Виждонингиз гунг эмасми?

Овоз чиқармай, ичингизга йиғлаганмисиз? Жондан азиз кўрган одамингиз сизга туҳмат қилганида юрагингиз қаъридан келаётган овозга қулоқ тутганмисиз ҳеч? Идеал деб билган одамингиз “робот” чиқиб қолса-чи? Сиз адолатли деб билган қонун сизни ҳимоя қилолмаса, унда нима қиласиз?

Болалигимда энг адолатли “қозикалоним” ота-онам бўлган. Оилада майда-чуйда уруш, гина-кудуратлар, айтди-айтдилар, оилавий юмушларнинг тақсимланиши… ҳамма-ҳаммаси ота-онамнинг тарозисига тортилиб, кейин рўй берарди. Нимадир бўлиб, онам ноҳақ койиганларида ичимдаги қиз эрталабгача уввос солган эди. Эҳтимол, у менинг ичимдаги адолатга ташна тириклигимдир, эҳтимол, ноҳақликка дош беролмаган виж­донимдир.

Бироқ виждонимнинг ҳаммадан кўпроқ йиғлайдиган, азобланадиган битта хотираси бор: бола эдим. Онам мушукдан жуда қўрқарди. Қиш­лоқ жойи дайди сичқонларни ушласин деб отам уйда мушук сақларди. Мушук жонивор, онам ундан ҳайиқишини билганми, ё бошқа сабаб, қўшнимизнинг уйига бориб бола очибди. Бир пайт қўшни хола бир идишда 5-6 та янги кўз очган мушук болани кўтариб келиб қолди. Онам эса уни кўриши билан рангги қув ўчиб чинқираб юборди. Онамнинг қўрқувдан қув ўчган қиёфаси ва беозор мушук болалари ҳали-ҳануз кўз олдимда турибди. Беш ёшлар атрофида эдим. Мен учун ўшанда онамни хурсанд кўришдан ортиқроқ қувонч йўқ эди. Ўйлаб-нетиб ўтирмай мушук болаларини олдиму, ариқ тўла сувга ташлаб юбордим. Эндигина туғилган мушук болалари қўллари билан сувни пармалай-пармалай оқиб кетишди. Буни ўйласам ҳалигача озор тортаман, болалигимнинг юзи­ни шувит қиламан, беайб жониворларни ўйлаб азобланаман. Энг ёмони тимдаланиб кетган виждонимнинг иҳрашларига дош беролмай қоламан.

Катта бўлдим. Беозор мушук болаларини оқизиб юборганим каби менинг ҳам ичимдаги энг гўзал туйғуларимга жаллодлар топилди. Туҳматга учрадим, фитна ва риёга дуч келдим, баъзан овозимни баландлатиш керак бўлган жойларда ҳам пастлатдим. Тақдир ошу овқатини мен хоҳлаган эмас, ўзи хоҳлаган идишда олиб келиб олдимга қўйди.

Отасига, онасига, гулдай хотинига, фарзандига зулм қила туриб ҳам хотиржам ухлаб, сокин уйғонаётган одамлар бор. Ўз айбларини бемалол бировнинг гарданига юклаб йўлида давом этадиган, ёши бир жойга борганда ҳам туҳматдан ва зулмдан тоймайдиган, ибодатдан қурган иморатини хас-хашак билан тўлдираётганлар озми?

Қўқонлик бир танишим ёлғиз ўзи ажрашган эридан алимент олмай икки нафар фарзандини катта қилгунча она сути оғзидан келганини гапириб берди. Аёл-ку, болаларни катта қилибди, бироқ ота бўлмиш эркакнинг виждони-чи, гунгмикан, садо бермасмикан, деган ўйларга боради одам? Бундай лаҳзаларда ўт ўчириш машиналари янглиғ чинқираблар юбормайдими, виж­дон деганлари?

Ҳа, яна бир танишим эридан қарз олиб, ҳар икки гапнинг бирида эри қарзимни бер деб ёқалаб юрганини гапиради, яна бири аёли кундалик эҳтиёжлари учун пул сўрайверганидан хотинидан ажралган. Дунёнинг ишларига ҳайрон қоламан, ҳайронлар қоламан. Виждон деган халойиқнинг овозига тўлиб кетмайдими, ичингиз, азиз одамлар?!.

Афсона Ражабова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =