклаш, чет элда сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш, ёш киноижодкорларга шароит ва имконият яратиш каби муҳим топшириқлар бўйича экспертлар ҳамда мутахассислар билан “O`zbekkino” Миллий агентлигининг 2021 йилги “йўл харитаси” қабул қилиниши режалаштирилган.
Таниқли режиссёр ва актёр Роман Поланский: “Кино томошабинни кинотеатрда ўтирганини унуттириши керак”, деган эди. Кинематографияга санъат соҳаларининг бири сифатида қарар эканмиз, албатта, унда ҳам мухлисни ўзига буткул маҳлиё қилиш, бутун хаёлларини банд қилиб олиш хусусияти, ҳатто кўпроқ эканини айтишимиз лозим.
Фақат бунда санъаткор режиссёр ва актёрлар кинога жон кирита олиши муҳим аҳамиятга эга. Ёш киноижодкорлар бунинг уддасидан чиқиб, замон талабларига мос, халқимиз севиб томоша қиладиган, кишининг “кинотеатрда ўтирганини” унуттирадиган фильмлар ишлашига ишонамиз. “O`zbekkino” Миллий агентлиги ташкилотчилигида амалга оширилаётган ҳафталик доирасидаги тадбирларга қатнашиб бу ишончимиз яна ҳам мустаҳкамланмоқда.
Шаҳзод ШОДМОНОВ,
“Hurriyat” мухбири