Бўри билан “қариндош” одам ёхуд ўттиз бир марта илон чаққан морбоз

Ўзбекистоннинг машҳур морбози, Нуробод туманининг Жом қишлоғида яшовчи Алишер морбоз ҳайвонот боғи очибди, деган хабарни эшитибоқ, йўлга тушдик.

Самарқанд – Қарши катта йўлининг четида жойлашган тўрт томони қирларга туташган жойда мўъжизадай порлаб турган гўша ўтган- кетганни ўзига қаратади. Маҳаллий ҳайкалтарош ишлаган турли ҳайкаллар – бўри, турналар, қушлар, сув фариштаси ўзига хос чиройли, кўнгилга яқин. Яхши-да, юртингда қўлигул, кўнгли гул шундай ижодкорлар борлиги. Ўша маҳаллий ҳайкалтарошни бошқа кўнгилочар гўшаларга таклиф қилиб, фойдаланса, арзийди. Бу гапни унинг ишлари айтиб турибди. Алишер Ёрматов ўзи яратган гўшага уни таклиф қилиб савоб иш қилибди.

Болалар ва катталар яйраб, ҳордиқ чиқарадиган майдонда, дам олиш учун ўриндиқлар. Энг муҳими, манзарали, дои­мо яшил дарахтлар ва ноёб гуллар, фаввора(ичида сув париси ҳам бор) ёнидан ўтиб, қафаслар ёнига яқинлашамиз.

Бошланишдаги қафасда сизни бўри кутиб олади. Шу ерда бўрилар ҳақидаги эртаклар, афсоналар ёдга тушади.

— Бўрининг ёнидаги итми? — таажжубланамиз…

— Ҳа, таваккал қилиб, кичкина кучукчани ёнига киритган эдик. Иккови дўстлашиб кетди, — дейди Алишер. Кучукчага раҳми келди шекилли… Мана икки йил ўтди, бирга яшашаяпти.

“Саҳродаги жаннат” номли китобимда акс эттирилган воқеа эсимга тушди.

“Рихсихон опа кўп йиллар тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаган, дунёқараши кенг, истараси иссиқ, меҳнаткаш, фидойи аёл экан. Тақдирнинг сирли йўллари ва узун қўллари муҳаббатни сабаб қилиб, Рихсихонни Тошкентнинг Угом дарёси бўйидан, жаннатмонанд Хумсон қўйнидан олиб, Навоий вилояти, Нурота туманидаги “Қизилча” хўжалигига келтириб ташлади. Тўрт томонда қумлар ёниб ётибди.

Ёш келинчак турмуш ўртоғи Муф­туллонинг ота-онаси, опа-сингиллари қалбидан меҳр топди. Қайнонаси раҳматли, ёлғиз ўғлимни, аввало, Яратгандан, қолаверса, бўридан тилаб олганман, дерди.

— Ойижон, бўридан қандай тилаб олгансиз? — деб сўрарди, келинчак. Саломат момо тошкентлик келинининг узун сочларини ўрар экан, ҳикоя­сини бошларди:

— Ҳувв бир неча қирнинг нарёғида дадангиз(қайнотангиз) совхознинг қўйларини боқарди. Ҳар кунгидек, тушликка қўй гўштидан қовурдим, устига нонни бостириб, тугунга тугдим. Офтоб тиккага келган, даданг ҳам очқаб ўтиргандир, деб йўлга тушаётсам, Муфтилложоним этагимга ёпишди, менам бораман, деб. Кун иссиқ десам тушунмаса, чарчаймиз десам тушунмаса. Ёлғиз ўғлимнинг гапини сира икки қилмаганмиз. Начора, она-бола икков­миз йўлга тушдик. Офтоб урмасин деб, бошига дўпписини, эгнига тўнчасини кийдириб олдим. Ўзим ҳам қасавамни, камзулимни кийиб, оқ суруп рўмолимни ўраб олдим. Сурувни излаб йўлга тушдик.

Бир қўлимда тугун, бир қўлимда бола, гоҳи чарчасам етаклаган бўламан. Яна болажоним чарчагунча, менинг қўлларим оғрисин дейман-да, опичиб оламан. Муфтулложонимнинг оёқчаларини қумлардан ҳам қизғонаман.

Бир пайт, бизга қараб рўпарамиздан келаётган итга кўзим тушди. Ҳаҳ, жониворгина, итимиз излаб келибди-да, деб меҳрим товланиб қарасам, итдан катта бир жондор бизга ёвқараш қилиб турибди.

Вой ўлмасам, катта бўри! Бўрини кўрганман, ўлигини кўрганман. Бобойим бир сафар отарга оралаган бўрини кўплашиб, итлар билан, чўпон-чўлиқлар билан қўлга тушириб, отиб олган эди. Баттол бўри қанча қўйларнинг бошига етган эди. Биттасини егин, иккитасини егин, ўнтасини ҳам ёриб ташлайдими? Шундан кейин бизникилар ҳам шафқат қилишмайди-да! Вой ўлай, бу бўри ҳам ўшанга ўхшайди, уруғимикин, боласимикин, ўлдим энди. Қочиб қаёққа борардим, бир хатлашда етади. Оёғимда мажол ҳам йўқ…

Қайноқ қумнинг устига ўтирдим. Бақирай десам, овозим ҳам чиқмайди. Мени еса гўрларга эди. Боламни нега олиб чиқдим-а? Юз йил тилаб, кўзларим кўкариб етган боламни нега етак­лаб чиқдим?! Эна бўлмай ўлайин, ўз қўлларим билан ажалга топшираманми? Қайнонам раҳматли билиб айтарканлар-да, хотин суйсанг, тўшакда суй, бола суйсанг, бешикда суй, деб. Биргина дўғлаб, опаларига ташлаб келсам, болам тирик қолардику. Шундай эси паст она бўламанма. Бу бўри оч қолган, оч бўлмаса овул ораламайди.

Бўри ҳам рўпарамга ўтириб олди. Муфтиллогинамни ортимга яшириб, камзулимнинг этагига ўраб олдим, гўё бўри кўрмайдигандек. Қўрққанимни сезиб, болам ҳам дағғ-дағғ титрайди. Ўзим қалтираб, унга қўрқма, дейману, гапим ёлғонлигини шу уч яшар бола ҳам сезиб турибди. Эй, Худо, боламга раҳм қил, шу бўригинани олдимдан олиб кет, деб илтижо қиламан. Сўнг бўрига ялинишга тушдим:

— Жон бўрижон, опаммисиз, акаммисиз, билмайман. Отангизни эрим отган бўлса, боламда нима гуноҳ? Оч бўлсангиз, мана, нонни енг, овқатни енг. Тўймасангиз мени енг! Фақат боламга индаманг. У катта бўлса, болангизни отмайди. Дастурхонни очиб, овқатни ўзимдан нарига суриб қўйдим, ейишга қийналмасин деб, нонни бўлак­ладим. Бўри ҳиди димоқни қитиқлаб турган овқатга қайрилиб ҳам қарамади. Кўзига қараб, йиғлайвердим:

— Жон бўрижон ака, мени енг, ейқолинг, фақат боламга индаманг. Айланай, бўрижон опа, емасангиз қариндош бўлайлик, есангиз, мени енг, боламга индаманг! Қумларга бошимни қўйиб ёлбордим, боламни этагимга ўраб ялиндим. Ўзимни бўрига едиришга рози бўлиб, боламнинг жонини сўраб, тиландим. Бўрининг кўзларидан ғазаб кетди. Бирпас кўзимга қараб турди-да, овқатга ҳам, менга ҳам, боламга ҳам қарамай, ортига ўгирилиб йўлга тушди. Эй, Художоним, бўрида ҳам шафқат бор экан! Кўнглига раҳм солганинг учун, ўзингга шукр, Аллоҳим!

Шундан сўнг, мендан бу воқеани эшитгач, эрим ҳам овулдошларим ҳам бўрига ўқ отмай қўйди. Сиз ҳам овозини эшитсангиз қўрқманг, болам, бўри эрингизни қариндоши бўлади”.

Мен шу ҳақда айтиб берсам:

— Бундай воқеалар кўп бўлган, бўрилар инсон қалбини инсондан яхшироқ тушунади, — деди Алишер.

Мен китобимда ёзган юқоридаги воқеа гарчи тўғридан тўғри Алишер Ёрматовга алоқаси бўлмаса-да, ҳаётда турли йиртқич жонзотларни ўзига эл қилганлиги билан жуда ўхшаш, тақдирдош десам хато қилмаган бўламан.

Шундай қилиб, бўрини узоқ томоша қиламиз. Уям бизга бироз тикилиб, нарига кетди. Ўртадаги темир панжаралар энг яхши ҳимоячи эканини сезиб турибмиз. Биз одимлашда давом этамиз. Чиябўри, жайралар, денгиз чўчқалари, олмахон, какликлар, беданалар, укки, турли тўтиқушлар, бургутлар, лочинлар, жўрчи қуш, эчкемар каби 30 турдан ортиқ парранда-ю даррандаларни учратамиз. Қанотларини кериб, солланиб товуслар ўтади у ёқдан бу ёққа. Мана бу илонлар сақланадиган қафас. Алишер морбознинг энг севимли бурчаги. Бу ердаги илонлар бир неча хил. Асосий қисми уйда. Юздан ошиқ, бир-биридан даҳшатли илонлар, энг заҳарлилари бор.

Алишер Ёрматов қишлоқ хўжалик инс­титутини тамомлаган, у ҳақида фильмлар яратилган, китоблар ёзилган. Унинг илонларга муносабати, кашфиётлари алоҳида мавзу. Хорижликлар илон заҳри билан даволашни ҳамкорликда олиб борайлик, келинг, деганларида ҳам рози бўлмади. Ўзимнинг Ватанимда, юртдошларимга ёрдам бераман, деди.

Аммо ҳозир гап Алишер морбоз­нинг табиатга, ҳайвонот дунёсига меҳ­ри ҳақида. Мана шу меҳрни ёшлар қалбига сингдириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида.

Қишлоқда яшовчи ёшларимизнинг ҳаммаси ҳам катта шаҳарларга бориб, ҳайвонот боғларини томоша қилиш имконига эга эмас. Баъзилари тоғли жойларда яшасалар ҳам, ёнларида яшаётган ҳайвонот олами ҳақида етарли билимга эга эмаслар. Шу сабаб ёшларимизга билганларимни билдиргим, табиатга меҳр уйғотгим келди.

Сув келмаган даштлар орасида ҳайвонот боғи, болалар ўйингоҳи яратгунча, 70 сотих ерни боғу роғга айлантиргунча икки миллиард сўмдан ортиқ пул сарфланди. Унинг ғояларини тадбиркор укалари Собиржон ва Бахтиёр Ёрматовлар, профессор опаси, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Дилором Ёрматова қўллаб-қувватлаб туришди. Моддий ва маънавий ёрдамларини аяшмади.

Дашту қирлар орасидаги жаннатга ташриф буюрганлар бир дунё лаззат, билим олишлари турган гап. Болалар мазза қилиб ўйнашлари учун боғ, ўйин­чоқлар мавжуд. Яқинда ҳайвонот дунё­си ҳақида фильмлар намойиш қилинадиган зал ҳам тайёр бўлади.

— Агар болалар, ёшлар боғимизга ташриф буюришса, уларга жоним билан ҳайвонот дунёси ҳақида қизиқарли дарс ўтиб бераман. Улар бу ердан кетар чоқларида табиатнинг айрилмас бўлаги бўлган, биз билан бир заминда яшаётган ҳайвонлар билан дўстлашиб кетадилар, — дейди морбоз.

— Ён атрофда яна қурилишлар бош­ланяпти, шекилли?

— Ҳа, халқ табобати ва медицина йўналишида шифохона очмоқчиман. Беморларни табиий шифо воситалари ва илон заҳри билан даволашни йўлга қўямиз, насиб бўлса. Туркиялик машҳур доктор Ҳусейн бей Жомга келиб, мен бошлаган ишларни кўриб кетди. Юринг, шу ишларни Туркияда қилайлик, деди. Истасангиз келинг, Жомда бирга ишлаймиз, дедим. У ҳамкорлик қилишга бажонидил рози бўлди.

Алишер Ёрматов жуда кўп мамлакатларда сафарда бўлган. Сафарларида энг аввало морбозларнинг иши билан қизиқади. Улар Алишернинг илонлар билан тил топишиб кетганидан ҳайратга тушади. Шу пайтгача, морбозни 26 марта кобра, 5 марта годьюк чақди. Ҳар гал ўлимдан қолди. Илон чаққан бармоқларни шафқатсиз равишда кесиб ташлаш, шифокорларга ҳушини йўқотгунча, йўлланма бериб туриш, ҳамма ўлди, деб турган чоғда қайта тирилиш жараёнининг ўзи бир достон. Жасорат ва мардлик дос­тони. Мактаб ўқувчилари, коллеж ва лицей, олий ўқув юрти талабалари келиб, сабоқ олиб кетса, матонат ва ҳайвонат оламига муҳаббат дарс­ларини ўрганиб кетса арзийди. Ўттиз бир марта ўлимдан қолган морбоз­нинг ҳаёти, амалга ошираётган ишлари бунга мисол.

Мустақил Ватан йўлида жон тикишнинг усуллари кўп. Биров қўлига қурол олиб, биров тафаккурига илм солиб, биров дилида муҳаббат туйиб, юртининг саодати учун курашади. Алишер морбоз ҳеч ким бас келолмайдиган илонлар билан тил топиб, уларга меҳр бериб, амрига бўйинсундириб, заҳардан ноёб дорилар олиб курашади. Инсонни кобра ёки годьюк бир марта чақса ўлдиради. Аммо Алишер 31 марта илон чаққанида ҳам омон қолди. Шу юртига, одамларига муҳаб­бати туфайли қайта-қайта тирилаверди! Қанча беморларни ҳаётга қайтарди, боғлар яратди, тап-тақир жойга жаннатнинг парчасини кўчириб келди.

Ҳар сафар ўлимнинг оғзидан қайтар,

Ҳар сафар йўлимдан қайтмам деб айтар.

Хатар водийсига бораркан тикка,

Жонин олсалар ҳам тушмайди чўкка.

Хосият Бобомуродова,

шоира,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − fourteen =