Сабр— Аллоҳ неъмати

Эрталаб ажойиб воқеа, ажойиб ҳолат бўлди, шундан кайфиятим ҳам ажойиб! Буни бажони дил шарҳлаб бермоқчиман.

Майдалаб ёғаётган қор, изиллаган совуқ… ишга бориш учун Юнусободнинг 17-мавзесидан 67-йўналиш бўйича қатнайдиган автобусга чиқиб орқароқдаги бўш жойга ўтирдим. Ўринга жойлашарканман, кўзим автобуснинг ҳайдовчи тарафдаги пештоқига ёзилган, ичидан чироқ билан ёритилган чиройли S ҳарфига тушди. У жуда чиройли эди! Яхшилаб қарасам, давомида яна ҳарфлар бор, лекин нимқоронғуликда уларни ўқишим қийин бўлди. Тикилиб кетяп­ман, бош­қа ҳеч нарса хаёлимни тортмайди. Ниҳоят, S га ёндош ҳарфларни ҳам англадим: Sabr!

Назаримда, автобус ичида бу ботинию зоҳири гўзал сўз мўъжаз қуёшча бўлиб чарақлай бош­лади. Тикилганим сайин қалбимга осойишта, ораста нурлар таралаётгандек. Ногоҳ бир новча йигит рўпарамда туриб қолди-ю, сўз тўсилиб қолди. Аста ўнг, чап­­га оғаман — шуълаланган сўзга интиламан. Ниҳоят, йигит ёнга сурилди — қуёшли сўз яна кўзимга тушди.

Тасаввуримда бу катта автобусда кетаётганлар ҳаёт карвонининг рамзий бир йўловчиларига айланди. Ҳамма қандайдир ният билан йўлга чиққан. Уларнинг орасида кимдир хотиржаму кимдир шошилган, ким борликдан кўкси баланду ким йўқчиликдан ташвишли, ким соғу ким дардманд, ким шукронадаю ким афсусда… Аммо уларнинг ҳаммасига — барчамизга, ҳар қандай ҳолатда, ҳар доим яхшилик, саодат, савоблар йўлини очадиган Аллоҳнинг марҳаматли неъматларидан бири — сабр керак!

Бизга керак ва нокерак турли буюмлар, шифобахшлиги нечоғли тасдиқлангани номаълум дори-дармонлар, бир-икки ойда хорижий тилни ўргатиб қўйишга кафолат бераётган ўқув курслари ҳақидаги эълонлар, майли, ўз йўлига. Уларга ҳамма бирдек эҳтиёжманд эмаслиги — табиий. Лекин шундай даъват, тарбия, насиҳат, йўл-йўриқлар борки, уларни туғилгандан умрингнинг охиригача қанча тингласанг, қалбингга жойласанг, уларга амал қилиб яшасанг — шунча жоиз, шунча афзал, шунча хайрли ва шунчалар оз…

Сабр сўзини мана бу автобусда мурувватли, муҳаббатли, талабчан устоз каби кўз ўнгимизга ёзиб қўйишгани қандай хайрли иш бўлибди!

Мен ўзим сабр-тоқатда ноқислигим сабабли кўп панд еганман. Лекин чиройли сабр-тоқат эгаси бўлишни жуда хоҳлайман. Ҳозир шу умид яна қалбимни орзиқтираркан, рўпарамдаги ёзув — қуёшча кўзларимга жимир-жимир юлдузчалар каби сочила бошлади. Уни кўраверсанг, уни севиб қолсанг, қалбинг­га мус­таҳкам жо бўлиб борса, сабр бизни мурувватли паноҳига олса, иншааллоҳ.

Бирдан бу қувончни бўлишгим келди — ён-атрофимдагиларга бир-бир қараб чиқдим. Ёнимдаги ҳамроҳ менинг — ўзига етти ёт бегона аёлнинг бунақа ҳаяжонланиб, жилмайиб нимадир демоқчи эканидан ҳайронлиги нигоҳида акс этиб турарди. Ёзувга ишора қилдим: “Қаранг, қандай чиройли, қандай ибратли, қандай яхши!”

Манзилимга етиб, ҳар доимгидан бошқача кайфият билан бекатда тушдим. Назаримда, автобус эмас, ичи нурга тўлган бир маъво аста жойидан қўзғалди. Кўзларимга унинг сиртига ёзилган 01 507 DCA белгиси ҳам бош­қача, ажойиб кўринди.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 2 =