Кулиб кузатсамми ёки мағзун?

(Йил адоғида айтилган истиғфор)

Йил ўтди. Давримизнинг яна бир азиз йили ортда қолаяпти.

Ҳақрост, бу йил оғир келди. Ҳаммани синовдан ўтказди бу йил. Жинсига, ирқига, миллатига, камбағалу бойлигига, амалдору фақирлигига қараб ўтирмади бу йил.

Йилни кузата туриб, негадир йўқотганларимиз ҳақида ўйлай кетамиз. Йўқотганларимиз бирбир кўз олдимиздан ўтади. Ҳар жабҳада кўп нарса йўқотгандекмиз. Аммо топганларимиз ҳам кам эмас. Яна топганларимиз дилга таскин беради, чеҳраларга мамнун табассум бағишлайди.

Йил бошланди, дегунча синов бошланди. Даставвал Австралиядаги ёнғинлар инсоният ҳайвонот ва ноботот оламига бефарқ эмаслигининг, курраи заминда ҳамон ғамхўр одамзотнинг авлодлари яшаётганининг исботи бўлди. Аммо аслан нима учун дунёга келганини унутган одамзотнинг нафси яна забтига минди. Яқин Шарқда йўловчи самолётининг уриб туширилиши оламга уруш хавфини солгандек бўлди. Бироқ худбинлик ва ғайирлик инсон боласини тўлиқ эгаллай олмаган экан. Хавф барҳам топди.

Аҳли башар кутмаган эди… Не-не урушнинг талотўпларидан-да кўпроқ талофат етказувчи офат борлигини. Олам коронавирус инфекцияси гирдобида қолди. Ҳамма уйда қолди! Бутун инсоният уйда қолди! 7,8 миллиард жон ўз уйидан паноҳ топди.

Бу инфекция қарийб 82 миллион кишини зарарлаб, уларнинг салкам 1,8 миллионини бу оламдан олиб кетди. Ва инсоният яна бир бор тушуниб етди: ҳадиси шарифда айтилганидек, илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай! Инсон илмининг ҳосиласи бўлган Covid-19га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш бошланди. Хавф бирозгина чекингандек туюлди.

Бахтга қарши, бошқа синовлар йўқ эмас экан. Буларнинг бари инсоният иродасини синаб, яшашнинг, ҳаётнинг туб моҳияти нима эканлигини уқтиргандек гўё. Дунё бўйлаб юз берган воқеа-ҳодисаларни англаш, таҳлил қилишнинг ўзи мушкул. Лекин Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувлар, Беларусь ва Қирғизистондаги талотўплар, Қўшма Штатларнинг Европагача тарқалган намойишлари, Франциядаги ҳолатлар… ҳамма-ҳаммаси одам боласининг нима учун дунёга келиши ва нима учун умр кечиришини — ҳаётнинг моҳиятини кўрсатиб берди. Инсон бепоён коинотдаги митти жусса. Ҳатто, у, керак бўлса, миллиметр ҳам чиқмас митти вирус олдида ҳам ожиз. Хўш, нимасига, нима учун керилади бўлмаса бу ожиз банда? Собиту сайёрада инсон ўзинг, инсон ўзинг…

Одамзод ҳавойи нафс қурбонига айланаётган бир пайтда, билмайдики, бошқа хавф яқинлашаётганини. Ҳар йили 4,2 миллион киши ҳаво ифлосланиши оқибатида турли касалликлардан вафот этиши кўпларни ташвишга солмаяпти. Иқлим ўзгаришига инсониятнинг таъсири кун келиб тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Ҳа бироқ, илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай! Илмнинг илдизи эса китобда, китоб ўқишда. Ўзбекистонда Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида “Ёшлар овози” (собиқ “Туркистон”), “Дугоналар”, “Тошкент оқшоми” каби нашрлар чоп этилмади. Айниқса, 1925 йил Абдулла Қодирий эрк ва адолатга ташна юрак қони билан ёзиб асос солган “Муштум” журналини ҳам бугун қайдан излашни билмаймиз.

Ушбу йили жаҳонда 2,7 миллион китоблар дунё юзини кўрди. Якунланаётган йилнинг деярли ҳар кунида қарийб 330 миллион ададда газеталар тарқатилди ва тарқатилмоқда. Курраи заминда 7,8 миллиард киши яшаётганини эътиборга олсак, бу кўрсаткич қанчалар кўнгилни хотиржам қила олади?

Бу йил — 5,2 миллион гектар майдондаги ўрмонлар нобуд бўлди; 7 миллион гектар майдондаги тупроқ эрозиясига учради; 36 миллиард тонна СО2– карбонат ангидрид гази атмосферага чиқарилди; чўллар 11 миллион гектарга кенгайди; қарийб 10 миллион тонна токсик кимёвий моддалар атроф-муҳитга чиқарилди; сув билан боғлиқ бўлган касалликлар туфайли 839 киши оламдан ўтди.

Булар инсониятга сабоқ чиқариш учун огоҳлантириш эмасмикан.

Бу кўрсаткичлар, бу статистик қайдларнинг ҳаммаси инсонни чуқур мулоҳазага чорлайди. Эртанги кун ҳақида, истиқбол ҳақида, яқин келажак ҳақида мушоҳада юритгани чорлайди ва энг муҳими, дарс олишга, сабоқ чиқаришга, тўғри хулоса ясашга чақиради.

Йилнинг 366 кунини кинотасмадай кўз олдидан ўтказиб, яқин ўтмишга назар солаётган кишини бир савол ўйлантиради энди: бу йилни қандай кузатади? Кулиб кузатсами ёки мағзун?..

Янги йилимиз яхши йил бўлсин, илоҳим!

Отабек Исроилов,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 13 =