Буталар баргида кумуш сирғалар

Муаллиф ҳақида: Жуманазар Юсупов — 1955 йилда Янгиариқ туманида туғилган. Кўп йиллардан бери ижод билан шуғулланиб келади. “Наъжот маъбуди” шеърий тўплами нашр этилган. Ҳозир “Янгиариқ овози” туман газетасининг муҳаррири вазифасида ишлайди.

 

АЗИЗАМ

                                             Назирага

Азизам қарагин, хонатлас кийиб,

Бизнинг боғимизда баҳор юрибди.

Юраги илоҳий меҳрдан ийиб,

Кўзлари севинчдан кулиб турибди.

 

Азизам қарагин, у сенга ўхшар,

Бирам истарали, нозик, қаламқош.

Сен асло қайғурма, муҳаббат агар,

Чин бўлса ўн саккиз ёшдир олтмиш ёш.

Азизам…

 

СЕН ГУЛСАН…

Сен гулсан баҳорлар соғинган,

Куйдирган ёзларнинг димоғин.

Мен қишман қисматдан оғринган,

Қорларга кўмиб қалб титроғин.

 

Фасллар карвони кечикиб,

Шамолдай елдими ё йиллар.

Ўртада ичикиб-ичикиб,

Куз йиғлар,

                     куз йиғлар,

                                       куз йиғлар…

  

БИР ХАЛҚ ЭДИК…

Бир халқ эдик номуси бутун,

Гувоҳидир ўчмаган излар.

Ёв қўлига тушмаслик учун,

Хайкалдай тош қотган “Қирқ қиз”лар.

 

Билолмадим, қай шамол эсиб,

Не кўргилик тушди бу бошга.

Аёллари юрар юрт кезиб,

Эркаклари айланган тошга.

                        

           АРЗИ ҲОЛ

Ҳалал берманг, мен яшаяпман,

Кўнглим кенг-у кулбам тор бироз.

Чўнтагимда итлар ҳуради,

Тушларимда қичқирар хўроз.

Асли шундан бошқачасини,

Орзу ҳам қилмайман ботиниб.

Шукр, ҳар кеч уйда кутади,

Бир этак бола-ю хотиним…

 

   ХАЁЛ

Бир баҳоринг бўлса,

Яшил майсалар

Қўшиқ куйласалар

Юзларинг силаб.

 

Шеърлар ёзаверсанг —

Мажнун десалар,

Сўнгсиз тунларингни

Тонгларга улаб.

Бир баҳоринг бўлса,

Тошқин дарёлар

Сирларинг оқизиб,

Кетса узоққа.

 

Сиғиниб яшасанг,

Бағрингни ёқиб.

Ишқ деган, муҳаббат —

Деган тузоққа.

 

САБР

Зилдек оғир тўрва бўйнингда,

Ғурурингдай букилган қаддинг.

Пуч ёнғоққа тўла қўйнингда,

Жон талашар сиғмаган ҳаддинг.

 

Тамшанасан сўлагинг оқиб,

Тикилганча ғўрага, аммо,

Билмайсанки, ичингни ёқиб,

Бу дарахтда битмайди ҳолво.

 

Олтин эмас, умринг сўнгида,

Тегса-тегар бир сиқим тупроқ.

Ҳаёт деган тушнинг ўнгида,

Азоблар жуфт, тоқатларинг тоқ.

 

Бош қўйганинг кунда — бешафқат,

Ўзинг йиртиб йиртиқ ёқангни.

Сен тинчингни ўйладинг фақат,

Рўкач қилма бола-чақангни.

 

Куйинма, бу муносиб якун,

Керак эмас ҳадик, хавотир.

Келдинг, кетдинг исботлаш учун,

Чиқмаслигин қўрқоқдан ботир.

 

ҚИШ

Кипригимда эрийди қор,

Сен кетган йўл адоқсиз.

Юрагимда оғир тош бор,

Аламлар сон-саноқсиз.

 

Ваҳимали кўринади —

Тун бағрида дарахтлар.

Куйлашарди севгимизни,

Достон қилиб бир вақтлар.

 

Энди эса борлиқ нурсиз,

Кўнглимиздай юпундир.

Қаҳри қаттиқ қаҳратоннинг

Чангалида тутқундир.

 

Дунё — беор, дунё — озор,

Хавф-хатарга лиқ тўла.

Ер, кўк ва мен … Бизни баҳор,

Ташлаб кетган бир йўла.

    

СЕНИ СОҒИНГАНИМ…

Сени соғинганим ўзимга аён,

Гуллар тасдиқлайди яна бош ирғаб.

Умидлар хазонрез баргдай заъфарон,

Сен қайтмас йўлларга тўкилар йиғлаб.

 

Ўкинчлар қадалар нигоҳларимга,

Ингранар мижжамга қалқмаган оҳлар.

Ҳижрон улоқтирган жанггоҳларимга,

Аста тушиб келар кўкдан илоҳлар.

 

Нақадар илтифот! Ёлғонми ё чин?

Шуурим қоплайди шубҳа ғубори:

Айролиқ азобин қайдан ҳам билсин,

Ёлғизлик ярашган Парвардигори…

 

Юраман туну кун минг бор ўтганим —

Таниш сўқмоқларда тентираб, дайдиб.

Биламан, қаршимдан чиқмас кутганим,

Келаверар фақат қайғулар қайтиб.

 

Умр бевафодир, ҳаёт бешафқат,

Муҳаббатни эса мангу деганлар.

Висолга эришар бир куни, албат,

Унутилмаганлар, унутмаганлар.

 

Дунё ва мен

(Дунёни англаш учун дунёга  

келишнинг ўзи камлик қилади).

Дунё кибор, мен бир тўпори,

Турличадир қарашларимиз.

Менга ёқмас унинг касб-кори,

Шундан уруш-ярашларимиз.

— Эсингни йиғ,— дейди бош чайқаб, —

Сен шоирсан, оддий одаммас.

Фойда билан зиённи фарқлаб,

Сал жиддийроқ қадам боссанг бас.

— Қартайибсан ва лекин, — дейман,

— Ўхшамайсан донишмандга ҳеч.

— Нодон, сенинг ғамингни ейман,

Бош оғриғи ғурурингдан кеч.

Тугамайди баҳс-мунозара,

Ўлибмизми бир гапдан қолиб.

Ўзича ҳақ дунё бечора,

Муҳими, мен ўзимча ғолиб.

Юрагимни чулғар мубҳам ҳис,

Бир балони бошлашим аниқ…

Дунё ғамгин, дунё кўп маюс,

Бўғзин тирнар ёниқ хўрсиниқ:

— Ўжар эди бобонг жуда ҳам,

Қолишмасди отанг ҳам ундан.

Инсон ўзи аслида бир кам,

Феълингдаги шаккоклик шундан…

Надоматга не ҳожат, ахир —

Ибтидо бор — бордир интиҳо…

Сўлиш олар ўй суриб оғир,

Менсизликдан зериккан дунё.

Кўп куттирмай, эрта ё индин,

Биламанки, қаддини кериб.

Бир нотаниш, ўктам ўспирин,

Ғавғо бошлар ёнига келиб.

Дунё зимдан кўз ташлаб, ана –

Мийиғида кулиб қўяди.

Доимгидек курашда яна,

Енгилганин билиб қўяди.

Сўнг титрайди асабий, мулзам,

Ғазабланган, мушти тугилган.

— Ўжар эди бобонг жуда ҳам,

Қолишмасди отанг ҳам ундан…

Дунё кибор, мен бир тўпори.

 

БИЛМАЙСАНМИ…

Қалдироқдай гумбурладинг, гоҳ –

Найга ўхшаб наво қилдинг сен.

Турфа ҳикмат келтириб, э воҳ,

Одамийлик даъво қилдинг сен.

Билмайсанми, дунё тала-тўп,

Эл, тил, фикр — бари мингқуроқ.

Бизда авлиё, пайғамбарлар кўп,

Фақат инсон бироз камчилроқ.

 

ҚИЗ СЕВГИСИ

Интиласан, етолмайсан ҳеч,

У тоғ олис, у тоғ виқорли.

Хаёлингни чулғаб эрта-кеч,

Чорлайверар чўққилар — қорли.

 

Буталарининг — йўлларинг тўсган,

Баргларида кумуш сирғалар.

Оғриқлари ўзидан ўзган,

Оёғингни ўпар жилғалар.

 

Шаббодалар шўхлиги тутиб,

Тортқилайди алвон рўмолинг.

Нафасини ичига ютиб,

Кузатади қирлар бу ҳолинг.

Бинафшалар оддий гул эмас,

Юлдузлардан тушган мактублар.

Изларингдан ҳасад ва ҳавас —

Билан боқар қанча мағлублар.

 

Севги деган ёниқ рўёга,

Ҳаётингни тиккандинг яхлит.

Сен бахтлисан, билсанг дунёга,

Фаришталар келар шу тахлит.

 

УЗУМ

Устоз Қўзи Давлат хонадонида ёзилган.

Тўлдириб боғ саҳнини кўз олар қирмиз узум,

Юзлари лов-лов ёниб, мисли уятчан қиз узум.

 

Йўл бериб турган каби ишкомда маҳзун қомати,

Соҳибидек камтарин, меҳмоннавоз ҳаргиз узум.

 

Шоиру фозил бари жам бўлиб, кўп мунтазир,

Илтифот кўрсатгину Абдуллажон, бор уз узум.

 

Чун баҳор, ёз эркалаб, бағрида минг асрасин,

Кетмоғи қисмат азал, келганида куз узум.

Эй Суҳан, туғёнини қалб нечук сир сақлагай,

Билса гар айш кўйида интиқлигин маҳфуз узум.

                      

                       БУГУН

Кел, кўнгил сендан бўлак топмадим ҳамроҳ бугун,

Чеккали ёр ҳажрида бирга ўтлиғ оҳ бугун.

 

Қаҳридан муз ёғдириб, айланар чархи фалак —

Ким оёқ остида Ер оташ уфурган чоҳ бугун.

 

Кўрмайин ҳам куймайин, деб чимматин ёпдими ё,

Шафқатин биздин аяб, кетдимикан ул моҳ бугун.

Ҳасратинг қўй, эл бари шодлик била машғул дема,

Чун фақат аҳволимиздан аҳли ишқ огоҳ бугун.

 

Не кўрибсан, эй Суҳан, қилма пушаймонлиғ сира,

Қисмат эрса зоҳир ўлғай хоҳи эрта, хоҳ бугун.

                                                     Жуманазар Юсупов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + one =