Пушти атиргулдай ёноқларингиз
Муаллиф ҳақида:
Шерзод Комил Халил — 1982 йил Китоб туманидаги Искана қўрғонида туғилган.
ЎзМУ фалсафа факультетининг 1999-2003 йилларда бакалавр, 2003-2005 йилларда магистратура босқичларида ўқиган. 2005-2007 йилларда Тошкентдаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган. 2009-2011 йилларда ЎзМУнинг фалсафа факультети аспирантурасида таҳсил олган.
2016 йилда АҚШда “I left poetry” (“Мен шеъриятдан кетганман”) шеърлар тўплами чоп этилган.
Гулғунча
Айбинг онанг сени чиройли туққан.
Муҳаммад Юсуф
Қайдан учрадингиз, қайдан азизам,
Куйиб кул бўлдимку оташингизда;
Умидим олисда… пирпиради шам,
Ёқишни биласиз шу ёшингизда.
Ғунчадай лабингиз жон олғич бунча?!
Пушти атиргулдай ёноқларингиз;
Сиз малак сувратли ойдек гулғунча,
Ҳали ўпилмаган дудоқларингиз.
Севаман, севаман — мен ўзингизни,
Юрганим юргандир кўксимни тилиб;
Ҳеч кимга ўхшатмай қош-кўзингизни,
Сизни фалак туққан чиройли қилиб.
Сиз эрур англадим, умрим юлдузи,
Сиз билан хуш кўрдим адабиётни;
Муҳаббат не ўзи, севги не ўзи?!
Тушуниб етмадим сизсиз ҳаётни?!
Доғи ҳижронида кўмдилар ғамлар,
Висолингиз ширин орзумиди о?!
Сизни бир кўрдиму гулдек санамлар,
Қизиқтирмай қўйди мени мутлақо!
Сиз ўша танҳосиз, ҳуснда якто,
Мен ўша шоирман, севгиси соҳир!
Чидолмай ўламан ҳажрингизда ё,
Васлингизга ёки етаман охир…
Мен шеъриятдан
кетганман
Дунё ўзгардими ё мен ўзгардим,
Нима ўтган бўлса, ўтди ўзимдан;
Кеча мен қизларга шеърлар ёзардим,
Гўзаллар қолмасди мени изимдан.
Энди ўз бошимга ўзим етганман,
Мен шеъриятдан кетганман!
Кеча сирлашардим юлдузлар билан,
Маҳлиё бўлганча ойнинг аксига;
Энди тақдиримга буткул бердим тан,
Етолмай бир қаро қошнинг васлига.
Менга нима бўлган, ўзи нетганман?!
Мен шеъриятдан кетганман!
Энди поэзия олтин боғлари,
Мен учун ҳам етиб бўлмас бир армон.
Умримнинг кечаги гўзал чоғлари,
Сизга етишишга мен энди зорман.
Ёшликни шу тахлит абгор этганман,
Мен шеъриятдан кетганман!
Изтироб на учун, афсус на учун,
Ўтган у кунларни эсламоқ нега?!
Биллур идиш синса бўлмагай бутун,
Кўнгил синса ахир топилмас чега.
Хотирлар — мен сизни беҳуд титганман,
Мен шеъриятдан кетганман!
Зеро, англар эдим, мен ҳам ҳаётни,
Лек кетдим алвидо, хайр, хуш қолинг;
Томорқа қилганлар адабиётни,
Фақат ўзингизни сал босиб олинг.
Мен сизга нафрат-ла шеърим битганман,
Мен шеъриятдан кетганман!
Кафедра
Бир замонлар улуғ университетда,
Карьера қилгандим мен ҳам бир сидра;
Менинг хаёлимда фалсафий битта,
Илмий муассаса эди кафедра.
Назария, баҳслар, профессорлар,
Дурдона илмлар фанда бебадал;
Валийлар, кашшофлар ва иқтидорлар,
Шу чошгоҳ уммонда тўқнашар ҳар гал.
Азал шундай бўлган бепоён илм,
Ойдинларни йиққан ҳар дам кафедра.
Аммо кўрганимда оғриди дилим,
Унута олмадим бу ҳисни сира.
Мен кўрдим, учига чиққан не восвос,
Давр маддоҳлари — карнайсозларни;
Мен кўрдим, умрини фанларга эмас,
Манфаатга берган лўттибозларни.
Мен кўрдим, қалбида зарра йўқ учқун,
Аммо фан бошида турган “босс” ларни;
Мен кўрдим, амалга ҳаккалаш учун,
Илмни нарвон деб билган касларни.
Ҳар ҳолда кўрдим мен, шундай ётганин,
Кафедрада илм мен келган вақтда;
Аёллар нечтадан компот ёпганин,
Гаплашарди яна салатлар ҳақда.
Қизиқ эмас эди улар учун фан,
Қизиқ тўю ҳашам, маишатлари;
Ортиқ қололмасдим кафедрада ман,
Илмнинг шу бўлса кечдим шартлари.
Бас, ортиқ қолмадим университетда,
Карьера қилдим-да билмай бир сидра;
Менинг хаёлимда фалсафий битта,
Илмий муассаса эди кафедра…
Ёмғирлар
Бу ёмғирлар нени эслатди сенга?!
Йиғладинг хонангда нега қоракўз?!
Афсус вақт бермадинг сен ортиқ менга,
Чўкди юрагингда айсбергдек муз.
Бу ёмғирлар нени эслатди сенга?!
Дунёнинг беаёв ғаладонида;
Ортиқ жой қолмади минг афсус менга,
Бағритош аёлнинг хонадонида.
Бу ёмғирлар нени эслатди сенга?!
Хазонрезги каби тўкилдинг баргдек;
Ҳеч бўлмаса битта имкон бер менга?..
Худди аввалгидек – сенга керакдек.
Бу ёмғирлар нени эслатди сенга?!
Шалаббо бўлдим мен эшигингни оч.
Сендан ўзга ҳеч ким керакмас менга,
Ёмғирда ивидим роса қорасоч.
Бу ёмғирлар нени эслатди сенга?!
Мен улар сирини еча олмайман;
Юзма-юз ўтириб тушунтир менга,
Нега мен сендан ҳеч кеча олмайман?!
Бўри
Бўриларни отдилар бир-бир,
Солмасин деб қўйларга қирон;
Ғарб шамоли эсганда ғир-ғир,
Энди бўри қолмади бирон.
Чўпонларнинг юзларида бот,
Хотиржамлик бўлди ифода.
Бу ўлкада бўри йўқ ҳайҳот,
Кўпайгандан кўпайди пода.
Ҳар баҳорнинг бошида турғун,
Эн олинар, бичилади зил;
Минг йилларки подалар учун
Ўзгармайди шудир таомил.
Мен бўриман, бўриларга ёт,
Чўпон-чўлиқ, отару-қўра;
Ёлғизликда ҳаёт берар тот,
Пода бўлиб яшашдан кўра.
Ўлган афзал қиру-қиёда,
Тоғу-тошда бўридай яйраб;
Яшагандан кўра дунёга,
Чўпонларнинг раъйига қараб.
Шерзод Комил Халил