Орини тоғлардан баланд этган зот

Муаллиф ҳақида:

Ғайрат Мажид — Китоб туманидаги Хўжаилмкони қишлоғида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Гул санам” (1997), “Ҳеч кимга ўхшамайсан” (2000), “Сени соғинаман” (2006), “Кўксимдаги юлдузлар” (2008), “Ишққа борар йўл” (2009), “Боболарим юрти” (2013), “Оққушларга айланар юрак” (2015), “Айиқчанинг туши” (болалар учун шеърлар тўплами) (2016), Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари ҳақида “Бунда булбул китоб ўқийди…” (2018), “Мумкин эмас сенинг йиғлашинг” (2020) каби китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари вазифасида меҳнат қилади.

 

ҲАЗРАТИ БОБУР

 

Бошимни олиб, эй Бобур,

аёқ етганча кетгаймен.

                                      З.М.Бобур

 

Кимга дунё, кимга кўнгил шоҳ экан,

Дунё деганлари алам, оҳ экан,

Одамга умиди дўст, ҳамроҳ экан,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Иймонни дилида туғдай тутган зот,

Орини тоғлардан баланд этган зот,

Отнинг устида ҳам ашъор битган зот,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Ҳаёт бошдан оёқ бепоён тилсим,

Гоҳ оға сотишин ким ўйлаб билсин,

Қалби қулф касларга Худо бас келсин,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Шу чоғ ёлғиз қўйгин ҳабиби ҳамдам,

Кўнгил зор қақшаса ким қилгай мотам,

Гоҳида ўзидан безаркан одам,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Сиз бирлан бир мумтоз маҳаллар кетди,

Ишқ бунёд этган Тожмаҳаллар кетди,

Ҳумоюн, Комрону Акбарлар кетди,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Етар бас, кўнглимга кетгайман мен ҳам,

Бир гўзал оламга етгайман мен ҳам,

Шу юрт деб,

Шу эл деб ўтгайман мен ҳам,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

 

“Бобурнома”

 

Азал-азал дунёда, ҳарбу жанглар кўп бўлган,

Музаффар бўлган бисёр, ҳоли танглар кўп бўлган,

Оқ ниятли дилларда оппоқ ранглар кўп бўлган,

Бобурнинг адолати, нусрати – “Бобурнома”.

Мени мафтун айлади бир салобат, бир виқор,

Покиза юрагимда ошиқларнинг оҳи бор,

Раббим, ғариб кўнгилни яхшилик сори бошқор,

Бобурнинг шижоати, ғайрати – “Бобурнома”.

Қанча шоҳ, султон ўтган, на бир қутлуғ шон топган,

Шон топмагани майли, на тоза иймон топган,

На фидо бўлган элга, на фидойи жон топган,

Бобурнинг изтироби, ҳасрати – “Бобурнома”.

Руҳнинг тоза иқрори – май тўла жомлар чил-чил,

Оқ тонгларга ишора, тийра оқшомлар чил-чил,

Юракни қора қилган танбал айёмлар чил-чил,

Бобурнинг пок суврати, сийрати – “Бобурнома”.

Ёлғизгина кўнглимдир, маҳрами асрор, надим,

Тоғларни чўктирса ҳам, дилдаги фарёд-дардим,

Не бало келса сенга, борини мен кўтардим,

Бобурнинг жасорати, қудрати – “Бобурнома”.

Ростин айтсам, кўнглимни, мингта ҳикоя бўлгай,

Дарду армоним – Бобур, қайда ниҳоя бўлгай,

Оқибат ёлғиз иймон – қўрғон, ҳимоя бўлгай,

Бобурнинг шон-шавкати, давлати – “Бобурнома”.

 

“БОҒИ БОБУР”ДА

 

Агра шаҳрида Ҳазрат Бобур томонидан барпо қилинган боғ бор. Ўз вақтида унга “Боғи ором” деб ном берилган. Ҳозирда шу ерлик аҳоли уни “Боғи ром” деб атар экан. Менинг назаримда, бу боғ боғи ром эмас, балки ҳақиқий маънода “Боғи Бобур”дир.

 

Сўрдим, бу қандай боғ, дер боғи ром бу,

Адашдинг, адашдинг, боғи ором бу,

Азиз аждодимдан рангин салом бу,

Кўзимга ёш келди “Боғи Бобур”да.

Дарёнинг лабида эгиз айвон бор,

Айвонлар саҳнида дард бор, армон бор,

Ватан деб ўртанган озурда жон бор,

Кўзимга ёш келди “Боғи Бобур”да.

Кўрдим мен, Жамнанинг бўйида, Бобур,

Самарқанд, Андижон ўйида, Бобур,

Ёнмаган дунёнинг кўйида, Бобур,

Кўзимга ёш келди “Боғи Бобур”да.

Мудом адолатни хуш кўрган, султон,

Ва Соҳибқиронни туш кўрган, султон,

Дунё – жом, ичини бўш кўрган, султон,

Кўзимга ёш келди “Боғи Бобур”да.

Шу дамда хаёлим бурда, билмайсен,

Севги – нур, саодат нурда, билмайсен,

Юрт ишқи дил ичра дур-да, билмайсен,

Кўзимга ёш келди “Боғи Бобур”да.

 

ДИЛРАБО…

 

Кўзумдин ёшиниб, эй баҳри алтоф,

Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен.

                                               З.М.Бобур

 

Дилрабо, дардингни даво қилибсен,

Савдолар юбориб ғавғо қилибсен,

Ошиққа ушшоқдан наво қилибсен,

Дилрабо…

Жонимга чирмашган зулфинг чиройли,

Қалбим банди этган қулфинг чиройли,

Ситамларинг, яна лутфинг чиройли,

Дилрабо…

Атодек ардоқлаб Ҳаввони, кўнгил,

Рад айлаб ҳавойи даъвони, кўнгил,

Куйларам энг гўзал навони, кўнгил,

Дилрабо…

Ғам чекиб яшарман қайғу-ғамингда,

Парвона мисоли ёниб шамингда,

Ўзимни топсайдим қутлуғ дамингда,

Дилрабо…

* * *

Бизни унутганни унутмоқ керак.                                                                                                                        З.М.Бобур

Дилойим, дилингда дилдирайди жон,

Очилган ғунчамас, қонаган юрак.

Кел, суҳбат қурайлик ерга туш осмон,

Бизни унутганни унутмоқ керак.

Тоқатим тоғ маним, тоқатим тоқмас,

Дунё, назарларинг, айт, нечун оқмас,

Йўқ, дилдан ўзгаси дилимга шоҳмас,

Бизни унутганни унутмоқ керак.

Ахир, нима ўзи дунёйи оний,

Турфа чаманзорнинг чиройи оний.

Демакки, фироғи савдойи оний,

Бизни унутганни унутмоқ керак.

Ҳисларим шу қадар, ҳисларим яшил,

Меҳридил нигоҳим – кўзларим яшил.

Дунёни яшнатар сўзларим яшил,

Бизни унутганни унутмоқ керак.

Дилойим, дилингда дилдирайди жон,

Очилган ғунчамас, қонаган юрак.

Кел, суҳбат қурайлик, ерга туш, осмон,

Бизни унутганни унутмоқ керак.

 

ЯШАМОҚ КУРАШДИР…

 

Тонг саҳар.

Деҳлида кўриб қолдим мен,

Баҳайбат тошсанам қаршисида қиз.

Кўрдиму кўп ғамгин ўйга толдим мен,

Санамга йиғларди чўкканича тиз.

Таассуф, тилини билмайман унинг,

Билмайман, не учун чекмоқда фиғон.

Тошларни парчалаб юборгудек мунг –

Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Балки жон талашиб шифохонада,

Меҳрибон онаси ётгандир бемор.

Муқаддас, мунис зот – она, она-да,

Шифолар тилайман, кўзлари хумор.

Ахир, бор нарса-ку қазои қадар,

Ҳаммаси ўткинчи, саробдир дунё.

Оламда муборак зот эрур падар,

У ҳам отасидан айрилганми ё?

Эҳтимол, ёрга дил бериб, надомат,

Кўрмаганмикин ё садоқат, вафо.

Барибир муҳаббат покиза неъмат,

Бахтиёр қай дилда берса у садо.

Минг афсус, тилини билмайман унинг,

Нима у қалбини ўртаган армон?

Тошларни парчалаб юборгудек мунг –

Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Аллоҳ бор,

Мададкор,

Йиғини бас қил,

Кўксим ёриб чиқди фиғону дудлар.

Яшамоқ курашдир,

Бўл бардам, дадил,

Ҳеч нега қодирмас бу тош маъбудлар.

 

ҚИЗИҚ ҲАНГОМАЛАР

КЎРАДИ ОДАМ…

Қизиқ ҳангомалар кўради одам,

Агар дунё бўйлаб қилса саёҳат.

Қаерда бўлсанг ҳам, айтарди отам,

Топганларинг бўлсин ҳикмат-насиҳат.

Катта дўкон кўрдим Мўғилсаройда,

Кимдир мева сотар, кимдир гул сотар.

Нимани истасанг бари шул жойда,

Пулини тўласанг ҳатто пул сотар.

Боқдим, бир растада харидор гавжум,

Молин мақтаб-мақтаб сотар улгуржи.

Менга-ку, керакмас, сўрадим секин,

Неча рупий турар ҳайкалчалар, жи*.

Булар тангрим деди жилмайиб аста,

Олинг уйингизга келтирар иқбол.

Жонсиз ўйинчоқни оҳ ақли хаста,

Худо деб турса-я, ё Рабб, бу не ҳол.

Ажаб, сотаётган моли – Худога,

Бир-бир юкуниб ҳам қўяр эди ул.

Шул дам кўнглимдаги маҳзун нидога,

Қулоқ соладиган борми айт, эй гул.

Ким англар, ким англар юракни алам,

Кўкка ўрлаб кетган нидоларини.

Ачинаман жуда бу ночор одам,

Кун кўради сотиб Худоларини.

Қизиқ ҳангомалар кўради одам,

Агар дунё бўйлаб қилса саёҳат…

 

МАВЛОНО БЕДИЛ

Ошиқ юрагимнинг шарҳи не бўлгай,

Қанча ҳисларимга ўзимман қотил.

Яшаб бўлмайди-ку зулматда токай,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Кўнгилда бўйидан бўлмаса баҳра,

Гулнинг ҳузурида бўлгайми ёд дил.

Кўкда йўлчи юлдуз бўлгандек Зуҳра,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Нима дей, нима дей, айт кўнгил санга,

Шу дамда сокинман, шу дамда бетил.

Ичимда ҳайқириб минг Жамна, Ганга,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Бу Шаҳрисабздан покиза нигор,

Боболар ҳақида ўйлайман шомил.

Тузсиз хаёлларим бариси бекор,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Кўз кўриб гар ибрат олмаса кўрдир,

Сиздан мангу мерос пок ҳикмат комил.

Тиловат бағишлар юракларга нур,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Раҳмон бор, Расул хақ, мен ошиқ Машраб,

Шиша каби чил-чил бўлгайдир ботил.

Кўнглимдан зиёлар чиқмоқда сачраб,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

Ватанман, миллатман, покиза жонман,

Сизни йиғлаб-йиғлаб ўқийди бу дил.

Сиз билан оламга шарафман, шонман,

Келдим қошингизга Мавлоно Бедил.

 

ХАЗИНА

Йўқ, мен сайёҳ бўлиб келган эмасман,

Қуруқ томошадан дилга не баҳра.

Ҳар хил манзил сари елган эмасман,

Сенга ошиққаним ҳақиқат, Агра.

Мен нега талпиндим, нечун елдим ман,

Ичимдан порлайди қуёш шу маҳал.

Бу ҳазрат боболар ёди билдим ман,

Тилимда Тожмаҳал, дилда Тожмаҳал.

Ҳиндистон кўксида гулдаста – оппоқ,

Муқаддас севгидан муаззам нишон.

Ўлмаган Шоҳ Жаҳон, Аржуманд – уйғоқ,

Фақат соф муҳаббат ажалдан омон.

Тиниқ мармарига мафтун аллаким,

Бировни нақшу ганч айлаган шайдо.

Кимдир сокин Жамна соҳилида жим,

Боқади, дарёда Тожмаҳал пайдо.

Мен эса қаршимда Мумтозмаҳални,

Ошиқ подишоҳни кўриб турибман.

Дунё кўрганмикан мендай маҳтални,

Ишқ дея ишқ томон юриб турибман.

Ҳақиқий севгидан огоҳга аён,

“Лав лок”* оламларга таржимаи ҳол.

Тожмаҳал ошиқлар ҳолидан баён,

Муҳаббат, муҳаббат, йўқ, бошқа иқбол.

Аграга бордиму тийнатимни кўр,

Ҳамон ул манзилда қолиб юрибман.

Тожмаҳални, билсанг, эй дунёи ғўр,

Кўксимда, дилимда олиб юрибман.

Оламни тўлдириб жавоҳир – сирга,

Йўллайман барчага ишқий манзума.

Демакки, ҳаммаси мен билан бирга,

Ҳеч кимда йўқ ахир, бундай хазина.

 

                                                 Ғайрат МАЖИД

 

____________

*Жи (ҳиндча сўз) – жаноб, муҳтарам

*Лав лок – лавлока ламо халақату-л-афлок, яъни сен бўлмасанг оламларни яратмас эдим. (Қудсий ҳадис)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − one =